Электрли илонбалиқ электрли балиқлар гуруҳига киради. Улар электр разрядлари ёрдамида ўлжа тутади ва душманларидан ҳимояланади. Улар ҳам бошқа балиқларга ўхшаш ва авлоддошдир, аммо улардан фарқли ўлароқ, электр энергиясига эга. Бунинг қандай ҳосил бўлганини олимлар ҳозирга қадар аниқлаган эмас.
Улар орасида энг хавфлиси Жанубий Америкада яшайдиган Бразилия электрли илонбалиғидир. Бу махлуқлар йўғон, қора танли бўлиб, Ориноко ва Амазонкага қуйиладиган дарёларда ҳаёт кечиради. Уларнинг бўйи, кўпинча икки метр келади, электрли аъзолари жойлашган думи билан зарба берганда отдай йирик жониворларни ҳам шок ҳолатига сола олади! Айтишларича, одамни бир неча соат ҳушсиз қилиб ташлар экан.
Электроскат деб номланган яна бир электрли балиқнинг бўйи бир ярим метр атрофидадир. У тропик Африканинг ҳамма йирик дарёларида яшайди.
Электрли балиқларнинг учинчиси сув ости снарядисимон скатдир, уни тропик денгизларнинг барчасида учратиш мумкин. Улар, асосан соҳиллар яқинидаги чуқурликларда яшайди. Бу гуруҳнинг бўйи бир ярим метр келадиган, оғирлиги 90 килограмм тош босадиган яна бир тури Атлантика океанида ҳаёт кечиради.
Электроскатнинг елкаси қора, қорин қисми оқдир. У думалоқ ва ясси бўлиб, кучли думга эга. Унинг электрли аъзолари бош ва ойқулоғи ўртасида жойлашган. Мана шу балиқлар устида олиб борилган тадқиқотлар кўрсатишича, у ўз электр энергиясини сарфлаб бўлгандан кейин уни тиклаш учун яна овқатланиши ва дам олиши тақозо этилар экан.