«Малика» намоён бўлиши учун асалари кўчи керак. Афсуски, асалариларнинг ҳаммаси ҳам кўч бўлиб яшамайди. Асалари-сўққабошларнинг ҳар хил тури бор. Улар орасида асалариларнинг икки тури — нари ва тухум қўядиган модаси мавжуд.
Кўч ёки оила бўлиб яшайдиган асаларилар орасида «ишчи асаларилар» дейиладиган учинчи бир тури бор. Тухум қўймайдиган урғочилари ишчи асаларилардир. Шундай қилиб, асаларилар оиласида ишчилари, эркаклари ва битта тухум қўядиган урғочиси, бутун оиланинг онаси бўлади. У она ёки малика асалари дейилади.
У вақтини ўзгача тарзда ўтказади. Малика қишни қумлоқ жойдан ёки етарлича шароит бўлган бошқа ерда ўйган уясида ўтказади. У қишни ўтказадиган оиладаги яккаю ягона асаларидир. Кўкламда у янги оила яратишга киришади.
Малика аввалига қароргоҳ қидиради, қароргоҳ — ташландиқ сичқон уяси ҳам бўлиши мумкин. Сўнг у уядаги юмшоқ нарсаларни бир жойга тўдалаб, унинг тагидан кейинчалик питомник вазифасини ўтайдиган чуқурча кавлайди. Шундан кейин у гуллар атрофини айланиб учади, улардан гулчанг ва нектар йиғиб, овқатини (нектар ва гулчанг аралашмаси) гувалалаб, тайёрлаб қўйган қуруқ чуқурчага жойлайди. У бу гувалага бир нечта тухум қўйиб, уни мумлайди ва танаси билан совуқ ҳаводан асраш мақсадида устига чиқиб ўтиради.
Ёнидан уя — катта мумкатак ясаб, тухумларидан биронтаси очиб чиққунгача етадиган миқдорда асал билан тўлдиради. Наслининг биринчи авлоди етилиб, темирқанот бўлиши билан оналарининг жонига ора киради. Улар мумкатак ясайдилар, уни об-ҳаво бузилган кунлари ейиш учун асал билан тўлдирадилар.
Мавсум бошланиши билан ишчи асаларилар дунёга келади. Ёз охирларига бориб, оилада ёш оналар, эркаклари пайдо бўлади. Кузга келиб оила ажралади. Маликанинг (ёки онанинг) ёз бўйи қилган иши фақат тухум қўйишдан иборат булди!
Асалари онаси тухумни қўйишга қўяди-ю, лекин уларга ғамхўрлик қила олмайди. У бир кунда 1500 та, бир мавсумда тахминан 250 000 та тухум қўя олади! У оталанган уруғларини ажратиб қўяди ва оиланинг эҳтиёжига қараб, улардан ишчи ёки урғочи асаларилар пайдо бўлади. Оталанмаган уруғларидан эркак асаларилар пайдо бўлади.
Ёш оналар махсус уяларда вояга етади. Улар ташқарига чиқишларидан олдин она ва тахминан ишчи асалариларнинг ярми янги оила яратишлари учун ажраладилар. Ташқарига биринчи бўлиб чиққан ёш она ўз опа-сингилларини уяларидаёқ ўлдиради ва янги она-малика бўлиб олади!