Бердиали Имомов. Кўп қиррали санъаткор (1990)

Ғулом Зафарий ўзбек совет адабиётининг юзага келишига, унинг ҳаёт талабларига кўра давр кишиларининг маънавий эҳтиёжларини қондириш ишига муносиб ҳисса қўшган сўз санъаткорларидан биридир. Ижодини Улуғ Октябр ғалабасигача бошлаган бу адиб шеър ва пиесаларида даврнинг қолоқ томонларини, айниқса, ёшлар ҳаётида учровчи ғайри ахлоқий кўринишларни танқид қилиш орқали таълимтарбиявий мавзуларни олға сурди.

Ғулом Зафарий 1919 — 1921 йилларда Карл Маркс номли труппа билан биргаликда Оренбург фронтида, Бухоро ва Самарқанд шаҳарларида ўтган ижодий сафарларда қатнашди ва 1923 йили Москвадаги ўзбек билим юртида ўқиш шарафига муяссар бўлди. У пойтахтдан қайтгач, ўқитувчилик қила бошлади, халқ ижодини, унинг куй-мусиқасини тўплашга қунт ва чидам билан киришди. Фарғона вилоятидан, Термиз ва унинг атроф жойларидан кўпгина ранг-баранг манбалар тўплади. Унинг бундай заҳматли ишларидан бир қисми Машриқ Юнусов (Элбек) билан биргаликда «Эл адабиётидан намуналар» ойнасўзи остида нашр этилган «Ашулалар» (1925) тўпламидир.

Ғулом Зафарийнинг муҳим ва адабиётимизда ўчмас из қолдирган ижод қирраларидан бири унинг драматургиясидир. У дастлаб давр талабларига мос тушадиган ташвиқий сажия (характер)даги жажжи саҳна асарлари ёзишга ва уларда замонанинг етакчи ғояларини ифодалашга алоҳида эътибор берди. Бу фикрнинг исботини Ғулом Зафарийнинг болаларга бағишланган қатор саҳна асарларидагина эмас, балки катталарга мўлжалланган саҳна асарларида ва пиесаларида ҳам кузатамиз. Шу мақсадда у янги давр руҳига мос, маънавий эҳтиёжни қондиришга хизмат қилувчи бир пардали опералар либреттоси яратиш устида алоҳида бош қотирди. Унинг бундай асарларидан бири «Ёрқиной» (1922) эди. Муаллиф уни бир пардали мусиқали опера деб изоҳлайди. Бундаги «мусиқали» аниқловчиси ортиқча албатта. Аммо маданиятимиз учун мутлақо янги ва Ҳамза ташаббускор бўлган опера намуналари яратиш соҳасидаги интилишда ёзувчининг давр талабларига ҳамнафас ижодкорлар сафида борганлиги қимматлидир. Драматургнинг «Эрк болалари» (1922) номли бир пардали мусиқали опера либреттоси ҳам юқоридаги асар руҳига яқин. Унда янги замонада бахтга эришган йигит қизлар қувонч шодиёнаси куйланади.

Ўзбек совет адабиёти ва санъати тарихида Ғулом Зафарийнинг драматург сифатида тутган ўрнини белгилашда унинг «Ҳалима» мусиқали драмаси алоҳида аҳамиятга молик. Бу асарнинг дастлабки нусхаси 1919 йилга мансубдир. Пиеса дастлаб Карл Маркс номли труппа томонидан 1920 йилнинг 14 сентябрида томошабинларга тақдим этилган. Шундан кейин у узоқ вақт бошқа театрларда ҳамда ҳаваскорлик тўгаракларида қўйилди. Унинг хийла мукаммаллашган, жумҳурият театрларида саҳнага қўйилиб, халқимиз орасида кенг тарқалган нусхаси 1926 йилга тўғри келади.

Ғулом Зафарий асарга мактабдалик чоғидан бир-бирига муҳаббат қўйган икки ёшнинг қисматига дахлдор ҳодисаларни асос қилиб олади. Камбағал косибнинг ўғли Неъмат билан унинг севиклиси савдогар қизи Ҳалима ўртасида эски урф-одат ва иқтисодий тенгсизлик туфайли ўтиб бўлмас «хитой девори» пайдо бўлади: Ҳалиманинг отаси синиб бораётган савдогарлар вакили Муслим катта пул-қалин эвазига қизи Ҳалимани кария Ортиқбойга узатишга қарор беради. Муаллиф шу негизда юз берган фожиани усталик билан ривожлантиради ва саҳна асари учун зарур бўлган кескинликни, драматик моҳиятли ҳаракатни таъминлай боради. Буни биринчи парда сўнггида Ҳалиманинг: «Неъмат ака, сўзим-сўз, мен сиздан ажралиб, бошқага ўлсам ҳам тегмайман», дейиши билан драматик коллизиянинг қаттиқ тугилишидан бошлаб кузатамиз. Ўртада юз берган кескинлик кейинги саҳналарда янада зўраяди. Бундай ўринларда Ҳалима ўз ишқидан воз кечишни хаёлига келтирмайдиган садоқатли маъшуқа, адолатсизлик, эрксизлик ва тутқунлик исканжасида иложсиз фиғон чекувчи масъума аёл сифатида индивидуаллашади. Унинг эркка эришуви йўлида, драматик ҳаракатни кучайтиришда Зокирнинг ўз синглиси Ҳалима тарафини олиб, отаси истагига норозилик билдириши, онаси Роқиянинг шундай кайфиятга мойиллиги жиддий туртки бўлади. Бироқ ўз аҳдида қатъий туришига қарамай, Ҳалима уни қуршаган золим муҳит қаршилигига дош беролмайди ва Ортиқбой хонадонига келин бўлиб тушган куниёқ ўзини ҳалок этади — эрк сари талпиниш, чин севгига садоқат туйғуси ўлим хавфидан ҳам устун чиқади. У севгига садоқатли бўлганлиги учун шу йўлни танлаган эди. Бироқ севган йигити Неъмат сажиясидаги тубанликни алоҳида таъкидлашга тўғри келади. Неъмат ўз ишқи йўлида дадил ҳаракат қилмайди, адолатсизликни лаънатлашдан, зорланиб, эзилишдан нарига ўтмайди. У муҳаббат дардида касалликдан озор чекиб, севган ёрини бойлик эвазига тортиб олишларидан дарғазаб бўлади, бунинг ижтимоий боисига тушуниб етмайди, ўз бахтсизлигини бойнинг ахлоқидан — инсофсизлигидан деб билади.

«Ҳалима»нинг театр саҳналарида кенг томошабинни ўзига жалб қилиши унинг ҳаётий замини, реализмидан ташқари, яна икки муҳим аломат билан алоқадордир. Биринчидан, муаллиф ўзбек халқининг миллий-этнографик урф-одатларини, келин туширишдаги расм-русумларни, унинг билан боғлиқ дабдаба ва чиркин кўринишларни чуқур ва халқчил юмор билан саҳнабоп усулда ёрқин гавдалантиради. Иккинчидан, Ғулом Зафарий халқимизнинг асрий анъанага молик бой, киши руҳининг мураккаб, хилма-хил ва нозик кечинмаларини ифодалашга қодир ранг-баранг куй-қўшиқларига мос матн ижод қилган ва уларни бутун драма сюжетига моҳирона сингдириб юборган. Шу маънода Ғулом Зафарий бу асарида бастакор зиммасидаги вазифани ҳам шараф билан адо этган. У ҳам драматург, ҳам бастакор сифатида «Ҳалима» билан санъатимизда мусиқали драма жанрига асос солди. Ўзининг ғоявий-бадиий фазилатлари, драматизмга бойлиги, реалистик кучи жиҳатидан бу асар 1926 йилдан М. Қориёқубов раҳбарлик қилган концерт-этнографик труппа асосида ташкил этилган мусиқали театр (1927) репертуаридан мустаҳкам ўрин эгаллади…

Табиатан кўп қиррали ижодкор Ғулом Зафарий ўзбек совет болалар адабиёти пойдеворига, хусусан, драматургиясига асос солганлардандир. У ижодий-тарбиявий соҳанинг бу муҳим жабҳасини жонлаштиришга қаратиб, 20-йилларда болалар учун махсус ташкил этилган «Болалар йўлдоши» (1919), «Болалар дунёси» (1921), «Шарқ чечаги» (1923) сингари журналларда ўнлаб асарлари билан фаол қатнашди. Унинг «Баҳор», «Бинафша» типидаги бир пардали пиесалари дастлаб шу журналларда босилди. Ўзининг «Кўклам томошалари» (1926) китоби орқали адиб 20-йиллар бошлариданоқ гўзал табиат қучоғида яйраб, ундан баҳра олаётган шартли романтик ва реалистик персонажлар шоду ҳуррамлигини куйлаш орқали болаларни табиат ҳодисалари билан ошно қилади. Адибнинг болалар образини гавдалантиришга қаратилган ва алоҳида нашр этилган пиесаларидан бири «Патимбой ота» (1926) ҳам бир кўринишли бўлиб, унда ахлоқий-тарбиявий масала, чунончи, бирлашиш, меҳнатсеварлик, кўпдан — коллективдан ажралмаслик кўникмаларини ёшликдан сингдириш тарғиб қилинади. Очиғи, асарда мақсадни образли ифодалашга нисбатан уни иллюстрация қилиш, рамзий образлар воситасида кўрсатиш кучли. Лекин унинг болаларга бағишланганлигини ва яратилган даврини ҳисобга олсак, тарбиявий аҳамияти ойдинлашади. Юқорида айтилганларнинг ўзиёқ Ғулом Зафарий ўзбек совет болалар адабиётини бошловчи, унинг негизини яратувчи сўз санъаткорларидан бири бўлганлигини тасдиқлайди.

Ғулом Зафарий илмий тадқиқотчи, театр санъати ривожига муносиб ҳисса қўшган ажойиб адибдир. Унинг бошига шахсга сиғиниш даври кулфат тошлари хийла эрта ёғилди. Уни дастлаб 1923 йилда Иртиш бўйидаги Тара шаҳрига сургун қилишди. У 1934 йилда озодликка чиқиб, қайтиб келди. Бироқ 1937 йили қутурган сталинизмнинг машъум бўрони уни қайта ўз қаърига тортиб кетди. 1944 йили унинг вафот қилганлиги тўғрисида Тара шаҳридан қайгули хабар келди.

Ғулом Зафарийнинг асарларини топиб, тўплаб, нашр эттириб, ҳақиқий эгаларига топшириш ҳозирги авлод зиммасида узилмаган қарз бўлиб турибди.

Бердиали Имомов, филология фаплари доктори, профессор.

«Гулистон» журнали, 1990 йил, 4-сон