Фарид Усмон. Кўникиш (қатра)

Янгалар кетишди. Келин бугун эрталаб ҳовлига ўзи танҳо чиқди. Ҳайҳотдай бегона ҳовлига синчковлик билан кўз югуртирди. Ўртасидан бир ариқ сув шовуллаб оқиб ётган ҳовли шу қадар кенг эдики, ҳайрон қолди. Этакда бостирма. Бостирма тагида тандир, тандир ёнида қўш ўчоқ.
Келин шуларни кўрди. У ҳадиксираб қайнона яшайдиган уйга ўғринча қараб қўйди. Бегонасираш ҳисси бутун вужудини чулғаб олди. Энди у шу ерда яшайди, шу ҳовлида бир умр кун кечиради, истаса ҳам, истамаса ҳам…
Хўрлиги келди. Хаёлида ўз уйи, туғилиб улғайган қадрдон ҳовлиси гавдаланди. Энди у ерга сўраб, жавоб беришса боради, “Ҳа деб уйингизга йўрғалайверманг, мана шу уй, ҳовли сизники”, дейишса, хўп дейишдан бошқа иложи йўқ.
Уларнинг хонадони маҳалланинг файзи эди. Болалар бемалол ўйнашарди. Ҳовли ташқарисидаги кекса тутнинг соясидан ҳам, мевасидан ҳам ҳамма бирдай баҳраманд бўларди.
Тутнинг ёшини ҳеч ким билмасди. Саксон ёшли катта энаси ҳам сўраганида айтиб беролмаган. Балким узоқ ўтмишдаги боболари экишгандир…
Хаёлга берилиб, уйдан қайнонаси чиқиб келганини ҳам сезмай қолди. Сарви хола келинига кўзи тушаркан:
— Вой қизим-ей, мунча эрта турмасангиз, — деди. Кутилмаган гап бўлди. Тўй арафасида турмушга чиққан дугоналари: “Яна пишиллаб, куёв боланинг ёнида ётаверма, азонлаб туриш керак, ҳовлини супуриб-сидириш керак, келин бўлиш осонмас”, дея ваҳима қилишган эди-да. Қайнонаси чеҳрасидаги илиқ табассумни кўриб, кўнгли ўрнига тушди ва уялинқираб деди:
— Ҳовлини супуриб қўяй девдим…
Қайнона келин раъйини қайтармади.
— Қизим, ҳали ёшсиз, ишга улгурасиз, бугунгидек жуда барвақт турманг, биз кексаларнинг йўриғи бошқа, — деб қўйди.
Қайнонанинг қизим деб гапириши келиннинг қалбига ҳарорат бахш этди. Ҳовлига меҳр билан кўз югуртириб, уни тоза қилиб супура кетди…