Ойгул Суюндиқова. Шоиранинг қизи

«Қизим, сен менинг энг гўзал шеъримсан…»
Марина ЦВЕТАЕВА

Марина Цветаева нафақат рус адабиётининг, балки жаҳон адабиётининг ҳам йирик вакилидир. Шунинг учун ҳам унинг ҳаёти ва ижоди, қувончу изтироблари фақат бир даврга, бир миллатгагина тегишли эмас.
“Қисматимда ғамларим гўзал…” деб ёзган ҳассос шоира ҳаёти ва ижодини ўзбек китобхонлари ҳам яхши билишади.
Шоиранинг мураккаб тақдирини унинг ягона вориси, издоши, қизи — Ариадна Эфроннинг “гўзал ғамлари”сиз тасаввур қилиш мушкул. А.Эфрон умр бўйи ҳаётнинг шафқатсиз зарбаларига Марина Цветаева ва Сергей Эфроннинг қизи бўлиб жавоб қайтарди, аммо у ўз оламини ҳам яратаолган ШАХС эди…
Ариадна Сергеевна Эфрон (1912-1975)нинг болалиги, ёшлиги адабий муҳитнинг қайноқ нафасида кечди. У болалигидан кичик-кичик шеърлар, эсдаликлар ёза бошлаган эди. Марина Цветаева қизининг қораламаларини “Қиш аломатлари” ва “Болалик эсдаликлари” дея номлаб, икки жилдлик китоб тайёрлайди.
“Бундай китоб дунёда йўқ. Булар — қизимнинг менга ёзган болалик мактублари, бизнинг турмуш тарзимиз (кўчалар, бозор, боғча кабилар тасвири), тушлар, китоблар ҳақида фикрлар, тақризлар, одамлар ҳақида ўйлар — ҳаммасида олти яшар боланинг юраги, шу юракда тўлиб турган ҳаёт ўз аксини топган,” — деб ёзган Марина Цветаеванинг орзулари, таассуфки, орзулигача қолиб кетди. Китоблар нашр этилмади. Ўша китоблар ҳақида Ариадна Сергеевна: “Ҳозир бундай ёзолмаган бўлардим…” дея эслаган эди.
Йўқ, ёзди у. Ёзгандаям ундан-да бетакрор ёзди. Самимий шеърлари, “Ўтмиш саҳифалари”, Борис Пастернакка мактублари, беқиёс таржималари, у чизган суратлар…
Ариаднанинг ота-онасини ҳаёти ўтли, долғали, оғир ва шафқатсиз йилларга тўқнаш келди. Чақмоқлар, момақалдироқлар, ёмғирлар остида, булутлар, туманлар орасида кечди бу умр, бу йўл. Булар Ариаднани ҳам четлаб ўтмади, аксинча, уни ўзлари билан бирга олиб кетишди. Бутун оила аввал Прага, сўнгра Парижга кўчди, бир муддат Берлинда ҳам яшашди. Муҳожирлик ҳаётига кўникиш, чидаш, тинимсиз ҳаракат, меҳнат қилиш, Алянинг (уни эркалатиб шундай чақиришарди) гоҳ ярим, гоҳ чала, гоҳ тўхтаб қолаётган ўқишининг минг бир чорасини топиш…
Бу ҳақда Марина Цветаева кундаликларида изтироб билан ёзади. Аля эса гимназияни битиролмаган, ўз тенгқурлари сингари ёшлик завқларидан тўла баҳра ололмаган, аксинча, оиламга ёрдамим тегсин деб тўқишни ўрганган, ундан келадиган арзимас пул билан оиласини қувонтирган бўлса-да, бу оғирликларнинг барчасини кўтарди ва буларни енгилгина нафас билан “қувноқ қашшоқлик”ка йўйди. Онаси эса уйида қизига бор билимини берди. У адабиёт ва тарихни чуқур ўрганди, француз тилидан таржималар қила бошлади. Отаси қизининг иқтидорини елда совурилиб кетишини истамас, барибир қаерда бўлса ҳам уни ўқитиш лозимлигини тинмай таъкидларди. Кейинчалик у Парижда Лувр қошидаги махсус амалий санъат мактаби, сўнгра Добужинский ва Бибилин тасвирий санъат мактабларида таҳсил олди.
Отаси Аля чизган суратларни жуда севар, жуда қадрларди. Кейинчалик қизалоқ истеъдодли мусаввир бўлиб етишди. Сергей Яковлович қизининг суратлари кўргазмасини ташкил этишга кўп уринди, аммо барча уринишлари самарасиз кечди. Ариадна болалигидан то умрининг охиригача адабиётдан, санъатдан, ёзишдан ва сурат чизишдан айрилмади. “У чизишдан кўра яхшироқ ёзади”, — деган эди отаси синглисига. Ота ҳақ бўлиб чиқди. Олтмишга кирган Ариадна Эфрондан сиз қайси бирини танлаган бўлардингиз, деб сўрашганида, у чизишдан кўра ёзишга иштиёқи ҳамиша кучли бўлганлигини айтади.
Қўлига диплом олгани билан Ариадна иш тополмайди. Яна турли нарсалар тўқийди, юмшоқ ўйинчоқлар ясайди. Тиш шифокори ёрдамчиси бўлиб ишлайди. Немис оиласида энага сифатида яхшигина маош, қулай иш шароитига эга бўлиб юрганида, онаси бундан хурсанд бўлиб шундай ёзган эди: “Ойига — 150 франк, бунинг устига денгиз бўйидаги уй! Еб-ичиши, ётиб-туриши тайинли, маданиятли — оила”.
Аля ўша ерда ҳам тинч ўтирмайди: буюртмалар олиб иссиқ кийимлар тўқийди. Топган пулларини ҳам, маошини ҳам уйига жўнатади. Бир сафар онасининг дугонаси унга туғилган кунида 50 франк берганида, шу пулга ҳам ип сотиб олиб, онаси ва укаси учун кийимлар тўқиб, уйига юборади. Ўзини эса ранги ўчган туфли, эски ёки дугоналари совға қилган кўйлаклар ҳам қаноатлантирарди. У бир умр онасига беминнат хизмат қилишдан чарчамади. Бутун оғирликни юраги билан кўтарди.
1937 йилда Ариадна ҳаётида бир қарорга келиш имконияти пайдо бўлади. У француз қонунчилигига кўра, ўзи хоҳлаган фуқароликни қабул қилиши мумкин эди. Ариадна рус фуқаролигини танлайди. Бундай қарорга келишида отасининг таъсири кучли бўлди. Сергей Яковлович Россиядан кетиши хато бўлганлигини англаб етганида анча кеч бўлган ва бу уни ҳамиша изтиробга соларди. Бунинг устига, Ариаднага Москвада кечган болалик хотиралари, қўлидан тушмаган рус адабиёти ва тарихига оид китоблар, онасининг шеърлари, хотиралари — ҳамма-ҳаммаси уни шу қарорга олиб келди.
Ариадна оиласининг дўстлари, Парижда яшаб ижод қилаётган муҳожир рус адабий муҳити, шоирлар, адиблар билан бирма-бир хайрлашиб чиқди. Ўшанда буюк адиб Бунин унга шундай деган эди:
— Тентак қиз, ахир сени боришинг биланоқ Сибирга қувишади-ку! – адиб бироз сукут сақлаб, ғамгинлик билан давом этди: — Сенинг ёшинг, ёшлигинг менда бўлсайди… Майли, Сибир бўлсин, майли қувишсин! Ахир, бу – Ватан, бу — Россия!…
Уни совға-саломлар билан кузатиб қўйишди. Онасининг тили билан айтганда, “ҳеч нарсаси йўқ Аля бутун бошли “келинлик сепи”билан Москвага қайтди”. У борибоқ ўзига яхши иш топди — журналларда таржимонлик қила бошлади. Ўша йилнинг кузида отаси ҳам Ватанига қайтди. Сергей Эфрон кучли филолог, ўта қобилиятли, нозик юракли инсон, Россияни ўзидан кечиб севувчи, оқ армияда хизмат қилганида ҳам, Россияни қутқаряпман деб ишонган, совет Россиясига ҳам шу ниятда ишга кирган эди. Ариадна яхши ишлади, яна топганини оиласига ташиди. Онаси билан укаси 1939 йили Россияга қайтишди. Оила яна жам бўлди.
Журналларда ишлаб юрган Ариадна севди, севилди. Суюклиси — ҳамкасби Самиул Давидович Гуревич эди. Аммо бу бахт узоққа чўзилмади. Цветаева-Эфрон оиласи энг оғир, энг шафқатсиз йилларда Россияга қайтишганди. Иғво, туҳмат, чақма-чақарлик, гумонсираш, қама-қама авжига чиққан пайт. Чет элдан қайтганларга “айғоқчи” тамғаси босилиб, ҳибсга олиш бошланди.
1937 йил 27 август. Ариадна Сергеевна Эфрон ҳам шу айблар билан ҳибсга олинди. У ўша олис тонгни бир умр эслаб қолди: “… Мен бу тонгда онамни, отамни, укамни, ҳаётимда нимаики азиз бўлса, ҳаммасини сўнгги бор кўраётганлигимни англадим”.
Орадан ярим йил ўтиб, Марина Цветаева қизи ҳақида хабардор бўлади. Аля Сергей Эфроннинг қамоққа олиниб, 1941 йилда отиб ташланганлигини кейинчалик билади. Ариаднадан биринчи мактуб (Князний Погост, Коми АССР) 1941 йилда онасининг қўлига тегади.
Уруш йиллари. Ариаднага хат келмай қўяди. 1942 йилдагина аммаларидан хат олди. Онаси, укаси нега жим? Хатларида қайта-қайта сўрайди. Аммо ҳеч кимнинг 1941 йил 31 августда онаси — Марина Цветаева Елабуғада ўзини осиб ўлдирганини айтишга журъати етмайди. Охири бу ҳақиқатни аммаси Елизавета Яковлевна Эфрон айтади.
“Қадрдонларим Лиля ва Зина! Онамнинг ўлими ҳақидаги хабар берилган мактубни кеча олдим. Бундай бемаъни мушук-сичқон ўйинига барҳам берганингиз учун Сизга раҳмат. Баъзан раҳмдиллик ҳам мана шундай бешафқат, дилга озор бериб қўяркан. Онамнинг ўлими ҳақида ҳамма нарсани тўлиқ, аниқ ёзиб юборишингизни сўрайман. Қачон, қаерда, қандай касалликдан, нималарнинг таъсирида? Ёнида ўша пайтда укам бўлганми? Ёки ёлғизмиди? 1939 йилда Париждан олиб келинган қўлёзмалари, китоблари, таржималари, суратлари, нарсалари қаерда, кимда? Уларнинг ҳаммасини, хуллас, ниманики сақлаб қолиш мумкин бўлса, барисини йиғиб олиш лозим. Сизлар уни охирги марта қачон, қаерда кўрдинглар, суҳбатлашдинглар? Укам қаерда? Унинг аҳволи қандай?
Мактубингиз мени адо қилди… Мен онам ўлади, деб ҳеч қачон ўйламагандим. Ҳозир ҳам ота-онам ўлган деб ўйлай ололмаяпман… Агар мен онамнинг ёнида бўлганимда, у ўлмас эди. Мен бутун умр унинг оғирини енгил қилишга ҳаракат қилдим. Ёнида бўлганимда, бу оғирлик уни чилпарчин қилолмасди…” — деб аммаларига изтироб билан ёзади.
Онасининг архиви ишончли қўлларга — аммалари қўлига келиб тушганини билгач, Ариадна укасини хатлар орқали излай бошлайди. Укаси — Георгий Сергеевич Эфрон ўша йилларда Тошкентга жўнатилади, шу ерда мактабни тугаллайди. Онасининг ўлими ҳақидаги хабарни опасига етказишга журъат этолмайди… Мактабни битириб, Москвага қайтади. А.М.Горкий номидаги Адабиёт институтига ўқишга киради. 1944 йилнинг 26 февралида урушга жўнатилиб, шу йилнинг 7 июлида ҳалок бўлади.
Уруш тугайди. 1947 йилнинг 27 августида озодликка чиққан Ариадна Эфрон Москвага қайтди. Кутиб оладиган ҳеч кими йўқ. Эри ҳақида дугонасига шундай ёзади: “Cобиқ эрим билан (афсуски, собиқ. Ой остида ҳеч нарса абадий эмас, бу-ку эр экан!) дўстона учрашдик, суҳбатлашдик. Яна бирга бўлиш ҳақида ўйлаш мумкин ҳам эмас. Унинг иши партия билан боғланган. Мен эса… Ойида икки марта учрашиб турамиз. Юрагимизни ажиб, ғамгин лаҳзалар тўлдириб юборади, иложсизмиз. Ҳаётда шундай деворлар борки, бошинг ёрилиб кетса ҳам, ёриб ўтолмайсан…”
Ариадна Рязанда яшай бошлади. Вилоят бадиий педагогика билим юртида графикадан дарс берди. Бу ишда Луврда олган сабоқлари, иқтидори асқотди. Урушдан кейин ҳам қатағон қилиш ишлари давом этди. Ариадна Эфрон иккинчи марта — энди Туруханскийга сургун қилинди. Талабалари ҳеч кимдан, ҳеч нимадан қўрқмай стипендияларини йиғиб, уни кўриш учун қамоқхонага боришди. У Рязанда яшаган қисқа “эркинлик даври”да онаси ҳақидаги маълумотларни Москвадан, Елабуғадан излади. Онаси охирги пайтда кимлар билан учрашган, кимлар билан суҳбатлашган, ҳаммасини билишга, аниқлашга ҳаракат қилди. Онаси билан Волга, Кама дарёлари буйлаб пароходда сайр қилган таниқли адиба Сикорскаяни излаб, Москвагача борди. 1949 йил 22 февралда Ариадна дўстларига шундай ёзган эди: “…17 февралда онам тушимга кириб, мени хавфдан огоҳлантирди гўё… Сени олиб кетишади, — дедилар онам. — Аввалига оғир, лойқаланган йўллардан ўтасан. Аммо буларнинг бариси “баҳор селлари”дай ўтиб кетади. Ҳаммаси жойига тушади, яхши бўлади…”.
Онасининг номи, руҳи унга ҳамиша ҳамроҳ бўлди. У ниҳоятда иродали инсон эди. Шимолнинг энг чеккасидаги Туруханскийнинг совуқ иқлимига, Муз океанидан уфуриб турган изғиринли шамолларга лагердаёқ заифлашиб қолган нозик юраги билан дош берди. Ҳар бир дақиқа, ҳар бир одамдан қувонч ва маъно излаб яшашга интилди. Енисейдан челаклаб сув ташиб, идиш-товоқларни, мактабнинг полларини ювди. Ниҳоят уни клубга рассом қилиб олишди. Туман маданият уйида ишлаганида ҳамма ишни битта ўзи эплади. Байрам кунлари бутун бинони жиҳозлаш, деворий газета чиқариш, адабий кечалар уюштириш, керак бўлса, шу кечанинг шоирига айланиш… Бир сўз билан айтганда, маҳаллий халқни маданият уйига тортди. Шу боис ҳам уни унутишмади, узоқ эслаб юришди.
Бу пайтга келиб Ариадна Эфрон қирқ ёшдан ошиб қолган эди. Касал бўлишига қарамай тинмай ишлади. У аслида ижодкор эди. Аммо совуқ шамоллар шафқатсизлик билан уни бу йўлдан улоқтириб ташлашга уринишди. Шу боис ҳам ижодни ҳамиша соғиниб яшади. Мактублар ёза бошлади. Айниқса, аммаси Е.Я.Эфрон, Б.Пастернак, шоирлар, адиблар, дўстларига ёзган мактублари бетакрор. У онасининг биринчи шоири, оиласининг энг яқин дўсти Борис Пастернак билан умрининг охиригача дўст бўлиб қолди. Борис Пастернакдай катта шоир унинг ҳар бир мактубини бебаҳо асардай қабул қилган, завқланган, руҳ олган.
1955 йилдагина Ариадна озодликка чиқди. “Баҳор селлари” Енисейга бутунлай оқиб кетди. У яна Москвага қайтади. Бу ерда уни бу сафар ҳам ҳеч ким кутиб олмайди. Ҳаёт эса ҳамиша давом этиб келган. Демак, ҳаммасини қайтадан, янгидан бошлаш лозим. У аммаларининг торгина, кичкина уйига кириб келганида, улар кексайиб қолган, бемор эдилар. Ўлимидан кейин отаси ҳам оқланди. Энди Ариадна Сергеевна шу кунгача қилолмаган иши — онасининг архивини тиклаб, номини, шаънини оқлаш, дафтарларини, шеърларини қайта-қайта ўқишга киришди. Цветаеванинг Сталиндан тортиб то Фадеевгача ёзган аризаларидаги: “Бошқа шеър ёзмайман. Ҳаммаси тугади” сўзларини ой нурида ўқиб, йиғиси бўғзига тиқилди. “Мен ҳамма ухлаганда, ҳаммаёқ тинчиганда, буларни ўқирканман, йиғлаб бўлдим, ёшларим қуриган, деб ўйлаган эдим. Йўқ, бу ўйларим ёлғон экан. Кўз ёшларим мени тирилтириш учун оқаётганини англадим”, — деб ёзади у.
Ариадна Сергеевна 1955 йилнинг ёзларида Москвага қайтган бўлса, шу йилнинг сентябридаёқ онасининг ўлимидан кейинги китобини нашрга тайёрлайди. Шу билан биргаликда нашриётлар билан ҳамкорлик қилиб, яна таржималар устида ишлайди. Ниҳоят, аммаларининг тор уйидан бобоси — онасининг отасидан мерос бўлиб қолган Тарусадаги дала ҳовлига чиқиб кетади. Кимсасиз уйни печка ёқиб иситади. Ўт-ўланлар босган қаровсиз ҳовлини тозалаб яшнатиб юборади. 1958 йилдан умрининг охиригача шу ерда яшайди. Онасининг ҳар бир шеъри, таржимаси, насрий асарлари, китоблари, мактублари, дўстлари билан бўлган суҳбатларини йиғиб боради.
У ўзига, ҳар бир сўзига талабчан эди. Таржималар билан узлуксиз шуғулланарди. Хитой, Болтиқ бўйи халқлари, италян, испан, айниқса, француз адабиётидан таржима қилишни севарди — Бодлер, Варлен, Готье, Арагон, Жуве, Реверди, Тристон Тзар. Уни моҳир таржимон сифатида Иттифоқ Ёзувчилар уюшмасига аъзо қилишди. 1955 йилда тайёрланган онасининг китоби 1965 йилдагина кичкина, юпқа ва кам нусхада чоп этилди. Ўшанда Ариадна ниҳоятда қувонди! Марина Цветаева шеърлари яна ўз ўқувчисини топганига амин бўлди.
Онаси ҳақида хотиралар ёзишни Ариадна Эфрон Туруханскийдаёқ ўйлаган, баъзи бир фикрларини ҳам қоралай бошлаган эди. “Нафақага чиқиб, узоқ яшашни истайман, — деб ёзади у. — Нафақага чиқсам, онам ҳақида билганларимни ёзардим. Ахир, мен ҳаммасини эслайман, кўп нарсани биламан. Онам шунчаки эмас, қандай ёзганини, нима учун ёзганини, унинг қудрати нимадалигини кўрганман, сезганман. Биз бутун умр бирга яшадик, ахир…”
Ҳа, ҳеч ким онасини у каби қаттиқ севолмаган, у каби чуқур тушунолмаган, у каби Марина Цветаева буюк шоира эканлигини биринчи нафасдаёқ, биринчи шеърларидаёқ билмаган. Улар – она ва қиз ҳамма жойга бирга боришарди. Санъат саройи (ҳозирги Москва, Воровский кўчасидаги Ёзувчилар уюшмаси биноси)да Бальмонт, Цветаева, Блок кабилар ўз шеърларини ўқиган адабий кечаларда, Мансуров студиялари, меҳмондорчилик, Бальмонтнинг уйларида Ариадна онасига ҳамиша ҳамроҳ эди. Бу ҳақда Бальмонт шундай ёзади: “Бу икки шоир юрак – она ва қиз худди опа-сингилларга ўхшашар, уларнинг ҳаётсеварлиги, ҳаракатчанлиги, иштиёқлари ифлослик давом этиб келаётган шундай шароитда фақат нолийдиган, дардманд бўлиб қолганлар ва дунёдан эрта кетувчилар орасида ҳам ҳайратланарли эди… Улар олдга юрувчилар эди, мен ҳам уларга қараб сўнаётган умидларимни ростлаб олар, кучимга куч қўшардим… Очарчилик кунлари. Агар Маринанинг олтита картошкаси бўлса, учтасини менга олиб келарди. Етти яшар Аля ўзи оч бўлса ҳам онасининг бу ҳаракатларига индамай рози бўлар, уни тушунар, у билан бирга овқат олиб келар, шу ёшдаёқ бир майизни қирқ бўлиб ейишнинг маънисини англаб етган эди. У неча-неча марталаб ўзининг арзимас улуши – насибасини ҳали уч ёшга ҳам тўлмай вафот этган синглиси Ирина билан баҳам кўрарди…”
Ариадна Эфрон “Марина Цветаева ҳақида” номли китобини умр бўйи ёзди. Бу китобнинг илк вариантлари умрининг сўнгги йиллари – 1975 йилда “Звезда” журналида босилиб чиқди. Унинг Тарусадаги кулранг-мовий тош қўйилган қабрига келган зиёратчилар Марина Цветаева ва қизи номини ёдга олишади.
Шубҳасиз, бу китоб ҳар бир ўқувчида катта қизиқиш уйғотади. Китоб Цветаева-Эфрон оиласи, дўстлари, ҳаётига оид ноёб суратлар билан бойитилган. Улардан бирида Ариадна Эфрон Тарусада, дарё бўйида ўриндиқда ўтиргани акс этган.
…Атроф тинч. Ока дарёси сокин оқмоқда. Хотиржам кўринган юз қиёфасида йиллар, тақдирнинг ўчмас излари чизилган. Оқарган сочлари чиройли, текис турмакланган. Эгнида оддий ва бежирим либос. Нимадир тўқимоқда. Суратнинг тагида шундай ёзув бор: “Унинг қўли ҳеч қачон бекор турмаган. Бўш қолдим дегунча у тўқишни яхши кўрарди. Ҳатто Лубянка камерасида ҳам шарфини ситиб юбориб, иккита гугурт чўпида қайтадан тўқиб чиққан”. Назаримда, Ариадна Эфроннинг Борис Пастернакка ёзган мана бу мактубининг руҳи шу суратга уйғунлашган кўринади. Бу мактубни қайта-қайта ўқиганим сари шоира қизининг ўша даврлардаги қалб туғёнлари, кечинмаларини англашга уринаман…
“…Мен ҳозир Тарусадаман. Ҳа, ўша сен сўз бошингда тилга олган, кичкина Цветаеваларнинг болалик ва ўсмирлик чоғлари кечган жойдаман. Ока дарёсидан бошқа ҳамма-ҳаммаси, мақолда айтилганидек, оқиб кетди. Қачонлардир Цветаеваларнинг бобоколонлари руҳоний бўлиб хизмат қилган собор клубга, бобомнинг бобосининг уйи — ”каштачи қизлар” артели“га, бувимнинг ҳовлиси эса болалар боғчасига айлантирилган. Эски қабристон ўрнида – шаҳар боғи. Онам ва Ася (Марина Цветаеванинг синглиси-Анастасия) яшаган, ўсган уй деярли ўзгармаган, яхши сақланган. У ерда дам олиш уйининг хизматчилари ва “ёрдамчи хизматчилар” яшашади. Цветаеваларга қадар бу уйда Борисов-Мусатовлар яшаган. Ва шу ерда вафот этган. Онамнинг айтишича, анча пайтгача ҳар қанча оқланган бўлмасин, болалар хонасининг деворларидан Барисов-Мусатов мўйқаламлари, чизган расмларининг излари кўриниб турган экан. Чунки у умрининг сўнгги дамларида тўшакка михланган кўйи ишларди, хонанинг деворлари унинг учун палитра — бўёқ тахталарнинг ўрнини босарди.
Гап нимада? Нега фақат дарё ўзгармай қолаверди? Нима учун сувларнинг ранги ўзгарса-да, дарё қолади? Бу ерда яшаб ўтганларнинг ҳеч қайсиси йўқ, ҳеч қайсиси! Вульфлар ҳам, Цветаевалар ҳам, Поленовалар ҳам, Борисов-Мусатовлар ҳам, Бальмонт, Балтрушайтислар ҳам йўқ — уларнинг ҳар бири қайтарилмас ва ягона эдилар. Дарё эса қолади. Ҳа, қолади! Унга тикиларканман, унинг ўзгармас қиёфасида, оқаётган сувларида онамга илҳом бахш этган булоқларни симираман, дилдан ҳис этаман уларни. Онам уларни биринчи кўрган лаҳзасидан то умрининг охиригача ўзи билан олиб юрди. Шу ерда унинг шеърлари туғилди, абадий яшаб қолиши учун туғилди. Дарё бўйида эса унинг ҳаётлигидаги маржон дарахтлари, четан дарахтлари шовуллаб турибди ҳамон. Бу дарахтларнинг ярқираб турган мевалари нақадар аччиқ эди! Бу дарахтларда — “фожианинг кибр-ҳаволари” мужассам. Дарёда эса — ҳаёт, умр Ёзи.
Шу кунларгача етиб келганим учун тақдиримдан, Яратган Эгамдан, одамлардан миннатдорман. Сен-ла дийдорлашиш учун яшадим шу кунгача. Энди эса онамнинг ҳаёти, ижоди, ўзимнинг кечмишларим билан юзлашиб турибман бунда. Шу кунларга ҳам етиб келдим-а! Сенинг романингни, онамнинг китобига ёзган сўз бошингни ўқиш учун ҳам етиб келдим шу кунларга. Онам, унинг шеърияти ҳақида шундай теран ва енгил нафас билан ёзиш – мўъжизалар мўъжизаси эмасми! Завқим ошиб, тилим тинмай сайраганида, мўъжизалар олдимда тўхтаб қолади ва мени майдалашиб кетишимга йўл қўйишмайди…
Эҳ, Боренка! Биз барибир майдамиз, майда! Ахир, муҳими — ёзилгани, мўъжиза ҳам айнан — шунда. Биз яна ёзилганларни ҳам нашр этишни хоҳлаймиз. Унда мўъжиза кубнинг ичига кириб қолмайдими!…
Яхши, азизим! Биз ўша кунларга етамиз, албатта. Ҳаммасини кўрамиз. Энг муҳими эса — сен ва онамнинг ёзганлари авлодлардан авлодларга, бизнинг ҳали тушимиз ҳам, хаёлимиз ҳам етмас авлодларга етиб боради ва улар Сизлар билан ”сен”лашиб сўзлаша бошлайдилар. Бу асарлар эртанги ва ундан кейинги кунларда ҳам яшаш учун бугуннинг қадри нечоғли қимматли эканлигини ҳар бир дақиқа айтиб туради.”
Бир сўз билан айтганда, Ариадна Эфроннинг онаси ҳақидаги бу китоби Марина Цветаева олами, табиати, руҳияти, ижоди, босиб ўтган йўлини билиб, ўрганибгина қолмай, ўша давр, унинг одамлари, тарихига чуқур кириб боришимизга имкон беради. Ижоднинг, адабиётнинг нақадар қудратли куч эканлигини қайта-қайта идрок этамиз.