Баҳодир Аҳмедов (1967)

Баҳодир Аҳмедов – 1967 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Москва Давлат университетининг физика факультетини тамомлаган, физика фанлари номзоди. Шоирнинг рус тилида “Шар сукунати” китоби нашрдан чиққан. Шеърлари “Мўъжаз ипак йўли”, “АRK 3”, “Малый щёлковый путь”, (Ташкент, 2007), “Анор – Гранат” (Москва, 2008), “Аннотированный Каталог” (Ереван, 2009) жамоа тўпламларида чоп этилган. Бир неча йил Буюк Британияда яшаб ижод этган. А.С.Пушкин номидаги Халқаро мукофот совриндори.

ҲАЁТ ҚОИДАЛАРИДАН

Кимсасизликни асранг,
Вақт ортидан юрманг эргашиб.
Абадият-ла дийдорлашсин сиз кечган ҳаёт.
Ўтмиш қаъридан келаётиб,
қолдира кўрманг қақир-қуқурингизни.
Китобларингизни изтироб қопига жойланг.
Назокатни авайланг – асқотади кексайган маҳал.
Унутманг фақат,
исталган куни
сафар қилишингиз мумкин
ўзга маконга.

* * *

Тилсизлигим – дарахтлар гунглиги, куйган чақмоқлар…
Борлигим ранг-баранг, шишадаги сувратлар каби…
Толиқди мендаги дунё, йўлин йўқотган зиёратчидай…
Жон берар сўзларим дунёга келмай…
Шамолга сўз қотдим – қўлларимнинг бўшанг имоси,
Одамларга қолар мени тингламаслик имкони…

* * *

Ёмғирлар-ла дўстлашди феврал
Ўрганяпман томчилар тилин.
Эзгин шаҳар тўлдириб борар
Қароргоҳи йўқ одамларнинг.
Маъноларнинг узуқ иплари.
Яшасайдим то кўкламгача!
Тушлар харид қилиш ҳақдаги
Эълонларни ювади жала.
Артар увоқ сўзлар бўёғин
Очилади кулранг оҳанглар.
Унда митти ҳақиқат мўл-кўл,
Йўқдир фақат бизларнинг ранглар.
Қўлларини узатар феврал,
Бир меҳр ахтарган гадодай.
Ҳаёт яна ўз чизиғида,
Қололмасман унинг четида.

* * *

Тўқиб олдим мунгли қувончни
Сукунатга дўнар кунларим.
Энгашади ойнада умид,
Кузатганча хазонлар рақсин.

Ўзимга мен ҳаёт тўқидим,
Очиқ якун қолмади унда.
Томошага чоғланиб ёмғир,
Муз ойнани чертади тунда.

Балки йиғлар, жилмаяр балки…
Бўшлиқ томон учади бирдай.
Самоларга қўл силкир шоир
Жон берётган ёзги ёмғирдай.

* * *

Ҳаёт – мазмун базми,
Чопаётган ниқоблар бир-бири билан
Қувлаб кетаётган бўшлиқни
ҳамда вақтнинг бурама сими.
Бу оқшом
совуқ ҳамда ёт ниқоблардан
ҳар ким излар ўз қиёфасин.
Ҳайқишар, байрам охирлашидан
мусиқанинг узилишидан,
бўғиқ сукунат қаърига
йўл олган
Кўз юмаётган қайиқ
мисоли…

* * *

Олам қорли. Чети, охири
кўринмайди, ялт-юлт оқликлар.
Очиқ китобида дунёнинг
Брайл ҳарфи каби турибди уйлар.

* * *

“Назокат”ли шамол ром этар.
“Қайғу” деган осмон қўлимда.
Нафис қуёш қирғоғин ўпиб,
Чарақлайди кунлар йўлимда.
Учсам, ҳадсиз-ҳудудсиз парвоз…
Сукутимнинг тушмас қаърига.
Жисминг қандай сочишини нур
Кўрсам, туни ойна олдида.

Исминг хушдир, ширин чайқалган
Тиллоларнинг уюми каби.
Табассумли сўзларингдан сўнг,
Кириб келган сукутинг майин.

Сенинг учун бўлгим келади,
Ҳовучингда само дил силкир.
Уни қачон юзимга боссам,
Кун тубига кўз ёшлар қулар.

* * *

Тунда ташриф буюр, биласан,
Гул жимлиги сочган чиройни.
Чангли йўллар кесишувида
Бўм-бўш ғурур, чайқалган – ойни.
Келгин, англай оларсан балки,
Йўлим тушмас қорли изларга.
Жимжитликлар яна жамланар,
Тилим боғлиқ, етмас сўзларга.
Ташрифинг-ла қувонтир, тунда,
Сукутингдан таралган сасдай.
Йиллар ўтган сари тиниққан
Олисдаги овозларингдай.

* * *

Менинг шеъриятим – сукунат
Озодлигим – хомаки ёзув.
Дерзамни чертар изтироб
Бўғизимда қичқириқ – сулув.
Ортимдадир алдамчи ҳислар
Сўзлар кирмас маъно тилига.
Ёруғлик ва соя сувратин
Чизаяпман Сомон йўлига.

* * *

Қумларни безарди суврат билан у,
Елларга бахш этиб шаффоф бир олам.
Тилга кирган соғинч одимларида
Сирли балиқ ёди таралар мудом.

Асрларга ўтиш йўлин илғарди,
Само бўлишмасди тонг ва оқшомни.
Елкасига олиб мағриб шамолин,
Булутларга сафар қилди бир куни.
Сувратлар порлайди қум денгизида,
Каттаю кичикни сим-сим чақириб.
Саболар эртаги узундан-узун
Сирли дунёларнинг кўнглин тўлдириб.

Ўша мусаввира сўқир ва ғариб…
Денгиз шивирларин тинглаб ёдида.
Оққушлар ахтарар нигоҳи ёниб,
Ғамнинг излари бор қанотларида.

* * *

Тонгда етишмасди ҳаво рангли тош.
Намозшомда тақчил кўк-мовий туслар.
Настарин рангини кундуз топмадим.
Тунда тўлиб-тошар қирмизи-олов.
Фақат ўхшаши йўқ дақиқаларда
ҳар бир ранг
юракка яраша эди.
Шунда
уваланган мувозанатга
оппоқ сукунатнинг лаҳзалари
дея ном қўйдик.
Ён-верида турар эди Бахт
ҳадисини олди юракка
оёқ учида кириб боришнинг…

Рус тилидан Гўзал Бегим таржималари