Самуил Маршак (1887-1964)

Маршак Самуил Яковлевич (1887.22.10, Воронеж — 1964.4.7, Москва) — рус шоири, 20-аср рус болалар адабиёти асосчиларидан.
Маршакнинг «Жек қурган уй», «Болалар қафасда», «Аҳмоқ сичқонча ҳақида эртак» шеърий китоблари 1923 йилда нашр қилинган. Маршак 1933 йилда «Мистер Твистер» ҳажвий памфлетини яратди. «Номаълум қаҳрамон ҳақида ҳикоя» романтик достони (1938)да янги давр қаҳрамонларининг жасорати ифодаланган. «Ҳарбий почта» (1944), «Ҳар хил рангли китоб» (1947), «Йил бўйи» (1948), «А дан Я гача завқли саёҳат» (1953) шеърий китобларида болаларнинг ўзига хос табиати, адабиёт ҳақидаги фалсафий фикрлари ўз ифодасини топган. Унинг «Ун икки ой», «Ақлли асар», «Мушуквойнинг уйи» эртак-пьесалари машҳур.
Маршак «Ҳаёт бўса-ғасида» автобиографик қиссаси (1960) ва «Тарбиявий сўзлар билан» мақолалар тўплами (1961), «Танланган шеърлар» (1962) асари муаллифи.
Асарлари ўзбек тилига таржима қилинган.

ТЕНТАК ОВЧИ ҲАҚИДА ЭРТАК

Бир қуш тўрга илинди,
Жажжи — муштдайин.
Овчи унга таъкидлар:
— Ўлиминг тайин.

Бечора қуш ялинар:
— Шафқат қил, ахир.
Танам патдан иборат,
Гўштим йўқ — тақир.

Қўйиб юбор, сен учун,
Соз бўлар фақат.
Эвазига айтаман
Учта маслаҳат…

Овчи ҳайрон боқади:
— Қўйсанг-чи, ҳайхот!
Тавба, бизга дарс берсанг,
Сен митти наҳот?..

Овчи шу пайт энг тотли,
Ўйларга борди.
Оқ йўл тилаб, қушчани,
Қўйиб юборди.

— Менинг насиҳатимни,
Қунт қўйиб тингла.
Бой берган нарсангга
Асло ачинма.

Тасдиқлар қушнинг сўзин:
— Бой берган омад
Ортга қайтмас, фойдасиз,
Афсус-надомат.

Қуш шивирлар: — Қизишма,
Шукур қил доим.
Ўтган ишга саловот,
Бўлсин илойим.

Ўтган ишга, саловот
Бўлсин илойим.
Шукронага етказсин,
Бизларни доим.

Ва ниҳоят, жўн сўзга,
Алданиб қолма.
Мўъжиза бу — афсона,
Сира ишонма.

Овчи дер: — Бу гапда ҳам,
Маъно зиёда.
Рўй бермайди мўъжиза,
Ёруғ дунёда.

— Ўгит учун минг раҳмат,
Учгин узоққа.
Бироқ, яна айланиб,
Тушма тузоққа,

Шоҳга қўниб қушча дер:
— Тентак экансан.
Алдаб нима гапирсам,
Шуни дегансан.

Қиммат ўлжа тўрингга
Тушган чоғда мен.
Сўзимга лаққа тушиб,
Қолдинг доғда сен.

Қорним тўла хазина,
Гўлсан, албатта.
Олмосим бор, тухумдан
Икки бор катта.

Овчи эса аламда,
Қашир бошини:
— Мен лақма бўшатибман,
Сени шошилиб.

Қушча шохда ўтирар,
Баландмас бироқ.
Энди бундай бойликка,
Етиш мушкулроқ.

Овчининг кўзи кўкка,
Боқишдан толмас.
Эҳ, қани қушча билан,
Тушсайди олмос.

— Кел, пастга тут, ҳой, қушим,
Қиз қилиб олай.
Икковимиз дўст бўлиб,
Қолдик ҳар қалай.

Сени тилло шохчага
Қўндириб аста.
Сўнг, ардоқлаб боқаман,
Олтин қафасда.

Қушча жавоб қайтарар:
— Тентаксан роса.
Чиқармадинг гапимдан,
Ҳеч бир хулоса.

Маслаҳатим учун сен,
Қўйиб юбординг.
Кўп ўтмай ўз ишингдан
— Аттанг, — деб қолдинг.

Мен олисга учмоққа,
Чоғланмай алҳол,
Ўз фикрингдан қайтдинг-а!?
Ўйланмай дарҳол.

Тентак овчи гап мағзин,
Бир чақиб кўрсанг:
Наҳот олмос жуссамдан,
Каттароқ бўлса…

ТОВУҚНИНГ ФАЛСАФАСИ

Икки яшар кўр каламуш,
Дўнгга чиқиб дардин айтар:
— Қизиқ, нега деҳқон барвақт,
— Яшнаб турган ерни ҳайдар?..

Гул, лолага бурканувди,
Бу ер шудгор бўлгунчайин.
Бойчечаклар қолгани йўқ.
Қизғалдоқлар мажруҳ, майиб.

— Тўғри айтдинг, — дейди қарға.
Майса бизга яшил гилам.
Ўйлаб-нетмай одамлар ҳам,
Ерни ҳайдар қўшлар билан.

— Сўнгра, шошиб дон-дунларни,
Шудгор узра сочиб ташлар.
Ёоз куйинар — буғдой увол,
Бу қилиғи дилни ғашлар.

Экилган дон бўйин чўзар,
Пайкал яшнаб кўкаради.
Суғур: — Соз! — дер, Сичқон қўллаб,
Бошин дадил кўтаради.

Арпаларга ўроқ тушиб,
Хампаланди буғдой тезда.
Дала яйдоқ, ғариб бўлар,
Зерикасан бундай кезда…

— Аҳвол қалай? — Ҳа, бир нави,
Сичқон Жўрга луқма ташлар,
— Турмуш оғир, емиш танқис,
Тўрғай, Суғур ҳасратлашар.

— Деҳқон арпа, буғдойларни.
Мошинларга ортиб берди.
Қоплар тўла ҳосилларни,
Тегирмонлар тортиб берди.

Товуқ эса ажабланар
Инсон зоти қилган ишга.
— Донни сочиб тупроқ, тошга,
Бизни қўяр ғирт ташвишга.

Бир илтимос, азиз дўстлар,
Ушбу шеърда мантиқ ҳам бор.
Бу товуқнинг фалсафаси,
Унга тақлид қилманг зинҳор…

ЭШИКНИ ЁП!..

Байрам олди тун алламаҳал,
Уй бекаси ғимирсир ётмай.
Пиширарди сомса, бўғирсоқ,
Ўзи ундан еб кўрмай, тотмай.

Ташқарида кеч куз ҳукмрон
Қуруқ шамол изғийди ғир-ғир.
Чол чориғин ямаркан шошмай
Дер: — эшикни ёпсанг-чи, кампир.

— Ундан бошқа ишим йўқми, чол
Тамбаланг-чи, Сиз ҳам бир сафар.
Ёпилмасдан ордона қолсин,
Менга деса юз йилга қадар.

Сену менга боришди ҳатто,
Қани тушса уларнинг шашти.
Чол шартини айтмагунича
Кампир вайсаб, роса баҳслашди.

— Жим бўл хотин, сўзимни эшит,
Ким биринчи гапирса агар.
Ўша одам ғиринг демасдан,
Дарҳол туриб эшикни ёпар.

Чурқ этишмас чол билан кампир,
Қани вақтга бўлса етиниб.
Ўчиб бўлди ўчоқда ўт ҳам
Соат эса чопар бетиним.

Шу зайлда хуфтон ҳам бўлди.
Эшик очиқ турибди ҳамон.
Симсиёҳ тун, икки бегона,
Уйга кириб келди шу замон.

— Ким бор уйда, — сўрар меҳмонлар
Худди биров атай кутгандай.
Сукут сақлар чол билан кампир,
Бамисоли толқон ютгандай.

Бир чеккадан сомсани еди,
Парво қилмай икковлон “дайди”.
Яхна товуқ гўштин туширди.
Уй бекаси ғиринг демайди.

Чекиб кўриб бобой носидан,
— Жуда зўр, — деб мақташди қаранг,
Қолгани йўқ хумда мусаллас
Чол ва кампир ҳамон гунг, гаранг.

Неки бўлса ўмариб улар
Остонага қўйишди қадам
Ва ҳовлидан чиқмай туриб дер:
— Сомсаси хом экан мунча ҳам.

Жони чиқиб сўзлар кампиршо,
— Йўқ-йўқ сомса хом эмас ҳеч бир.
Чол бурчакдан сўзлар мардона:
— Тур, эшикни ёпсанг-чи, кампир…

 
ОВУЛДОШЛАР

Овулдошим камбағал чол,
Жамғармасин санади.
Сўнгра бозор илинжида,
Хуржунни ҳам ямади.

Пайтаванинг орасига
Ақчасини ўради.
Тошкўчалик мумсик бойдан,
Эшагини сўради.

Бойлар учун баҳона кўп.
Ўтирмас режа тузиб:
— Берар эдим, жоним билан
Қочибди арқон узиб.

Суҳбат етмай поёнига.
Ажиб садо янгради.
Қўрғондаги отхонада,
— Қайсар эшак ҳангради.

Чол имлаб дер: — Сену менга,
Таниш улов оҳанги.
Гапинг ёлғон эканлигин,
Исбот қилди бу ҳанги.

Бой ғудранар: — Ёлғон сўздан,
Наҳотки топсам фойда?
Шу эшакка ишондингиз,
Ахир, мен турган жойда.

Чол йўлма-йўл бой шаънига,
Нордон “олқиш” отарди.
Овлоқ ерда семиз қўзи,
Кавш қайтариб ётарди.

Демак, офтоб толиқтириб,
Тўдадан олислабди.
Ёш-да, бардош беролмаган,
Элитган қуёш тафти.

Сиз ҳам бундай ҳангомага,
Гоҳо гувоҳ бўласиз-а…
Чол кўзини боғлаб қўйди,
Келтириб қўрасига.

Бой андармон излаттирди,
Чорбоғнинг сўлу соғин.
Кейин чолнинг ҳовлисидан.
Сўроқлар қўзичоғин.

— Бу ерда йўқ, ўша қўзинг,
Қидиргин бошқа ёқдан.
Балки қуёш тафтига у,
Дош бермай боши оққан.

Бой ортига қайтиш учун,
Шайланган эди шу чоғ.
Қўра ёқда бирданига,
Маъраб қолди қўзичоқ.

Ўдағайлаб, чолни сўкиб,
Бой юлқинар дам-бадам.
Пинак бузмай оқсоқол ҳам,
Жавоб айтар хотиржам.

Ҳой бойвачча, нафи тегмас,
Энди шовқин, овозани.
Кўзи эмас, менга ишон, —
Дея ёпди дарвозани.

ЮК

Юкларин топширди бир хоним
Диван,
Жомадон,
Қопчиқ,
Картина,
Кажава,
Қутича.
Қутида барча жамул-жам,
Ҳаттоки кичкина кучук ҳам.
Хонимга беришди шу заҳот,
Тўрт яшил қоғозни бус-бутун,
Бу ишонч-далолат демакдир.
Шу юкларни олгани учун.
Диван,
Жомадон,
Қопчиқ,
Картина,
Кажава,
Қутича.

Қутида барча жамул-жам,
Ҳаттоки кичкина кучук ҳам.
Уларни перронга келтириб,
Бирма-бир вагонга ташланди.
Хоним хотиржам, юклар жамул-жам:
Диван,
Жомадон,
Қопчиқ,
Картина,
Кажава,
Қутича.

Қутида кичкина кучук ҳам.
Кутилмаган қўнғироқдан чўчиб,
Қочиб қолди вагондан кучук.
Бош бекат ходимлари шошиб,
Қарашса кучук кетибди қочиб.
Улар юкни санар қайтадан:
Диван,
Жомадон,
Қопчиқ,
Картина,
Кажава,
Бўш қути.

— Ўртоқлар! Қайда қолди кучук?!.
Сўроқлашар ранг-рўйи ўчиб…
Қарашсаки битта Олапар,
Ёилдиракнинг ёнида турар.
Уни ушлаб, келтириб дарҳол,
Қутичага жойлашди алҳол.
Диван,
Жомадон,
Қопчиқ,
Картина,
Кажава,
Қутича.

Кучукнинг ўрнида Олапар-ку, нақд,
Етиб келди поезд ҳам барвақт.
Кўзланган манзилга, белгили ерга,
Хонимнинг шаҳрига — Житомирга
Юк хаммолга бўлди рўпара,
Яъни ўн бешинчи нўмирга.
Диван,
Жомадон,
Қопчиқ,
Картина,
Кажава,
Қутича.

Сал орқароқда Олапар.
Ит беҳосдан қолди ириллаб,
Хоним: — Вой-дод! — деди чириллаб.
— Муттаҳамлар! Миршабни чақир!
Бу ит бошқа насилдан, ахир!..
Жомадонни, ирғитиб хоним,
Сўнг диванни тепиб юборди.
Қопчиқни,
Картинани,
Кажавани,
Қутичани,

Бир четга суриб,
— Кучугимни топасан! — дея,
У хаммолнинг қошига борди.
— Узр, хоним! Станцияда,
Ёзилган — квитанцияда
Сиздан қуйидаги юклар олинган;
Диван,
Жомадон,
Қопчиқ,
Картина,
Кажава,
Қутича.

Барчаси қоғозда жамул-жам,
Хаттоки кичкина кучук ҳам.
Житомирга келгунча, демак,
Ит улғайган бўлиши керак…

ШОҲ ВА ЖАНГЧИ

Шоҳ ва жангчи тортишарди:
— Ким ардоқли, қадрли?!.
Башарти туз бўлмаганда,
Озиқ-овқат татирми?

Подишоҳ дер: — Каминанинг,
Қадри баланд ва катта.
Жангчи айтар: — Эл билади,
Улар холис, албатта.

Оқшом икков чиқиб келди,
Кўркам, оппоқ саройдан.
Сўнг бурилди қирол билан
Парад ўтгувчи жойдан.

Рўпарадан чиқиб қолди,
Шу пайт оддий бир чўпон.
— Юрт учун ким ардоқли, — деб,
Ундан сўрар икковлон.

— Гапда мантиқ бўлган кезда,
Тортишув ҳам татирли,
Бир-бирига боғлиқ бўлмай,
Яшаса ким,
Дангал гапим,
Фақат ўша қадрли!..

— Шоҳсиз яшаб бўларми, айт?!.
Жангчи деди: — Йўқ, асло!
Агар қўшин бўлмаса-чи?!.
— Йўқ! — дер қирол — Мутлақо!..

Русчадан Турсунбой Адашбоев таржималари


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!