Сапар Ўраев (1932)

Сапар Ўраев (Sapar Öräýew) – Туркманистон халқ ёзувчиси, Махтумқули номидаги халқаро мукофот соҳиби. 1932 йил Дашовуз вилоятида туғилган. Москвадаги Максим Горький номидаги адабиёт институтини тамомлаган.

ШОИРМАС

Сайрар чоғи тилиб-тилиб бағрини,
Лолга дўнган шоир асло шоирмас.
Эл, гул билан қарши олган даврини
Ерга кўмган шоир асло шоирмас.

Ит ҳурди, ўтди-да карвонлар қатор,
Чин шоир ҳар куни тонг бўлиб отар.
Не бошлар бўлганда қуёшдай ботар,
Кўзни юмган шоир асло шоирмас.

Зулматдан кун бўлиб чиқар чоғида,
Ҳақ бир кун ноҳақни йиқар чоғида,
Кам келса, ёмғирдек ёғар чоғида,
Ёғмай, тинган шоир асло шоирмас.

Кўзин тикиб ўзгаларнинг пойига,
Булғанса кимнингдир отган лойига,
Тарозу тортилса, оғир жойига
Ўтиб, минган шоир асло шоирмас.

Қалбидаги шубҳа музин эритмай,
Катта элдан илҳом олиб яратмай,
Нокасни терс қилиб, элни қаратмай,
Яшаб билган шоир асло шоирмас.

ҲАҚҚИМ ЙЎҚ

Ғафлат уйқусидан уйғонди диёр,
Менинг уни кўрмасликка ҳаққим йўқ.
Кўз очиб, тирсакка таянди диёр,
Унга меҳр бермасликка ҳаққим йўқ.

Кезсак-да соғиниб, дилни таъсирлаб,
Мустақиллик куттирди-ку асрлаб.
Тўқсон бирнинг куз ойинда қасирлаб,
Келди. Қучоқ кермасликка ҳаққим йўқ.

Неча йил айланди у ҳақда фикр,
Неча-неча доно айлаган зикр.
Мана, етиб келди, энди минг шукр,
Унга бошим эгмасликка ҳаққим йўқ.

Тангрим узоқ этсин унинг ёшини,
Қўрғон қилсин теграсини, дошини.
Яраштириб кўзи билан қошини,
Шеъру ғазал битмасликка ҳаққим йўқ.

Туркман тилидан Абдувоҳид Саидматов таржимаси