Ҳафталигимизнинг шу йилги 19 май сонида тилшунос олим Бердақ Юсуфнинг “Ўтирмоқми ёки ўлдирмоқ?” сарлавҳали мақоласи босилган эди. Унда олим тилшунослигимизнинг бир қанча баҳсли масалалари, жумладан, эски ўзбек тилида унли товушлар ҳақида фикр юритганди. Мақола газетхонларда катта қизиқиш уйғотди, турли мулоҳазаларга сабаб бўлди. Газетамизнинг ушбу сонида эса Эргаш Умаровнинг айни шу мавзудаги мақоласини эълон қилаётирмиз.
Адабиёт газетамизда босилган Б.Юсуф мақоласида, шубҳасиз, тилшунослигимизнинг муҳим муаммоси тилга олинган. Бу эътиборга сазовор. Бироқ ҳар қандай танқидчи илм соҳасида мунозарага киришар экан, агар масалага холис ёндашса, фан ҳам ютади, жамият ҳам. Мен газетхонлар эътиборини қуйидаги беш масалага қаратмоқчиман.
1. Б.Юсуф тўр сўзлари таҳлилида шундай ёзади: «Биринчи тўр(сетка — Э.У.) сўзидаги ў қаттиқ, орқа қатор, иккинчи тўрдаги (қуш ўтирадиган ёғоч — Э.У.) ў эса юмшоқ, олд қатор…». Хўш, тўр сўзларидаги ўнинг қаттиқлик ёки юмшоқлигининг исботи қани? Иккала ў ҳам бир хил вазиятда т ва р орасида турибди-ку? Суюқликни литр, узунликни метр билан ўлчаймиз. Энг кичик нутқ бирлиги — товушнинг қаттиқлик ёки юмшоқлик белгиси нима? Навоий маълумотларини, яъни бу сўзлардаги ўнинг бир-биридан қисқалик билан фарқланишини қирғиз тили ҳам тасдиқлайди. “Киргизско-русский словарь”да (Москва, 1965) қуйидаги жуфтликдаги сўз бир унли, иккинчи сўз икки унли билан ёзилган: тур — нақш(783-бет), туур — қуш ўтирадиган ёғоч(772-бет). Ўзбек товушларига қаттиқлик ҳам, юмшоқлик ҳам хос эмас. Шу сабабли юмшатиш белгиси (ь) лотин алифбосидан тушириб қолдирилди. Қаттиқлик-юмшоқлик атамаси ва юмшатиш белгисини ўзбек тилига шўронинг югурдаклари 1940 йили кирилл алифбоси билан олиб кирдилар.
2. Дақиқ сўзининг луғавий маъноси қисқа, юмшоқ эмас. Муаллиф «Алишер Навоий асарлари тилининг изоҳли луғати»ни нашрга тайёрлашда қатнашиб, биринчи жилднинг 473-бетида “дақиқ” сўзининг қисқа деб изоҳланганини тан олмаслиги ўзига ўзининг қарши чиқиши-ку! «Бобурнома»да ҳам дақиқа — қисқа вақт бирлиги — минут маъносида келган: «…бир кеча ва кундуз минг тўрт юз дақиқа бўлғай» (Ҳ.Назарова. Бобур асарлари учун қисқача луғат, Т., 1972, 35-бет). «Ўзбек тилининг изоҳли луғати» биринчи жилди 216-саҳифасида дақиқали сўзи жуда қисқа деб изоҳлангани фикримизни тасдиқлайди. «Узбекско-русский словарь»да ҳам (Т., 1988, 116-бет) дақиқали сўзи «короткий», яъни қисқа деб таржима қилинган. Ахир, бир дақиқа тўхтаб туринг, бир юмшоқ тўхтаб туринг бўладими ёки қисқа вақт тўхтаб туринг бўладими?
3. Б.Юсуф ўзбек тилида “мантиқан тўртта ў бўлиши мумкинми?” деб ёзади. Агар у бироз жонини койитиб, «Ўзбек тилининг изоҳли луғати» иккинчи жилдининг 252—253-саҳифаларидаги: тўр — ҳурматли жой; тўр — тузоқ; тўр — қовун устидаги тарам-тарам чизиқлар (қовун тўр боғлабди) ва ўзбек тилининг қорақалпоқ шеваларидаги тўр — қуш ўтирадиган ёғочни кўрганида бундай ёзмас эди. «Санглоҳ» муаллифи Мирза Маҳдихон тўрлади феълини нақш дўхт — нашқ тикмоқ, нақшламоқ деб изоҳлайди.
4. Тилшунос «Бадоеъ ул-луғат» муаллифи Толи Ҳиравийга ҳам ишонмайди. Гўё луғатчи ўлдирмоқ билан ўлтирмоқнинг фарқига бормаган эмиш. Факсимилени синчиклаб ўқиганида эди, луғатда ўлдирмоқ сўзи XV асрда куштан (ўлдирмоқ) ва нишастан (ўлтирмоқ) маъносида ишлатилганига гувоҳ бўлар эди.
Олим «Сабъаи сайёр»дан олинган:
Кўрмади шоҳ муносиб ўлтурмоқ,
Яқинида буюрди ўлтурмоқ
байтининг иккинчи мисраси охиридаги ўлтурмоқ сўзини изоҳлар экан, шундай ёзади: «Натижада Толи Ҳиравий ўлтурмоқ сўзини ўзининг субъектив қарашига мослаштириб талқин қилади. Иккинчи мисрадаги ўлтурмоқ ҳар қанча қисқа қилиб талаффуз қилинса ҳам ҳеч қачон “ўлдирмоқ” маъносини англатмайди…».
Тилшунос Алишер Навоий асарлари бўйича тузилган «Абушқа» луғатининг 1868 йилги В.В.Веляминов-Зернов нашри 117-бетидаги “ўлтурди – ўтурди, демакдур; ўлтурди — имола (қисқа — Э.У.) ила ўлдурди, демакдур” изоҳини ўқиганида эди бундай ёзмасди. У «Хазойин ул-маоний» девонларининг айрим саҳифаларига кўз югуртирганида эди, ўлтурмоқ феълини Алишер Навоий ўлдирмоқ маъносида ишлатганига ишонарди:
Бир кун мени ул қотили мажнуншиор ўлтургуси,
Усрук чиқиб, жавлон қилиб, девонавор ўлтургуси…
Дебсенки, Навоийни келгум доғи ўлтургум,
Ул ўлди бу ҳасратдин, кел тенгри учун ботроқ.
5. У унлилар талаффузида тил иштирок этиши ҳақида ёзар экан, сингармонистларнинг тил олди, тил орқа атамаларини атайлаб тушириб қолдиради. Унинг тўр(сетка), тўр(қуш ўтирадиган ёғоч) сўзларидаги ў тил олди (тил олди йўқ, тил учи бор: Тилингнинг учи билан қара унми, шакарми? — Э.У.), тил орқа (тилнинг орқаси йўқ, тилнинг таги бор — Э.У.) билан талаффуз қилинади, дейиши, юмшоқроқ қилиб айтганда, кулгили-ку!
Энди қаттиқлик-юмшоқлик амалиётда қандай чалкашликлар келтириб чиқариб, ўқув ишларига салбий таъсир кўрсатаётгани ҳақида. Буни фақат олимнинг тили билан айтганда, тил орқа, қаттиқ ы унлиси мисолида кўриб ўтамиз. Сингармонизм туфайли қилмоқ — қылмоқ, қичқирмоқ — қычқырмоқ, қани — қаны, бошин — бошын, балиқ — балық, олиб — олыб шаклида ёзилмоқда. Наҳотки, Алишер Навоий қаршини — қаршы, балчиқни — балчық, ташқарини ташқары, Бобур сарини сары, лабини лабы, қизини — қызы шаклида ёзган бўлса?! Отоий қошингизғани қошынгызға шаклида ёзганига исбот борми? Рабғузий борайинни борайын, қариндошларини қарындошлары, Лутфий тортайинни тортайын, йахшини йахшы, мингни мынг, Саккокий қонидинни қоныдын, Абулғози Баҳодирхон йилдинни йылдын шаклида ёзганми? Сингармонизм асосида ёзилган ушбу сўзлар қандай қилиб арузга тушади! Мен ўзим амалиётчи бўлганим учун ўқувчиларга ы товуши борлигини исботлай олмайман. Агар бу товуш бўлганида, албатта, қадимги луғатларда қайд этилган бўлур эди.
Энди бу чалкашликлар қаердан пайдо бўлди, деган саволга келамиз. Бу хатоларнинг илдизи ёзувнинг ўзгариши билан боғлиқ. Араб ёзувидан аввал лотин, сўнгра кирилл алифбосига ўтиш оқибатида фақат оддий кишилар эмас, балки олимлар ҳам ота-боболари ёзиб қолдирган меросни ўқий олмайдиган бўлиб қолдилар. Шундай бўлгач, улар кимгадир эргашишлари керак-ку! Улар европаликларга кўр-кўрона ишона бошладилар, натижада боши берк кўчага кириб қолдилар. Агар «Девону луғат-ит турк», «Бадоеъ ул-луғат», «Абушқа», «Луғати туркий», «Санглоҳ», «Китоби луғати атрокийа», «Луғоти чиғатойи ва турки усмоний»ни аслиятда ўқиганларида эди, ўзбек тили учун қаттиқлик-юмшоқлик эмас, узун-қисқалик хос эканлигини англардилар.
ТАҲРИРИЯТДАН:
Муҳтарам тилшунос олимларимизнинг ҳафталигимиз ўқувчилари эътиборига ҳавола этилган мақолаларида бугунги кунимизнинг бениҳоя долзарб муаммоларидан бири кўтарилган. У ҳам бўлса – мумтоз адабий меросимизни, хусусан Алишер Навоий асарларини ўқиш ва ўрганиш масаласидир. Бугун ҳаётнинг ўзи биздан ҳазрат Навоий ва бу улуғ зотга замондош алломалар, улардан кейинги қалам соҳиблари асарларини, жамики меросимизни қайта ўқиш ва қайта идрок этишни талаб қилмоқда. Навоий ижодидан тўла баҳраманд бўлмай туриб, улуғ шоирнинг шоҳ сатрлари қатларига яширинган дурдона маъноларни англамай туриб маънавий комилликка эришиш мумкин эмаслиги ҳаммамиз учун аён ҳақиқат бўлиб қолди.
Газетамиз саҳифаларида эълон қилинган ҳар икки мақоладан кўзланган мақсад ҳам шу эди — Навоийни англамоқ керак ва бу ишни асло сусайтириб бўлмайди. Лекин мазкур мақолалар муаллифларининг илмий талқинлари шуни кўрсатдики, биз бениҳоя зарур ва мураккаб муаммо олдида турибмиз. Бу муаммони бир кунда, бир-икки газета мақоласи, бир-икки эҳтиросли маъруза ёхуд куюнчак олимларимизнинг ҳаяжонли баҳси билан ҳал этиб бўлмайди. Навоий ва унинг замондошлари ижодини тушунмоқ учун бу улуғ зотлар асарларини чоп этиш керак, аммо бу ҳам муаммони тўла ҳал этмайди. Бизнингча, талабалар учунгина эмас, мумтоз адабиёт ихлосмандлари — оддий китобхонлар, Навоий ижод гулшани остонасида турган мухлислар учун ҳам мўлжалланган янги ва янада мукаммал луғатлар, мукаммал шарҳлар, дарслик ва қўлланмалар зарур. Телевидениемизда бир вақтлар машҳур бўлган «ғазал оқшоми” каби кўрсатувлар, олийгоҳларимизда махсус курслар бўлиши керак. Фақат шундагина Лутфий, Навоий, Бобур каби табаррук даҳолар ижодига яқинлаша оламиз, уларни англаймиз.
Мумтоз адабий меросимизни кенг тарғиб этиш, ушбу мавзудаги шарҳ ва таҳлилий мақолаларни, тадқиқотларни бундан кейин ҳам газетамиз саҳифаларида изчил ёритиб боришни мўлжаллаганмиз. Мақсадимиз адабий меросимиз талқинининг давр билан, шакл, жанр ёхуд тил билан боғлиқ бўлган муаммоли жиҳатларига ойдинлик киритиш ва бу улуғ ижодиётдан тушуниб баҳраманд бўлишда китобхонларга кўмаклашишдир.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2006 йил 26-сонидан олинди.