Гулчеҳра Асронова. Таътил арафасида (ҳикоя)

Чала қолдирган шеърини тонгда тугаллаб, устидан бир ўқиб кўнгли тўлган шоирдан бахтлироқ одам топилмаса керак. Дамир сўнгги мисрани субҳидамда кашф қилди. Тўғри, у шоир эмас. Лекин у — ошиқ. Ахир ҳамма ошиқ — шоир, ҳамма шоир ошиқ эмасми? Бу ҳолига туриб-туриб ўзи ҳам ажабланади, шунчалар девона қилди уни Зулфизарнинг ишқи! Қаердадир ўқигани бор: «ишқ» сўзининг иккинчи маъноси зарпечак бўлиб, бу бошқа ўсимликка чирмашганча унинг ҳисобига яшайдиган ўтнинг номи экан. Айни ҳақиқат! Йигитнинг борлиғидаги бор қувватни сўриб, адо қилаётир бу туйғу чирмовиғи…
Бундай давом этиши мумкин эмас. Яна қанча кутсин, ахир? Бугун шартта нуқта қўяди! Сўнгги таътил арафасида туришибди. Уйидагилар масалани кўндаланг қўйишган – шу ёзда уйланиши керак…
Зулфизарнинг хонасига борди. Талабалар турар жойидаги қўшни хонанинг бу эшигини неча мингинчи бор таққиллатиши, лекин ҳар сафар юраги ҳам қўшилиб дуккиллайди.
Эшикни Нодира очди. Жуда қув қиз-да, салом-аликни ҳам қўйиб, қўлини бигиз қилганча узун йўлакнинг охирини кўрсатди: «Ошхонада!»
Дамир йўлакдан бораркан, ўз кўнглида бояги аҳдини янада пишитди: «Бугун нуқта қўяман!»
Ошхонага бурилди-ю, эшик олдида туриб қолди. Бунча сулув бўлмаса бу қиз! Зулфизар ним пушти либосда, эшикка терс ўгирилиб, столга хиёл энгашганча сабзи кертар, елкасидан то белигача қўнғироқ сочларининг тўлқини ёйилган, ҳар пичоқ урганда зулфининг мавжлари мажнунтол шохлари монанд енгил титраб қўяди… Йигитнинг юраги гупирлаб ура кетди. Кўнгил қуши кўксидан «пир» этиб учиб чиқди-ю, зар кокиллар тўлқинига ғарқ бўлди…
Отини билиб қўйишган-да! Лекин ошхонада сочини ёйиб юрадиган одати йўқ эди. Дамирнинг кўзи жингала тутамлар учида осилиб турган майда томчиларга тушди. Ҳа-а, соч ювибди-да…
Бўлди! Ҳозир шундай маҳлиё бўлиб тураверса, бояги журъатидан асар ҳам қолмайди. Йигит томоқ қириб олди.
— Зулфизар!
 Қиз бепарво, ўгирилганча ишида давом этди.
— Зулфизар, сизда гапим бор.
Дамир бу сафар овозини баландлатиброқ гапирди. Қиз ҳамон жим, қиртиллатиб сабзи тўғрайверди. Гўё у йўқдек. Йигитнинг қони гупириб кетди.
— Майли, қарамасангиз қараманг. Лекин мен… бир қарорга келишим керак. Биласиз, ота-онам анчадан буён уйлаймиз, деб қисташади, кўнмайман. Ўзларича қўшни қизни кўзлашяпти. Аммо мен… фақат сизни дейман! Ўша курсдошинг бор қиз бўлса, бугуноқ совчиликка жўнаймиз, деб қисташяпти. Бу ёқда энам касал, «тўйингни кўрсам», деб сарғайиб ётибди. Биргина сўзингиз, Зулфизар! Ҳеч бўлмаса умид беринг, қанча десангиз кутаман!
Қиз айни шу пайтда сабзини тенг иккига бўлди, тахтакаш тарақлаб кетди. Пичоқ гўё ошиқ қалбини қоқ ўртасидан тилиб ўтди.
— Шунчаликми энди? Бир қайрилиб қарашингизга ҳам арзимадикми?
Йигит қизнинг елкасидан маҳкам ушлаб ўзи томонга қаратгиси, кўзларига тикилиб туриб, сўрагиси келди: «Ҳа, денг? Ҳеч бўлмаса, кут денг?!»
Зулфизар кутилмаганда қайсидир қўшиқни узуқ-юлуқ хиргойи қила бошлади. Дамирнинг вужуди музлаб кетди — бунча хор қилмаса?
— Демак, тамом экан-да? — деди у изтироб билан. Сўнг, яна баланд овозда қўшиб қўйди: — Бўлди, бошқа ялинмайман сизга! Ҳеч қачон!
Сўнг шартта бурилиб, хонасига кетди. Шериги йўқ эди. Ўрнига юзтубан ташлади-да, ёстиққа юзини босди…

* * *

…Зулфизар сабзи тўғрашни тугатди. Сўнг қуриб, хурпая бошлаган сочларини тутамлаб орқага йиғиштирди-да, қулоқларидан «наушник»ни чиқариб олди…
Хонасига кириши билан Нодира саволга тутди:
— Хўш, жавобингни айтдингми?
— Келдими? – кўзлари порлаб кетди Зулфизарнинг.
— Сўраганди, ошхонада девдим. Қараб тур-да, ҳозир кириб келади Мажнунинг.
Зулфизар майин жилмайди. «Тавба, — ўйлади у, — шунча йил ортимдан соядек эргашиб юриб, охири кўнглимни олди-я. Қандай қилиб унга боғланиб қолдим, Худо билади. Кўргим келаверади. Севги деганлари шу бўлса керак…».
Орадан кунлар ўтди. Йигитнинг дараги йўқ. Қизнинг вужуди қулоққа айланган – эшикнинг таққиллашини кутмоқда. Назарида, унинг эшик чертишлари ҳам ўзгача эди. Бир пайтлар асабини таранг қилгувчи ўша товуш энди қизнинг дил торини қўшиб чертар, бу садосиз ҳаётини тасаввур қилмоққа ожиз эди. Келади, ҳозир келади… У хаёлчан дераза ёнига борди. Қўшни ётоқхона деразаларидаги бир хил пардалар паришон хилпирайди, икки бино орасидаги торгина йўлак кимсасиз. Гўё бутун дунё кутяпти.
Ногаҳон… йўлакда каттагина сумкасини орқалаганча шошиб кетаётган Дамир кўринди. Зулфизар бир муддат унинг ортидан лол бўлиб қараб турди. Қаёққа кетаяпти? Шунча юк билан… наҳотки қишлоққа? Нега кетади? У-чи?!
Қизнинг кўксида бошланган ғалаён бир лаҳзада ҳайқириққа айланди: “Дамир!” Аммо томоғига нимадир тиқилиб, овозини ўзидан бошқа ҳеч ким эшитмади. У кетди.
Оқшомда Нодира гап топиб келди: Дамир ҳеч ким билан хайрлашмай, қишлоққа кетворганмиш. Қизнинг юраги орқага тортиб кетди — наҳотки, энди уни сентябргача кўрмаса? Қандай қилиб…
Зулфизарга таътил татимади. Кун санаб, кузни кутди. Йигитдан бирон-бир мужда бўлмаса-да, умидини сўндирмади. Ахир олдинда сентябр бор!
Аммо бир куни… Дамирдан почта орқали тўйга таклифнома олди…

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2015 йил 26-сон


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!