(Тилшунос олим, мураббий Айюб Ғуломов таваллудининг 100 йиллигига)
Миллий университет филология факультетида хизмат қилган мен тенги домлалар бу табаррук зотга – замонавий ўзбек тилшунослиги илмий мактабига асос солган алломага эркалик қилиб “Айюб ака” деб мурожаат этардик. Талабалик йилларимни ҳам қўшганда Айюб ака билан 35 йиллик умримиз шу даргоҳда ўтди. Соҳамиз бошқа – у киши тилшунос, мен эса адабиётшунос, у киши ўзбек тилшунослиги кафедраси мудири, камина эса ҳозирги ўзбек адабиёти кафедраси домласи, сўнг мудири бўлсам-да, у билан деярли ҳар куни учрашиб турардим. Турли йиғин, кенгашларда, қизғин баҳс-мунозаралар билан ўтадиган анжуманларда бирга иштирок этар, кўпинча ёнма-ён ўтирардик. Ўтган аср 60-70-йиллари университет домлалари учун ажратилган янги маҳаллада ҳовли-жой қуриб бирга ҳаммаҳалла бўлиб яшаш насиб этди. Домланинг умр йўлдоши Саидахон билан менинг рафиқам бир мактабда муаллималик қилдилар, ўғлим Бобуржон билан Айюб ака ва Саидахонларнинг суюкли фарзанди Равшанжон бир мактабда ўқиб, болаликдан оға-ини дўст тутинган эдилар, бу дўстлик ришталари ҳозирга қадар давом этади…
Ниҳоятда кўркам, адлқомат, озода, саранжом-саришта, чеҳрасидан нур ёғилиб турадиган бардам-соғлом бу зот юз йил яшаса керак, деб юрардим. Ундай бўлмади. Бутун умри, илмий-педагогик фаолияти мустабид тузум босими, талотумлари, мафкуравий-сиёсий тазйиқи остида кечган бу беназир олим асл маслаги, орзу-интилишлари, дарду аламлари, ҳасратларини ичига ютиб-ютиб, ҳатто энг яқинларига ҳам уларни ошкор этмай, этолмай 70 ёшга етмай бирдан чўкиб қолди, оғир юрак хасталигига учради, 72 ёшида оламдан ўтди. Домламиз орамиздан кетиши биланоқ, университет, маҳалла, тил илми, қолаверса, менинг ҳаётимда тиклаб-тузатиб бўлмас бир кемтиклик, ўпирилиш юз берди.
Миллий тилшунослигимиз сафида бири биридан қолишмайдиган етук алломалар кўп, аммо мен билганлар, яқиндан мулоқотда бўлганлар орасида Айюб ака биттагина, у беназир, бетакрор, унга яқин келадиган бошқа ҳамсуҳбат тилшунос олимни, мураббийни кўрмадим, топмадим.
Домланинг аудиторияда, минбарда ўзини тутиши, чаққон хатти-ҳаракатлари, дарс ўтиш, маъруза ўқиш, сўзлаш тарзи, дарслик, ўқув қўлланма, илмий асарларининг бетакрор ифода тарзи ҳаммани бирдек мафтун этар, у кишини шахсан танимаган, кўрмаган, унинг нутқини, маърузаларини тингламаганлар илмий асарлари, ўқув дарслик қўлланмаларини бир қайта ўқиб кўрсинлар-а, уларда бу зотнинг шахсияти, сўзлаш тарзи, оҳангини баралла тасаввур этишлари мумкин.
Олимнинг бундан 60 йил муқаддам 1954 йили чоп этилган “Феъл” рисоласидан мана бу парчани ўқиб кўринг-а. (У бизга маъруза ўқигани илк бор кирганида, шу ҳаво ранг муқовали китобча қўлида борлиги ёдимда, лекин у маъруза чоғи бирор марта ҳам китоб саҳифаларига қараган эмас). Рисола дабдурустдан мана бундай бошланади:
“Феъл ҳаракат ёки ҳолатни ифодаловчи сўз туркумидир. Феъллардаги бу лексик хусусият уларнинг икки тўдага ажралишига асос бўлади: ҳаракат феъллари ва ҳолат феъллари. Феълдан англашиладиган бу ҳаракат ва ҳолат одатда шахс ё предмет билан боғланган бўлади” (3-бет).
Ҳеч қанақа “кириш”сиз феълга берилган лўнда таъриф, барчага бирдек тушунарли, ҳаракатдаги жумлалар…
Китобнинг охирроғидан яна бир мисол:
“Туш феъли: одатда равишдошнинг иккинчи тури билан бирикади… Маъноси: ҳаракатнинг жўналиш йўли; тугаллик, маънонинг кучайиши: қарол боланинг эгни тутдай тўкилди, енглари узилиб тушди, қорни тўймагани устига кийимнинг дарди бўлиб, бола бечора гулдай сўлиб тушди (фольклордан).
Чиқ феъли: бу ҳам равишдошнинг иккинчи тури билан бирикади. Маъноси: ишнинг бажарилиши, узоқ давом этганлиги: романни ўқиб чиқди, расмларни кўриб чиқди, бола касалланди, бу кеча йиғлаб чиқди. Бу аппаратни ким ўйлаб чиқарган?” (81-бет).
88 саҳифалик рисола бошдан-охиригача айни шу тарзда, шу оҳангда, шу усулда битилган… Шу сатрларни бугун қайта мутолаа қилаётган чоғимда домламизнинг олтмиш йил бурун университет аудиториясида феъл туркуми мавзусида ўқиган ғоят мароқли маърузасидаги ҳолати, хатти-ҳаракатлари шундоққина кўз олдимда гавдаланди, сўзлаш йўсини, оҳанги баралла эшитилиб турди.
Мен Айюб аканинг сўзлаш, ёзиш тарзи, ифода усулини унга замондош адиблардан Абдулла Қаҳҳор услубига ўхшатаман. Адиб асарларида, хусусан, ҳикояларида ҳар бир сўз ўз жойида, гап тузилиши содда, аниқ, пишиқ-пухта, гапда бирорта ҳам ортиқча унсур ёки кемтик – чала-чулпа ҳолатни тополмайсиз. Жимжимадор, ялтироқ, безакдор жумлаларсиз, ошкора ҳис-ҳаяжон, оҳ-воҳларсиз ҳам содда, лўнда жумлалар орқали адиб нишонга бехато урадиган теран маънодор матнлар туза олади, уларда ўқувчи дилини ўзига маҳлиё этадиган сирли-сеҳрли оҳанг баралла янграб, эшитилиб туради. Мен билган тилшунослар орасида фақат Айюб ака илмий асарларидагина шундай шоирона руҳ, жозибадор оҳанг бор!
Айюб ака ниҳоятда интизомли шахс бўлган. Бирор тасодиф бўлиб қолмаса, унинг университетга бориши ва қайтиши вақти аниқ тайин эди. У юрганда қаддини адл тутиб бир маромда одим ташлар, бу маромини асло бузмас, белгиланган маромдан тез ҳам, секин ҳам юрмас эди. Университетга яёв бориш ёки қайтиш муддати ҳеч қачон 20 минутдан ошмас эди. Мен ҳам имкон қадар унинг шу тартиб-режимига қараб иш тутар эдим. Энди эслаб кўрсам, ўша 20 минутлик бориб-келишларимиз ҳеч маҳал беҳуда ўтмаган экан. Ўша чоғлардаги гурунгларимизнинг ҳар бири муайян мавзуга бағишланарди.
Айюб ака ўз соҳаси билан чекланмай, адабиёт, адабиётшуносликдаги янгиликлардан мунтазам хабардор бўлиб борар эди. Миллий адабиёт бу ёқда қолиб, рус ва жаҳон адабиётидаги, жумладан, “Литературная газета”, “Новый мир”, “Дружба народов”, “Иностранная литература” саҳифаларидаги янгиликларни, баҳс-мунозарларни мунтазам кузатиб, ўқиб борарди. Бир гал “Литературная газета” саҳифаларида кетаётган “Лириклар ва физиклар” мавзусидаги баҳс устида сўз очиб, баҳслашаётган азаматлар Шарқ тарихини, Шарқ адабиёти ва фанини яхши билмайди-да. Озод, Матёқуб, Норбой, Сиз шу баҳсларда қатнашиб бизда олимлар шоиру, шоирлар олим бўлганлигини, бу анъана ҳозир ҳам давом этаётганлигини, лоақал, Ибн Сино, Навоий, Бобур, Фитрат, Ойбек, Шайхзода, Иззат Султонлар мисолида кўрсатсаларинг бўлмайдими, дея таъна қилди. Сўзи тасдиғи учун яна кўплаб мисоллар келтирди.
Домла ўша кезлари фаол ижод этаётган адабиётшунос мунаққидларнинг ақида, савия, даражасини яхши билар, уларга одилона баҳо берарди. Гурунгларимиздан бирида Л.Қаюмовнинг Ҳамза ҳақидаги салмоқдор китоблари ҳақида сўз очиб, унинг ютуқ ва камчиликлари устида батафсил тўхталди. Бугун эслаб кўрсам, ўшанда айтган кўп мулоҳазалари ёдимдан кўтарилибди, аммо бир жумла – мана бу гапи эсимда қолибди: “Лазизхон Ҳамза ҳаёти ва ижодини синчковлик билан икир-чикирларигача теширибди, Ҳамзага дахлдор бўлса, уйи токчасида ётган игнани ҳам китобига киритибди”. Топиб айтилган қаҳҳорона лўнда, образли гап, китобга берилган одилона баҳо!
Ўзгаларга, сафдошларига баҳо беришда домла ниҳоятда эҳтиёткор, талабчан бўлган. Озод акага, унинг ўзи айтганидай, сиртдан бефарқроқ қараса-да, аслида, уни ниҳоятда ҳурмат қилар, қадрлар, университет спорт залида волейбол машқларида бир командада бирга мунтазам қатнашар, аммо илмий мунозараларда кўп ҳолларда дилидагини ошкора айтавермаса-да, ичида унинг ёнини оларди. Бир гал адабиёт газетасида Озод аканинг бир чиқиши муносабати билан кескин руҳдаги танқидий мақола босилди. Йўл-йўлакай, шу ҳақда сўзлашиб бордик. Охирида у “Ҳақ гапни айтишда ёзувчилардан Абдулла Қаҳҳор битта эди. Ҳозир танқидчилар ичида бу борада Озод битта! Озод акангизга айтинг, ўзини эҳтиёт қилсин. Юқоридан шапкасини ол деса, қуйида калласини оладиганлар борлигин унутмасин”, дедилар.
80-йиллар бошларида бўлса керак, университетдан бирга қайтиш чоғи “Ўткан кунлар” романининг тил, имло хусусияти, хусусан, 1926 йилги нашрида сўзлардаги –ган, -га, -кан, -лик каби қўшимчаларнинг –ған, -ға, -қан, -лиқ га айлантирилгани, бу ҳол асар мутолаасида бугунги китобхон учун қийинчилик туғдираётгани устида сўз очиб, нега шундай бўлгани сабабини сўрадим. Фақат бу романда эмас, адибининг 20-йиллари матбуотда чиққан бошқа асарларида, публицистик мақолаларида ҳам шундай ҳол кўзга ташланади. Қизиқ, Қодирийнинг 1914-1920 йиллар оралиғида, кейинроқ 30-йилларда битган асарларида бу ҳол камдан-кам учрайди. Афсуски, муайян сабабларга кўра, адиб асарларининг асл қўлёзма нусхалари сақланмаган, аслиятда қандай эканлигини билмаймиз. Эшитишимча, 20-йиллар бошида қабул қилинган имло қоидасига кўра -ган, -га, -кан, -лик каби қўшимчаларни -ған, -ға, -қан, -лиқ шаклида ёзиш назарда тутилган экан. Бу қоида лотин алифбосига ўтилгунга қадар амалда бўлган… Шуниси ҳам борки, ёзувчи ибораси билан айтганда, роман матнида бу қоидани бузиб қўядирган ҳолларга ҳар қадамда дуч келамиз: бир саҳифанинг ўзида -ган, -га, -кан, -лик қўшимчалари билан битилган сўзлар ҳам ёндош ҳолда келаверади. Демак, бу борада изчиллик бўлмаган.
Дарҳақиқат, лотин алифбосига ўтилганидан кейин, айрим истисноларни ҳисобга олмаганда, асл ҳолатга -ган, -га, -кан, -лик шаклларига қайтилди. Ўша қоида амалда бўлган даврда чиққан асарлардаги ҳолат кейинги нашрларида ўзгартирилди. Ойбек, А.Қаҳҳор, Ғ.Ғулом, Ҳ.Олимжонлар аввалги имло қоидалари бўйича чиққан асарлари матнини кейинги нашрларида янги қоидага мослаштирганлар. Қодирийнинг “Жинлар базми”, айниқса, “Улоқда” ҳикоялари ҳам 1936 йилги нашрида ҳам услуб, ҳам имло жиҳатидан жиддий таҳрир қилинган.
Афсус, адиб “Ўткан кунлар”ни янги шароитда янги имло қоидасига ўз қўли билан мослаштиришга улгуролмай дунёдан ўтиб кетди. Романининг 1925 йилда чиққан биринчи бўлимига илова қилинган “Узр” сарлавҳали изоҳномасида у афсус-надомат билан асарнинг “имлоси уч-тўртта имлочиларимиз томонидан тузатилиб (!) ажойиб бир қуроқ ҳолига келди”, деб ёзади. “Рўманнинг иккинчи бўлимини бундай хатолардан соф бўла олишига ваъда бера олмаслигини” ҳам писанда қилиб ўтади.
Шу ҳақида сўз очганимда Айюб ака: “Дарҳақиқат, 20-йилларда сиз тилга олган Тил ва имло қурултойидан бошлаб то янги лотин ёзувига ўтгунга қадар айни шу тил ва имло масаласи теварагида қизғин баҳс-мунозаралар давом этган, – дея сўзини давом эттирди. – Яна бир неча бор айни шу масалага бағишланган қурултой, муҳокама мажлислари бўлиб ўтди, матбуотда қизғин мунозаралар давом этди. “Чиғатой гурунги” аъзолари бу ҳаракатнинг бошида тургани боис, гарчи гурунг 1922 йили тарқатиб юборилган бўлса-да, улар илгари сурган ғоялар ҳаракатда давом этаверди. Чиғатойчилар она тилимизни араб, форс тиллари таъсиридан халос этишга, айни пайтда, уни бостириб келаётган рус ва бошқа Овропа тиллари таҳдидидан асраш, ҳимоя қилиш, умумтурк тилларига хос қадриятларни тиклаш, турли усутувор шева бойликларини муомалага олиб кириш йўлидан бордилар. Бу борада гоҳо ҳаддидан ошиш ҳоллари ҳам бўлган. Баҳслар чоғи имло бобида бир хулосага келиш қийин кечган. Боя сиз эслатган “Ўткан кунлар” матнидаги “тузатиш” – таҳрирлар ана шундай ўзбошимчалик оқибати экани аён. Ўша йиллари вақтли матбуот, нашриёт таҳририятларида Қодирий айтган “имлочилар” айни шу йўсинда фаолият олиб борганлар.
Бу муаммони шу ҳолда қолдириб бўлмайди. Бу – Қодирийдек сўз санъаткорига, “Ўткан кунлар”дек беназир асарга, қолаверса, жонли адабий тилимизга зуғумдан бошқа нарса эмас. Муҳими, романнинг илмий академик нашрини тайёрлаш, асар матнини Қодирийга ярашмайдиган шу хил сунъийлик, дағаллик, ҳар хилликлардан халос этиш керак. Зарурат туғилса, бу ишга бош қўшишга мен тайёрман…”
Азизлар, юқорида келтирилган Айюб аканинг сўзлари матнини айнан тиклашга, очиғи, қурбим етмади, фақат нутқ мазмунини бор ҳолича қоғозга туширишга уриндим, холос. Бунинг учун Сизлардан узр сўрайман. Афсус, бу орада Айюб ака бетоб бўлиб қолди, анча вақт даволанди, аввалги ҳолига қайтмади, охири, оламдан ўтди… 90-йилларга келиб шўро замонида жиддий таҳрир, қисқартиришлар билан чиққан “Ўткан кунлар” ўрнига 1926 йилги нашри асл нусха намунаси сифатида қайта чоп этилди, шундан бери у қайта-қайта чоп этилаётир. Адиб ҳаётлигида лотин алифбосида босилган 1933 йилги нашрида бу борада анча-мунча таҳрир, тузатишлар бор эди. Бу нашр негадир ҳозирга қадар эътибордан четда қолиб келаётир…
Кишига таскин берадиган жиҳати шундаки, қодирийшунослик бугун балоғат ёшига кўтарилган, Қодирий армонини, Айюб акадек тил илми шоирининг таклифларини юзага чиқариш, “Ўткан кунлар”дек ноёб романнинг илмий-академик нашрини тайёрлашга қодир зукко адабиётшунос, матншунос, тилшуносларимиз бор, эндиги бутун умидимиз улардан.
“Шарқ юлдузи” журнали, 2014 йил, 2-сон