Рафаэль Алберти (1903-1999)

Рафаэль Алберти (Rafael Alberti) 1903 йили Испаниянинг Пуэрто де Санта Мариа шаҳарчасида (Андалусия) дунёга келди. Унинг шеърий тўпламларии: «Ердаги денгизчи» (1924), «Фаришталар ҳақида» (1929), «Узоқ ҳаётга қайтиш» (1953).
Бундан ташқари Алберти 1925 йили «Ердаги денгизчи» тўплами учун Испания адабиёт совринини қўлга киритади. Испаниядаги фуқаролар урушидан сўнг у Аргентинада паноҳ топади. 1977 йили Испанияга қайтиб, то умрининг охиригача шу ерда истиқомат қилади. Рафаэль Алберти 1999 йилнинг октябрида вафот этади.

ДЕНГИЗДАГИ БУҚА

(Йўқолган жўғрофий харита ҳақида ўйлар)

Бу ўлкани шундай деб
атардилар қадимдан.
Қара, буқа териси
кўринади баҳрдан.
Гўё мовий уммонга
бошсиз жасадин суқа,
ялпайганча ётибди.

(Зангори ўлик буқа.)

* * *

Биласанми, бу ўлкада
донли тўлқинларда сузсанг бўлади.
Фақатгина кимсасиз,
жимлик оқимига ўзингни ташла.
Шимолдан жанубгача қуруқлик бўйлаб
қонли тўлқинларда сузиб кетарсан.

* * *

Пўртаҳолзор, боғ эди ўлкам,
денгиз ювиб турадиган боғ,
тиришқоқ занглар ўлкаси эди,
зайтунзорда ўйнаган титроқ.

Қўнғир бўлди питра дўлидан,
тоб ташлаган терига дўнди.

* * *

Кошки йиғлаб, кўнгил бўшатсанг.

Қушқўнмасу ғазанда ўтлар,
хандақларда музлаган балчиқ,
этик ечиш ҳақда ўйлама.

Аскар ҳалок бўлган лаҳзада
деразани ланг очиб, ё раб,
додлаворди муштипар денгиз
ўғлонининг расмига қараб.

Кошки сўзлаб беролсанг буни.

* * *

Мендан икки қадам нарида ўлим,
сендан икки қадам нарида ўлим.
Мен уни пайқадим,
сен-да пайқадинг.

Қоқарди ҳамманинг дарвозасини,
бақирар ҳамманинг қулоқларига.
Овозин эшитдим,
сен-да эшитдинг.

Бироқ у атайлаб иккимизни ҳам
кўрмагандай ўтди наридан.

* * *

Бир қишлоқи аскар,
ўспирин бир аскар орзу қиларди —
мабодо бир куни уруш тугаса,
қаллиғимни олиб келардим,
бир кўрсайди пўртаҳоллар гуллаганини,
тушига кирмаган денгизни кўрсин,
кемаларни, қайиқлардан яйрасин дерди.

Бир куни уруш ҳам тугади.
Зайтунлардан қон томар,
далаларда ёйиларди қон.

* * *

Тамакининг тумандай тутунидан кўринар
фаранг дарёсининг юзаси,
илашар мойбўёқли сувўтларига
чпқиндилар, синиқ нарсалар.
Аммо кўринмайди деразалардан
на испан дарёси, на теракзор испан йўллари.

Қўлларимни солайми совуқ суюқ балчиққа,
қўлларим-ла тўсайми.
Сассиқ лойқа қусаётган бу қувурлар оғзига
муштларимни тиқайми.
Бироқ кўринмайди деразалардан
на испан дарёси, на теракзор испан йўллари.

Янги шилинган тери парчасига қарайман,
бир парча буқа терисига,
тери билан сузади чўккан додлар шарпаси
сузар, сузар денгнзга, бўм-бўш денгизга.
Аммо кўринмайди деразалардан
на испан дарёси, на теракзор испан йўллари.

Эй, парча тери, эй дарёда сузган дарбадар,
сенга тикилган чоғимда
томчилашини унутган кўзёшларим тўсатдан
оқаверар дарё каби, дарё каби.
Аммо кўринмайди деразалардан
на испан дарёси, на теракзор испан йўллари.

* * *

Шўрлик буқа! Бир куни турасанми
бошингни тумандай чулғаган хобдан.
Ҳайдайсанми сўналарни кучли думинг-ла,
чайиб салқи қовоқларни денгиз сувида,
қарайсанми аввалгидек тетик ва мағрур.
Қон қусиб ётибсан,
зулмату қўрқувдан эзилиб,
тинмай бўкирасан,
кутасан тонгнинг қизғиш шуъласи
тунни қоқ иккига бўлар пайтини,
кўтарасан найзалардай мугузларингни.

Бугун эса заррин чағалайлар-ла
тасодифан ўрмонлару далалардан учиб келгап
меҳмон қушлар галасп мугузларинг узра
аянчли нолалардан чамбарлар тўқир.

Мойи сирқиб оқаётган,
пачоқ бўлган хампалардан оққан қондай шаробга
бўкиб кетган жонсиз қирғоқларинг бўйлаб
дельфинларни миниб ўтлар чўккан боларлар.
Сен тобора кўзларимдан узоқлашасан,
орзу қолар, умид қолар менинг бағримда —
денгиз узра бир кун юксалар, дейман.
порлаб қолар дейман қуёш, ою юлдузлар
бу ўжар буқанинг буқрасида.

* * *

Ҳали оёққа туриб, яна исён қиласан,
ёввойи ҳамда қайсар, шохларинг санчиб кўкка,
майсаларни топтайсан, адирларга ўрлайсан,
тирилган, яшил буқа.

Шунда барча қишлоқлар
йўлларидан қочиб кетар сен билан кўришгани.
Қадларин ростлаб қолар букчайган дарёлар-да,
чиқажак ер қинидан ирмоқлар ханжарлари,
шодликдай гулласин деб қуриган дарахтларнинг
жони йўқ панжалари.

Шунда барча қўйлар
чўпонлардан қочиб келар сен билан кўришгани.

Денгизлар юва туриб сени шарафлар,
яна эркин ўтлайсан тоғлар, водийлар аро,
эркин буқа, тағин сен ўз ҳолингга қайтасан,
ўз-ўзингга ҳукмдор.
Шунда барча йўллар
шаҳарлардан қочиб келар сен билан кўришгани.

ЧЕТ ЭЛЛИК

Тилим, айтгин, ўзга элларда
менга қандай ёрдаминг тегар?

Бир ютим сув бўлсайди кошки.

(Чет элликми? Нима сўрайди?
Сувми? Қани, эшикни беркит:
Кун кўзидан яшир булоқни.)

Бир бурда нон бўлсайди кошки.
(Чет элликми? Нимага вайсар?
Қорни очмиш? Итларни ечвор:
бир бурда йўқ ўзимизда ҳам.)

Тилим, тилим, ўзга элларда
бирор нарса сўрама асло.

* * *

Қичқирди у уйғониб тонгда,
Мен гиёҳман,
намчил гиёҳман.

Мен гиёҳман. Қат-қат япроқли
гултож бўлгум улғайганимда.

Мен гиёҳман. Сакрасам агар
Шовиллашим мумкин дарахтдай.

Мен бақириб қушга дўнаман,
Агар учиб чиқсам…

Шу кечаси нозик гиёҳнинг
овозини эшитди осмон.

* * *

Куйлаш керак дўнмоқ учун
элим гулига.

Ўтлаб юрсин атрофимда
элимнинг моли.

Кўшиғимни ёдда тутсин
элим қўшчиси.

Диққат билан қулоқ солсин
элимнинг ойи.

Чанқоғимни боссин денгиз —
элим денгизи.

Бошим узра келиб турсин
элимнинг қизи.

Ич-ичига кўмсин мени
элим юраги.

Чунки, жуда ёлғиздирман,
қара, элимсиз.

Бироқ ҳали яшамадим
бир кун элимсиз.

* * *

Очлик олиб кетар орзуни,
лек ҳамиша куйламогим шарт.

Турма тўсиб қўяр орзуни,
лек ҳамиша куйламотим шарт.

Ўлим ҳалок этар орзуни,
аммоки мен
ўшанда ҳам куйламоғим шарт.

* * *

Расм, тасвир каби уларни
мен олиб кетаман кўзларимда,—
кўзларимнинг тубида.

Мен келаман, кўзларимга боқарлар,
бирор одам сўйлар:
«Дарёлар ва отлар бор кўзларингда» деб.

Ёт уфқлар жони қолди
аста жимиди
кўзларимнинг тубида.

Эшитмаяпсизми? Олисдаги сувлар
унутилган отлар оҳиста
кўзларимдан ўтмакда.
кўзларимнинг тубидан.

* * *

Бугун олиб келди менга булутлар
учар харитасин Иснаниянинг.
Бу харита дарё узра мунчалар кичик,
мунча улкан яйловларга
тушган сояси.

Харитадан тушган кўланка
ёпди йилқи уюрларини,
бу соя тагидан изладим.
қишлогимни, уйимни отда.

Мен ҳовлига кирдим, бунда қачондир
фавворадан сув отиларди.
Гарчи ўзи бўлмаса ҳамки
шарқиради тинсиз фаввора.
Гарчи унда сув бўлмаса ҳам
чанқоғимни қондиради сув.

БУ ГЕНЕРАЛ

— Мана, келди генерал,
Генералга не керак?
— Яроқ сўрар генерал.
— Яроқ йўқдир, генерал.
Генералга не керак?
— Бир от сўрар генерал.
— От қолмади, генерал.
Генералга не керак?
— Жанг қилсам, дер генерал.
— Энди жанг йўқ, генерал.
Генералга не керак?
— Ўйнаш сўрар генерал.
— Энди ўйнаш бўлмас, генерал.
— Бир бўчка май беринг, дейди генерал.
— Бўчкаям, май ҳам йўқ энди, генерал.
Генералга не керак?
— Бир бўлак яхна гўшт сўрар генерал.
— Энди сўқимлар йўқ, генерал.
Генералга не керак?
— Озгина ўт есам дейди, генерал.
— Энди ўтлар йўқ генерал.
Генералга не керак?
— Бир қултум сув сўрар генерал.
— Энди сув йўқ, генерал.
Генералга не керак?
— Каравотда ухлаволай дейди, генерал.
— Энди каравот ҳам, уйқу ҳам йўқ, генерал.
Генералга не керак?
— Ерга кириб гумдон бўлай, дейди генерал.
— Энди ер қолмади, генерал.
Генералга не керак?
— Ҳеч бўлмаса итдай ўлай дейди, генерал.
— Энди ит қолмади, генерал.
Генералга не керак?
Генералга не керак?
Генерал қотиб қолди шекилли.
Генерал нес бўлиб қолди шекилли.
Генерал ўлди шекилли.
Афсус, минг афсус-а ҳатто ит каби —
Ўлолмасдан ўлди генерал.
Қайтадан генералсиз яшай бошлайди дунё.

Испанчадан Шавкат Раҳмон таржималари

ЙЎҚОЛГАН ТАРОҚҚА ҚАСИДА

Ухла, ухла, севгилим,
Қувноғим,
Қайда қолди шишадан
Ясалган ул тароғинг?

Ул шишадан ясалган
Тароғинг йўқ энди,
Ухла,ухла,севгилим,
Унинг ранги кўк эди.

Ухла,ухла,севгилим,
Титроғим,
Йўқолди кўк шишадан
Ясалган тароғинг.

* * *

Истайманким, кулмасанг дейман,
Қошга сурма сурмасанг дейман,
Чаккангга гул илмасанг дейман,
Зангор кўйлак киймасанг дейман,
Қизил шалвор киймасанг дейман.

Истайманки,гулмас,кул бўлгин,
Қора кийгин,қайғуга тўлгин.
Кўзларингдан боқсин доим тун,
Кўзларингда бўлсин доим мунг.

СЕВГИЛИМ

Менинг ёрим бўларсан,
Фақат ёрим бўларсан.

Севган қизим бўларсан
Сен мен учун, эй жонон.

Аммо билгин мен сенга
Уйланмайман ҳеч қачон.

* * *

Агар кетсам йироққа,
Агар кетсам, ёр,

Кетсам-да, соғинмасам
Мен сени, дилдор,

Шамоллар келиб қучар
Ва мени сен томонга
Шамоллар олиб учар.

* * *

Уйғон, жоним, тонг отма, уйғон,
Келиб чўм тун дарёсига, ёр.

Симирайлик соҳилда туриб
Тонгнинг тилла салқинини, ёр –
Мен сени кутарман зор.

Мен сени кутсаму зор,
Тонгни кутмоқ шартми, ёр.

ҚОРА ГУЛ

Қора кийдим, кўзларимда ёш,
Тўртта девор ичра асира,
Юзга қора ўртук тортилган.

Ошолмассан сен бу девордан,
Тотолмассан бу лаб тотидан.
Пўртаҳолу лимулар шохи
Деворлардан турибди ошиб.
Қандай салқин бу қўл етмас боғ…

Кўзим нури ва бу олтин боғ
Насиб бўлмас сенга ҳеч қачон.

* * *

Ғам солганинг учун юракка
Доғ бўлгани учун бу кўксим,
Айлан қора калтакесакка,
Сени кўриб бақаям кўлсин.

Оромимни олганинг учун,
Тунлар дилим тилганинг учун,
Совуқ, қизил илонга айлан,
Айлан, қора қарғага, айлан.

Қамчи ханжар бўлганинг учун
Қулоғингга сўзларим етсин;
Қора денгиз девига айлан,
Токи сени ўпқонлар ютсин.

АСИРА

Ота-онанг
Сени деб ўлар,
Кеча-кундуз
Сени қўриқлар.
Уришарлар қошингга
Келсам
Ёки сенга гапирсам,
Кулсам,
Агар менга эрга чиқмасанг
Дунё ҳаром, деб сенга айтсам…

* * *

Тунда пинҳон эшикдан чиққин
Ота-онанг уйқусин бузмай
Ва зайтунзор ёққа қараб чоп.

Ҳув, зайтунзор, қўл чўзсанг етар…
Отим тайёр – жарда ётарман,
Фақатгина сени кутарман.

Қўрқма, келгин, қурсатни чўзма,
Зулмат сенга кўйлагин берар…
Ота-онанг уйқусин бузма.

* * *

Кўчаларнинг тошига
Оёғим қони томди,
Кездим
Боғинг четида,
Девор
Ёқалаб юрдим,
Уйингга кўзим тикдим –
Кўринмадинг, сен дилдор.
(Қайдасан, жоним, қайда?)
Кутганларим
Бефойда!

* * *

Бир сирдан дунё огоҳ,
Бу сирни фаррош билар.
Чегачи уни куйлар,
Дўкондорга ёш ҳаммол
Бу сирни ҳар кун сўйлар,
Шишасоз эса бошин
Ликиллатиб маъқуллар,
Гўрков хуноб: бу сирни
Ҳатто мурдалар билар…
Фақат сен билмайсан, ёр.

Хуршид Даврон таржималари

* * *

Биламанки, орзуларни очлик еб-битиражак,
Аммоки, мен аввалгидай куйлайверишим керак.

Ҳибсу зиндон умидларни унутдириб юборар,
Аммоки, мен аввалгидай куйлайверишим керак.

Ўлим орзу-умидларни ўлдиражак, эй юрак,
Аммоки, мен аввалгидай куйлайверишим керак.

Тоҳир Қаҳҳор таржимаси

ДЎСТ

Кўришиш насиб этган чоғида,
сўрашамиз икки дўст туриб ёнма-ён:
(— Қайси манзиллардан келаяпсан, сен?
— Денгиздан. Яйловдан.)

Кўришиш насиб этган чоғида,
донг қотиб сўраймиз бир-биримиздан:
(— Қандай хаёлларга банди бўлдинг, сен?
— Денгизга. Осмонга.)

Кўришиш насиб этган чоғида,
хўшлашамиз фақат нигоҳлар ила:
(— Қаерга чоғланиб, йўл олгайсан, сен?
— Денгиз сари. Ёлқин сари.)

Икром Отамурод таржимаси