Иоганнес Бехер (1891-1958)

Бехер Иоганнес Роберт (Johannes Robert Becher; 1891.22.5, Мюнхен — 1958.10.11, Берлин) — немис ёзувчиси.
Дастлабки асарлари экспрессионизм ғоялари билан суғорилган. «Ҳаммага» (1919), «Доимий қўзғолонда» (1920), «Худо номи билан» (1921) асарларида спартакчиларнинг қаҳрамонлигини куйлаш билан инсонга хос яратувчиликни ва адолатсизликка қарши кураш ғояларини улуғлайди.
Бехернинг реализмга интилишлари босқинчилик урушларини қораловчи «Люизит» (1926) романида яққол ифодаланган. У фашизмга қарши адабий ҳаракатда муҳим ўрин эгаллайди.
1933-45 йилларда муҳожирликда яшайди. «Бахт изловчи ва етти гуноҳ» (1938), «Аср ўртасига қадам» (1958) ва бошқа шеърий тўпламлари; «Видолашув» (1940) романи бор. Бу романи ўз биографияси асосида ёзилган. «Тажрибалар» (1951— 57) маданият муаммоларига бағишланган.
Халқаро мукофот лауреати (1952).

ЛЮБЛИНДАН КЕЛГАН БОЛАЛАР БОШМОҚЧАЛАРИ

Бу судда кўп далиллар, аммо
Уларни ёдингда сақлагин доим.
Бошмоқчалар залда бўлганда пайдо,
Ҳакамлар турдилар бош эгишиб жим.

Гувоҳлар ортидан келар гувоҳлар,
Балки эшитилди судга ҳам элас,
Болалар олисдан айтган видолар —
Мотам кўшиғидан таралган бир сас.

Бошмоқлар зал бўйлаб ташлайди одим,
Лентадай чўзилиб, қатору қатор.
Жиддий зал ичида сукунат ҳоким.
Фақат эшитилар видолар — оҳ-зор.

Уларга кимлар йўл кўрсатди экан,
Ким буён чорлади бу намойишни?
Баъзиси қоқилар полга дам-бадам,
Ҳали ўрганмаган оёқ қўйишни.

Баъзиси нафасни ростламоқ бўлиб,
Қатордан чеккага чиқади бир дам.
Сўнгра кўз ёшлардай сафга тизилиб,
Оҳу фиғон аро босгани қадам.

Суд ёнидан ўтар уларнинг сафи,
Бари шошибгина ташлайди қадам,
Ҳаводай енгилдир ҳамма-ҳаммаси —
Ҳаммаси ғаройиб, ғалати бирам.

Чармдан, барқутдан, шоҳидан безаб,
Зарҳал иплар билан тикилган рангин —
Меҳрибон бувалар байрамга сийлаб,
Дўмбоқларга қилган совғасимикин?

Бири ярқирайди — тўқаси пўлат,
Ипак пўпаклари ёнади гулгун.
Бири узоқ йўлда чеккан кўп заҳмат,
Ёмғир қамчисига чидаган беун.

…Бола ва онаси… Аёзли оқшом.
Ойнаванд дўконлар порлар муҳташам.
«Туфли олиб беринг менга, онажон,
Қаранг, у нақадар иссиғу ихчам.»

Ғуссали жилмайиб онаси дейди:
«Пул йўқ. Пулни қайдан оламиз, болам».
Мана, бебахт йиртиқ бошмоқлар энди
Зар аро имиллаб машаққат билан —

Митти пайпоқларни судрайди нигун,
Токи зулмат ичра бўлгунча абас.
…О, бу қалбни ўртар намойиш нечун,
Нечун мотам куйи таратган бу сас…

Бошмоқлар ўтмоқда бесон-бесаноқ,
Катор-қатор келар, тугамас сафи.
Бирининг ичида борар қўғирчоқ,
Бўм-бўш бошмоқ сузар қайиқча каби.

Мана, яна келар ўзга бир жуфти:
Қачонлардир беғам бу икки бошмоқ,
Кўча-йўлкаларда тепишиб тўпни
Чопарди биридан-бири ўзароқ.

Ўрмалаб кирар бир ёлғиз бошмоқча,
Ҳамроҳини излаб ҳарён жовдирар:
Йўлнинг қор-совуғи бўлди ортиқча —
Кўплар етолмасдан музлаб қолдилар.

Суд залига кирар сукунат сақлаб,
Бир жуфт азоб тортган, ҳориган шиппак.
Улар чарчаганлар — ёмғирда яхлаб,
Аммо бунда ҳозир бўлдилар бешак.

Беуйлар, беморлар фарзандларининг
Ботинка, этигу, бошмоқчалари…
…Яланг оёқ улар қайга кетдилар.
Қаерда уларнинг оёқчалари?!

Ғуссали ҳукмни ўқийди ҳакам,
Ҳалок бўлганларга айтади видо.
Олислардан эса таралар мотам
Кўшиғидан кўчган армонли нидо.

…Тонгда қочар экан немислар шошиб,
Қолдириб кетдилар бошмоқ тўла қоп.
«Эгалари қайда?» сўрадик очиб,
Шунда бошмоқчалар бердилар жавоб:

…Зулматгоҳ вагонлар бизни ютдилар,
Тун аро қичқирди паровоз. Кетдик.
Масофалар элас сузиб ўтдилар.
Қоронғу кечада манзилга етдик.

Турфа юртлар эди бизларга макон,
Қисмат ҳаммамизни йиғди бирпасда.
Йўл азоби кўпни қўймади омон,
Баъзилар колдилар юра олмасдан.

Онам нола қилди: «Ахир, уч ҳафта…
Ўзингиз ўйланг-чи… Йўлмас, машаққат…
Гўдакларга овқат керак, албатта!»
Ит билан келди бир амаки фақат:

«О-ҳо! Қанча одам! Жуда ажойиб:
Овқат берилади ҳаммага шу зум.
Зарра ташвиш тортманг, бу ер ғаройиб…»
Осмонга ўрларди қоп-қора тутун.

«Қаранг, сизлар учун печкалар ёқдик,
Шамоллаб қолгандир гўдаклар йўлда.
Совуққан дўмбоқлар, олмангиз ҳадик,
Люблинда иссиқ ҳам ўрганган қўлга!»

Бир немис холанинг олдига бордик,
Сукут сақлаб турдик қаршисида жим.
«Энди, миттижонлар, оласиз ҳордиқ.
Туфлиларни ечинг, болажонларим.

Вой-буй! Нима учун тўкмоқдасиз ёш,
Ҳозир ўрмон узра (уфққа қаранг!)
Илиқ кунни судраб чиқади қуёш,
Шунда қулай бўлар югурмоқ яланг.

Бу ерлар шунақа — кетади ёниб!
Келинг, санаш-санаш энди ўйнаймиз.
Мен аввал сизларни санайин, қани…
Бир, икки… ўн… ўн беш… эллик… тўқсон… юз…

Йиғламанг, кўзингиз бўлади абгор,
Ёшингизни артинг, қўзичоқларим.
Мен эртакдан тушган холаман — тайёр,
Фариштаман, сизлар қўғирчоқларим.

Уф! Юзни бекитмоқ нақадар уят!
Бекор тиз чўкдингиз, қарғайсиз ноҳақ.
Туринг! Қўшиқ айтинг, ўқиманг оят,
Каранг Люблин узра ёнмоқда шафақ».

У қўшиқ куйлади ўйнаб минг кўйда,
Яна бир санади қўшиқлар айта…
Ловуллаган шафақ туғилган уйда
Бизни учинчи бор санашди қайта.

Йўл кўрсатди қора либос одамлар…
Гўдаклар нидоси бўғизда қотди.
…Ўша кун болалар пойафзалларин
Кимлардир бепарво кузовга отди.

Бунда қонли «юмуш» битади осон!
Бараклар, лагерлар — барчаси барҳақ.
Печкаларда эса тинмайди бир он —
Кеча-кундуз ёнар гермонча шафақ.

Қабридан қурбонлар бир кун тик туриб,
Қонхўрлардан агар сўрасалар хун,
Ўша бошмоқчалар биринчи бўлиб,
Гермон тупроғига кириши мумкин.

Қаро туннинг қаро қўйнида кезиб
Эзгуликнинг жажжи қасоскорлари,
Топади уйма-уй, юртма-юрт юриб,
Кўли қонга ботган жаллоднинг барин.

Залларга киришар, ертўлаларга,
Ҳатто томларга ҳам ташлайдилар кўз.
Жаллодлар ўзларин кўради дорда
Бошмоқчалар келса шундоқ юзма-юз.

Шу маҳал Ватаним узра ҳақиқат
Ёғдуси ярақлар мисоли тонгдай…
…Ҳавода учади ғамгил муножот,
Олисда гўдаклар йиғлар пайдар-пай…

Қотиллар оламга фош бўлди, аён,
Ваҳшийлик аталди улар қилмиши.
…Кўзимиз олдидан кетмас ҳеч қачон
Бошмоқларнинг залга кириб келиши…

СЕНИНГ СЎЗЛАРИНГ БИЛАН

Мен сўйладим сенинг сўзларинг билан,
Менда давом этар улар жаранги.
Қалбимда лабингдан учган минг оҳанг,
Ҳатто ажратурман жимлигинг рангин.

Лаҳзада англадим нимнигоҳингни,
Оламга тикилдим нигоҳинг-ла тик.
Кездим болалигин ойдин роҳини,
Умримиздан аввал биз бирга эдик.

Олисга боқурман кўзларинг билан,
Етганда ҳам ҳижрон — даҳшатли кадар.
Сенинг сўзларингни такрор айтурман:
«Хайр, жон олгувчи висолга кадар».

КОРОНҒУ ТУШМОҚДА БЎЛМАСДАН ЕТТИ…

Коронғу тушмоқда бўлмасдан етти…
Демак, ёз келмоқда, демак, қиш кетди.
Уйланма, чироқни ёққин, ошнажон!
Уйларга чўкдирмоқ зулматга амал,
Ўзинг ёғдуларсиз ўлтирган маҳал
Зулмат ҳақиқатни айтмас ҳеч қачон.

Бизни нурли қуёш айлаганда тарк,
Қувончни қайғудан қилолмадик фарқ.
Менга ёғду керак! Гар бўлса равшан,
Кўрасан эгридан тўғрини айри,
Недир эзгулигу ёвузлик зайли,
Қайда юксаклигу қаерда тубан.

Теграмда айланар чархи кажрафтор,
Уни англаш учун менга нур даркор,
Адашмаслик учун… Чироқ, ёниб тур,
Юраклар ланг очиқ тунги суҳбатда,
Ҳамсуҳбатим юзин кўрай, албатта,
Қандай оғиз билан гапираётир?

Менга кўрсатинглар унинг қўлини!
Оғизмас, тил айтар одам кўнглини
Қувончда, иқрорда, ё изтиробда.
Қўллар суҳбатига бир дам қулоқ тут,
Талвасада ўзин гоҳ айлар унут,
Гоҳо интилади сенга шитоб-ла!

Зулумот — қўрқувдан ясанди қопқон,
Ёғду — жабрлардан қутқазувчи шон.
Мана, сиз, юлдузлар, кеча қўйнидан,
Милтиллаб бошимдан қуяркансиз нур,
Ўзимга боқаман — кўзим ёнадир.
Бир қудрат қўзғолур шунда кўнглимда.

Нур бўлмаса соат еттида ҳам тун.
Ахир, умр ўтиб кетиши мумкин —
Кўзгуга тун ёпди пардасин маҳкам.
Чироқ ёқа қол! Бу ишда сен ҳақ!
Минглаб кўзгуларга аксинг тушган вақт,
Ўзинг ҳақиқатга айланажаксан.

Усмон Азим таржималари

ШОИР ВАСИЯТИ

Йиллар ўтиб, олға интилган мағрур –
Умрим ниҳояси етиб этса лол.
Сени шарафлайин сўнг бор Она-ер,
Рухсат бергил, кейин қучоғингга ол!
Нутқлар керакмас қабрим ёнида,
Бир қўшиқ бўлса бас, тингласалар жим.
Узатсалар ерга айни субҳидам,
Токи чалғимасин ишидан ҳеч ким.
Ному саналарни шартмас қайд этмоқ,
Сен эса, суюклим, тиз чўккил унсиз.
Жумбоқ эдинг, фақат мен ечган жумбоқ,
Йўқотмаган нарсам ўзингсан ёлғиз.
Кимки эътиқод-ла ўзини севмиш,
Билмас, кўз юмганин сезмас ҳеч ким ҳам.
Эй, вақт, номинг нима?
Номи – унутиш!
Ўзин унутганлар энг бахтли одам.

Олмон тилидан Носир Муҳаммад таржимаси