Давид Диоп (David Diop) – шоир, публицист ва жамоат арбоби. Француз тилида ижод қилган. У Франциянинг Бордо шаҳрида туғилган. Отаси сенегаллик, онаси камерунлик эди. Давид Сенегал мактабига ўқишга боради, кейин Иккинчи жаҳон уруши йилларида Парижнинг Бертло лицейида ўқийди. Унинг шеърларида қитъадошларининг забун ва мискин ҳаётидан изтироб чекиш, мустамлакачиларга қарши кураш оҳанглари устувор. Илк ва ягона шеърий тўплами 1956 йили босилиб чиққан. 1960 йилда Диоп рафиқаси билан Атлантика океани оша саёҳатга отланганида, улар чиққан самолёт ҳалокатга учрайди. Ундан атиги йигирма иккита шеър мерос қолган бўлса-да, Давид Диоп Сенегал адабиёти тарихидаги нурли сиймолардан бири саналади.
УҚУБАТ ВАҚТИ
Оқ менинг отамни беном қилди –
Менинг мағрур отамни.
Оқ менинг онамни бадном қилди –
Менинг малика онамни.
Оқ менинг акамни тамом қилди –
Менинг паҳлавон акамни,
Елкаси қуёшда қоврилган.
Бироқ оқ тушмади ҳовуридан,
Оқ қора қондан қизарган
Қўлларини менга чўзди-ку
Ва мудҳиш бақирди дафъатан:
“Уруш! Покланиш! Сув!”
БОРИДАН АЙРИЛГАН КИМСА
Бизнинг кулбада ҳам қуёш порларди,
Аёллар ҳам эпчил ва хушқад,
Гўё пальма шабада чорларди,
Болалар сирпанар сўнмасдан аҳди
Дарёнинг бепарво чуқурлигига
Ва мардона курашар пишириқ аҳли
Ёввойи тимсоҳлар иштаҳасига.
Тунда эса моҳ волида қадар
Кулиб қарар эди ушбу ўйинга,
Бизнинг рақсларда шўх-шўх тамтамлар
Мусиқий маромни солар бўйинга,
Эркинлик гулхани атрофидаги
Севинчли,
Қайғули,
Бахтли ҳол каби.
Сўнг эса сукунат ташрифи…
Бизнинг осмонда ҳам шамс қолмади собит,
Кулбалар унутди ҳатто машриқни,
Ва пўлатранг кўзли зобит
Юпқалаб оғзи билан чўзилди
Бизнинг қизил лабли қора аёлга.
Иштонсиз болалар ҳам ор қилди,
Ва лекин ҳеч бир дам билдирмай сирин,
Кимсасиз жойларда кийдирди молга
Темир ва қон рангли аскар мундирин.
Қалбимни эзарди қуллик занжири,
Сен эса жим эдинг, менинг тамтамим,
Куну тун бўлдим мен қўрқув асири,
Отамлар чалган соз, кўпайди ғамим.
МАЖБУРИЙ ДАЪВАТ
Сен йиғлайсан, елкангни эзасан,
Сен ҳалок бўласан, мавҳум сабаби,
Тунлари ухламай бедор кезасан,
Бошқалар дам олсин, дейсан дўст каби,
Сен кулишни ўрганиб олдинг,
О, менинг оғайним, кўзларингда ўқ –
Қўрқинч ва оғриқдан сен нега толдинг,
Кўксингни кўтар ва баралла айт:
“Йўқ!”
АФРИКА
Онамга бағишлов
Африка,
Африка,
Менинг Африкам,
Саванна бағрида саркаш ҳарбийлар.
Африка, дарёлар олис бўлса ҳам,
Момомнинг қўшиғи уларни куйлар.
Мен сени ҳеч бир дам била олмадим,
Лекин кўзинг тўлар менинг қонимдан,
Қора қон тўкилган кенг майдонлар жим,
Бу ажиб дунёда мен камман кимдан?
Сенинг қора теринг
Ва ҳар заҳматинг,
Қулона меҳнатинг ерга тўкилган.
Мен ҳам ўламанми кўрмай роҳатинг,
Болалар қутулгай қачон қулликдан?!
Африка, менга айт, жоним Африка,
Елкалар эгилган уқубатлардан,
“Ҳа” дея йўл аро дард еб тушликка –
Сенми, айт, жонини нисор айлаган?!
Менга жавоб йўллар бир мағрур овоз:
“Сабрсиз ўғлим!
Сен ёш зўр дарахт кўрсанг,
Бу ёнда – оқ гуллар ичра бепардоз
Ёлғиз гул ўсар, бу сенинг Африканг!
У эса сабрли,
Ўсмоқда текис,
Кундан кунга мева бермоқда, зотан,
Сизларга насиба улашар серҳис
Озодликнинг хуштаъм шарбатларидан”.
Рус тилидан Сафар Оллоёр таржимаси
ИЗТИРОБ ВАҚТИ
Отамни ўлдирди оқтанли одам —
отам ўлди мағрур бир нигоҳ билан.
Онамни ўлдирди оқтанли одам —
онам жон топширди гўзал оҳ билан.
Оқтанли ўлдирди,
жасур укамнинг
бақувват кўкраги зумда эзилди,
қуёши қирмизи шомга яқин пайт
инграниб-инграниб жони узилди.
Оқтанли қон қўлин тутаркан менга,
кафтига кўзёшим тўкилди дув-дув.
Сўнгра кўзларимга боқиб ўшқирди:
покланмоғи учун сув сўради, сув…
* * *
Йиғларсан кўрмасдан йиғлашингни ҳеч,
ўларсан билмасдан ўлганинг нега?
Сўнгра бурдалайсан ҳар тун ўзингни
ўзгаларнинг ширин ороми учун.
Ахир
сен кулишни унутмагансан,
кўзинг ичмасидан
қўрқув ва азоб,
орқангга қайтгин ва
айтгин биродар:
«Йўқ!»
АФРИКА
Африка, эй менинг Африкам,
қадим саванналарда жанг қилган жангчиларнинг шонли Африкаси…
Африка, бувимнинг олис соҳилларда айтган қўшиғи…
Сени танимасдим балки ҳеч қачон,
Оққан қоним ила томирларимда
саҳроларга йўналтирилган
қора ва таҳқирланган қоним ила,
онт ичаманки,
барчаси ҳам сеникидир, бил:
қулнинг бурда нони эмас
қуллиги меросдир авлодларига,
худди мен каби…
Африка, айт ахир, Африка,
бу янчилган курагим,
азоб ва уқубатларга дучор бўлган
ҳар нарсага «йўқ» деёлмаган —
бу курагим
ўзингмисан, айт?
Бир томондан шивир келади:
«Эй, сен бесабр болам,
олисларда бир дарахт бор,
кўраяпсанми?
Ғунчалари қул қилинган гуллар орасида —
у чайқалиб турар
кўзни қамаштирар даражада ёлғиз…
Ўша Африкадир, ҳа ўшадир у —
унда улғаймоқда матонат билан
сархил мевалар
ва уларда Озодликнинг улуғвор таъми…»
Рус тилидан Раҳмат Бобожон таржимаси