Дилмурод Қуронов. Муҳими – китобхонлик даражаси ва маданияти (2015)

“Шарқ юлдузи” журнали: — Бадиий асар тарбия воситасими? Яхши китоб эзгуликка, ёмони ёвузликка етаклашига ишонасизми?

Дилмурод Қуронов: — Бадиий асар – тарбия воситаси десак, балки предмет кўламини бирмунча торайтиргандек бўлармиз-у, аммо тарбиявийлик адабиётнинг қон-қонига сингган хусусият экани бор гап. Ахир, кўҳна Шарқ бежиз уни “гўзал хулқлар” маъносини берувчи “адаб” сўзи билан атамаган-да! Зеро, адабий асарлар “панднома” ва ё “дидактик” унвонларига эга бўлса-бўлмаса, ҳамиша тарбия қилиб келган ва мудом шундай бўлади. Негаки, чинакам санъаткор ҳамиша эзгулик томонида, борлиқни шу мавқедан туриб акс эттиради ва баҳолайдики, асарнинг жон-жонига сингган эзгулик мутолаа давомида сездирмайгина ўқувчи қалбига инади. Шу тариқа тарбия акти содир бўлади, муаллифнинг “тарбия қилиш” ва ё ўқувчининг “тарбия олиш” мақсадини кўзлаган-кўзламаганидан қатъи назар.

Охирги жумлаларни ўқиб, беихтиёр ўқувчидан ўзиброқ ўз-ўзимга киноя қилмоққа шошдим: “Жўнгина экан-ку!”. Ҳа-да, саволларда қўйилган, ўта мураккаб туюлган муаммони “биринчи зарбдаёқ бўйнигача…” Йўғ-а, асло жўн туюлмасин, жўн демадим ҳам. Зеро, юқорида “чинакам санъаткор” дея таъкидлаганим, аслида, ғайр тоифа, яъни ўзга мавқеда турадиганлар ҳам бор деганидир. Бунинг ҳам ҳеч ажабланарли жойи йўқ. Ахир, санъаткор ҳам инсон, инсонни эса Роббимиз фаришта билан ҳайвон ўртасида яратди, бас, ўй-ҳисларимизу амалларимиз шу икки қутб орасида тебранади. Айтайлик, қиссанавис бениҳоя гўзал ва соф ишқдан сўйлаётгани чоғ бир тойилса-ю, жажжигина эпизодни яланг ҳирс кўзи билан чизса… Илож қанча, авомга муҳаббатнинг маънавий-руҳий моҳиятидан кўра бу томони яқинроқ, шу боис ҳам, афсуски, ёдида кўпроқ ўша ҳирс-ла мойланган эпизод қолади. Демак, гап бориб яна ёзувчи масъулиятига тақалади. Яъни у эзгулик ходими эканини ёдда тутган ҳолда ўзини идора қилмоғи, ўз-ўзига цензор бўлмоғи даркор. Албатта, шу ўринда эътироз бўлиши табиий: “Унда энди-энди эришганимиз ижод эркинлиги нима бўлади?” Асли, эътироз ўринсиз: эркинлик, жумладан, ижод эркинлиги ҳам асло мутлақ бўлолмайди, мутлақ эркинлик ҳалокатлидир. Зеро, мутлақ эркинлик даъвосию адабиётда, аввало, ўзни ифодалаш воситасини кўриш сабаб Ғарбда шайтоний руҳга тўйинган битиклар дунёга келдики, оқибати, мана, бугун “кўҳна дунё” Лут қавмига эргашиб таназзулга юз тутди. Ривоятда келишича, Дажжол ҳалокатга нoғора-сурнай оҳанглари остида бошлармиш. Ажаб, йўл қанчалар ҳалокатли бўлса, чорлови шунчалар жозиб! Қаранг, овруполиклар неча замондан бери “эркак аёл тенглиги” дея “енг шимариб-енг шимариб” қилиб келаётган ишлар тенгсизликни йўқотибгина қолмай, бугун энди “эркак-аёл” тушунчаларининг ўзига-да дахл қилиб турибди-ку?! Тўғри, адабиёт инсоннинг ўзини, кўнгилни ифодалаш воситаси, бироқ бу кўнглингда борини айтавер, дегани эмас-да! Ахир, кўнгил фақат эзгулик макони эмас, унинг олис пучмоқларида чиқишга йўл тополмай бижғиб ётган майллар ҳам бисёр. Яъники, ижодкорнинг ўзи иҳота қўймаса, улардан ўқувчини ким ҳимоя қилади?!.

Мулоҳазаларим ўқувчига ишончсизлик ёки уни “ҳамиша ёзувчи етовида ва шу боис ҳимояга муҳтож”, деб билиш сифатида тушунилмасин. Зеро, улар ўқиш жараёнининг психологик хусусиятларидан келиб чиқади. Дейлик, ўқиш давомида ўқувчи асар бадиий воқелигида яшайди, яъни персонажларнинг бошидан ё кўнглидан кечганларни кечириб кўради. Энг муҳими, ўқувчи бадиий воқеликдаги “умри”нинг ҳар лаҳзасида унинг яратувчиси – муаллиф нигоҳи, муносабатини туйиб туради ва ўзи ҳам сезмаган ҳолда муносабатини шунга созлайди. Масалан, персонажнинг ўзгага зулм этиб ҳузурланаётгани тасвирланган ҳолат ўқувчи дилида мудроқ инстинктни қўзғаса, муаллиф муносабати уни қайтадан мудроққа солиб, унга нисбатан нафрат туғдиради. Аксинча, ёзувчи айни ҳолатни тасвирлаш чоғи инстинктга бўй бериб қўйса, ўқувчи дилидаги мудроқ инстинктни уйғотиб қўяди, холос.

Айтганларим адабий асар эзгулик томон ҳам, ёвузлик томон ҳам бирдек етаклайвериши мумкинлиги, ижодкор масъулияти ҳақидаги гаплар бугун ғоят муҳим аҳамият касб этаётганини кўрсатади. Дарвоқе, баъзи ижодкорлар “дилимга солганини ёзаман”, дея гўё ўзларидан масъулиятни соқит қилган бўладилар. Асли, бундай қараш илдизи ғоят қадим: Гесиод шоир музалар қулоғига шивирлаганни айтишади, деб уқтиради. Хўп, агарда шундай, яъни ижодкор шунчаки медиум – қулоғига шивирланган ё дилига солинганни етказувчигина бўлса ҳам, шивирки бор музалардан ва ё дилига солинганки нарса Раҳмондан бўлавермайди, ахир. Ҳолбуки, ҳақиқий санъат, жумладан, адабиётнинг раҳмоний бўлмоғи шартдир.

Энг катта адабиёт юрагимизда яшайди. Демак, адабиёт ҳар биримизнинг, ҳаммамизнинг ичимизда. Лекин адабиётга “яқин” бўлганимиз ҳолда нега дунёда зулм бор? Нега бугун инсоният янги йўл қидирмоқда? “Йўлини йўқотган дунё”да адабиётнинг ўрни ва роли борми? Нега у, яъни адабиёт дунёнинг йўлини йўқотишига жим қараб тур(а)ди? Энди-чи, адабиёт дунёнинг равишига таъсир этиб, унинг янги, муносиб йўл топишига илҳомлантирувчи куч бўла оладими-йўқми?..

Албатта, оптимист бўлган яхши, лекин “адабиёт ҳар биримизнинг, ҳаммамизнинг ичимизда”, деган фикрга қўшила олмайман. Масалага реалроқ қарасак, адабиётга “яқин”лик ҳам орзуланганни мавжуд, дея тақдим этишдан бошқа нарса эмас. Йўқса, юз йил ўтиб ҳам Чўлпоннинг “Адабиёт ўқуйлик!” хитоби долзарб бўлармиди? Халқимизнинг бу кунги китобхонлик даражаси эътиборга олинса, адабиётнинг ижтимоий роли ҳақида гапириш ҳам асосли эмасдек. Китобхонлик маданияти, бадиий информацияни қабул қила олиш даражасини-ку, гапирмаёқ қўяйлик. Рости, кўпчилик учун “Ўткан кунлар” ҳамон “Отабек деган йигит бўлади, марғилонлик Кумуш деган қизни яхши кўриб қолади…” дан бошқа эмас. Қизиқ ҳолат: бувиларимизга бувилари “Фарҳоду Ширин”, “Лайлову Мажнун”ларни ўқишни таъқиқлаган эканлар, “очилиб кетасан!” деб. Яъни бу борада ҳам жудай-ла илгарилаб кетмаган кўринамиз. Бас, аҳвол шу экан, “дунё равишини ўзгартириш” вазифаси адабиёт учун оғирлик қилмайдими?! Ҳолига қарамай, унга бу қадар оғир юк ортиш инсофдан бўладими?! Назаримда, бугун жамиятимизда китобхонлик даражаси ва маданиятини юксалтириш масалалари муҳимроқ, зеро, бу борада эришажак муваффақиятларнинг табиий ҳосиласи ўлароқ нариги муаммолар ҳам ўз-ўзидан ҳал бўлиб боради.

— Битта асар жамиятга икки хил таъсир кўрсатадими? Нима учун?..

Ҳа, ҳеч шубҳасиз… Шу ўринда бир воқеани эслашим ўринли кўринди. Йигирма йиллар нарида Тошкент сафаридан қайтаркан, ўзим тенги сергапгина шофёрга тўғри келдим. Адабиётчи эканимни билгач, айтган биринчи гапи ҳамон қулоғим остида (оҳанг жилвалари билан) жаранглайди:

– “Улуғбек хазинаси”ни зўр ёзган-да, Одил Ёқубовмиди?!.. Ҳалиги бор-у, Хуршидабонунинг “бегим… бегим…” дейишлари, воҳ…

Назаримда, шофёр йигит айни дамда ўша саҳнани илк бор ўқиган чоғдаги ҳолатни хаёлу кўнгилдан қайта кечираётгандек, гўё қизнинг ўтли шивирлари ошиғига эмас, нақ унинг ўзига қаратилгандек… Қаранг-а, адиб талқинида ушбу саҳна – икки тақдирни боғлаган покиза муҳаббат намоёни, икки дил ва вужуд бирлашган лаҳза, гўзал туйғунинг энг юксак чўққиси; шофёр тенгдошим хаёлида эса шаҳватдан ўзгаси қолмаган. Шунга ўхшаш, кимдир Асадбекнинг тақдиридаги чигалликларни мушоҳада этади, ким эса унинг аъмолларига ич-ичидан ҳавас, хаёлида ё ҳақиқатда уларга тақлид қилади…

— Хос ва омма диди ҳамда адабиёти ҳақида сиз нима деган бўлардингиз? Ҳаммага “ҳамма нарса”ни тақдим қилиш қандай оқибатларга олиб келади? Маънавий иммунитети ҳали етарлича шаклланмаган ёш авлодга қандай асарлар тавсия этиладию қандайлари йўқ?

Сирасини айтганда, гап яна иҳоталаниш, чеклову таъқиқларга бориб тақалмоқда. Зеро, ҳамонки “тавсия этиладиган” ва “тавсия этилмайдиган” асарлар бўлар экан, ўз-ўзидан ўқувчиларнинг кейингилари билан танишиш имконини чеклаш зарурати юзага келади. Шўро даври чекловларидан безган муҳитда ҳар қандай чекловга нисбатан салбий муносабат шакллангани ҳам, бирон-бир чеклов жорий этилсаёқ Ғарбда “демократияга таҳдид”, “инсон ҳуқуқлари поймоли”, дея айюҳаннос солувчилар, ўзимизда бўлса, уларнинг ноғорасига ўйновчилар топилиши ҳам бор гап. Қизиқ-да, дажжол ноғорасига шох ташлаб ўйнашдан аввал ота-бувамиздан қолган “бир балоси бўлмаса, шудгорда қуйруқ на қилур” нақли эсланса-ку, олам – гулистон. Ҳа-да, бир танангга ўйла: “Фойданигина маслак билган кас нечук “менинг ҳуқуқларим ҳимояси учун” бунчалар харажатманд бўляпти? Маслагидан кечганми ва ё бошқа фойдани кўзлайдими?..” Шундай, бу нокас “юртинг дарвозаларини очиб қўй, истаган еримни топтайин!” деёлмайди – “демократ” деган оти бор ахир, бас, не-не савдолардан қолган “эркинлик” отлиғ сийқа тангалари билан кўнгил дарвозаларини очтирмоқ пайида бўлади, чунки руҳни булғай олса бўлди – измига олгани шу!.. Хуллас, бугунги дунё манзарасини кўз олдига келтириб, ундаги руҳимиз, маънавиятимиз, миллий ўзлигимизга таҳдидларни мушоҳада қилолганки, киши улардан иҳоталанишга нафақат ҳақли, балки бурчли эканига иймон келтиради. Зеро, иймонли одам икки-уч бўғин наридаги авлодлари бугунги Ғарбдаги каби маънавий муҳитда яшашидан ор этади, бунга йўл қўйгудек бўлса, охирати куйиб кетишини теран англайди.

Ҳеч шубҳа йўқ, “иммунитети ҳали етарлича шаклланмаган ёш авлодга қандай асарлар тавсия этиш” тарзида масала қўйилганини кўрибоқ мийиғда куладиган, шу ҳақда бош қотирувчиларни ижтимоий тафаккури қолоқ ёхуд шўро қолдиғи – “совок”ликда айбловчилар ҳам етарлича топилади. Афсуски, дажжол хизматига руҳан ҳозир бу тоифа минг йиллар давомида масала айни шу тарз қўйилиб келганини билмайди ё билса-да назарга илмайди – кибрга берилган. Афлотун дегудек бўлсам, балки “Унинг ким бўлибди?!” дейишдан ҳам тоймас, шундай бўлса-да айтай, қарийб икки ярим минг йиллар аввал Афлотун савол қўйган: “Болаларимизнинг дуч келган мифларни, қайсики – тайину нотайин каслар томонидан тўқилган, аксарияти биз улар улғайганларида онгида бўлиши керак, деб ҳисоблаган қарашларга зид келувчи мифларни тинглашлари, мурғак қалбларига сингдиришига осонгина йўл қўйиб бера оламизми?” Файласуф бераётган саволнинг жавоби ўзи билан бўлса-да, у суҳбат равишини шундай олганки, шогирд хулоса ясайди: “Биз бунга асло йўл қўймаймиз!” Йўл қўймаслик учун эса иккита асосий чора кўрсатилади: 1) “миф яратувчиларни назоратга олишимиз керак: агар уларнинг асарлари яхши бўлса, қабул қиламиз, йўқса – рад этамиз”; 2) “тарбиячилар ва оналарни болаларга фақат тан олинган мифларни ҳикоя қилишга кўндирамиз”. Камина кун сайин амин бўляпманки, Афлотун айтмиш чораларни замонамизга мослаган ҳолда қўллаш зарурати етилиб бормоқда. Сабр, “яна цензурами?!” дея айюҳаннос солмай туринг, ҳозирча махсус назоратчи идорани назарда тутмадим. Негаки, кўзланган мақсадга ношир ва муҳаррирлар масъулиятини ошириш билан ҳам эришса бўладиган кўринади. Дейлик, ноширларимиз ўзларини, аввало, зиёли, шундан сўнггина тадбиркор деб билсалар, муаммолар ўз-ўзидан ҳал бўладигандек. Яна, муҳаррирлар юксак маънавиятли, бадиий диди инжаю фаросатли бўлсалар-да, бемаза китобда “муҳаррири фалончи” қабилида ўз исми-шарифининг кўрсатилишидан ор қилсалар… Ниҳоят, бизга “адабиёт” дея тақдим этилган “нашр маҳсулот”ларини элакдан ўтказиб, хулосалари асосида нашриётлар фаолиятига жиддий таъсир қила оладиган тақдимотлар киритишга ҳақли бадиий кенгаш бўлса…

Хўп, “нимани тавсия этмаслик” масаласини-ку, шу тарз ҳал қилайлик ҳам, бундан-да долзарб “нимани тавсия этиш” масаласи кўндаланг бўлади. Хўш, ўша “иммунитети ҳали етарлича шаклланмаган”ларга тавсия этгулик нимамиз бор? Борингки, бизлар ўқиб катта бўлган асарларнинг бир қисми эҳтиёжни қисман қондирар ҳам. Қолганини-чи? Ахир, бугунги болалару ўсмирларнинг интеллектуал савияси шу ёшдаги бизлардан чандон баланд, бас, эҳтиёжлари ҳам шунга яраша эмасми?! Афсус, тан олиш керак, ҳозир шу эҳтиёжларни қондиришга қодир ёзувчи-шоирларимиз йўқ ҳисоби. Негаки, “болалар адабиёти”га бироз менсимайроқ қараш урф бўлган. Энди бу ҳолни тубдан ўзгартириш, ёш авлод тарбияси билан бевосита боғлиқ соҳа ривожига жиддий, балки давлат миқёсида эътибор қаратиш, амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқиш зарур кўринади. Жумладан, соҳа мутахассислари иштирокида ёш хусусиятларига мос асарлар рўйхатлари тузилса; миллий адабиётимиз хазинасидаги сара дурдоналарни олиш билан бирга хорижий адабиётлардан сайлаб таржималар қилинса; ниҳоят, болаларимизга мўлжалланган китоблар оммавий тиражларда чоп этилсаю энг чекка қишлоқларгача арзон нархларда етиб борса… ҳақиқий маънода адабиётга “яқин” бўлиш йўлидаги дадил одим, адабиёт макон тутмоғи учун миллионлаб қалблар эшигини очиб бермоқ ва зиммасидаги эзгу миссияни бажаришига пухта замин бўлур эди.

— Умидбахш ва тушкун адабиётнинг ўқувчи ва жамиятга таъсири масаласида нималар дея оласиз? Замонавий дунёнинг бугун қандай адабиётга эҳтиёжи бор?

Ноумид – шайтон, дейдилар. Фикримча, буни “умидсизлик шайтондан” деб тушунган тўғрироқ бўлади. Умидсизликка тушганнинг шайтон қутқусига берилиши осонроқ, чунки, агарки у умидсиз экан, Раҳмонга ишончи дарз кетган, ундан йироқлашган. Менга қолса, тушкун асарлар асли дилларидаги умидсизликни енгишга чоғланган муаллифларнинг мағлубияти ҳосиласидир. Яъни, масалан, Камю асарлари ёзувчи дилини чулғаган абсурд туйғусини енгишга ҳаракат бўлгани каби, фақат, бу интилиш самараси турлича. Дейлик, “Қаландар ишқи”дек дилбар ғазалда Чўлпон умидсизликни енгиб ўтолмаган. Бироқ бунинг узрли важҳи бор: лирика оний кайфиятни чизади, яъни оннинг ўзи сингари кайфият ҳам ўткинчи. Шеърхон кўнглида ҳам шу оний кайфият кечиб ўтади ва ўзидан кейин аксар (некбин кишиларда) умид соғинчини қолдиради. Қолаверса, ҳаётида шу каби онлару уларни келтириб чиқарган омиллар нечоғли кўп бўлмасин, шоир дилидаги чўнг умид умидсизлик билан олишиб ва енгиб яшаган: тушкунликка бўй бераёзган кўнглига қарата “Кўнгил, сен бунчалар нега Кишанлар бирла дўстлашдинг?”, деб бошланувчи машҳур хитоби бунга далил. Энди ўйлаб боқинг: тушкун руҳга йирик эпик асар, дейлик, роман йўғрилган бўлса-чи? Табиийки, бу ижодкордаги оний кайфият ифодаси бўлмаганидек, ўқувчи дилида ҳам ўткинчи эмас, аксинча, у кўнгилни тамом эгаллаш пайида. Иммунитети паст кўнгил бунга қаршилик қилишга ожиз, оқибат шайтанат учун енгил ўлжа бўлиб қолади.

Замонавий, яъники биров “глобал исиш”дан, бошқаси “кичик музлик даври”дан, тағин бирови “астероид билан муқаррар тўқнашув”дан башорат қилиб турган дунё, ҳеч шубҳасиз, умидбахш адабиётга эҳтиёжманд. Умид – башариятнинг олисдаги нурга тиккан кўзи, адабиёт эса киприк мисоли уни чанг-ғубордан асрашу томчидори каби ювиб равшанлантирмоққа масъулдир. Зеро, ўша нурни кўролмай қолиш хавфи қаршисида зикр этилган ваҳимали башоратлар сохта пўписачалик ҳам қўрқинч эмас.

— Ўтмиш меросни ҳар бир замон ўз мезонлари чиғириғидан ўтказиб туриши керакми? Нима учун?

Инсон ўтмиш меросига ҳамиша сайлаб муносабатда бўлади. Яъни у ўтмиш меросининг барини эмас, ундаги ўзи учун ижтимоий-шахсий аҳамият, қиймат касб этувчи нарсаларнигина қадрият санайди. Бевосита адабий меросга келсак, бунда қиймату аҳамият, биринчидан, асарда муҳрланган (кодланган) МАЪНО кўлами билан; иккинчидан, ўша кодлар (белгилар)нинг МАЪНОнинг янги қирраларини жилвалантириш ва ё янгиланган МАЪНОни ташишга қай даражада қобиллиги билан белгиланади. Бошқача айтганда, гап инсон учун аҳамиятли (кўламидан қатъи назар) ва эзгу мазмунни гўзал шаклда ифодалаш ҳақида бормоқдаки, бадиий қадриятни сайлашнинг бош мезони шудир. Агар шу мезон қўйилар экан, биринчидан, бугун ўтмишда яратилган асарларнинг бари ҳам; иккинчидан, битта ижодкор, у нечоғли улкан истеъдод эканидан қатъи назар, яратган асарларнинг бари ҳам қадрият бўлолмайди. Яъни, қиёс жоиз бўлса, адабий-бадиий қадрият мисоли тонналаб руда ичидан ажратиб олинган ёмби маъдандир. Албатта, оддий ўқувчида тонналаб рудани титкилашга на вақт, на тоқат ва на малака бор. Демак, меросимиздан дурдоналарни саралаб, гўзаллигию қийматини намойиш этган ҳолда кенг оммага тақдим этиш ва шу тариқа халқимизнинг бадиий бисотини кўпайтириш вазифаси бевосита мутахассислар зиммасига тушади. Фикримча, бу борада муваффақият қозонишнинг яна бир муҳим шарти – мактаб адабий таълимининг айни шу асарларни ўрганиш асосига қурилишидир. Ҳар икки ҳолда ҳам, яъни тадқиқот ва таълимда белгиланган мезондан оғишмаслик, муносабат ва баҳода холислик ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

— Инсон тирик экан, ҳар доим танлов қаршисида туради. Худди уч йўл бошидан чиқиб қолган эртак қаҳрамони каби. Ҳар қанақа мулозаматни бир четга суриб қўйиб айтганда, тўғри танлов қилишда адабиётнинг роли борми-йўқми, бўлса, қай даражада?

Албатта, танловга жуда кўп омиллар, жумладан, адабиётнинг ҳам таъсири бор. Дейлик, тадбиркор қаршисида танлов имконияти юзага келди: манави ишга сармоя тиксанг, ўттиз фоиз фойда кўрасан, бунисига тиксанг – юз фоиз. Фақат кейингисида сағирлар ҳақига озроқ хиёнат бор… Ёки мана бунисига тик – юз эллик фоиз фойда кўрасан, фақат эл манфаатига озгина зид томони бор… Тез бойимоқ тиласанг, бунисига тик – уч юз фоиз фойда кўрасан, фақат ҳамюртларингга оғу тарқатишинг керак… Албатта, адабиёт танловнинг арифметик ё иқтисодий томонига таъсир қилмайди, бироқ унинг маънавий-ахлоқий томонини белгилашга жиддий таъсир қилади. Яъни агар тадбиркор мавжуд йўллардан кам фойда келтирса ҳам ҳалолини танласа, билингки, бунда бошқа маънавий-ахлоқий омиллар қатори адабиётнинг ҳам хизмати бор. Бу – адабиётнинг потенциалидаги инсонни маънан юксалтириш, жамият ҳаётини тозартириш, ижтимоий муносабатларни ислоҳ қилиш, қисқаси – одамни ўзгартириш орқали оламни ўзгартира олиш имконига бир мисол, холос. Ушбу имкон рўёбга чиқиши ва тўла куч билан ишлаши учун эса, юқорида айтдик, китобхонлик даражаси ва маданиятини юксалтириш, адабий таълимни ислоҳ қилиш каби долзарб вазифаларни уддалаш тақозо этилади.

Шарқ юлдузи журнали, 2015 йил, 1-сон


Дилмурод Қуронов 1960 йилда туғилган. Филология фанлари доктори, профессор. Андижон Давлат Тиллар педагогика институтини тамомлаган. Олимнинг “Руҳий дунё таҳлили”, “Истиқлол дарди”, “Адабиётшуносликка кириш”, “Чўлпон насри поэтикаси”, “Адабиёт надир?”, “Ғарб адабий-танқидий тафаккури тарихи очерклари” (ҳаммуаллифликда), “Адабий жараёнда мом синдроми”, “Адабиётшунослик луғати” (ҳаммуаллифликда), “Завқимдан бир шингил” каби китоблари нашр этилган.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!