Умарали Норматов. Олтин зангламас (2013)

Асли исми-шарифи Ғулом Алимов, адабий тахаллуси эса Шуҳрат бўлган беназир ижодкор эл-юртда, адабиёт дунёсида Шуҳрат деган ном билан танилди. Ўзидан катта устозлари, шунингдек, тенгдошлари, ўзидан кичик шогирдлари унга “Ғулом”, “Ғуломжон” ёки “Ғулом ака” деб эмас, балки “Шуҳрат”, “Шуҳратжон”, “Шуҳрат ака” деб мурожаат этарди. Бу исм-тахаллус унга ниҳоятда ярашарди, асл исми Ғулом замиридаги маъно – тобелик унинг табиатига бутунлай ёт эди.

Шуҳрат аканинг ҳам ижодкор-адиб, ҳам она-юрт фуқароси, куюнчак инсон сифатида талай ибратли хислатлари бор эди. У, аввало, бир қўлда қурол билан жанг қилган, бир қўлда қалам билан шу азиз Ватанини куйлаган, улуғлаган — сўзи ва иши бир адиб эди. У ниҳоятда меҳнатсевар, тартиб-интизомли, саранжом-сариштали, фариштали одам бўлган. Ҳаётнинг кўп аччиқ-чучугини татиган, бошига оғир савдолар тушганда ҳам ўзини йўқотмаган, имон-эътиқодига гард юқтирмаган букилмас ирода эгаси эди. Одам боласи гоҳо энг азиз пинҳоний туйғуларини, юрак сирларини кимгадир айтгиси, қалбини тушунадиган кимса билан сирлашгиси келади. Шуҳрат ака шахсан мен таниган, билган ёзувчилар орасида ана шундай табаррук зотлардан бўлган. Улкан адиб Абдулла Қаҳҳор умрининг сўнгги дақиқаларида Шуҳратни Москвага ўз ҳузурига чақириб, энг сўнгги юрак ­розини, ­васиятини шу одамга ­ишониб айтгани бежиз эмас…

Энди Шуҳрат аканинг адабиётимизда тутган ўрни, ижодига хос айрим хусусиятлар ҳақида бир неча оғиз сўз. Шуҳрат XX аср миллий адабиётимизнинг ўрта авлоди вакилларидан. Бу авлодга ғоят мушкул, чигал ижодий тақдир насиб этди. Улар 30-йилларнинг зиддиятли муҳитида, маънавий-ижодий ҳаётга мустабид сиёсат, қатағон балоси таҳдид солиб турган, улкан истеъдодлар бошида қора булутлар қуюқлашган кезлари қўлга қалам олдилар. Сўнг иккинчи жаҳон уруши, урушдан кейинги ­машаққатлар, адабий ҳаётдаги ­тангликлар, оғир йўқотишлар….

1951 йили шоир бошига оғир мусибат тушди. Бир қатор қаламкашлар сафида “советларга қарши миллатчилик фаолияти”да айбланиб қамоққа олинди, сўнг 25 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Шахсга сиғиниш қораланиб, ноҳақ қатағон қилинганлар оқлангач, Шуҳрат ҳам сургун азобларидан қутулиб юртига қайтди. 50-йиллар ўрталаридан у ижтимоий ҳаётда юз берган муайян ўзгаришлар, “эрувгарчилик” таъсирида қизғин ижодий фаолият билан машғул бўлди. Бирин-кетин ­“Бизнинг кўча”, “Кавказ дафтари”, “Шинелли йиллар дафтари”, “Дунай соҳиллари”, “Қиз табассуми”, “Буюк муҳаббат” каби шеърий туркум ва тўпламлари, балладалар, шеърий таржималар, ҳикоялари пайдо бўлди. «Шинелли йиллар», «Олтин зангламас», «Жаннат қидирганлар» романларини эълон этди.

Мана шу асарларнинг ҳаммаси ўн-ўн беш йил ичида яратилди. Мен ўша кезларда Шуҳрат акадан бундай сермаҳсул ижод сирларини сўраганимда, у: «Мен ва мен тенгилар 30-йиллар мураккаблиги, уруш даври машаққатлари, урушдан кейинги кўргиликлар туфайли йигирма йиллик вақтимизни, энг кўркам йигитлик давримизни бой бериб қўйдик. Кўнгилда айтадиган гаплар кўп. Шошилмасликнинг эса иложи йўқ. Дилдаги гапларимизни маромига етказиб айтолмаётган, шошилаётган бўлсак, китобхон бизни тўғри тушунар, деб ўйлайман», деган эди. Шуҳрат ва умуман, ўрта авлод адиблари ижоди ҳақида фикр юритганда шу ҳолатни, улар адабиёт майдонига қадам қўйган кезлардаги чигал муҳитни, албатта, назарда тутмоқ даркор.

Ёзувчининг илк романи «Шинелли йиллар» ҳарбий ватанпарварлик адабиётининг яхши намуналари қаторидан ўрин олди, роман ўзбек ва рус тилларида қайта-қайта нашр этилди. «Шинелли йиллар»ни роман-хроника деб аташ мумкин. Асар асосида ўзбек йигити Элмурод тақдири ётади. Элмурод образи асарда композицион марказ ролини ҳам ўтайди, романдаги барча персонажлар, ҳодисалар шу образ билан алоқадор ҳолда берилади. Ёзувчи Элмуродни урушнинг бошидан то охирига қадар олиб ўтади, бу образ саргузаштлари орқали ёзувчи жанг хроникасини беришга, урушнинг турли босқичларидаги вазиятни кўрсатишга муваффақ бўлади.

Шуҳрат иккинчи романи «Олтин зангламас»да «Шинелли йиллар»га қараганда анча илгарилаб кетди. «Олтин зангламас» романи билан муаллиф ўзбек адабиётида очилмаган қўриққа қўл урди, адабиётимизга янги мавзу-материал олиб кирди, мамлакатимиз ҳаётида юз берган 30-йиллар қатағони қурбонлари ҳаётини қаламга олди.

«Олтин зангламас» қаҳрамони Содиқ тақдири ҳақиқатан ҳам романга арзигулик. Ёзувчи Содиқни ҳаётнинг ғоят сермашаққат ва мураккаб йўлларидан олиб ўтади, унинг бошига кўп оғир савдолар тушади. Лекин Содиқ шунчаки жафокаш бир кимса эмас, у ҳаммадан бурун курашчан шахс. Қаҳрамон энг мушкул вазиятларда ҳам тақдирга тан бериб қўя қолмайди. Аксинча, виждонига гард юқтирмайди, эзгу идеалларга содиқ қолади, шу идеал йўлида мардларча кураш олиб боради. Она-юрт ўғлонининг эътиқоди – бу олтин, бу олтин этиқоднинг олижаноблиги, метинлиги, синовлардан ғолибона ўтиб тантана қилиши, яъни олтиннинг зангламаслиги бош қаҳрамон характерининг ҳаёт фалсафасини, романнинг асосий пафосини ташкил қилади.

Шуҳрат “Олтин зангламас”дан сўнг шитоб билан «Жаннат қидирганлар» номли роман устида ишлади. «Жаннат қидирганлар» «Олтин зангламас» романининг мантиқий давоми: асар воқеаси «Олтин зангламас»га қўйилган охирги нуқтадан бошланади. Роман бош қаҳрамони Умматали гўё «Олтин зангламас» қаҳрамони Содиқдан эстафетани ўз қўлига олади. Умматали образи орқали ёзувчи “эрувгарчилик” деб аталган даврдаги мамлакат ҳаётида юз берган муҳим жараёнларнинг муайян томонларини ҳаққоний акс эттиришга эришади.

Шуҳрат гарчи насрда сербарака ижод этган, романнависликда муваффақият қозонган бўлса-да, аввало, у — шоир, ижодда шоир бўлиб туғилган эди, умрининг охиригача шоирлигича қолди. Шуҳрат шахсияти, Шуҳрат истеъдодининг қирралари ҳаммадан бурун шеъриятида намоён бўлди.

Шуҳрат ҳақиқий маънода лирик қалб эгаси. Бу қалбнинг ўзига хос томони шундаки, у ёниқ, ҳаётга, гўзалликка ташна, бир оз мағрур, тезкор, аммо ниҳоятда сахий, дилкаш, покиза қалб, у ичидагини сир тутолмайди, ичида гап сақлолмайди, дилидагининг ҳаммаси тилида. Ўзи айтганидай:

Не чора! Шоирнинг қалби шеърида.
Шеърида сир сақлаб ёлғон айтмайди.
Шеърида айтганин, ҳатто гўрида
Турғизиб айтсанг ҳам асло қайтмайди.

Ҳис-туйғулар жилоси: меҳр билан қаҳр ҳам, севинч билан ғам ҳам — барчаси унинг қалбида ҳар доим таранглашган ҳолда намоён бўлади. Шуҳрат шеърларида ҳаёт ҳодисалари ана шундай қалб торига урилиб акс садо беради, шоир шеърларида фалсафа шундай қалб призмасидан оқиб чиқади. Бу нарса ҳам шоир шеъриятига такрорланмас оҳанг, алоҳида ранг бағишлайди. Шуҳрат шеъриятининг кучли ва заиф томонларини ана шу қалбнинг ўзига хос томонлари билан изоҳлаш жоиздир.

Шоирда ҳаётга меҳр, ҳаётдан лаззатланиш, ҳаётдан миннатдорлик, ўз ҳаёти билан фахрланиш ҳисси ниҳоятда кучли. Шунинг учун ҳам унинг нигоҳи, биринчи галда, ҳаётнинг нурли томонларига тушади, у ҳаммага ҳам кўриш муяссар бўлавермайдиган оддий ҳодисаларнинг гўзал қирраларини кўра олади, шоир қалами текканда жўнгина туюлган нарса-ҳодисалар ҳам гўзаллашиб кетади.

Шеърларидан бирида у шундай ёзади:

Қалбингда бор экан ўзга бир қудрат,
Қудратки, бошқада учрамас, камёб,
Сен уни яширма, дур қилиб тарат,
Нур қилиб ёй уни мисоли офтоб.

Шахсан мен танишган кунлардан тортиб то умрининг охирига қадар бу қайноқ қалб эгаси ҳамиша жўшқин илҳом оғушида яшаб ўтди. Унинг ғайрат-шижоатида она-юрти саратонининг ҳарорати уфуриб турар, иш столи устида ҳали қиёмига етмаган қўлёзмалар тахланиб ётар, хаёли битилажак китоблар, янгидан-янги ўй-режалар билан лиммо-лим эди. У ўзидаги “ўзга бир қудрат”ни, “бошқада учрамайдиган камёб” истеъдодни “нур қилиб ёйиш”, “дур қилиб тарқатиш”, шу орқали китобхон қалбига ўт солиш иштиёқи билан умр ўтказди. Мана шу эзгу ният, зўр иштиёқ адиб ҳаётлик чоғидаёқ эътироф этилди. Шуҳратнинг шеърий тўпламлари, романлари такрор ва такрор катта тиражларда босилди, қўлма-қўл ўқилди. Унинг ижоди Абдулла Қаҳҳор, Мақсуд Шайхзода, Иззат Султон, Озод Шарафиддинов, Матёқуб Қўшжонов каби улкан адиб, адабиётшунослар диққат-эътиборини ўзига жалб этди.

Шуҳрат фақат асарлари билан эмас, шахсий ҳаётдаги ибрати, қалб саховати, самимияти билан ҳам эътибор қозонди. У ҳар доим устозлар ҳурматини жойига қўяр, тенгдошлари меҳнатини юксак қадрлар, ёшларга раҳнамолик қилар, ҳаётда, ижодда ўз йўлини топиб олишида меҳр-мурувватини аямасди. Ўнлаб ёш қаламкашлар Шуҳрат меҳр-мурувватидан бахраманд бўлганлар. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Вали Ғафуровнинг игна билан ёзилган “Вафодор” романининг рўёбга чиқишида ҳам Шуҳратнинг хизмати катта бўлган, ногирон ҳаваскор қаламкаш қўлёзмаси тажрибали адибнинг адабий жиҳатдан жиддий таҳрири орқали китоб ҳолига келган.

Айрим ҳамкасбларимиз Шуҳрат акани кўпроқ жабрдийда, меҳнатлари ўз вақтида қадрланмаган, омадсиз ижодкор тарзида кўрсатишга уринадилар. Бир қарашда шундай туйилади. Дарҳақиқат, у шафқатсиз замонда яшаб ижод этди, тақдиру азал бу одам бошига оғир синовларни, кўп мушкул савдоларни солди: фашизмга қарши жангларда неча бор яраланди; қатағонга учради; умрининг сўнгги ўн йили оғир хасталикда кечди… Бироқ у Аллоҳ инъом этган мустаҳкам эътиқод, чексиз сабр-бардош туфайли шунча кўргиликларнинг барчасини енгиб ўтиб, ўнлаб жилдларга жо бўладиган чин ҳақиқат ва нурли туйғулар билан йўғрилган асарлар яратишга эришди, умрининг сўнгги кунларига қадар қўлдан қаламини қўймади. Булар бахт, омад эмасми! Шуҳрат умр бўйи орзу қилган, қалбининг тўрида сақлаган армони, асл тилаги – Мустақиллигимизнинг илк қадамларига шоҳид бўлди. Элмурод, Содиқ каби қаҳрамонларининг ўз она-юртида ўзига бек, ўзига содиқ бўлиб яшаш учун нурли кунлар келганини дил-дилдан қутлашга мушарраф бўлди. Бу чин бахт эмасми! Унинг шеър ва романлари ўша машъум замонларда ҳам эл орасида катта шуҳрат қозонган эди, мустақиллик йилларида ҳам шуҳратини йўқотмади, қайта-қайта нашр этилаётир. Ниҳоят, мустақиллик шабадалари эса бошлаган кезлари “Ўзбекистон халқ ёзувчиси” унвони, вафотидан кейин эса “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланди. Булар бахт, омад эмасми! Китоб ҳолида чоп этилган ва яна ёзилаётган эсдаликларда кўрк тўкиб турган адибнинг ёрқин сиймоси аллақачон миллатнинг ифтихорига айланиб улгурган. Қисқаси, ёниқ қалби, букилмас, покиза имон-эътиқоди, шу хислатлар уфуриб турган сара асарлари орқали ХХ аср талотўмларидан омон ўтиб, шу қутлуғ кунларга етиб келиши Яратганнинг бебаҳо туҳфаси. Бош асари номини унинг ўзига, шахсиятига, ижодий меросига ҳам нисбат бериш мумкин – дарҳақиқат, олтин зангламас!

Умарали Норматов, ЎзМУ профессори

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 17-сонидан олинди.