Азиз Несин. Сиз бироз кутинг… (ҳикоя)

Боғ ичкарироғида жойлашган, қаншарига “19” рақами илинган икки қаватли, ёғоч уйнинг пастки қаватидаги ижарачи хонадонидаги нарсаларнинг кўпини сотиб юборди.
Маҳалладагилар уларнинг бирортасини бегона қилишмади. Қулоғини динг қилиб ўтирганлар бу хабарни эшитиши билан ўша уйга қараб югуришди. Уйдаги телевизор шкафи, бир оёғи синган кресло, чанг босиб кетган диван, стол-стул, ойнали катта шкаф, кўзаю ошхона идишларигача, барчаси арзон баҳода сотилди. Эртасига эрталаб эса уй олдига катта юк машинаси келди. Қолган-қутган ашқал-дашқалларни ҳам унга орта бошлашди. Унга қарама-қарши хонадонда Толиб бей деган одам истиқомат қилади. Ўша кун Толиб бей ишга йўл олиш учун кўчага чиққанида юк машинасини кўрди. Толиб бейга аёли, кеча, Муршид бейнинг бир кун аввал нарсаларини сотганини айтган эди. Энг қизиқ жойи уйи шип-шийдам бўлаётган Муршид бейнинг хотини ва қизлари ҳеч хафа кўринишмас, қайтангга юзидан табассум аримасди. Толиб бей аёлига:
— Нима қилишсин, — деди, — Йиғлагиси йўқдир… Ким билади дейсан, эҳтимол ич-ичидан ҳасрат чекишаётгандир. Дўст-душман олдида уялиб қолмайлик, деб шундай йўл тутишгандир.
Аёли:
— Бўлиши мумкин… — деди.
— Нима бўлди экан-а, Муршид бейнинг бошига бирор бало тушдимикан?
— Ким ҳам билади дейсиз… Балки бошқа жойга кўчиб кетишаётгандир. Ўтган кун аёли гап орасида “Нишонтошига кўчиб кетяпмиз. У ерда ажойиб бир уй топдик. Уйни бошқатдан тўшаймиз, янги жиҳозлар оламиз. Шунга уйдаги нарсаларни сотяпмиз”, деганди.
Толиб бей аёлига:
— Бўлиши мумкинмас, бечора Муршид бейнинг бошига бир фалокат тушдиёв. — деди, — Оддий бир хизматчи Нишонтошидан уй олиб, жиҳозлай оладими? Биз шу уйнинг ижара пулини зўрға тўлаяпмиз ахир. Муршид бейнинг ҳам маоши меники билан бир хил, биламан, бор-йўғи 50 лира…
Толиб бей ва аёли кечқурун, уйқудан аввал шундай свҳбатлашишганди. Эртаси кун эшикдан чиқар-чиқмай юк машинасига ортилаётган сўнгги нарсаларни кўрганида Толиб бей жуда сиқилди.
Юк машинасига нарсаларни ташиётган Муршид бейнинг ёнига борди. Саломлашгандан кейин:
— Маҳалламиздан кўчиб кетаётган экансизда-а Муршид бей? — дея сўради.
— Ҳа, шундай, шундай, кўчяпмиз.
— Бирор чеккароқ жойга кўчяпсизми, арзонроқ жой топдингизми?
— Йўғее, Нишонтошида бир уй топдим. Бир ўтинг худо хоҳласа… Янги уйимиз албатта сизга манзур келади. Нақ беш хонали, хоналари ҳам катта-катта, кенг, устига-устак янги таъмирдан чиққан…
Ичида бир оғриқ қўзғолган Толиб бей ўнг қўлини қўшнисининг елкасига қўйди, озроқ эгилиб, қулоғига:
— Муршид бей, сизга жуда ҳурматим баланд, биласиз, — деди, — Ҳам яхши кўраман, яхши қўшнисиз, кўп йилладан бери орамиздан қил ўтмай яшаб келяпмиз. Жўра, тўғрисини айтинг, яширманг, бошингизга бирор бало келдими? Агар шундай бўлса албатта ёрдам бераман. Қани, айтинг. Ҳаммамизам ёрдамга мухтож бўламиз, ахир ён қўшни — жон қўшни, дейдилар. Бизга ҳали кераксиз.
Муршид бей қаҳ-қаҳ отиб кулди.
— Ё товба, энди хизматкор эмасман, бўшадим ишдан, — деди.
— Бай-бай… Пенсияга чиқишингизга ҳам ҳеч қанча вақт қолмаганди ўзи. Яхши иш бўлмабди очиғи. Майли, бир гап бўлар, хўш, энди нима қилмоқчисиз? — дея куюнди Толиб бей.
— Бир ишни бошлаганман, уч-тўрт ойдан бери шу билан машғулман.
— Ўў-ў! Қандай ажойиб, хўш-хўш, нима қиляпсиз?
— Қаҳвахонада ўтиряпман.
— Тушундим. Айнан нима иш билан шуғулланяпсиз?
— Ишим шу. Эрталабдан кечгача қаҳвахонада ўтираман.
— Нима иш қиласиз ахир?
— Ё Худойимей, ғалчамисиз, қаҳвахонада ўтираман, шунчаки ўтираман, деяпманку. Зерикканимдан ўтирмайман, иш билан ўтираман.
— Ҳаа-а… Демак қаҳва ичасиз?
— Йўқ, биродарим, йўқ, қаҳва-паҳва ичмайман. Қаерда қаҳвахона кўрсам дарров кириб ўтираман.
Толиб бей “Бу одам ақлдан озяпти шекилли, бечорагина…” дея ўйлади ичидан. Бу маҳал ётоқ тўшаклари юк машинасига ортилаётганди.
Муршид бей:
— Сиз бегона эмассиз, майли, келинг, сизга тушунтириб бераман, — деди. — Ҳозир мен тижорат билан шуғулланяпман. Бу замонда тижорат қаҳвахоналарда қилинади. Тижоратхоналарни, ишхоналарни қўйинг, уларнинг замони ўтди. Ҳужжат дейсан, қоғоз-қалам дейсан, ҳаммаси дард устига дард. Ҳозир асл тижоратнинг каттаси қаҳвахоналарда қилинади. Худога минг шукр, хизматкорликдаги бир ойлик маошимни ҳозир бир кунда топяпман. Ҳар кун ўлдим деганда уч юз, тўрт юз лиранинг белидан букиб қўйяпман. Энди бундай уйда яшаш менга умуман тўғри келмайди. Нишонтошидан ажойиб уй топдим. Янгитдан жиҳозлайман худо хоҳласа, пул бор, истак бор, яна нима керак одамга, айтинг ўзингиз?
Толиб бей:
— Қандай тижоратни йўлга қўйдингиз? — дея сўради.
— Нима бўлса ўша, фарқи йўқ… Игнаю ипдан кемагача.
Ҳайратдан кўзлари катталашган Толиб бей:
— Сотиб оласизми ё сотасизми? — деди.
— Йўқ биродарим, на сотиб оламиз, на сотамиз. Олди-берди йўқ. Мол бўлсайди, сотардик, олардик. Биз фақат ўртада фойда кўрамиз. Худди шундай…
Толиб бей “Бошини бирор жойга қаттиқроқ уриб олган шекилли, эҳ, бечорагинаей…”, дея хаёл қилди.
Муршид бей:
— Қаранг, бу ишни қандай бошлаганимни айтиб бераман сизга. — деди. — Кунларнинг бирида қўшни аёлнинг тикув машинаси игнаси синиб қолибди. Қанча изламасин ҳеч қаердан тополмабди. Биласиз, у кўни-қўшниларга кийим-кечак тикиб беради, шуни орқасидан уч-тўрт лира топади, унинг уч-тўрт лираси мени маошим билан тенг. Мендан “Илтимос, игна топиб беринг”, дея ўтинди. Ҳамма жойни ахтардим, йўқ, топилмади. Сўнгра бир одам, Худо рози бўлсин шу одамдан, фалон жойдаги қаҳвахонага боринг. Тикув машинасига зарур нарсаларни сотувчилар бари ўша ерда, деди. Дарҳол бордим.
Қаҳва ичиб ўтиргандим, ўша ердагиларнинг бири ёнимга келиб ўтирди ва:
— Нимадир излаяпсизми, биродарим? — дея сўради.
— Ҳа, тикув машинасининг игнасини қидиряпман, — дедим.
— Қанча пачка лозим?
Сал қолса йиқилиб тушардим. Мен неча ойлардирки бир донаям тополмаяпман, у бўлса неччи пачка лозим деб сўраяпти. Олсам, кўпроқ олақолай дедиму:
— Бир пачка керак, — дедим.
Бурун жийириб:
— Саксон лира бўлади, — деди.
— Ё товба, нима деяпсиз? Бунинг донаси олтмиш, пачкаси етти юз йигирма курушку, — дедим.
У қовоғини уйиб,
— Унда нега вақтимни оласиз, дарров ўша ерга боринг, ўша ёқдан олинг, — дедию мендан йироқлашди, ўз жойига ўтирди. Саксон лира, саксон лира… Шу саксон лирани деб неччи юз лирадан қолиб кетамиз. Олганим яхшиёв, деб ўйладим.
Ёнига бордим.
— Маъзур тутинг, биродар, — дедим. — Мен билмагандим. Марҳамат, саксон лира, олинг, — дедим.
У шарақлатиб санади ва чўнтагига солди, сўнгра:
— Сиз шу ерда ўтириб бироз кутинг, — деди, — Мен олиб келаман ҳозир. Биз чайқовчимиз, орқамиздан тафтишчилар, милициялар тушган… Сиз борманг, бошингиз балога қолади.
У кетди. Мен ўтириб кутишни бошладим. Пешин ўтди, кеч кирди, қаҳвахона ёпилиши керак, на у келди, на игналарим.
Саксон лиранинг оғриғи тутди юрагимни, бир ҳафта ўша қаҳвахонага бордим, уни қайта учратмадим.
Бечорагина, мени деб қўлга тушди шекилли, деб ўйладим.
Шу десангиз, бир куни аёлим қаттиқ ҳасталаниб қолди. Гоҳ у ери, гоҳ бу ери санчиб оғрийдиган бўлди. Шифокор бир дори ёзиб берди, қанча ахтармай ҳеч қаердан тополмадим. Улкан Истанбулдан изламаган еримиз қолмади. Кейин, Худо хайрини берсин, бир одам билан гаплашиб қолдик, у “Фалон жойдаги қаҳвахонага боринг, у ердан исталган дорини топа оласиз”, деди.
У айтган қаҳвахонага бордим. Ичкари кириб улгурмасидан бир одам йўлимни тўсди.
— Нима излаяпсиз, биродар? — деди у жиддий кайфият билан.
Дори ёзилган қоғозни узатиб:
— Мана, мана шуни, — дедим.
— Неччи қути истайсиз?
— Икки дона бўлса етарли ўзи.
— Уч юз лира беринг!
Бермасликдан бошқа чорам йўқ эди, хотиним жон талашяпти ахир. У пулни чўнтагига жойлаштирди.
— Сиз шу ерда кутинг, мен олиб келаман, — деди.
Кутдим, кутавердим. У ҳам келмади. Қаҳвахона эгасидан сўрадим. У:
— Биз қаердан биламиз бейим, у ҳам сиздек оддий бир қаҳвахўр, танимаймиз, — деди.
Кунлардан бир кун деразамизнинг ойнаси синиб қолди. Совуқдан музлаб ўлай дедик. Ҳар қанча ахтармай ойна тополмадим. Яна бир меҳридарё одам чиқди қаршимга, “Бу туриш ярамайди дўстим, дарҳол боринг, фалон ердаги қаҳвахонадан албатта топасиз”, деди.
Толиб бей:
— Эй биродар, ҳеч ақлингиз кирмас эканда-а? — деди. — Бу ахир нечанчиси?
— Оҳ, дўстим, бу ақл эмас, эҳтиёж масаласи ахир. Бу ярамаслар пулни олишганига чидаса бўлади, лекин айтилган нарсани келтиришса майлийди. Бошқа чорамиз йўқ, нимаям қилардик. Денгизга тушсангиз илонга дуч келишингиз табиий…
— Сиз ҳам бирга боринг!
— Рози бўлишмайди. Бу расмий ишмас, чайқовчилик. Униям тўғри тушуниш керак ахир, қандай сизга ишонсин? Сиз эҳтимол милициядирсиз ёки тафтишчи?
— Молни келтирганидан кейин беринг пулини.
— Мол ахир ўзида йўқ… У ҳам бориб бошқа бировдан, яширин жойдан сотиб олади. Ўзи ҳам бор-йўғи беш-ўн лира ишлайди холос. Беш-ўн лира учун одамни ёқалаш яхшимас ахир. Ҳаёт шундай оғир, биродар. Хуллас, шундай қилиб ойна учун берилган пул ҳам қулоғини ушлади. Давомини эшитинг. Шу десанг бир кун радиомизнинг лампаси куйиб қолди. Ҳеч қаердан тополмадим. Бу сафар бировдан сўраб ўтирмай тўғри келган қаҳвахонага бордим. Бир одам ёнимга келди. У мендан сўраб улгурмасдан мен ундан сўрадим:
— Нимадир излаяпсизми?
— Худога шукр, топдим сизни, тамаки излаяпман, — деди.
— Неччи кило керак сизга? — дея сўрадим.
Одам шошиб қолди. Қўлларимни ўпа бошлади.
— Ўн грамм етади.
— Икки минг лира.
Ўйлаб ўтирмай пулни узатди.
— Сиз шу ерда ўтиринг, кутинг. Мен бориб олиб келаман, — дедим. — Шу-шу тижоратнинг илмини олдим, Толиб бей. Ҳар куни тушда уйдан чиқаману бирор қаҳвахонага кираман. Беш-ўн дақиқа ўтиши билан бирор одам келади.
— Қаҳва излаяпман, — дейди.
— Неччи кило керак? — деб сўрайман.
— Бир кило етарли.
— Юз лира…
Эртаси кун бошқа бир қаҳвахонага йўл оламан. Кимдир супурги истайди, яна кимдир ўқув қуроллари. Ўтган кун бир одам автомобил ўриндиғи топиб беришимни истади, икки минг саккиз юз лира сўрадим.
Толиб бей сўради:
— Майлкуя, пулини олганларингизнинг бирортаси сизни кўриб қолишсачи?
— Кўраверсинлар. Тикув игнаси учун мендан пул олган одамни бир кун йўлда учратиб қолдим. Ёқасидан ёпишдим “Қани игналар, ярамас?” дея. У пинагини ҳам бузмай “Излаяпман бейим, бу замонда осонгина игна топиб бўларканми? Олти ойдан бери шу игналарингиз муаммоси билан юрибман”, деди.
— Милицияга берсангиз бўлмайдими?
— Йўў-ў-ўғе… Бу юз фоиз ишончли иш. Ҳач қандай қўрқадиган жойи йўқ ахир. Қандай милицияга берасиз, нима деб шикоят қиласиз? Мен мана шу чайқовчидан фалон нарса олмоқчийдим деёлмайсиз ахир. Олиш ҳам жиноят, бериш ҳам…
Юк машинасига нарсалар юкланди. Аёли Муршид бейни чақирди. Аёлига “Боряпман”, деб бақирганидан сўнг Толиб бейга юзланиб:
— Тижорат ажойиб иш, дўстим. — деди, — Пулни олган молни ололмаслигини билади. Пулни олган ҳам молни бермаслигини. Бироқ, нимаям қилишарди, умид қурғур барибир ўлмайди… Балки тополмас, балки топа олар…
Толиб бей:
— Бизга томимизни ёпишга шифир керак, чакки ўтяпти, топа оласизми? — деди.
Муршид бей:
— Қанча керак? — дея сўради.
— Икки дона бўлса етиб-ортиб қолади.
— Юз эллик лира.
— Ўҳ-ҳў, кўпмасми мабодо?
— Мен ҳам бошқасидан оламан, тўғри тушунинг. Менгаям бор-йўғи беш-ўн лира қолади, қолса.
Толиб бей юз эллик лира узатди. Муршид бей унга:
— Агар истасангиз шу ерда кутинг, истасангиз бошқа жойда, — деди. — Мен юкларимни янги уйга кўчириб олай, кейин айтган нарсангизни топиб келаман. Бу ёғи Худога таваккал…
Толиб бей умид билан хайрлашди:
— Майли, яхши боринг, хайр Муршид бей…

Турк тилидан Раҳмат Бобожон таржимаси