Собир Ўнар. Тегирмончининг боласи (ҳикоя)

Мардибой бобони кичкиналигимдан тоғамнинг ҳамсояси бўлгани учун ўғиллари билан ўйнагани бир-икки кун қолиб кетганимда кўп кўрганман. Жиккаккина, доим катак иштонда қишин-ёзин яланг ковуш кийиб юрадиган, боз устига қора эшагини фақат яйдоқ — эгар-абзалсиз минувчи чаққон, абжир, лекин негадир овози хирилдоқ, тез-тез томоғини қириб тупурадиган одати бор эди. Айтишларича, қишлоқнинг ягона сув тегирмонини шу одам бир умр юргизган, тегирмоннинг гард-чанглари бу одамни хирилдоқ қилиб қўйган эмиш. Колхозлаштиришнинг оғир йилларида бу киши буғдой ўримида чунон жонбозлик кўрсатган, айтишларича, йигирма киши бир ёқ, Мардибой бобо бир ёқ бўлиб марра ўйнаганда, чол ғолиб келар экан. Туман катталари ва раис унинг меҳнатини тақдирлаб, кечқурун бир тандир нон билан сийлар экан. У киши доим иштаҳаси карнай юрганидан нонни сувга ботириб паққос туширар ва кечаси ойнинг ёруғида тағин шунча майдонни қўлдан чиқараркан. Кейинчалик омонлик замонларда у киши ҳақида бир латифа тарқалган. Акам ўзи кичкина бўлгани билан ғилминдидан нақд элликтани кўрдим демас экан. Юпқага сутли атала ўралишини, сўнг куйдирилган сарёққа булаб товоққа жойланиши, манаман деган полвон ҳам унинг атиги беш донасини еб кекириб юборишини назарда тутсак, бу ҳайрон қоларли даражадаги очофатлик эканини тасаввур қилсангиз бўлади.
Қишлоқ ўртасидаги отам замонида қурилган тегирмонни кўп бора болалик завқи билан томоша қилганмиз. Кирар жойида йигирма-ўттиз қоп тўла буғдойи билан турарди. Мардибой бобо бир ўзи бу қопларни эшакдан тушириб, навбати билан бир қоп буғдой сиғадиган тепадаги ёғоч идишга кўтариб ўзи тўкиб қўярди. Валлоҳу аълам, бу идишдаги буғдой ярим кун ё бир кунда тош ўртасидаги тешикка доналаб бир маромда тушиб турар, атрофидан худди сув сачрагандек ун отилиб турар, тегирмончи ҳеч қачон бировнинг қопи тугамай, бошқасининг қопини аралаштирмас эмиш. Етти ботмондан бир килоси тегирмончининг ҳақи эмиш. Бир ботмонни ўн олти килолигини билгач бу ҳақ жуда кам эмасмикан, деб ўйлаб қўяр экан.
Бир сафар отам мол орқасидан тоққа кетаман, қўлим бўшамайди, дегани учун ўзим бобога буғдой торттириб келганман. Отам гап ўргатган: кимнинг улисан, деб сўрайди, палончининг улиман, дейсан. Буғдойинг бир синтирми, дейди, сен ҳа, де. Барибир чол ўзининг ўлчагич халтасида ўлчаб олади. Бир синтирдан кам бўлса кам экан-ку, дейди. Кўп бўлса ортиқ экан, деб айтади. Сўнг қачон келайин деб сўра, айтган вақтида бор, бўлмаса жаҳли чиқади, қоплар қалашиб кетди, деб.
Мен отам айтганидай қилганман ва шунда жиккак, қоп-қора, кўримсиз, қошу кўзи, оғзи-бурни, қулоғигача оппоқ гард бўлиб кетган чолнинг юз килолик юкни кўрдим демай ўзи кўтариб тушириб, эртаси куни михдай қилиб ортиб бериб, арқон билан эшагимнинг айили устидан овуртмоқ қилиб бойлаб, мени қопнинг устига кўтариб ўтқазиб қўйганини кўриб қойил қолганман.
Одамлар тегирмончининг акс феълидан чўчишарди, айни пайтда ҳалоллиги учун шу баробар ҳурмат ҳам қилишар, шу боис ўрнига бошқа одам бўлсин, дейишга ботинолмас эдилар.
Тегирмоннинг тепа томонидан катта ариқда зилол сув шиддат билан ёғоч новдан шарқираб тушиб турар, у тегирмон тошини пастдаги катта ёғоч парракка зарб билан уриб юргизиб турарди. Натижада тегирмондан гусирлаб, гоҳида ғалати шийқиллоқ овоз анча нарига ҳам баралла эшитилиб турарди.
Биз ёш болалар бу пайти шу тегирмон пастидаги сойдан қўлда балиқ овлардик. Гоҳида тош остидан сувилон чиқиб ҳаммамиз ҳар ёққа тирақайлаб қочиб қолардик. Биз бир гал шу тегирмон яқинидаги шарқироқ сой суви ҳаяллаб ўтадиган ҳовузсимон жойда бир челак балиқ тутдик. Сўнг чўмилдик. Сувдан чиқсак, челакнинг ёнида тегирмончининг ўғли турибди. У аввал, балиғингни сувга тўкиб юбораман, деб дўқ урди. Йигит мактабни аллақачон битирган, Каттақўрғондами, Самарқанддами ўқиш ўқир, бироқ отасига ўхшаган қоп-қора, яна ярашмаган тарзда хўппасемиз эди.
Биз нима қилишимизни билмай гуноҳкорлардай дилдираб туравердик. Яна шунча балиққа ачинардим. Биласиз, булоқ сувидаги гулмоҳи балиқ унча катта бўлмайди. Бир челак балиқни тоғамнинг хотини Суймали янгам сариёғда жуда мазали қилиб пишириб беришидан умидвор эдим.
Хайриятки, йигит биз кутган ишни қилмади. Челакдан балиқларнинг энг каттасини олиб бошини оғзига тиқди. Кейин уни яна қўлига олиб:
— Шуни мен тириклай ея оламан, гаров ўйнайсизларми? — деб сўради.
Биз бир-биримизга қараб олдик. Чунки киссамизда бир тийин ҳам йўқ эди.
— Камбағал, қашшоқлар, — деди у ва балиқни бошидан тутиб бир пас типирчилатиб турди-да, яна оғзига тиқди. Кўзлари хонасидан чиққудай бўлиб тасрайиб, қизариб-бўзариб кетди, лекин барибир кучана-кучана уни ютиб юборди. Сўнг кўйлагини кўтариб қорнини қашлаб-қашлаб қўйиб: — Ҳалиям ўлмади, кўряпсизларми, диркиллаяпти, — деди. Ортига бурилиб кета бошлади.
— Аканг қарағайди кўрдингларми, — деди бир маҳал тўхтаб, отасига ўхшаган хирилдоқ овозда. — Шаҳарда бўлганимда ҳозир гаровда эллик сўм ютиб олардим, сенлардан икки дунёдаям одам чиқмайди.
Акавой кетганига хурсанд бўлиб биз тегирмон томонга ўтдик. Тегирмоннинг тепасидаги сув сачраган жойлардан гулдирган ўсиб ётарди. Гулдирган деганимиз сиз танийдиган малинага ўхшаш майда мевали тиканакли ўсимлик. Тиканлари қўлингга тегса дарҳол қонатади, кийимингга илашса йиртиб юборади.
Тегирмончи борида биров бу ерга яқинлашмайди. Барибир бизга ўхшаган бебошлар гулдирганнинг пишганини териб еб кетишибди, бизга қолгани аччиқлари, ҳали бўзармаганлари экан. Тоғамнинг менга тенгқур ўғли қўли билан нуқиб:
— Мардибой бобо шу деворга ғилминди урган, — деди.
Ҳа, дарвоқе, биз ғилминди ҳақида латифа бошлаб бошқа ёққа қараб ўтлаб кетувдик. Узр.
Хуллас, тегирмончининг кампири Омонгул момо чолининг буюртмасига кўра кечки овқатга сератала ғилминди пиширибди. Кечаси фонус кўтариб, мойлигина овқатни чуқур товоққа бостириб келса, чоли аллақачон таҳоратини олиб, очқаб, ер тепиб ўтирибди. Чоли овқатнинг чўғи пастлигидан хавотирланиб:
— Нечта? — деб сўрабди.
— Болаларингизам ўзингиздай жуқмахўр, ўттизта қолди, — дебди кампири.
Чол кампирини бўралатиб сўкиб, энди уришга чоғланган экан, бобойнинг бу феълини билган кампир шоша-пиша сувдан кечиб ўтиб қорасини ўчирибди. Чол жаҳл билан товоқни тегирмоннинг деворига урибди. Шундан сал ўтиб тегирмонга унини олгани келган Кўмак муаллим тегирмончининг фонус ёруғида ғилминдини хас-хашакларини териб-териб паққос тушираётганини кўрибди…
Кун келди, шу чол ҳам қариди, тўзди. Қулоғи эшитмай, кўзи кўрмай қолди. Эшик оралаб баъзан кампири етовида, баъзан ўзи девор пайпаслаб чиқадиган бўлди. Бу куни ҳам йўқ бўлиб тўшакка михланиб қолди. Кампири Омонгул момо ҳали ғалтакдай, мен деганни бир чўқишда қочирадиган норғул, тетик эди. Ҳазрат Ғафур Ғулом “оталар ўзи шундай мўрт келади”, деганда Мардибой тегирмончини ҳам назарда тутмаганмикан?
Чол ётиб қолишидан олдин ер, боғ ва уйини тақсимлаб васият қилди. У ҳосилдор токларни кичигига қолдирди. Бу катта ўғилга ёқмади. Кап-катта бошига жанжал кўтариб уруш чиқарди. Бир гал ўғли отаси таҳоратга кўтариб чиққан мис офтобасини қўлидан тортиб олиб бошига туширганини ҳам кўрдик. Ҳа, биз болалик, мурғак кўзимиз билан кўриб додлаб юбордик. Чолнинг бошидан қон отилар эди. Сўнгра у қонга бўялган кўйи, ёнбошига мункиб тушди. Хирилдоқ овозда ўғлини сўкди. Ўғли ўлжасини қизғанган итдек бизга ҳам ўшқирди. Қўлига тош олиб бизга ирғита бошлади. Эсласам юрагим орқага тортади, агар шу тошлардан бирортаси тегиб кетгудай бўлса, аниқки, тил тортмай ўлар эдик, астағфуруллоҳ. Сўнг опаларимизнинг пичирлаб қилган ўшакларидан шуни билдикки, тегирмончининг элликни қоралаган ўша мирғазаб ўғли орага тушган онаси ва ўзининг кампириниям ўлакса қилиб урибди. Во дариғ! Чол барибир туршак ҳолида ўжар экан, боғни сенга бермайман, деяверибди. Ўғли яна урибди, яна, яна… Охири тегирмончи жоҳил ўғлининг таёғидан ўлди-кетди. Таъзияси куни “отам”лаб товуш бериб турди…
Тегирмон эгасиз қолди. Охири маслаҳат билан Мардибой бобонинг бўйниса ўртоғи Ёлғош бобо унга қараб турди. У чол ҳам қазо қилгач, тегирмонга ўғиллари эгалик қилишди.
Мазлумнинг, мусофирнинг ва ота-онанинг дуоси учун Оллоҳ ҳузурида парда йўқ эмиш. Кексалар бу дунё қайтар дунё, унинг ҳам эгаси бор, деганида бизнинг ўжар, тўхтам ва сабр билмас миямиз қабул қилмас экан. Кейин билдик, дунёнинг қандай қайтишини…
Мардибой бобонинг катта ўғли Чиндали ака аввал бўлимнинг, кейин колхознинг ҳисоб-китоб буғалтери бўлиб ишлаб юрар эди. Кейин ерлар фермерларга бўлиб берилгач, у ишсиз қолди. Чамаси пенсиясига ҳам яқин қолган эди. Ишдан бўшаган йили уйининг олдидаги томорқасига тўлдириб кўкнори экди. Кўкнорининг гулини кўрганмисиз? Қирмизи рангда товланувчи бундай нафис гул оламда йўқ. Сўнг у ичидан бошоқ чиқариб бўлгач, гуллар бирин-кетин узилиб туша беради. Бошоқ қотиб, сарғайиб пишмасдан бурун устомон нашафурушлар уни тиғ билан кесиб сутини ташқарига чиқарадилар, сут қотгач пичоқ билан қириб оладилар, идишга йиғадилар, тўплайдилар, сотадилар, уни яна бир устомон кукун ҳолатига келтиради. Шу кукун дунёни офатга етаклайди, қанчадан-қанча одамларнинг ёстиғини қуритади.
Мен шу тоғорадай қишлоқда бундай палид иш билан шуғулланиб барака топган одамни кўрмадим. Кимдир қамалди, кимдир бор-будидан айрилди, аммо шу касофат нарса Чиндали акани бойитди. Бошқалар мелисага тушди, тушгани тушмаганларни чақиб берди. Чиндали акаям мелисага қатнади. Бироқ ё зори, ё зўри устун келди чоғи, ишқилиб тинчитди. Ҳадемай ялтиллаган “Жигули” сотиб олди. “Жигули” уйида қантарилган отдай тураверди, минмади. Гап чиқдики, Чиндали ака бу машинага сиғмапти, каттароғидан оларкан. Ўша маҳаллар “Волга” урф эди, энг обрўли машина ҳисобланарди. Чиндали ака “Волга” опти дейишди. “Волга”си қурмағур раисдаям йўқ эди. Лекин бу машинани ҳам на ўзи, на фарзандлари минди — кўпкарига тайёрланган тулпордай тураверди.
Кунларнинг бирида ўғиллари палончининг тўйи бугун, никоҳига сўраяпти, миниб борайлик, деб сўрашибди, ота бермабди. Ўртада жанжал чиқибди, икки ўғил отадан калитни тортиб олиб рулга ўтирган экан, жаҳлга минган ота катта суруқ таёқни олиб келиб, машинанинг олд ойнасига уравериб синдириб ташлабди, устига шиша сачраб қон бўлган йигитлар тушиб отани дўппослай кетишибди. Ғазаб устида бири темир билан, бири таёқ билан ураверишибди. Охири боши мажақланиб, мияси, кўзлари отилиб чиқиб кетибди.
Эртаси куни ўғиллар “отам”лаб ҳасса суяниб йиғлашди. Куйган фарзандлар сингари то қирқи — маросими ўтгунча устларидан тўну белбоғ, дўппи тушмади.
Ундан кейин ҳам кўп сувлар оқди. На бўлғай, шу сувлар Мардибой бобонинг тегирмонини ҳам юргизиб турди. Тегирмон ёнидан ўтиб қолсам, ўша ўжар чол эсимга тушади. Шу деворда ўша чолнинг бармоқ излари, нафаси қолган. Кўҳна ёғоч эшикни очиб ичкари бўйласанг, намчил ун ва яна алланарсаларнинг ёқимли ҳиди димоғингга урилади.
Илгари бу тегирмон қулф кўрмаган. Ҳозир эса калладай қулф осиғлик туради. Эгаси кимлиги ҳам номаълум. Лекин тегирмон аввалгидай мустаҳкам, ҳеч нарса уни ўзгартирмади.
Тегирмоннинг тепаси қабристон. Тегирмонга яқин жойда Мардибой бобо ётибди. Ўғли ундан четроқда… Жой кам. Кейингилари ундам ҳам нарига қўйилади…