Аждар деганда қадимий юнонлар ва римликлар илоҳий куч томонидан инъом этилган илонга ўхшаш ваҳимали бир махлуқни тасаввур этганлар. Бу олабўжининг пайдо бўлиши ҳам уларнинг назарида, нотабиий кечган: хўроз бузилган тухум қўйган, илон ва чўлбақаси уларни босиб жўжа очиртирган, қанотсиз бадбашара махлуқ — аждар шу тариқа пайдо бўлган; унинг хўрозникидай тўртта оёғи бўлган, думи илонникидай, кўзлари ёниб турган, бир нигоҳ ташласа бас, одамни заҳарлаб ўлдирган. Бу махлуқдан тарқалаётган заҳар атрофнинг ҳавосини бузган ва жониворларни қирғин этган, заҳар таъсиридан ҳатто ўсимликлар сўлиб қолган, дарахтларнинг мевалари тушиб кетган ва чириган, ўтлар қуриб қолган, қушлар бу ерга яқинлашишлари ҳамоно нобуд бўлаверган, агар отлиқ одам заҳарланган ҳавога яқин келиб қолса, ҳар иккиси ҳам оламдан баравар кўз юмган.
Қадимги одамлар бу сира эҳтиросга берилиб, қайси ҳайвонни кўзда тутган,— номаълум, ҳатто тасаввур этиб бўлмайди, аммо қадимий халқлар адабиётларида ва ҳатто Инжилда ҳам аждар энг ёмон сифатлар билан иншо этилади.
Барибир, аждар қўрқинчли афсонавий махлуқ эмас, мутлақо безарар Америка калтакесаги бўлиб, игуаналар оиласига мансубдир. Уларнинг тўрт тури маълум. Улар Марказий Америкада яшайди. Аждарнинг бўйи 80 сантиметрга етади ва унинг ҳам 56 сантиметрини дум ташкил этади. Унинг ташқи кўриниши юқорида эслатилган махлуқни исботлайди. Бу ғайритабиий жониворнинг боши ва бўйни жуда калта, гавдаси ориқ ва ён томонлари пучмайган. Урғочисининг думи ва елкасида умуртқа ўсимталари таъминлаб турадиган терили тожи мавжуд.
Аждарнинг тишлари бениҳоя кўп — 100 та! Аждарлар дарахтлар устида ва дарёлар бўйида яшайди. Ҳар қандай бегона шовқиндан бу «афсонавий махлуқ» ваҳима солиб томогини шиширади, сизга дарғазаб бўлиб қарайди, сўнг тезда дарахтдан тушади. Чўчиманг, аждар жуда қўрқоқ ҳайвон! У сувга тушган заҳоти сузиб кетади.