1956 йили генетик олим Уорвик Керр мўмай фойда олишга интилаётган бразилиялик асаларичиларнинг топшириғига кўра, бу мамлакатга серасал ариларнинг Африкада яшайдиган турини олиб келади. У жуда меҳнаткашлиги билан бошқаларидан фарқланиб туради. Бу тур асаларилар тез учади, ишни эрта бошлайди ва кеч тугатади. Бразилияда парвариш қилинадиган Европа асалариларидан икки ҳисса кўп асал беради.
Шу баробарда улар дарғазаб, сержаҳл ва тажовузкордир, заҳри эса, токсинлидир. Олим ўз «африкаликларини» қатъий ажратиб қўйишнинг барча тадбирларини ишга солди. Шу мақсадда у асаларичилик тажриба хўжалигини қишлоқлардан узоқроқда, ўрмонда жойлаштирди. Ўша ерда у тропик Жанубий Америка шароитига мослашган шаклини яратиш учун уларни Европа асаларилари билан чатиштиради. У Европа асалариларига нисбатан эллик фоиз кўп асал берадиган дурагай насл олишга муваффақ бўлди, уларнинг яна бир хусусияти — тропик ва субтропик шароитларда экинларни жуда яхши чанглатарди. Шуниси ачинарлики, дурагайларга Африка асаларисининг ғайратчанлик, меҳнаткашлик, серасаллик фазилатлари баробарида уларнинг тажовузкорлиги ҳам кўчиб ўтди.
Ғайриихтиёрий кўч пайдо бўлмаслиги, ишчи асаларилар кириб-чиқиши ва урғочилари билан эркаклари ўтолмаслиги учун арихона кўзига махсус қопқоқ қўйилди. Аммо кунларнинг бирида кутилмаган ҳол юз беради. Асалари тажриба хўжалигига маҳаллий асаларичи кириб қолди ва қопқоқни суриб қўйди. Йигирма олтита асалари оиласи эркинликка чиқиб кетди. Бу воқеани унутиб юборишди, аммо Бразилиянинг ҳар томонидан асалари одамларга, молларга, уй ҳайвонларига беҳад талофат етказаётгани хусусидаги ташвишли хабарлар кела бошлагач, ўша тажрибани эслаб қолишди.
Маълум бўлишича, «тажовузкорлар» тажриба хўжалигидаги асалари оилаларидан учиб келганлар экан. Маҳаллий аҳоли ўзларига ваҳима солган учувчи йиртқичларга «қотил асалари» деган ном беради. Олимлар эса уни «африкалашган асалари» дейишади. Одам ёки ҳайвон томонидан бирор безовталик сезиши билан бу асаларилар ўша дилозорга кўч бўлиб ташланган. Бу аксарият ҳолларда фожиали якун топган. 1969 йили Бразилияда икки юздан ошиқ одам асалари чақишидан вафот этган, жароҳатланганлар сони бир неча юз мингдан ошиб кетган. Минглаб от ва сигирлар қотил асалариларга қурбон бўлган. Натижада асалариларга қарши кураш олиб борувчи махсус гуруҳлар ташкил этилган.
Ўтган вақт мобайнида янги насл бутун Бразилияга ёйилди, сўнг Жанубий Американи босиб олди ва йил сайин шимол сари ошиқмоқда. Айрим олимлар 2000 йилда АҚШ чегараларига етиб келади, деган фикрни илгари сурганлар. Америка ҳукумати ҳатто қотил асалариларнинг тасодифан кириб қолишининг олдини олиш мақсадида қатъий карантин чораларини кўрди. Асалариларнинг йўли тўсилишига умид бор, бу — Мексика саҳроларидир. Яна бир йўли соф биологик усули: «қотилларни» сулҳпарвар асаларилар билан чатиштиришдир. Бундай тажрибалар эса ўтказилган. «Қотил асалариларнинг» дарғазаб хулқ-атворини «жиловлаш» мақсадида ажойиб ғайрати, ноёб сулҳпарвар табиати билан ажралиб турадиган Альп асалари урғочиси танланди. Бразилия, Аргентина, Венесуэлада ўтказилган тажрибалар ижобий натижалар берди; маҳаллий гажирлар ўз меҳнаткашлигини сақлаб қолган ҳолда асаларичиларни ўзининг юмшоқ хулқи билан ҳам ҳайрон қолдирди.