Дилором Абдураҳмон. Туташ йўллар (ҳикоя)

Биринчи йўл

Саодат бу гал ҳам чет элдан ташриф буюрган сайёҳларга йўлбошчилик қилмоқда. Самарқанд шаҳ­ри бўйлаб икки кун давом этган саёҳатдан сўнг, дастурга кўра автобус йўналиши “Меҳригиёҳ” номли фермер хўжалигига қараб йўл олди. Улар кетиб бораётган текис асфальт йўлнинг икки томони бўйлаб қатор азим кўктераклар солланиб турар, йўлнинг бир томонидаги дарахтлар тагидаги ариқда зилолдек тиниқ сув оқарди. Бу манзарани кузатиб бораётган Саодатнинг хаёлида беихтиёр болалик даври кечган қишлоқдаги ота ҳовлиси гавдалана бошлади. Кенг, жаннатмонанд ҳовли, ҳовлининг адоғида осмонга бўй чўзган баланд кўктераклар… Терак шохларида гўё ажиб мусиқа оҳангига жўр бўлаётган каби оқ ва яшил рангда товланиб турувчи раққоса барглар, теракларнинг тагидан жимирлаб оқиб ўтувчи сокин ариқ ва меҳрибон бувисининг нурафшон сиймоси кўз ўнгида бирин-кетин намоён бўлди. Қалбига ажиб соғинч ҳисларини бахш этди…
Кўп ўтмай сайёҳлар автобуси белгиланган манзил – фермер хўжалиги ҳудудига етиб келди. Хўжалик кенг ва сўлим дала бағрида жойлашган бўлиб, атрофдаги қир-адирларнинг этаги тоғларга туташиб кетган, ям-яшил боғлару узумзорлар, ер бағирлаб ястаниб ётган полиз экинлари бобо деҳқон меҳнатию она заминнинг саховатини кўз-кўз қилиб тургандек эди, гўё.
Автобусдан тушиб, ҳамма бир жойга йиғилгандан сўнг, фермер хўжалиги раҳбари – Эшбой аканинг ортидан кўзланган манзил томон пиёда юра бошладилар. Меҳмонларнинг аксарият қисми ўрта ва кекса ёшли эркак-аёллар, улар орасидаги уч-тўрт нафар йигит эса ёш мутахассислардан эди. Ранг-баранг, енгил ва қулай кийиниб олган сайёҳлар ўзлари гувоҳ бўлаётган бетак­рор манзараларни видеокамера ва фотоаппаратлар хотирасига муҳрлай бошладилар. Негадир улар кетаётган кенг йўлак бўйлаб, ўз ишлари билан турли томонга шошаётган одамлар йўлнинг яқин атрофидаги полизларда, ҳар хил юмушлар билан ғимирлаб юрганларнинг, ҳаттоки ўсмирларнинг ҳам бирортаси, худди “яна бир гуруҳ беғам, бекорчилар ай­ланиб юришибди-да”, деган каби сайёҳларга заррача ҳам эътибор қи­лишмади.
Саодат чет эллик меҳмонларга олдинда йўл кўр­сатиб бораётган алпқомат фермернинг ҳаяжон ва ғу­рур билан сўзлаб бераётганларини дам инглиз, дам француз тилига таржима қилар экан, дунё кезиб, саёҳат қилишни ният қилган бу сайёҳларнинг, уларнинг ортидан эргашганча, маълумотларни қизиқиб тинглаётганлиги, гоҳо ҳайрат билан турли саволлар орқали мурожаат қилишлари ҳар доимгидек унга завқ-у шавқ бағишлаётган эди. Эрталабдан қизий бошлаган, тик тушиб, кўзларини қамаштираётган қуёш нуридан юзини тўсар экан, уларнинг орасида тўқ пушти рангли футболка кийиб олган, сариқ, калта, жингалак сочли аёл унинг эътиборини тортди. Қотмадан келган бу аёл узун бўйнига осилган фотоаппаратнинг тасмасига миттигина, қора маймун қўғирчоқ, худди қўл-оёқлари билан ёпишиб олгандек илиб қўйилган эди. Хоним негадир ингичка қошларини гоҳ кериб, гоҳ қовоғини сола, ўзи билан ўзи сўзлашиб борарди. Фотоаппарат тасмасига илинган маймунчанинг ҳам кўзлари, лаблари ҳаракатланаётган эди.
Сайёҳлардан олдинда ўз ҳикоясига ўзи ҳам мафтун бўлиб, барваста кенг савлатига қарамай, чаққон ҳаракатлар билан одимлаб бораётган Эшбой ака кун анча иссиқ бўлса-да эгнига костюм-шим кийиб, кўйлагининг ёқасига галстук ҳам тақиб олганлиги туфайли терга тушиб кетди. Пешонасига шода-шода қалқиб чиқаётган терни артар экан, меҳмонларни йўлнинг чап томонга қайрилишида жойлашган баланд ва кенг иссиқхона томонга бошлади. Бу ер субтропик мевалар, ўсимликлар учун синов майдончаси эди.
Шу дам яна ўша зангор руҳли ажиб сабо уйғониб, Саодатнинг бўйнига ташлаб олган нафис адрас нусха рўмолини ҳилпиратиб ўйнай бошлади. Бу гал ҳам унга эътибор бермасликка ҳаракат қилар, аммо, рў­молининг камалак рангида товланиб, руҳини тилсимли бир оламга чорлаётган аллақандай сир унга тиним бермасди.

Иккинчи йўл

Йўлнинг ўнг томони бўйлаб, узунасига, чамаси ҳар ўн қадамда жойланган махсус бетон қуймалар устига ётқизилган ариқдан тошиб кетгудай сачраб, тиниқ сув оқмоқда эди. Ариқнинг нариги томонида ўсиб ётган қатор, баланд жийда дарахтлари шохларини кенг ёйганча, барқ уриб ётибди. Шу пайт Саодатнинг кўзи жийда дарахтлари соясида турган икки аёлга тушди. Уларнинг зимдан кузатиб турганлигини сезгач, хаёлидан “булар ким бўлди, бу ерда нима қилиб туришибди, нега мени кузатишаяпти экан”, деган саволлар ўтди. Ажабланиб, қайта разм солди – “Наҳотки!” Ҳа, у адашмаган эди. Уларнинг бири қадрдон бувиси, иккинчиси эса шахтёрлар шаҳарчасида қўшни бўлиб яшаган аёл – Надя холанинг ҳарир сиймолари эди. Саодат бошқаларнинг эътиборини тортмаслик учун қадамини секинлатиб гуруҳдан орқада қолди ва дийдор сари одимлай бошлади. Уларнинг руҳлари тетик ва атрофга самимий табассумла тикилиб туришар эди. Меҳрибон бувижонининг бошида оппоқ ҳарир рўмол, эгнида Саодатнинг талабалик йилларида момоларга удум бўлган – яшил рангли юмшоқ жемпер. Надя хола эса эгнига ўзига жуда ярашиб турувчи, майда бинафша гуллик оқ кўйлагини кийиб олган эди. Уларга яқинлашгач, салом берар экан, шоша-пиша ранги-рўйи, эгни-бошига эътибор қаратди. Ҳар иккаласининг ҳам чеҳраси фариштамонанд, либослари озода, уларнинг орқасида хиёл тебраниб турган жийда дарахтлари ҳам худди яқинда ёғиб ўтган ёмғир сувидан сўнг покланиб олгандек бегард, беғубор эди. Айни дамда бу ҳодисадан ажабланар ҳамда унинг хаёлидан “балки улар шу алфозда намоён бўлишиб, руҳлари тинч эканлигини билдириб, мени хотиржам қилиб қўймоқчи бўлишдимикин…” деган фикр ўтди.
Бувиси хотиржам ва бу дийдордан рози бир оҳангда бош ирғаганича, бесас саломига алик олди. Шундан сўнг Саодат ҳам эҳтиёткорона, безовта қилиб, саволга тутишдан ўзини тийди-ю, Надя холага юзланди. Шу чоғ беихтиёр илк келинлик даври, узоқ жойдан келин бўлиб тушганлиги туфайли турмуш ўртоғининг кекса момолари “мусофир келиним” дея, эркалаб чақиришлари, қўшни Надя холанинг эса, худди ўша кезларда у каби “бир мусофир”нинг кўнглини тушунгувчи, фарзандларининг гўдаклик пайтидан бошлаб унга қадрдон бир инсон, дилкаш дўст каби ёнида мас­лаҳатгўй, сирдош бўлганлиги хаёлидан ўтди. Надя холанинг айни чоғда ҳам ўша меҳр акс этиб турган очиқ чеҳрасига боқар экан, умрининг сўнгги йилларида бошдан кечирган қийинчиликлари, фарзанд доғидан чеккан азиятлари ёдига тушиб, “нариги ёқ”даги ҳаёти қандай кечаётганлиги тўғрисида билгиси келди. Баланд, бетон ариқнинг бериги томонидан туриб салом бергач, унга асосий билгиси келган савол ила мурожаат қилди:
– Надя хола, тўғрисини айтинг, ҳаётингиз у томонда яхшимиди ёки бу ёқдами?
У эса, оҳиста оҳангда:
– Если честно, мне здесь лучше…, – деди. Унинг бундай жавобидан кейин Саодатнинг дили алланечук ўртаниб кетди, айни чоғда кўнгли ҳам ёришди.
Икки меҳрибон аёлнинг орқасида тўсиқ парда ка­би қалин, бир-бирига туташиб ўсиб ётган жийда да­рахтларига кўзи тушар экан, ҳайрати янада ортди. Чунки ястаниб ётган баланд бўйли жийда дарахти шохларининг ярмида ақиқ рангли шода-шода мевалар ғарқ пишган, дарахтнинг ярми эса хушбўй таратиб, энди қийғос гулга кирган эди…

Учинчи йўл

Телефон жиринглади:
– Надя холангиз оламдан ўтиб қолди, – деди овсини Шарофат.
– Нега, қандай қилиб?!
– Соғлиги яхши эди. Эрталаб хабар олай, деб борувдим, дарвозасини очмади. Ўзим амаллаб, очиб, ичкарига кириб қарасам, шундай эшигининг олдида ерда узала тушиб ётган экан. Куз ҳавоси, айниқса кечаси анча совуқ бўлиб, ёмғир ёғиб ўтганди. Ташқарига чиқиб, йиқилибди-ю, негадир қайтиб ўрнидан туролмабди. Шу ҳолатда жони узилган экан. Қўшниларни чақириб, маҳаллага хабар бердик, тез ёрдам, ички ишлар ходимлари ҳам келишди.
– …Лёва амаки билан учрашиб, маслаҳат сў­рангизлар. Удумлари бўйича ҳамма керакли нарсаларни тайёрлаб берингизлар. Биз етиб борамиз, – деди Саодат.
Узоқ йўл хаёл суриш, хотирлаш учун қулай.
Машина рулини бошқариб бораётган турмуш ўртоғи:
– Бир куни Надя хола мени ёнига чақириб:
«…баъзан эшитиб қолаяпман, ёлғиз қолиб кетганларни тобутсиз кўмишаётган эмиш. Бир кор ҳол бўлиб қолса, илтимос, мени тобутсиз кўмишларига йўл қўйманг, мен тобутсиз кўмилишдан жуда қўрқаман”, – деб қолди.
Шунда мен ҳазиллашдим:
– Бабуля, аввало кўп яшанг. Хотиржам бўлинг, ҳар қандай шароитда ҳам беш-олтита тахта топилар. Мабодо, бирор сабабга кўра топилмай қолса, анави хонангизнинг тўрида савлат тўкиб турган шифонерингиздан ясатаман сиз айтаётган нарсани. Бу шифонерни қанчалик яхши кўришингизни биламан. Қаранг, қандай кўркам, ўзиям ялтиллаган тобут бўлади, деган эдим. У менга бир нафас тикилиб қараб қолди-да, сўнг биргалашиб роса кулишдик. Шунда у:
– Раҳмат, мен сизларга ишонаман, сизлардан мин­натдорман, – деб қолган эди бечора…
Надя хола билан бир ҳовлида яшовчи кенжа қи­зи икки тоғдек ўғли билан бирга, Россиянинг ал­лақайси узоқ жойига кўчиб кетишди. Ҳовлининг ярмини сотиб, қолган қисмида Надя холани “касалманд, йўлга чидамайди”, – дея ёлғиз қолдириб кетишди. Бу шаҳарчада яшовчи тўнғич қизи ҳар замонда, унинг ёнига бир келиб, нафақасини сўрар, қўлга илинадиган бирор нарса топиб беролмаса, уни хафа қилиб кетар эди.
Баъзан Надя хола невараларини соғиниб, эсга олар, уларни опичлаб юргани, энди тилга кириб айтган илк сўзлари, пилдираб қадам ташлаб, юриб кетганларини айтиб, гоҳо кўзига ёш оларди. Сўнг, “на чора, мен қизларимга барибир ўгай она эдим-да”, – дея ўзини юпатишга ҳаракат қилар эди. Гўдаклигидан боқиб, катта қилган набиралари, лоақал йил давомида бир марта телефон орқали бўлса ҳам бувисининг ҳолини сўрашмасди.
…Қўшнилар унинг оламдан ўтганлиги тўғрисида шу ердаги қизи орқали Россияга – қизи ва невараларига хабар беришибди. Неваралар эса айни пайтда шароити йўқлиги туфайли, келолмаслигини айтишибди.
Улар машинада узоқ йўл юриб, ниҳоят уйлари жойлашган кўчага киришганида, Надя холанинг уйи дарвозасидан одамлар кириб, чиқиб туришарди…

Тўртинчи йўл

…Ёмғирли куз оқшоми. Туни бўйи тинмай увлаётган кучугидан хабар олай, дея ташқарига чиққан Надя холанинг боши айланиб, қоқилиб тушди. Қон босими кўтарилиб кетган эди, ҳарчанд ҳаракат қилмасин, ўрнидан туролмади. Ҳовлининг яқинида кенг қулоч ёзиб, ҳар йилгиданда кўп мева солган кекса ёнғоқ дарахти-ю, ёмғир остида мевасининг кўплигидан шохлари ерга эгилиб қолган қадрдон нок дарахти ҳам унга ёрдамга келолмади. Чунки дарахтлар илдизи билан ерга маҳкам боғлаб қўйилган эди. Улар шундай, турган жойларида ночор тикилиб туриб, бекаси билан видолашишди. Надя холанинг кучуги эса дам дарвоза томонга қараб югурар, дам унинг кўйлагидан тортқилаб, юзи, қўлларини ялаб, ёрдам кўрсатишга ҳаракат қилар эди. Аммо, ҳаракатлари бефойда эканлигини сезиб, увлаб қолаверди. Тонгга яқин ёмғир тўхтади. Надя хо­ла эса кўзини қайтиб очмади.
…Хонанинг ўртасида, гуллар билан безатилган тобут ичида сиймосидан илиқлик таралиб, уйқусидан уйғонолмаган Надя хола ётибди. Саодат ҳарчанд тикилмасин, унинг тиниқ, хотиржам юзларида ўлимга тегишли, совуқ аломатларни топмади. Суҳбатлари дилкаш, беғубор қалбли, озода ҳаёт кечирган, беозор Надя хола сўнгги дамларда ҳам унинг хотирисида шундай чиройли ҳолатда муҳрланиб қолди.
Лёва амаки ва аёли томонидан айтилган расм-русумлар ичида оркестр иштироки ҳам бор экан. Сўнгги йўлга кузатиш пайтида таралаётган оркестр садолари йиғилганларга гўё дунёнинг баъзида кўз ил­ғамас ҳикматларини қайта ёдга солиш, кимларнингдир қалбида милтираб турган баъзи ҳисларни қайта уйғотиш, бепарво дилларни эса ҳушёрликка чорлаган каби, секин, мунгли янграй бошлади. Мусиқа нолалари остида Надя холани олиб кетишди.
Мўъжаз ҳовлида Надя холанинг кучуги ёлғиз қолди.

Чорраҳа

Тушларида ярми ақиқ рангда шода-шода мева солган, ярми эса чаман бўлиб қийғос гуллаб тургувчи ажиб жийда дарахтининг майин ва сирли ифори Саодатнинг димоғига келиб урилди…

«Ёшлик» журнали, 2015 йил, 2-сон.