Музликлар қандай кўчади?

Музликларнинг барчаси муз даврида пайдо бўлган, деб бўлмайди. Улар бугун ҳам тез-тез учраб туради. Бунга Альп музликларини мисол қилиб келтириш мумкин. Улар Европа марказида жойлашган Альп тоғлари шарафига шундай деб аталган. Бу тоғларда 1200 дан ошиқ музликлар бор. Аляска ярим оролининг жанубидаги осмонўпар тоғларда эса бир неча ўн минг музлик бор.

Альп ёки водий музликлари қорли чўққилардан қудратли муз дарёлари сингари пастга силжийди. Водийнинг юқори қисми Альп музликларини ҳосил қиладиган қор манбаидир. У ўз кўриниши билан амфитеатрни эслатади, уни тик тог чўққилари қуршаб олган бўлади. Шамол чўққилардаги қорларни пастга ҳайдайди. Қор пастга кўчиб тушади. Ёзда у эриб улгурмайди, яна қиш келгач, қор қалинлашиб бораверади.

Ниҳоят, қорнинг қуйи қатламлари зичлашиб, эриб, қотиб, музга айланади. Тоғ ёнбағридаги қор оғирлиги таъсирида муз массаси водийга томон силжий бошлайди. Унинг силжиш тезлиги бир йилда юз метрдан ошмайди. Муз тоғ этагига етиб боргач, бутунлай эриб кетади. Монблан тоғ массивидаги «муз денгизи» («Мер-де-Глас») музлигининг бўйи 14 км.дир.

Музлик тоғлардаги қор массасидан пастроққа тушгач, эрий бошлайди. Эриш жараёни музликнинг ҳаракатидан суст бўлса, у жойидан қўзғалмайди. Агар бунинг тескариси бўлса, музлик «орқасига қайрилади» ва водийнинг юқори қисмига қайтади. Альп музликлари денгиз соҳилидаги тоғ ёнбағридан силжиганида, катта муз палахсалари синиб, денгизга тушади ҳамда сузувчи муз ороллари — айсбергларга айланади.