Тишлибалиқларга мўйлов на ҳожат?

Тишлибалиқ сизга жавоб тариқасида: «Нега сиз буни «мўйлов» дейсиз? Бу умуман мўйлов эмас!» дейиши мумкин. Бу ўсимталар мушук мўйловига ўхшайди, шу боис уни баъзан мушукбалиқ ҳам дейишади. Аслида тишлибалиқлар мана шу мўйловлари ёки пайпаслагичи билан атрофида нималар кечаётганини билиб олади.

Бу балиқларнинг яна бир хусусияти — мушукка ўхшашлиги. Уни тутганингизда гувуллаган ёки ваҳирлаган овоз чиқаради, бу овоз сал-пал мушукнинг миёвлашини эслатади.

Тутиш осон бўлгани учун болалар бу балиқни яхши билади. У қизил ипдан тортиб, чувалчанггача, дуч келган нарсани еяверади. Тишлибалиқ ўз наслига ғамхўрдир, ўз уясини қўриқлайди ва жуда тез кўпаяди.

Тишлибалиқлар тури 2000 дан ошиқ. Европа тишлибалиғининг бўйи 3 метргача чиқади, оғирлиги 180 килограммни ташкил этади. Миссисипи ва Буюк кўлларда учрайдиган айрим турларининг оғирлиги 68 килограммгача чиқади.

Кўп тишлибалиқ, айниқса Чезапик қўлтиғи ва Потомак дарёларида учрайдиган оқ балиқлар, жанубий дарёларда учрайдиган кўк тишли балиқлар, тошости балиқлар жуда мазали бўлади.

Айрим тишлибалиқларнинг ғалати одатлари бор. Жанубий Америкада яшайдиган бир тури қуруқлик орқали ариқдан ариққа сайр қилиб юради, унинг яна бир тури эса насл қолдириш учун ўсимликлар поясидан уя қуради. Африкада ҳатто электрли тишли балиқ бўлиб, у ўз токи билан сезиларли даражада уришга қодир. Нилда яшайдиган тишлибалиқ душманлари нигоҳини ўзининг қора қорни билан баландга, оқ елкаси билан пастга шўнғиб чалғитади.