Дарёлар қандай пайдо бўлган?

Ер юзида сон-саноқсиз дарёлар бор. Кичик ирмоқлар ва ариқлар ўзаро қўшилиб, катта дарёларни ҳосил қилади. Улар ўз навбатида денгизлар ва океанларга қуйилади. Айримлари, масалан, Амударё, Сирдарё ва Волга дарёлари ички денгизлар ёки кўлларга қуйилади. Бошқа бирлари эса қурғоқчил минтақалардан оқиб ўтиш жараёнида, тобора кичрайиб боради. Ахийри, ерга сингиб, буғланиб, йўқ бўлиб кетади.

Дарёлар ёғингарчиликлардан, эриётган қор ва музликлардан, булоқлар ва тоғ кўлларидан сув олади. Катта дарёлар кўплаб ирмоқлар ва нисбатан кичик дарёлардан ташкил топади. Ҳатто Американинг улкан дарёлари бўлмиш Оҳайо ва Миссури ҳам аслида суви кўп Миссисипининг ирмоқларидир. Ўз навбатида уларнинг ҳар бири кичикроқ ирмоқлардан сув олади. Демак, улкан Миссисипи дарё тизими минглаб дарёлар, ирмоқлар, ариқлар ва жилғалардан таркиб топган. Сувлари у ёки бу дарёга қуйиладиган қуруқлик қисми дарё бассейни деб аталади.

Жанубий Американинг Амазонка дарёси бассейни дунёдаги энг катта дарё бассейни ҳисобланади ва унинг ҳудуди 7 050 000 квадрат километрни ташкил этади. Дунёдаги энг узун дарё Африка қитъасидаги Нилдир. Унинг узунлиги — 6 670 км.

Дарёлар ерларни суғорибгина қолмасдан, бузади ҳам, йил сайин ерни ювиб, океанларга окизиб кетади. Бу жараён жуда секин кечади, аммо минг йиллар давомида кўзга кўриниб қолади. Бунга Американинг Колорадо дарёси ҳосил қилган Гранд-Каньонни мисол қилиб келтириш мумкин. Бу мисолимизда дарёнинг нафақат ерга, қолаверса, қояларни ҳам емириб кетиши яққол кўзга ташланади.