Дарахт учта асосий қисмдан таркиб топади. Илдизлари уни ерда тутиб туради, сув ва минерал тузларни тупроқдан сўриб олишига ёрдам беради. Танаси ва шохлари япроқларга шарбат элтади ва уларни Қуёшга кўтаради. Япроқлар бутун ўсимлик учун озуқа моддалари ишлаб чиқарадиган «фабрика»дир.
Дарахт учидаги новдалари ва шохлари чўзилиши ҳисобига ўсиб ва йўғонлашиб боради. Шохларнинг учида доимий равишда янги ҳужайралар пайдо бўлиб туради. Шу вақтнинг ўзида дарахтнинг танаси, шохлари ва шохчалари қалинлашиб бораверади.
Аксарият дарахтларнинг пўстлоғи билан қаттиқ ёғоч қисми ўртасида шарбат оқиб ўтадиган махсус қатлам бор. Бу қатламда ҳужайралар тезроқ ўсади, шунинг ҳисобига тана йўғонлашиб бораверади. Бу қатлам ҳар йили дарахт танасига янги бир ҳалқа қўшади. Дарахтнинг кесилган жойидаги бу ҳалқаларни санаш йўли билан ҳам ўсимликнинг ёшини билиб олиш мумкин.
Япроқларга сув ва минерал тузлар шу қатлам орқали ўтади. Пўстлоқда япроқлардан келаётган озуқа моддалар бутун дарахтга тарқайдиган йўллар бор.
Дарахт ўсиши билан эски ҳалқалар қўполлашиб, япроқлар билан алоқани йўқотади. Улар сув сақланадиган жойга айланиб қолади ва ниҳоят қаттиқ ёғочга дўнади.
Сув ва минерал тузлар тана бўйлаб кўтарилиши билан унинг ўзи ҳам йўғонлашиб боради, япроқлар эса бутун ўсимлик учун озуқа ишлаб чиқара бошлайди. Япроқлардаги яшил модда (хлорофилл) Қуёш нури таъсирида карбонат ангидрид газини илдизлардан келаётган сув ва унинг таркибидаги минерал тузлар билан бирга шимиб олади ҳамда қанд ва крахмал ҳосил қилади.