Балиқлар организмида ҳайвонларга хос барча жараёнлар кечади ва у бунинг учун зарур бўлган барча аъзоларга эга. Одамлар тез-тез балиқларнинг юраги борми, улар эшитадими, ҳидни биладими каби саволларни беришади.
Балиқларнинг ошқозони, ичаклари, асаб системаси мавжуд, оғриқ ва роҳатни сеза олади. Уларнинг сезгиси ниҳоятда ўткир, таъмни эса териси орқали аниқлайди. Улар ҳид билиш аъзоларига эга, уларнинг танаси ичида қулоқлари бор.
Балиқлар ҳамиша сув ўтиб турадиган ойқулоғи ёрдамида нафас олишини биламиз. Аммо бирмунча муддат сувсиз яшай оладиган балиқлар ҳам бор.
Бу жиҳатдан учар балиқ жуда ғалати. У ўз думини кескин ҳаракатлантириб, шитоб билан сузади. Сўнг ўз сузгичларини ростлаб олиб, шиддат билан сувдан сакрайди. У сув устида бир неча юз метр узоқликка учиб бора олади.
Яна бир ғалати балиқ — ўрмаловчи олабуғадир. У Узоқ Шарқда яшайди. Айримларининг бўйи 8 сантиметрдан 20 сантиметргача бўлади. Улар ойқулоғини қоплаб турган ҳаракатланувчи тангачалари ёрдамида қирғоққа чиқа олади. Улар тангачалари билан ерга тирмашиб олади. Думи ва сузгичи билан сурилиб, у ер устида «сайру сайрон» қилиб юради! Устига устак уларни узунлиги 1,5 метр келадиган дарахтлар устида ҳам учратса бўлади. Бу ғаройиб мавжудотларнинг ойқулоғи бирмунча вақт ҳаводан нафас олишга мослашган.
Балчиқдан чиқмайдиган шкипер деган балиқ бор, қайсидир томонлари итбалиққа ўхшаб кетади. У ўзининг олд сузгичлари ёрдамида ерда сакраб юриши ва дарахтларга тирмашиб чиқиши мумкин. Африкада яшайдиган бир тур балиқнинг ўпкаси жуда ривожланганидан сувдан ташқарида ҳам бемалол яшайди. Қурғоқчил мавсумларда улар ўзини балчиққа уради ва пилла бўлиб олиб, бутун ёзни сувсиз ўтказади.