Санжар Сиддиқ ҳаётига бир назар
Ўзбек матбуоти, театр танқидчилиги намояндалари ҳақида гап кетганда, беихтиёр, Санжар Сиддиқнинг сиймоси киши кўз олдига келади. Зеро, унинг таржимонлик, танқидчилик, мухбирлик фаолияти ҳозир ҳам аҳамиятини йўқотгани йўқ.
Санжар Сиддиқ — Босит Сиддиқовнинг адабий тахаллуси. У (1902—1937) Тошкентнинг Сақичмон маҳалласида дунёга келди. Дастлабки таълим-тарбияни эски мактабда олган бўлса-да, аммо мустақил мутолаа билан маълумотини ошириб борди. Санжар Сиддиқ ижодининг илк тадқиқотчиси, шоир Отаёр Наҳановнинг ёзишича («Гулистон», 1977 йил, 7-сон), у рус, инглиз, форс тилларини пухта ўрганган.
Ижодкор матбуотда илк бор «Қизил байроқ» газетасида иш бошлаганда ўн тўққиз ёшда эди. Мазкур газетада масъул саркотиб лавозимида ишлаш жараёнида Ғози Юнус, Мамат Ҳасан, Шоҳрасул Зуннун, Аъзам Айюб, Вали Галломов, Аҳмаджон Муҳаммаджонов каби тажрибали журналистлардан ҳамда ўша давр сўзи билан айтганда, газетанинг «фаол ёзишғучилари» Абдулла Қодирий, Чўлпон, Абдураҳмон Саъдий, Маннон Ромиз, Қаюм Рамазон, Али Исмоилзода, Мирмуҳсин Шермуҳамедов, Акмал Икромовдан ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий, адабий муаммоларни ёритишни, таржима сирларини ўрганди. Бу тажриба унинг «Туркистон», «Қизил Ўзбекистон», «Озод Бухоро» газеталарида, «Ер юзи» — «Машъала» — «Гулистон», «Муштум» журналларида ишлаш пайтида қўлланма вазифасини ўтади.
Босит Сиддиқов матбуотда Санжар Сиддиқ (асосан), «Китобхон», «Томошачи», «Санжар», «Бир киши», «Газетачи», «Тошкентлик», «Кўзқулоқ», «Санжар нафратчи» ва бошқа тахаллуслар билан мунтазам қатнашиб турди.
Толмас ижодкор мухбирчилик фаолияти билан чекланиб қолмади. Марксизм классикларининг асарларини чуқур ўрганди ва ўзбек тилига таржима қилди. Жумладан, 1929 йили «Коммунистик партия манифести»ни китобхонларга ўзбек тилида тақдим этди. У ижтимоий-сиёсий адабиётларни таржима қилиш билан чекланмади, бадиий асарларни ҳам ўзбек тилига маҳорат билан ўгирди. Чунончи, Лев Толстойнинг «Кавказ асири», Лопе де Веганинг «Қўзибулоқ қишлоғи», Н. Погодиннинг «Менинг дўстим», Н. Зархининг «Шодлик кўчаси» ва бошқа кўпгина асарларни рус тилидан таржима қилди.
Шунингдек, таржима назарияси билан ҳам шуғулланди. Унинг «Адабий таржима асослари», «Саҳнада тил», «Одам тушунмайдиган сўзлар ва осон тилда ёзиш тўғрисида» мақолалари ҳамда «Адабий таржима санъати» китоби (1936) фикримизга мисол бўла олади.
Санжар Сиддиқ ва таржима санъати ҳақида гап кетганда, Чўлпоннинг «Ҳамлет»нинг таржимаси устидаги баҳсларга адолатли ҳакам бўлганини эслаб ўтиш ўринлидир. Маълумки, Ҳамза номидаги ўзбек давлат драма театри
1935 йили Шекспирнинг «Ҳамлет» асарини саҳналаштирди. Шоир Чўлпон «Ҳамлет» фожиасини рус тилига Р. Каншин томонидан ағдарилган нусхасидан фойдаланиб ўзбекчалаштирган.
«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1936 йил 27 июл сонида Назир Тўрақуловнинг «Ҳамлет»га туҳмат» мақоласи босилди. Тўрақулов бошқа манбага асосланиб, Чўлпоннинг таржимасини ер билан яксон қилади, ҳатто уни «отбоқар», «миршаб» деб, «ҳеч бир совет матбуотида ишлатилмайдиган терминлар билан сўкади» (Чўлпон нутқидан). Ана шу келишмовчиликка Санжар Сиддиқ хотима ясаб, «Туҳматга ўхшаган танқид» («Қизил Ўзбекистон» 16 август, 1936 йил.) мақоласини эълон қилади. «Бу кунгача Шекспир асарларини тафсирловчи юзларча, мингларча мақолалар, асарлар, китоблар босилган, — дейди С. Сиддиқ. — Рус адибларининг энг усталаридан аллақанча кишилар булар устида ишлаганлар. Русча таржималар устида улуғ танқидчи Белинскийдан тортиб, то замонамиздаги шекспиршуносларгача қанча-қанча мунаққидлар, ёзувчилар фикр юргузганлар. Лекин…
Лекин шундай бўлса ҳам рус адабиётида бу кунгача Шекспир асарларининг тўғри ва мукаммал таржимаси йўқ». Кўриниб турибдики, мунаққид бир асарнинг бир неча таржималари ва улар турлича бўлиши мумкинлигини айтиб, Н. Тўрақуловнинг даъвосига илк раддияни беради ва «шу ҳолда таржимондан бундан икки йилгина бурун бўлган ўзбекча таржимадан, биринчи таржимадан, бевосита эмас, учинчи қўл орқали бўлган бир таржимадан мукаммаллик, хатосизлик талаб этиш мумкинми?» дейди. «Токи «41 даражали ҳарорат билан касалхонадан қочган кишини сўзлари» қаёқдан келаётгани аниқ бўлсин» учун Тўрақуловга Каншин, Лозинский нусхаларини қиёсий солиштириб, ўртадаги фарқни кўрсатиб беради. Чўлпон таржимасидаги камчиликларни хаспўшламайди. Шу билан бирга «Чўлпон биринчи мартаба бизга «Ҳамлет»ни танитган экан, унинг иккинчи таржимасида ҳам хизмат этишига ишона оламиз. Уни Абдихолиқ элликбошига ўхшатиш инсофсизлик бўлади», дейди.
Санжар Сиддиқ ўзбек театр танқидчилигида ҳам ўз овозига эга бўлган мунаққиддир. У театр санъати, драматургияга жуда навқиронлигида аралашди. 1920—21 йилларда Тошкент эски шаҳар маориф шўъбаси қошидаги репертуар коллегиясида (цензурада) ишлаш чоғида драматургия сирлари билан танишди, театр санъати ривожиётини кузатиб борди ва жараёнга мардонавор бош қўшди.
Маълумки, 20-йилларда Тошкентда жуда кўп ҳаваскорлик тўгараклари фаолият кўрсатар эди. Улар миллий, анъанавий қизиқчилик санъатидан узоқлашиб, Европа театри туридаги ўзбек театрини яратиш учун интилдилар.
Шу аснода усмонли турк, озарбойжон тилидан Шиллернинг «Қароқчилар», «Макр ва муҳаббат» фожиалари ўзбек тилига таржима қилинди. Шекспирнинг зикр этилган тиллардаги «Ҳамлет», «Ромео ва Жулетта», «Макбет» фожиалари театрчиларни сеҳрлаб қўйди. Янги иқтисодий сиёсат даврида ўз ҳолига ташлаб қўйилган ўзбек театри ўзини тиклаб олиш учун пул ишлаш ва ўз биносини қуриш пайига тушган эди.
Театрнинг йўналиши, репертуари ҳақида ҳеч ким ўйламас, ўзбек санъатининг жонкуяри Маннон Уйғур эса Москвага ўқишга кетган эди. Анъанавий театрнинг Карим қизиқ, Жўра қизиқ, Ҳожи Ҳамдам, Юсуфжон қизиқ сингари намояндалари фаолиятига эътибор йўқ эди. Бу муаммо Санжар Сиддиқни ҳаяжонга солади. У «Ўзбек театри» мақоласида шу масалани кўтариб чиқади. «Кейинги кунларда, — дейди мунаққид, — театрудан халқнинг муздай совуганлиги кўриладир. Жуда кўп эълон ва мақташлар билан қўйилган уюшмаларимизга келган кишиларнинг сони шунинг қўйилишига қатнашувчиларнинг ададига етмай хинна томоша учун эмас, залда кўриладиган воқеалар учун келадилар. Лекин кўпинча театрудан хурсанд бўлиб қайтган бир кишини ҳам кўриб бўлмайдир. Бунинг сабаби нима?» Жавобни ҳам ўзи топади. «Саҳнамизга чиққан ҳар бир «ўйин» (яъни спектакл — С. А)нинг европача бўлганлиги дуруст эмаслигидек, ўз қаламларимиз билан ёзилган ва ўйналган томошанинг муҳитимизга назаран ғайри табиийлиги, ҳар бирининг яна шу «европали»лик ариғида оқиб борганлиғи ва буларнинг ижросидаги Европа кўзи билан қараб қиймат қўйилмоғи, халқимизнинг санойиъ нафиса ва театруга муҳаббат қўймаслигига сабаб бўладир».
Дарҳақиқат, ўзбек халқ театри руҳида тарбияланган, томошабин усти ёпиқ саҳнада, ажойиб безатилган ҳаётий спектаклни қабул қилиш қийин эди, бу — бир. Иккинчидан, ўша даврда қўйилган баъзи спектаклларда томошабинга маънавий-руҳий озиқ берадиган асарлар ниҳоятда озлиги сабабли, драматургия талабларидан узоқ бўлган ҳаваскор «драматург»лар халқнинг жиғига тегадиган йўсинда асар ёзиб, кўпинча ўзлари саҳналаштирганлар. Буни мунаққид ҳақли равишда инкор этади. «Бир кўп томошаларимизда, — дейди у, — халқнинг кўпчилигини мазаммат қилмоқ ва сўкиш йўллари тутулгани кўриладир, ҳолбуки бизнинг томошаларимиз халқимизни ўзига жалб эта олмоқ учун уни сўкмак эмас, руҳини кўтармак билан тарбия қилмоқлари керакдир».
Октябр инқилобининг ҳарорати авж нуқтасида бўлган паллада томошабин билан юзма-юз гаплашадиган театр, бинобарин халқнинг дилидагига кўзгу бўладиган санъат зарур эди. Бу қисман Ғулом Зафарийнинг «Ҳалима» музикали драмасида кўринди. Санжар Сиддиқ буни юракдан ҳис қилди. Шу боис у «Ҳақиқатан халқимиз театрдан фақат «томошо»нигина кутадир. «Ҳалима» операсида халқимиз Маъсума хонимнинг санъаткорона ашуласидан таъсирланар экан, бунинг сабаби, шу томошадан «келин тушди» ва «тортишмачоқ» ўйинларидир. Агар «Ҳалима»нинг шу хусусияти бўлмаса эди, кўпчиликнинг диққатини ўзига бу қадар жалб эта олмас эди», — дейди. Кўриниб турибдики, мунаққид анъанавий театрга хос элементларни санъатга олиб кириб, НЭП даврида ўзини боқа олмаётган театрлар олдига «ғоявийлик» билан бир қаторда «томошавийлик» муаммосини ҳам қўймоқда. Негаки, спектакл томошавий бўлмаса, томошабин иккинчи бор театрга келмаслиги табиий эди. Чунки ўша йилларда қар қандай томоша «Байналмилал» билан бошланиб, «Марселеза» билан тугар, асарнинг ўзи эса ташвиқотдан иборат бўларди.
Ўз халқи табиатини, савиясини яхши билган Санжар Сиддиқ Европа туридаги театр ва миллий театр синтезидан иборат мутлақо янги услубдаги театр яратиш фикрини олға сурди. «Бизнинг театримиз, — дейди мунаққид, — қимор ва бачча ўйинлари, сафсата, базм мажлислари, чойхона манзаралари, баччадан, «полвон»лардан (яъни полвон Качал — С. А.) ва булардан чиққан фожиалардан иборат бўлмоғи лозимдирки, бунинг халқимизга таъсирини Шекспир ва Шиллерларнинг қўйилишида кўрсатиладиган санъаткорликлардан топа олмаймиз. Бу кун адабсиз Карим масхарабоз, Рафиқ ва Жўра қизиқлар халқимизнинг энг суюклик сиймоларидирлар.
…Бизга бу кун халқнинг диққатини ўзига тортиб, унга бир таъсир ижро қила олурлик «муқаллид»лар лозимдир».
Бу эндигина тетапоя қадам ташлаётган, Европа туридаги ўзбек театри арбоблари учун ҳам, ёш жумҳурият Маориф Комиссарлиги учун ҳам мутлақо янги муаммо эди. Шу сабабли Санжар Сиддиқнинг «Ўзбек халқ театрини тузиш» ҳақидаги таклифи амалга оширилмай қолиб кетди. Оқибатда минг йиллар мобайнида ўз хиллари, жанрлари, репертуари, актёрлик маҳоратига эга бўлган миллий театр инқирозга учради, унинг айримлари эса мутлақо йўқолиб кетди.
Санжар Сиддиқ ўзбек театрининг ҳар бир қадамини, унинг намояндалари фаолиятини зийраклик билан кузатиб борди ва тараққиётига ўз ҳиссасини қўшди. Ҳамза номидаги драма театри учун турли йилларда Н. В. Гоголнинг «Ревизор», Лопе де Веганинг «Қўзибулоқ қишлоғи», Ас-Ҳабиб Вафонинг «Бўмбай» асарларини таржима қилиб берди.
СССР халқ артисти, СССР Давлат ва жумҳурият Ҳамза мукофотлари соҳиби Сора Эшонтўраевадан Санжар Сиддиқ таржималари ҳақида суҳбатлашганимизда Сора опа мамнуният билан шундай дедилар: «Санжар Сиддиқ ниҳоятда билимдон ва камтарин киши эди. Театримизга кўп келиб турарди. Санжар ака таржима қилган «Қўзибулоқ қишлоғи» драмаси худди ўзбек тилида ёзилгандай чиққан эди. Мен бош қаҳрамон Лауренсия ролини ўйнардим. Биз артистлар учун «Қўзибулоқ қишлоғи» пьесаси қўйиладиган кун байрамдек бўлиб кетарди. Бизга унинг ғояси, воқеалар, ундаги персонажларнинг ўй-фикрлари, ҳис-туйғулари жуда яқин бўлгани учун қалбимизга сингиб қолган эди. Айниқса Лауренсиянинг монологи томошабинларда катта қизиқиш уйғотган эди. Умуман бу асарни кўпчилик қайта-қайта томоша қиларди, артистлар ҳам ролларини мириқиб ижро этишарди.
Муҳими шундаки, Санжар ака ҳар бир репетицияга эринмай келарди, тушунмаган сўзларимизни шарҳлаб берарди. Репетиция мобайнида актёрларнинг талаффузига қараб, баъзи сўзларни ўзгартириб берарди. Бу биз актёрларнинг асар ғоясини томошабинга етказишимизда қўл келарди».
Актёрлар билан ҳамкорлик қилиш, бевосита саҳна нутқи маданияти масалалари билан тўқнашиш самараси сифатида «Саҳнада тил» мақоласини ёзди. «Саҳна тили, артистнинг сўзи — кенг ва мураккаб масала» бўлгани учун мунаққид унинг уч нуқтасини кўрсатиб беради. «Биринчи,— дейди Санжар Сиддиқ, — асар ёзувчи драматургнинг адабий моҳирлиги, услуби, иккинчи — артистнинг дикцияси (талаффузи) сўзни томошабинга етказиб бериши, учинчи — оҳанг, сўзлаш».
Ижодкор артист ва режиссёрлар талабига асосланиб драматургларнинг жумлалари нечоғлик силлиқ, иборалари содда бўлиши кераклигини уқтиради. Артистлар зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. Уларнинг талаффузига жиддий аҳамият беради. Айниқса, сўзни томошабинга етказиб бериш, образнинг характерига путур етказмаслик санъаткорнинг маҳоратига боғлиқ эканини тушунтириб беради: «Саҳнада шундай сўзлаш керакки, дудуқ ва соқов типларнинг оғзидан чиққан сўз ва товушлар ҳам томошабинга етиб борсин. Буни артистлар «дикция» деб атайдилар. Артистнинг санъаткорлик маҳорати кўпроқ унинг талаффузи билан ўлчанади».
Мунаққид ушбу мақоласида профессионал артистлар олдига «артист саҳнада турмушнинг табиийлигини сақлаши лозим, саҳнада ўзи ўйнаган типнинг табиий ҳолатига кира билиши керак, актёр театрда «артист» бўлиб эмас, «ўша одам» бўлиб ўйнаши зарур», деган ўта замонавий талабни қўйди.
«Ўша одам» бўлиб ўйнаш зарур», деган сўз образ ҳаёти билан яшамоқ санъатидир. Афсуски, бундай вазифанинг ҳозирги кунда ҳам кўп артистлар уддасидан чиқа олмаяптилар.
Актёр ва режиссёр ижоди, маҳорати ҳақида гап кетганда, бевосита Санжар Сиддиқнинг Аброр Ҳидоятов ва Маннон Уйғурга бағишланган «Етуклик учун имтиҳон» («Машъала», 2-сон, 1934 йил), «Уйғур» («Қизил Ўзбекистон», 1935 йил, 5 март) мақолалари хотирага келади. Мунаққид шингил мақолада Маннон Уйғурнинг ўн тўққиз йиллик фаолиятига назар ташлайди, унинг изтироблари, шодликларию орзуларини оммага ёяди. Ушбу мақоладаги икки муҳим факт эътиборга сазовордир. Биринчиси — «Маннон Мажидий (Уйғур)… артист бўлиб танилиши ва режиссёр бўлиши инқилоб соясида юзага чиққан». Иккинчиси — «1919 йилнинг январ воқеасининг эртасигаёқ Уйғурнинг «12 соатлик ҳукумат» деган асарни ёзиб, саҳнада ўйнаб чиқиши, унинг Октябр инқилобига ижодий иш билан садоқат кўрсатиши».
Айрим кишилар Маннон Уйғурнинг 1919 йил январ ойида Тошкентнинг янги шаҳар қисмида содир бўлган Осипов раҳбарлигидаги ғайриинқилобий исённинг бостирилишига бағишлаб асар ёзганига шубҳа билан қарашади. Ваҳоланки, у «12 соатлик ҳукумат» комедиясида айнан шу воқеани қаламга олган эди. Санжар Сиддиқ эса ушбу асар томошабини сифатида буни бир карра тасдиқлаяпти. Бу — театршунослик илми учун муҳим далилдир.
Жаҳоншумул санъаткор Аброр Ҳидоятов фаолиятига бағишланган «Етуклик учун имтиҳон» мақоласи буюк актёрнинг ҳаётидаги катта воқеа — Шекспирнинг «Ҳамлет» асарида Ҳамлет образини яратиш арафасида битилган, Ғози Юнусдан кейин унинг истеъдодига берилган иккинчи баҳо эди. Санжар Сиддиқ ўз қаҳрамонини хаёлий иборалар билан алқамайди, сохта мақтовлар билан кўкка кўтармайди. Ҳидоятов ижодидаги «кемтик»ни очиқ айтиш билан унинг ютуқларини ҳам адолат билан тилга олади: «Унинг саҳна ҳаётида оригинал ва таржима асарлар юзасидан яратган образлари жуда кўп, уларни ўрганиш, текшириб билиш учун бутун бир китоб ёзса бўлади.
Аброр ўзининг ўтмиши, хизмати, ижодчилиги, ишга жонкуярлиги билан қараши билан ҳам, характерларни гавдалантириш масалаларини инсоф билан ҳал қилиши билан хизмат кўрсатган санъаткор номини олишга сазовор…»
Санжар Сиддиқ театр муаммолари, санъаткорлар фаолиятини ёритиш билан чекланмади. У танқидчи сифатида янги спектакллар ҳақида танқидий мақолалар ёзди. Унинг Хуршиднинг «Лайли ва Мажнун», Анқабойнинг «Шодмон», Мольернинг «Мусофирхона бекаси», «Ниқоб йиртилди» устида диспут», «Босмачилар зулми», «Москва инқилоб театри Тошкентда» тақризлари эътиборга молик.
Ижодкорнинг «Адабиёт кучларини тўплаш керак», «Танқид ва мулоҳаза», «Умархон даври ва мулла Гулханий», «Кучли бир восита» мақолалари унинг таржимонлик, театр танқидчилиги билан бир қаторда адабиётшунос сифатида меҳнат қилганини ҳам кўрсатади.
Санжар Сиддиқ Октябр инқилобининг ғояларини тараннум этган ўзбек миллий матбуоти, театр санъати тараққиётига улкан ҳисса қўшган, моҳир таржимон, таржимашуносликка асос солган толмас ижодкордир. Шуни дард билан таъкидлаш керакки, инқилоб ва маданият тарғиботчиси бўлган Санжар Сиддиқ умр дарахтини сталинизм эрта қуритди. Халқи учун ёнган ҳассос ижодкор ҳалок этилганда эндигина 35 ёшга кирган эди…
«Гулистон» журнали, 1990 йил, 1-сон