Мусо Ёқуб (1937)

Мусо Ёқуб (Musa Yaqub) 1937 йилнинг 10 майида Исмойилли туманининг Буйнуз қишлоғида туғилган. Кўкчой педогогика билим юртини тугатгач, Тиржон қишлоқ мактабида ўқитувчи (1957-1958), Буйнуз қишлоқ бошланғич мактабида илмий мудир (1958-1967) бўлиб ишлади.
Озарбайжон Давлат университетининг филология факультетини сиртдан ўқиб тугатган (1967—1973). Бокуга кўчиб келгач, Озарбайжон Ёзувчилар уюшмаси бадиий адабиёт тарғиботи бюросида директор ўринбосари, «Озарбайжон» журналида шеърият бўлимининг бошлиғи бўлиб ишлади (1974— 1978).
Ижодий фаолиятини 1957 йилда «Озарбайжон» газетасида эълон этилган «Икки қалб, икки дунё» поэмаси билан бошлаган. Молдовада, Украинада, Ўзбекистонда Озарбайжон адабиёти кунлари ва бошқа умумиттифоқ адабий тадбирларининг иштирокчиси, М.Ф. Охунов номли мукофот лауреатидир.
“Япроқлар куйламоқда”, “Бу муҳаббат яшатар мени”, “Менинг коинотим”, “Юзи кўкка боққан тоғлар”, “Яхшиям сен борсан”, «Икки қалб зиёси”, “Менинг севги қисматим”, “Юрагимда ўрнинг қолди”, “Куздан ёзга йўл борми?”, “Руҳим ила суҳбат”, «Давр тегирмони” каби бир қатор шеърлари, достонлари китоб ҳолида ўқувчилар қўлига етиб борган.

УЛ УМИДЛАРГАКИ МЕН ИШОНАРДИМ

Ул умидларгаки, эътиқодларгаки,
Ул одамларгаки, мен ишонардим,
Ул муҳаббатгаки, мен ишонардим —
Уларнинг ортидан қувмоқ фойдасиз.
Баски, сен ниманинг ортидан тушдинг,
Баски, сен кимларнинг ортидан тушдинг.
Мен сабоқ олганим дафтар-китобга,
Ўлчаб-кесишларга, ҳаққу ҳисобга,
Ҳар ўру қиримга, тоғу тошимга,
Ҳар битта юртдошим, дўст-йўлдошимга
Ишонар эдим мен, ва лекин улар
Менга терс турдилар, йўл қўймадилар,
Хайрли ишимга қўл қўймадилар.
Ул умид ортидан, ишонч ортидан
Кетгали менда бир ҳол қўймадилар.
Мен кимнинг ортидан кетайин энди?
Балки арилардир, чумолилардир
Мен учун қадрдон, мен учун азиз,
Балки ўшаларнинг ортидан тушай.

Ул умидларгаки, эътиқодларгаки,
Ул одамларгаки, мен ишонардим;
Менга терс турдилар, йўл қўймадилар.
Хайрли ишимга қўл қўймадилар.
Ул ум ид ортидан, ишонч ортидан
Кетгали менда бир ҳол қўймадилар.
Ул муҳаббатгаки, мен ишонардим,
Унинг ҳам ортидан қувмоқ фойдасиз.
Баски, мен ниманинг ортидан тушай,
Баски, мен кимларнинг ортидан тушай.

* * *

Бу дунёда севинч ҳам бор,
Дард ҳам бор,
Улар ҳар сорига чекар
Кўнглимни.
Яхшики, номард ёнида
Мард ҳам бор,
Бири йиртса, бири тикар
Кўнглимни.

* * *

Балки узолмасман қарзимни, Ватан,
Майли, умрим бу йўл азобин тортсин.
Ўлсам, айрилмасин бағрингдан бу тан,
Ҳокимдан тупроғинг бир ҳовуч ортсин.

Усмон Қўчқор таржималари

У НЕ БОҚИШ ЭДИ…

Тангрим, бир боқишда нелар бор эди,
Назарда неча минг назар бор эди,
Ё Раб пайти етди, ўтди кўп они,
У не боқиш эди кўзинг қурбони…

Мен асир — тилсимга, кела олмадим,
Боқишингга жавоб бера олмадим.
Сўз иши эмасди, сўз билан айтсам,
Кўз иши эмасди, кўз билан айтсам.

Балки афсонамиш, балки бир ҳикмат,
Чақмоқ эди тошга урилган қат-қат —
Нури нигоҳимда, ўти кўксимда,
Қайта ёниб-ёниб ётди кўксимда.

Эҳтимол, иккинчи ҳаёт каби у,
Парвона қилдирди ўтга мани у,
Қайта минг бор кўрдим, чироғим йўқдир,
Йўл олмоқ истасам оёғим йўқдир.

Мен ердан баландда, кўк ҳалакдир у,
Балки, ҳали-ҳамон камалакдир у,
Ҳар рангин ўрнида истай олмадим —
Худди ўша рангу, ўша нақш, тим,
Мен боқа олмадим, мени кечиргин.

У қайси ғурубнинг нақшларийди,
У қайси Малакнинг боқишларийди?
Менинг юрагимга, менинг шеъримга,
У қайси севгининг олқишларийди?

Мен асир — тилсимга, кела олмадим,
Боқишингга жавоб бера олмадим.
Балки, кўзларингни кўз ҳам истамас,
Йўл олмоқ истасам, тиз ҳам истамас.

Қўлимни юзимга тортаман қайдан,
Бир кўрай не қолмиш у ўт назардан…

Ўша чақмоқ урган қайрағоч каби,
Йўнилиб қоларман, ёниб қоларман,
Балки, оғоч-ҳайкал бўлиб қоларман —
“Отди мужгон ўқин, тегди кўксимга”
У мужгон ўқини олиб қоларман.

Ё Раб пайти етди, ўтди кўп они,
Сен қайдан келгандинг, кетарсан қайга,
Мен бунда не қилгум, кўзинг қурбони?

* * *

Менинг тонг юлдузим ботди тўсатдан,
Ботди, ботмоғига ишонмаганим.
Бирдан бахтимнинг ҳам уйқуси келди,
Ётди, ётмоғига ишонмаганим.

Юзимда зилзила, руҳимда қиём,
Тортди қўлларимдан у бири дунём,
Тортди, тортмоғига ишонмаганим.

Охир ҳисобимни берди ғамига,
Тангри отди мени жон оламига,
Отди, отмоғига ишонмаганим.

Фарқи йўқ — тез бўлди, кеч бўлди, кетди,
Аввали, охири ҳеч бўлди кетди,
Кетди, кетмоғига ишонмаганим.
Дунё фоний эмиш, умримиз они,
Битди, битмоғига ишонмаганим.

* * *

Ҳар икки тарафда онт ичган бизмиз,
Бизни бу чорасиз онт авф айласин.

Йўқса яқинлар ҳам кечирмаслар ҳеч,
Майли, аҳли-ҳолу ёт авф айласин.

На сен осийдирсан, на мен гуноҳкор,
Бизни истак номли от авф айласин.

На сен бир кам бердинг, на мен кам олдим,
Қалб дейди муродга ет, авф айласин.

Оғриқ-азобимиз дудоқларидан
Юрагимга оққан дод авф айласин.

Бутун умрим бўйи кўнглим кўнглингга
Кўзларим кўзингга ёд, авф айласин.

Фақат сен инжитдинг юрагимни жим,
Унга бир тасалли от, авф айласин.

* * *

Яқинда, сенинг ҳам йўқдир хабаринг,
Бир кун кечаётиб ҳовлинг олдидан,
Ўша қудуқданми ё ўша издан,
Тангрим, қанча дўнар чарҳи маҳваринг!
Бироқ, бунда сени излаб басма-бас,
Деразадан тушган ғофил соядан
Умид ахтарман, ахтараман сас.

Энди деразани танимадим ҳеч,
Бегона оёғим, турма, бундан кеч,
Минг йўл назарини “ҳеч”га дўрдирган,
Инсоннинг кўзлари бунча ғамгин, айт.

Энди у сўзларни пичирламайман,
Сўз деган хоҳишлар бунча ғамгин, айт.
Боқар, кўрмоғи йўқ, ўт олмоғи йўқ,
Бегона боқишлар бунча ғамгин, айт.

Бу қўл сенинг эмас, у қўллар менинг,
Бу йўл сенинг эмас, у йўллар менинг…
Бири-бири учун ёниб, қоврилган,
Бетин ёнишлари кўкка соврилган,
Инсоннинг қўллари бунча ғамгин, айт.
Навозишсиз қолиб синган, қирилган,
Инсоннинг йўллари бунча ғамгин, айт.
Яхшиям у қўллар йиғлашни билмас,
Яхшиям у йўллар йиғлашни билмас.

Юрагим гулҳандек ёнарди бунда,
Эҳ, сени кўрмасдан ўтмоқ не эди.
Оёғим михланиб қоларди бунда.
Энди билолмайман қайдан ўтарман,
Шундайин бир совуқ қордан ўтарман,
Бу ерларда қадам товушим тинди,
Инсоннинг қадами бунча ғамгин, айт.
Дунё бошдан-оёқ унутмоқ энди,
Дунёнинг одами бунча ғамгин, айт.

На мен у зинадан чиққум сен сари,
На сен у айвондан боққунг ташқари,
Лозим бу даҳлизга кирмоғим ёлғиз,
У совуқ мармар ҳам неча бор қолмиш.
У менга эгизмас, мен унга эгиз,
Унда аёзларга эътибор қолмиш.

Ё Раб, дарахт дўнган, тош бунча дўнган,
Кимсанинг улфати бунча ғамгин, айт.
Бир юзи оловли, бир юзи сўнган,
Юзин тош сифати бунча ғамгин, айт.

Бир бор чечак каби сўласан, бу ҳеч…
У сўлса, сен ёлғиз қоласан, бу ҳеч…
Умр қола-қола, кун қола-қола,
Алвидо айтасан энг гўзал йўлга —
Манзилин унутиб ҳар тараф кетган,
Инсоннинг йўллари бунча ғамгин, айт.
Бир қучоқ севгини тошларга уриб,
Бегона-бегона қўлларни тутган,
Инсоннинг қўллари бунча ғамгин, айт.

Яхшиям у йўллар йиғлашни билмас,
Яхшиям бу қўллар гапиролмайди…

КУЗ КУНЛАРИМ

Бир сарғиш бутоқ бор йил дарахтида,
Қара, бу кузакнинг ёши нечадир?
Бир қуюқ туман ҳам бор бўлса бунда,
Ёддоши нечадир, ҳуши нечадир —
Сориғ либослари йиртилмай қочди,
Аммо ўша тупроқ, ўша оғочдир,
Қудрати бор бўлса, бир гул кўкарсин,
Ё бир хазонини ердан кўтарсин.
Бир тилим емишни ойпора билсин,
Бир қушни йўлидан қайтара билсин —
Чақирсин орқага ширин тилларни,
Кафтини узатса қиш тарафларга
Исита биларми совуқ қўлларни…
Қара, бу кузакнинг ёши нечадир?

Мадори қолганми “оҳ” демоқ учун,
Савдоси ё ўғил, ё қиз бўларми?
Соҳибсиз эл-юртни асрамоқ учун,
Аскарлик ёшида ҳеч куз бўларми,
Қара, бу кузакнинг ёши нечадир?

Яна кезмоғим бор кўчаларида,
Саҳари қоришиқ, ёмон бўйлар у.
Кўрасан тонг қадар кечаларида,
Нега сабр этар, нени ўйлар у —
Қара, бу кузакнинг ёши нечадир?

Қолмишам умид-ла ёш қийноғида,
Бу қизил япроқнинг ёлидан ўпсам.
Қизилаҳамаддин ол ёноғида,
Бир лаззат қолганми холидан ўпсам,
Қара, бу кузакнинг ёши нечадир?

Музроб хазонларин ёқишлар ила
Тегиниб бир сориғ сиймо йиғлайди.
Бу қадар оромсиз ёғишлар ила
Қарагин, бу кузак кимга йиғлайди?

Туманлар ичикар дара бўйида,
Тоғлар ошиб гўзал қўшин кетгайдир.
Айтасан, бу кузак вақтнинг соҳиби,
Мени ҳам ўзига қўшиб кетгайдир.
Қара, бу кузакнинг ёши нечадир?

* * *

Эшигингда эгик саволга дўндим,
Сендан олажагим жавоблар учун.
Худойим ҳеч сенга азоб бермасин,
Сен менга берганинг азоблар учун.

Узиб ҳар умиддан қўлимни сенсиз,
Дуннинг келар-кетар йўлини сенсиз,
Ортиқ истамайман дилимни сенсиз,
Боқиб бегоналар — ҳароблар учун.

Тушмасми гузорим бир дўст боғига,
Ишқим чечаклари сўлмоқ оҳига,
Бир ёмон туш бўлдим эл сабоҳига,
Тасалли топганим шароблар учун.

Билки, бу юраклар тошдир ё темир,
Бир юзи оппоқ кул, бир юзи кўмир,
Ё Раббим, бу қандай ёп-ёлғиз умр,
Қолдирмадим уни ҳисоблар учун.

Ўз ишқим йўлинда содиқ жонман мен,
Ҳайф бўлдим, ҳам ёнган, ҳам ёмонман мен,
Эҳтимол, биринчи мусулмонман мен,
Жаҳаннам кетгайман савоблар учун.

Худойим ҳеч сенга азоб бермасин,
Сен менга берганинг азоблар учун…

* * *

Қисмат йўллари дуч келтирди бизни,
Йўлимиз қайдадир қайрилажакми?
Унутган дамларда бир-биримизни,
Хотиранг ёдимдан айрилажакми?
Бу қўллар меники бўлмаса агар,
Бу сочлар меники бўлмаса агар,
Ё Тангрим, ўзингга ўргатма мени,
Ҳижрон хидларидек тарқатма мени…

Қўлимни сочингга ўргатма бунча,
Кўзимни кўзингга ўргатма бунча,
Елкамни бошингга ўргатма бунча,
Юзимни юзингга ўргатма бунча…
Мен бироз қуриган бутоқ кабиман,
Мен бироз оддий ном ушоқ кабиман.
Бола онасига келгани каби,
Лайлак ини томон шошгани каби,
Ари гул-чечакка қўнгани каби,
Воҳ, мен ҳам қошингга тез шошганингман,
Ишқ гулҳанида ўт олишганингман,
Аммоки, ўчмоғим кўп қийин менинг,
Аммоки, қайтмоғим кўп қийин менинг,
Ўргатма ўзингга, ўргатма мени…

Балки, кутармидик бу ҳуш дийдорни,
Дарбадар дунёнинг давоси борми?
Ҳеч қачон йўлидан қайтмаганингман,
Ҳеч қачон ёлғон сўз айтмаганингман.
Келиб сенга жоним ширин жон бўлар,
Умримнинг ичида умр туғилар.
Бу шириним аччиқ бўлажак эса,
Бу қисмат чечагим сўлажак эса,
Ўргатма ўзингга, ўргатма мени…

Дилда ўрнинг жилмас турган еридан,
Эгизак лоламиз, битта бутоғи.
Айирмоқ бўлсалар бири-биридан,
Иккимизга тенгдир ҳаёт қийноғи —
Ўргатма ўзингга, ўргатма мени…

Йўқ бунга тоқатим, йўқ бунга тобим —
Қўлимни қўлингдан узмоқ азобим,
Сўнгра шу азобда сузмоқ азобим…
Йўқса, юрагимнинг синиқлари бор,
Ҳижроннинг кўз кўрмас ёриқлари бор,
Менинг дардларимнинг оёқлари бор,
— Қайда бўлсам албат топажак мени,
Ёқиб-ёндиражак бу ўчоқ мени…

Кел, мени ўзингга ўргатма бунча,
Қўлимни қўлингга ўргатма бунча,
Кўзимни кўзингга ўргатма бунча,
Кўнглимни кўнглингга ўргатма бунча…

* * *

Энди нозинг буюк,
юрагинг — ҳаста,
Эҳ, мен ҳам сен учун бундай қолмасман…
Мудом кўрасанки, эркка хушинг йўқ,
Қолгансан неча ёт боқиш остида.
Ён-верга қарайсан ёмғирпўшинг йўқ,
Телбаҳол кезасан ёғиш остида.
Қуёшда устингга соя солган йўқ,
Ёлғизсан, бироқ ҳеч ёдга солган йўқ.
Сўнмиш сендан аввал у оташ-ўчоқ,
У пайт билажаксан менинг севгимни,
Билажаксан,
у пайт кўп кеч бўлажак.

Кўнглиг оғриганда,
азоб ютганда,
Кимлардир, қайдандир қўша ўтганда,
Мудом кўрасанки,
сен бунда танҳо,
Ёнингда бўш қолмиш бир сирдош ери,
Ичикар дилингнинг шундай бўш ери.
У сўзинг, у сасинг, у эркинг йўқдир,
Дардинг бор, бу дардга шерикинг йўқдир.
У пайт истамасдан кўзинг тўлажак,
У пайт билажаксан менинг севгимни,
Билажаксан,
у пайт кўп кеч бўлажак.

Масалан, бир сафар ўрни келганда,
Бир гизли вақт топиб кўзгуланганда,
Мудом кўрасанки,
шамшод қўлларинг,
Кўксингга тўкилмиш соч толаларинг,
Бир кулар юзинг бор,
аммо билар йўқ,
Бу ҳумор кўз ила бирга кулар йўқ.
Йўқдир бу қўлларни қадрловчи ҳам,
Йўқдир бу сочларни қадрловчи ҳам,
Кўнглинг бўш, қўлинг бўш, бўш қолган қучоқ…
У пайт билажаксан менинг севгимни,
Билажаксан,
у пайт кўп кеч бўлажак.

Жавоб олмаганда —
ҳикмат, мақолдан,
Йиға билмаганда кўзингни йўлдан,
Кўнглинг бир қанотли сўз истаганда,
Умид қанотида учай деганда,
Мудом кўрасанки, қанотинг йўқдир,
Чорланар, айтилар, оти бор, аммо
Тилимда шип-ширин у отинг йўқдир,
На маъни, на севги, ҳаётинг йўқдир.
Кун — кечар, вақт — ўтар, хотирам — узоқ…
У пайт билажаксан менинг севгимни,
Билажаксан,
у пайт кўп кеч бўлажак.

сентябрь, 1988

* * *

Менинг юрагимда ғариб,
кўп ғариб,
Бир севги ҳикматин сочида оқлар.
Сўнг эса юзимни сендан-да буриб,
Қилган гуноҳларинг йўлимни боғлар —
Мен учун мушкулдир,
йўқ-йўқ, кўп оғир,
Тўхтаб, сабр дарсин ўтар оним боқ.
Тақдирнинг кўзлари кўзимга боқар,
Мен ундан уялиб тураман шундоқ.
Бу сенинг гуноҳинг,
сенинг гуноҳинг.

Бир пайтлар меҳринг-ла масрур яшаган,
Алданган кўнглимни қийнамайман ҳеч.
Сени азизлаган, сендек яшнаган,
Музлаган қўлимни қийнамайман ҳеч.
Ўзимни, сўзимни,
мудом излаган,
Интизор кўзимни қийнамайман ҳеч.

Бизнинг ўртамизда вафо, эътибор,
Кўзим қайдан билсин,
кўзингда не бор,
Қўлим қайдан билсин,
қўлингда не бор,
Кўнглим қайдан билсин,
кўнглингда не бор?
Кўзларим олдида гул-чечак очган,
Зариф хаёл каби қошимга қочган.
У малак сифатни кўрган дамларим,
Ошкор ҳақиқатни кўрган дамларим.
Қалбингнинг энг теъран зулматида, айт,
Гизли ҳиёнатни қандай кўргандим,
Ўзга муҳаббатни қандай кўргандим?
Тўғрининг ёнида қўлда-оёқда,
Сурилган ёлғонин қандай кўргандим?
Тош ости қолганин қандай кўргандим?
Сендан ҳайф олмоқ истамайман, йўқ.
Энди ўз-ўзингни ёндирса оҳинг,
Бу сенинг гуноҳинг,
сенинг гуноҳинг…

Яна бу бечора дилим ичикар,
Кўксимда беадоқ кулим ичикар,
Йўқотдим йўлини бир қиблагоҳнинг,
Бу сенинг гуноҳинг,
сенинг гуноҳинг…

Товба, йўқлигига қандай ишонай,
У инжа, у ҳафиф дақиқаларнинг.
Ёлғон бўлганига қандай ишонай,
Эритса кўнглимни онтинг, валлоҳинг,
Бу сенинг гуноҳинг,
сенинг гуноҳинг…

Ишқ томон узанган қўлларим синмиш,
Сенга қарши кетар йўлларим синмиш,
Бу сенинг гуноҳинг,
сенинг гуноҳинг…

Ортиқ у шаробни ичмагайман мен,
Бу сенинг гуноҳинг —
ботдинг гуноҳга!
Ортиқ у чиғир-ла кечмагайман мен,
Бу сенинг гуноҳинг —
ботдинг гуноҳга!

Сенинг маҳаллангга боқмайман ортиқ,
Йўлингга, қаршингга чиқмайман ортиқ.
Албатта, чидайман…
сездим эҳтимол.
Ғамгин онларимдан
бездим эҳтимол.
У хуш хотиралар кўкка соврулар,
Бу сенинг гуноҳинг,
сенинг гуноҳинг.
Ҳасрат товонида кўнглим қоврулар,
Сенинг ҳув туманга тушар сабоҳинг,
Бу сенинг гуноҳинг,
сенинг гуноҳинг…

1984 йил.

* * *

Сенинг йўлларингда жон тугатганман,
Умр яшатганман, дард яратганман.
Гуллаган чоғида бармоқлар тегмас
Яширин муҳаббат азоби узра
Кўнглим вайрон қолса, кўнглинг — серҳашам,
Мен сендан гул экиб хазон терганман…

Ўзга бир савдода, ўзга ҳадафда,
Бўйнимни синдириб узганда дардинг.
Мени қор қопласа шимол тарафда,
Сен жануб тарафда чечак очардинг.

Сўйла, ёдингдами у жануб, шимол,
Маъсум табассуминг ва лабларим лол.
У қиш меникидир, у ёз сеники,
Оппоқ қанотимда парвоз сеники.

Сен кўкдан баландда ошиқ излаган,
Дарёдан оқ отли ўғлон кўзлаган,
Илоҳий бир ишқнинг сўроқларида,
Қанотин парвона чироқларида —
Ошарди, тошарди мудом шўхлигинг,
Сенинг шўхлигингда меним йўқлигим.

У не савдо эди, у не иш эди?
Эҳтимол, қисматдан қорайиш эди.
Муҳаббатинг тилаб ишқ подшоҳлигин,
Қаршингда қул ишин бажармоқлигим, —
Кўзларинг қораси — сурмаси мендан,
Кўзимнинг ёшию азоби сендан…

Бир нишон қолганми у сурмалардан,
Сочингга таққаним гул бурмалардан?

Қайга учиб кетди парвоналаринг?
Мен сенинг йўлида йиқилган, турган,
Демайман тез ора, демайман бу кеч
Азобим устига ҳаётин қурган
Уйинг зилзиламдан титрайдими ҳеч?

Насибанг қолдими ҳув азобимдан,
Шеър дафтаримдану ғам китобимдан?

Ҳайф, гул ғамида муҳрга дўнган
Кулдайин ёпишган дудоқларга ҳам.
Ҳайф, касовлари кўмирга дўнган
Тошлари қорайган ўчоқларга ҳам.

Ортиқ у ўчоқлар бизники эмас,
Қорайган дудоқлар бизники эмас…

2012

* * *

Ғаройиб қисматлар бор бу дунёда —
Ҳорғин турналарнинг бир кечаёри,
Ўзга кўлга
қўниб-қалқмоғи каби,
Бироз титратганча олис тоғларни,
Чақмоқларнинг узоқ чақмоғи каби,
Ғаройиб қисматлар бор бу дунёда.

Севги ёддошингни вароқласанг гар,
Шириндан-ширинроқ у тушар ёдга.
Ё ўткинчи поезд,
Ё бирон кема —
У ердан янграган бир қўшиқ каби,
Бир бора сен учун куйланмаса ҳам,
Бутун вужудингдан
кечар у садо.

Қоп-қора сочини силкитиб ўтар —
Қисмат чиғирини изламаганинг,
Эҳтимол,
ҳеч қачон кўзламаганинг,
Ғалат учрашувлар бор бу дунёда.

На севги деёлдим,
На пис* деёлдим,
Наинки,
ўткинчи бир ҳис деёлдим.
Қисилиб, юракнинг кунжинда қолган,
Олисдаги юлдуз буржинда қолган.
Ғаройиб қисматлар бор бу дунёда.

Шундай ширинликни эслаганингда,
Барча севгиларнинг,
муҳаббатларнинг,
Мудом кўрасанки,
тили ҳам бирдир,
Ватани ҳам бирдир,
эли ҳам бирдир.
Дарё шаҳарларнинг, ҳув қишлоқларнинг,
Қайсидир номаълум манзилларида,
Ҳаёт деб аталмиш йўлдан нарида, —
Қайдадир у тақдир аркимиз яшар,
Бир ҳуш умидимиз, “балкимиз” яшар.
Кўзларнинг кўзлардан меҳр ичгани,
Қўлларнинг қўлларга қараб учгани, —
Йилларнинг ярата билмаганидек,
Шундай ширин бўлар
у туғма онлар,
Бир ҳуш кунимизга осилиб кетар.
Ғалат бўй кўрсатган бинафша жонлар,
Бирдан бахтимизга ёзилиб кетар.

Йўллар дуч келтирмас,
чиғир қовушмас,
Кўзлар
у кўз билан сира совушмас.
У поезд, у кема қайтмагай ортиқ,
Ортиқ турналар ҳам у кўлни кўрмас.
Қолар кўнглимизда
бир дийдор ери,
Ортиқ қўлларимиз
у қўлни кўрмас.
Юракнинг энг чуқур кунжинда қолган,
Олисдаги юлдуз буржинда қолган,
Ғаройиб қисматлар
бор бу дунёда.
Ғалат учрашувлар
бор бу дунёда.

1985.

*Ёмон

* * *

Биз унда йўқ эдик,
ёҳуд бор эдик,
Балки, бир руҳ эдик,
балки, хуш хаёл…
Ҳув ўша тоғ кўли —
У Вошоқ кўли,
У биллур шаҳарнинг оғушида лол.

Табият титраниб минг ҳил нақшдан,
Кўк юзи булутли, уфқ ўчоқдир.
Бироздан тасодиф ёғган ёғишдан,
Сенинг елкаларинг намланажакдир.
Оҳ, у норин ёғиш,
у гўзал ёғиш,
Қанча талпинарди чечакка, гулга,
Қанча сепиларди у мовий кўлга,
Бизнинг устимизга, дарага, тоққа…
Не ажаб ҳеч буни ҳис қилмадик биз?
Бир жуфт оғоч эдик бутоқ-бутоққа,
Балки, ёмғирпўшсиз бир жуфт чечакмиз —
Ўша ҳазинликда, у мовийликда,
Биз ҳам секин-аста эрияжакмиз.
Секин-аста эриб, сўнгра йўқ бўлиб,
Кейин у соҳилда кўкаражакмиз.
У олис шалола энг нурли гумон,
Биз ҳам қоришгандик ўша оқимга.
Бунда сиғинмишди бир тутам туман,
Чинор дарахтининг юмшоқлиғига.
Сиғинмоқ яхшидир,
Қайт ортингга шаън!
Бу не хуш туйғудир, бу не хуш озор.
Севгининг қўллари қандай меҳрибон,
Истакнинг кўзлари қандай бахтиёр.

У кўл ҳумор эди,
Биз ҳумор эдик,
Биз унда йўқ эдик,
ёҳуд бор эдик,
Кўриб табиятнинг эътиборини,
Бунда ҳар истакка етиб бўлмагай.
Дунёнинг энг оғир қайғуларини,
Унутиб бўлмагай,
отиб бўлмагай,
Шундай бир кўл каби соҳил ёқалаб,
Бош қўйиб шип-ширин ётиб бўлмагай.

Ҳайф, бу мақомнинг умри кўп қисқа,
Биз қайдан бошладик,
қайга етдик биз.
Чиғирлар олисга етиб боргунча,
Биз у чиғирлар-ла қайитажакмиз.
Кўлнинг кўзгусида қоя ҳайқали,
Сувлар у сояни бузар дединг сен.
Қояга замоннинг серсабр қўли,
Минг йил бир нақшни чизар дединг сен.
Бизнинг бор нақшимиз келтирди бугун…
Қисматнинг энг инжа нақшларини.
Солди умримизга —
бу кунимизга.
Кўлдаги толларнинг бутоғи каби,
Қисмат узатганда қўлини бизга.

У кўл ҳумор эди,
Биз ҳумор эдик,
Биз унда бор эдик? —
Бор эдик,
йўқ эдик била олмадик.
Эҳтимол, қолгандик ўша нақшда,
Ўша мовийликда, ўша ёғишда,
Қайтолмадик ахир, кела олмадик.

1984 йил

* * *

Ёмон кунда сенинг,
хуш кунда сенинг,
Ҳаёт оғочиман кўнглингда сенинг, —
Уни йиқиб бўлмас, қуритиб бўлмас,
Ортиқ қийнайвериб ўзингни сурма.
Бир баҳор умрини унутиб бўлмас,
Севган дарахтингга болтани урма.
Ноҳақ юрагингни оғритма бундай,
Кўҳна хотирани йиғлатма бундай.
Умр эҳтиёжи,
кун эҳтиёжи,
Мен сенинг кўнглингда ҳаёт оғочи —
Ўзинг ҳам билмасдан юрак қонинг-ла,
Бутун вужудингла, бутун жонинг-ла,
Уни бутун умр яшатажаксан,
Унутмоқми осон,
кетмоқми осон?

Биламан ўзига тутар ғазабинг,
Эҳ, унутмоқ бўлса не борки, ҳақдир.
Бутун хижронларнинг недир сабаби,
Шундай унутмоқни бажармасликдир.
У дарахтни кессанг,
тезда битажак,
Сўнгра энг чиройли ерда битажак.
Умидли кунингда япроқланажак,
Янги новдасида гул қучоқ-қучоқ —
Сен ҳам баҳорланиб-ёзланажаксан,
Орзу оғушида нозланажаксан.

Бу сенга қанотдир,
кесдирма ўзинг,
Унутмоқ устида бездирма ўзинг.
Мен сенинг кўнглингда ҳаёт оғочи,
Хотираси ширин, ҳозири аччиқ —
Хижронли кунларда азобингдир у,
Соп-сориғ япроқои китобингдир у.
Қайдан бу оғочга кузак тўлажак,
Ширин хотиралар хазон бўлажак.
Сени йиғлатажак бор кузи ила,
Сени совутажак сал музи ила.
Сўнгра аста-аста кўкаражаксан,
Кейин бу қишга ҳам ўрганажаксан…
Дарахтнинг илдизин олмагин юлиб,
У сенинг кўнглингда бутоқ-бутоқдир.
Эҳ, унутмоқ бўлса не борки, гулим,
Дард ҳам унутмоғи бажармасликдир.
Бажара олмассан безма ўзингни,
Бу дарахт ўзингсан,
кесма ўзингни…

* * *

Гўнг каби бир чечак битиб ёнимда,
Уни ҳидлаб, узиб ташламоғим йўқ.
Қолмишам,
ҳижрон-ла ўз гумонимда,
Нафас олмоғим бор,
яшамоғим йўқ.

Бир севги ўчоғи ёнимда ёнар,
Ўти ўзганики, тутуни маним.
Умидга узганган қўлларим дўнар,
Бошимдан йўқолмас қаро туманим.

Бир севги булоғи ёнимда пайдо,
Ташна тил-дудоғим, юта билмайман.
Висол-ла орамиз бир қадам, аммо
Асло бу қадамни ота билмайман.

Энди эса қисмат бўлмаяжакдир,
Эҳ, бу не гул-чечак, бу не ўчоқдир?!
Гўё кўз доғида доғланиб ахир, —
Қисмат ситам берар бизга бирма-бир,
Бирига севгининг олқиши тушиб,
Бирига қисматнинг қарғиши тушиб…

Ноябрь, 1983 йил.

Озар тилидан Раҳмат Бобожон таржимаси