Балиқлар эшита оладими?

Балиқ овига чиққанингизда, балиқларни қўрқитмаслик учун анҳор ёқалаб оёқ учида юришингизга тўғри келганми? Агар балиқ сизнинг овозингизни эшитиб қолса, тезда бошқа хавфсизроқ жойга сузиб кетади, чунки балиқларнинг ҳам эшитадиган қулоғи бор. Лекин балиқларнинг қулоғи биз кўниккандек, ташқарида эмас, ичкаридадир.

Одамлар биз ҳаётий муҳим деб ҳисоблайдиган функцияларнинг айримлари балиқларда йўқ, деб ўйлайдилар. Балки бу фикр туғилишига балиқларнинг совуқ қонли экани сабаб бўлгандир. Балки бу фикр бизга балиқ овлаш ёққани ва уларнинг нима юз бераётганини тушунмайди, деб ўйлашимиздан туғилгандир. Не ажабки, балиқларнинг бошқа ҳайвонлар қатори асаб системаси бор. Мабодо биз уларга хавф туғдирсак, улар буни дарров фаҳм этади, бордию оғриқ етказсак, улар бу оғриқни ҳис этади.

Балиқларнинг сезги ва ҳид билиш аъзоси жуда тараққий этган. Улар буни териси орқали, бурун тешиклари учида жойлашган иккита кичкина сезги аъзолари билан ҳис этадилар.

Балиқларнинг совуқ қонлиларга мансуб бўлиши бу уларнинг ўз ҳаракатини «ёнилғи»сиз ҳам таъминлай олади, деган маънони англатмайди. Табиийки, овқат унинг учун «ёнилғидир». У балиқ қорнида ўз-ўзидан ёниб кетади ва уни ҳаётий куч билан таъминлайди.

Қон нафақат бу кучни, балки унинг «ёнишига» ёрдам берадиган кислородни ҳам балиқнинг барча ички аъзоларига тарқатади. Балиқнинг ҳам одамларники сингари юраги бор ва у организмни қон билан таъминлаб туради.

Албатта, балиқлар турли шароитларда яшайдилар ва кўп жиҳатдан бир-биридан фарқланадилар. Масалан, бир тур балиқнинг нафас олиш учун ҳам ойқулоғи бор, ҳам ўпкаси! Ғорларда яшайдиган баъзи бир балиқларнинг кўзи кўр бўлади, шу сабабли уларнинг бошида мўйловчаси бор. Айримлари денгизда яшаса, бошқалари чучук сувда яшайди. Балиқларнинг фақат океанлар тубида ҳаёт кечирадиган турлари ҳам мавжуд.