Худойберди Тўхтабоев (1932)

Худойберди Тўхтабоев (1932.17.12, Ўзбекистон тумани Катта Тагоб қишлоғи) — Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1991). Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (1982). Қўқон педагогика билим юртини (1949), Ўрта Осиё университетини тугатган (1955).

Ўрта мактабда ўқитувчи ва директор (1955—58), «Тошкент ҳақиқати» газетасида адабий ходим, бўлим мудири (1958—62), «Совет Ўзбекистони» (1962—70) газетаси, «Гулистон» журналида (1970—72), «Ёш гвардия» нашриётида (1972) бўлим мудири ва бош муҳаррир ўринбосари (1974—76), «Гулхан», «Ёш куч» журналларида бош муҳаррир (1977—80), «Олтин мерос» халқаро хайрия жамғармаси бошқаруви раиси (1980—1998) бўлиб ишлаган.

Дастлаб журналист сифатида танилган, фельетонлар ёзган. Бадиий ижод билан 20-асрнинг 50-йилларида шуғуллана бошлаган. Илк ҳикоялар тўплами — «Шошқалоқ» (1961). «Фельетондан кейин» (1962), «Сир очилди» (1963), «Сеҳрли қалпоқча» (1964) сингари қиссалари, «Муҳаббат қўшиғи» (1967), «Жонгинам, шартингни айт» (1969), «Конизар юлдузлари» (1978), «Омонбой билан Давронбой саргузашти» (1974) ва бошқа асарлар муаллифи.

«Сариқ девни миниб» романи (1968) ёзувчига катта шуҳрат келтирган. Шундан кейин «Сариқ девнинг ўлими» (1973), «Беш болали йигитча» (1976), «Қасоскорнинг олтин боши» (1981), «Йиллар ва йўллар» (1983), «Ширин қовунлар мамлакати» (1986), «Мунгли кўзлар» (1988), «Жаннати одамлар» (1996) романлари нашр этилди.

Худойберди Тўхтабоев асарлари юморга бойлиги, болалар ҳаёти, уларнинг ўзига хос табиати, хусусиятлари, руҳий кечинмалари ниҳоятда жонли, қизиқарли ва болаларбоп йўсинда маҳорат бн тасвирланиши жиҳатидан ажралиб туради.

Худойберди Тўхтабоев ўзбек болалар адабиётини жаҳон миқёсига олиб чиққан ижодкорлардан биридир. Асарлари тожик, қирғиз, туркман, озарбойжон, арман, рус, украин, белорус, молдован, эстон, латиш, литва, фин, болгар, венгер, немис, чех, итальян тилларига таржима бўлган.

Собиқ Иттифоқ Ёзувчилар уюшмасининг йиллик мукофоти (1971), Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг мукофоти (1972), Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1989).