Айсберглар ўрганиш ва кузатиш учун қизиқарли объектлардир. Аммо улар океандаги кемаларга жиддий хавф туғдиради. 1912 йил 14 апрелига ўтар кечаси энг даҳшатли денгиз фалокатларидан бири рўй берган эди. Ўшанда «Титаник» кемаси айсберг билан тўқнашиб кетиши оқибатида 1513 кишининг ёстиғи қуриди.
Айсберг музликнинг синиб тушган бўлагидир. Бундай ҳодиса музлик водий бўйлаб пастга силжиб, денгиз соҳилига етганида содир бўлади. Бу ҳол муз дарёсини эслатади. Денгиз бўйида музликнинг бир бўлаги синиб тушади ва сузувчи айсберг ҳосил бўлади.
Айрим айсберглар тор ва соҳили тик кўрфазлар — фиордларда ҳосил бўлади ва океанга сузиб чиқади. Айрим айсбергларнинг четлари синиб тушади ёки уларни сув силлиқлайди. Уларнинг асосий қисми сув остида бўлади, сув остида синган айрим бўлаклар юзага сузиб чиқади.
Айсбергларнинг ўлчамлари ҳар хил. Диаметри 5—10 метр бўлган айсбергларни денгизчилар «гроулерлар» деб аташади. Диаметри 100 метрдан ошиқ айсберглар кўпроқ учрайди. Айрим муз тоғларининг ўлчами кўндалангига 1000 метрдан ошиқ бўлади.
Айсбергнинг зичлиги сув зичлигига нисбатан 10% кам ёки сув зичлигининг 90% ини ташкил этади. Шунинг учун ҳам унинг 1/9 қисми сув юзасида, 8/9 қисми эса сув остида бўлади. Сув юзасида 45 метр баландликдаги айсбергнинг сув остидаги қисми 200 метрга боради. Бундай айсбергнинг таркибида қанча муз борлигини тасаввур қилиш қийин. Айримларининг оғирлиги 180 000 000 тоннага етади.
Музнинг асосий қисми сув остида бўлгани учун ҳам унинг ҳаракатига шамол эмас, сув ости оқимлари таъсир кўрсатади. Иссиқ кенгликларга етиб келган айсберглар аста-секин эрий бошлайди. Фақат айрим айсбергларгина Канаданинг Ньюфаундленд шарқидаги Гольфстримгача етиб келади. Улар кемалар учун ўта хавфлидир. Шунинг учун ҳам Америка Қўшма Штатларининг қирғоқбўйи қўриқчилик хизмати бу ерларни доимо кузатиб туради ва кемаларни муз тоғлари пайдо бўлишидан огоҳлантириб боради.