Асаларига бир килограмм асал йиғиш учун қанча вақт керак?

Келинг, бир ҳисоблаб курайлик. Оддий катта асалари бир соатда 6,5 километр тезликда учади ва бир кунда ўртача 700 та гулга қўнади.

Анча йиллар олдин бир асаларининг бир килограмм асал йиғиши учун қанча нектар тўплаши ҳисоблаб чиқилган. Бунинг учун у 19 миллион гулга қўниб, 300 минг километр «учиши» лозим.

Табиийки, асалари жуда меҳнаткаш ҳашарот, аммо у канчалик тиришмасин бир килограмм асални мутлақо йиға олмайди. Бунинг сабаби — унинг умри калталигида. У бор-йўғи 30—35 кун ҳаёт кечиради. Шундай қилиб, одамлар арихонадан оладиган бир килограмм асални бир асалари эмас, балки бутун бир уя йиққан бўлади. Арихонада эса ҳар бир асаларининг қатъий аниқ вазифаси бор.

Баъзи асаларилар нектар йиғса, бошқалари уни олиб, мумкатакка ғамлайди. Айрим асаларилар тозаловчи вазифасини бажаради, яъни мумкатакларни тозалаб, янги ҳосил учун тайёрлайди. Тўртинчи хил асаларининг вазифаси оддий туюлади; улар қанотларини шамоллатгич мисоли ҳилпиратиб туради, вассалом. Бу ҳам ўта муҳим. Асаларилар арихонани шу тариқа шамоллатадилар.

Навбатчи асалариларсиз ҳаёт ўтказиш қийин. Қоровуллик хизматини бажарадиган асаларилар ҳам бор. Улар душманлар кириб қолмаслиги учун навбатма-навбат арихона оғзида туриб, пойлоқчилик қилади.

Алқисса, ишчи асалариларнинг иши бошидан ошиб ётади. Уларнинг вазифаси доимо алмашиб туради. Бугун нектар йиғиб келган асалари эртасига, масалан, навбатчи ёки озиқчи бўлади, қолганлари эса ўз навбатида «ўлжа» излаб кетади ёки қанотларини силкитиб, арихонани шамоллатиб ўтиради. Бу ҳол ҳар куни такрорланади.

Фақатгина она асалари ишламайди, унинг мавқеи ўзига хос ва бошқа муҳим ишлар билан банд бўлади. У тухум қўяди; тухумлардан эса тез орада янги авлод пайдо бўлади.