Эваристо Карриего (1883-1912)

Эваристо Карриего (Evaristo Carriego) — Аргентинадаги ўз даврининг етакчи шоирларидан бири. Буэнос-Айрес ҳаёти тараннум этилган кўплаб шеърлар муаллифи. “Бидъатчилар ибодати”(1908), “Гузаримнинг қўшиғи”(1911), “Дала ҳовлилар қалби”(1913) каби китоблар муаллифи.

УЙИМИЗ ЙЎЛИ

Уйимиздаги
Бир азиз нарсамиз каби,
Йўлакка соя солган
Баланд дарахтларнинг
Кунгурадор гумбазлари мисол,
Болаларнинг шўху шодон фитналари,
Эски қадрдонларнинг
Қадрдон чеҳралари,
Тун бағридаги пинҳоний учрашувлар,
Сирли шивирлар сингари,
Эски шарманкадан таралиб –
Чарос кўзлари ғамгин
Қўшни аёлни титроққа солгувчи
Сийқаси чиққан арзанда куйдай
Биз учун қадрли бўлдинг, йўл.
Биз сени азалу абад
Бошга кўтаргаймиз,
Биз сени севамиз,
Уйимиз йўли.
Бунда ҳамма нарса
Қўзғар хотиримизни.
Бундаги ҳар бир тош,
Ҳар бир ғишт
Биз энди,
Эҳтимол,
Ҳеч қачон
Қайта эшитмайдиган
Қадрдон қадам товушларин
Сақлар бағрида.
Биз кўп бора,
Ҳа, жуда кўп бора
Ўпганим юз каби азиз бўлиб кетгансан,
Уйимиз йўли.
Билиб қўй,
Шунчалар қадрдонмиз!
Кўзимиз ўрганган,
Қарийб ўзгаришсиз,
Ҳар оқшомги
Одатий ҳолатлар бу аслида.
Мана,
Анави қиз,
Камтар ва сўзсиз,
Қайлиғини кута-кута
Сўлиб бораётган,
Тобора қариб бораётган
Ўша сарвиноз.
Кутилмаган учрашувлар,
Кутилмаган нимарсалар ҳам
Рўй берар баъзан.
Соҳиби хонадонлар
Нотаниш чеҳралар,
Бегона кимсаларни
Бўсағадан кузатишар жим.
Кутилмаган айрилиқларга ҳам
Ўзинг гувоҳ бўласан баъзан,
Уйимиз йўли.
Кимдир
Номаълум томонларга йўл олар
Сен билан ҳам хўшлашмай, ҳатто.
Одамлар кетади…
Ҳамсоялар кетар.
Ҳамдардлар,
Ҳамнафаслар…
Қайтмас бўлиб кетарлар бари.
Тасаввур қилиш қийин.
Лекин,
Қанчалар даҳшатли бўлмасин,
Кун келиб
Қайгадир кетамиз биз ҳам жим.
Барча
Илгари кетганлар сингари,
Биз ҳам сени абадиян
Тарк этармиз,
Уйимиз йўли.

СИР

Бор дунёни унутибсан-ку…
Аллақачон сенга бегона
Фортепьяно қанотларида –
Қалбингнинг бир парчасин гўё –
Қолдириб кетибсан кундалигингни.
Тортинчоқ, маъсума бир қизнинг
Ички дунёси –
Ҳар бегона кўздан асраган –
Яширин сирларига
Кўзим тушиб қолди дафъатан.
Эҳтимол,
Энг яқинларинг ҳам
Қизиқиш билдирмас
Бу дафтарчага.
Лекин, мен барибир
Бир сирни очмасман,
Яъни,
Кундаликнинг ҳар бетида
Менинг исмим
Қайд этилганин
Ҳеч кимга айтмасман,
Ҳеч кимга.
Осмонларда учиб юрибсанми,
Хаёли
Сочлари каби паришон санам?
Тезроқ қайтгин.
Кундаликни қолдирдим мен
Фортепьяно қанотларида.
Тайинли жой – шу!
Ҳаҳ, гўзал қиз!
Ваҳ, содда сулув!
Бор дунёнгни унутибсан-ку…

Рус тилидан Яҳё Тоға таржимаси