Тарих қандай фан?

Тарих — жуда қадимий сўз. Юнон тилида у «тадқиқот», «воқеот» маъноларини англатади. Геродот исмли зот ўзининг илмий иши билан одамларни илк бор таништирганидан буён деярли икки ярим минг йил ўтди. Шу тариқа Геродот биринчи тарихчи олим бўлиб қолди. Бинобарин, уни «тарих фанининг отаси» деб бежиз айтмаймиз.

Ҳар бир халқнинг ўз ўтмиши ва бугунги куни бўлади. Аждодлари қаердан келиб чиққанлигини ва қандай яшаганлигини ҳар ким билгиси келади. Зеро, «тарихингни сўйлаб берсанг, кимлигингни айтиб берамиз», деган нақл қадимдан бор.

Тарих ўзи қандай фан?

Тарих турли халқлар қандай яшаб, ривожланганлигини, бунда қандай ҳодисалар содир бўлганлигини, кишиларнинг ҳаёти қай тариқа ва нима учун ўзгариб, ҳозирги аҳволига келиб қолганлигини ўрганади. ­­­­­­­­­­­­­

Тарихни билиш кишиларга ўтмишни билиб, инсоният барча даврларда азоб-уқубат ва муҳтожликда кун кечирганини, бироқ шундай бўлсада, ҳаёт барибир давом этаверганини, қайғули ва бахтсиз кунлар ўрнига албатта рўшнолик кунлар келганини англаб етишга ёрдам беради.

Тарих бизга адолатни ўргатади, атроф муҳитга янгича назар ташлашга кўмаклашади.

Тарих — замон йўлидир. У асрлар қаърига, қадимиятга кириб борадида, бизни ҳозирги замонга олиб чиқади. Ва бизни шу йўлдан олиб кетаверади.