Парашурам. Ким кетадию ким қолади (ҳикоя)

Боттешшор Шикдар − санъатга буткул берилган таниқли ёзувчи, бир сўз билан айтганда, адабиёт унинг касб-кори. Одатда ёзувчилик билан кун кўрадиган инсонлар муҳтожликда яшайдилар, лекин Боттешшор Шикдар бадавлат одам. У ўқувчилар озғига тушган катта-катта романлар муаллифи, кичик ҳикоялар, мақолалар, шеърлар, сайёҳатномалар каби майда-чуйда асарлар ёзишни ёқтирмасди. Унинг етти юз бетдан кам бўлган романи йўқ. Лекин ўқишга чанқоқ бенгал китобхонлари унинг асари пештахтада пайдо бўлиши биланоқ ютиб юборгудек бўлиб мук тушиб мутолаа қилардилар ва янги асарларини сабрсизлик билан кутардилар. Яқинда Шикдарнинг олтмиш беш ёшга тўлган куни шоҳона нишонланди. Кунларнинг бирида Боттешшор эрталаб ўз ишхонасида чой ичиб ўтирарди. Шу пайт хонага нотаниш кимса кириб келди.

− Исмим Прийоброто Рай, − деб ўзини таништирди истараси иссиқ йигит. − Менга беш дақиқа вақтингизни ажрата оласизми?

Кийинишидан у камбағалга ўхшамасди. Боттешшор уни ўтиришга таклиф қилиб, стулни кўрсатди.

− Ўтир, − деди ёзувчи, − ҳойнаҳой, бирон журнал чиқаришни мўлжаллаётган бўлсанг керак, нима, бирон нарса ёзиб беришимни истайсанми? Сени огоҳлантириб қўяй, майда-чуйда нарсалар ёзишга ҳушим йўқ. Маслаҳат олишни истасанг, марҳамат, бу хизмат ўн рупий бўлади.

− Йўқ, йўқ, мен бунинг учун келганим йўқ, − шошиб деди Прийоброто Рай. − Илтимос, менга айтинг-чи, “Прогамини” журналида босилаётган “Ким кетадию ким қолади” романингизни қачон тугатмоқчисиз?

− Олти-етти ойларда тугатсам керак. Нега сен бу ҳақда сўраяпсан. Романим сенга ёқяптими?

− Ажойиб роман ёзибсиз, қаҳрамонлари худди тирик одамдек кўз ўнгингда жонланади. Бу асарингиз мени жуда қизиқтириб қўйди, шунинг учун сил касаллар шифохонасида даволанаётган Олока тузалиб кетадими ёки йўқми, шуни билгани келгандим. − Прийоброто бу сўзларни ҳаяжон билан айтди. Мухлисини ҳаяжонга солган бу сўзлар Боттешшорга жуда ёқиб тушди.

− Буни аввалдан сенга айтишимга ҳожат йўқ. Асарнинг давомини ўқиганингда билиб оласан, − деди у жилмайиб. − Аввалдан айтиб берсам романга бўлган қизиқишинг сўнади.

− Сэр, илтимос, Олокани қутқариб қолинг, − қўлини кўксига қўйиб илтижо қилди Прийоброто.

− Ана холос! Қаҳрамоннинг изтиробини юрагингга бунчалар яқин олмасанг? Ўқувчиларга китобдаги воқеаларнинг яхшилик ёки ёмонлик билан тугаши ҳам бирдек ёқаверади. Мен сенинг буюртманг бўйича ёзолмайман. Агар сен хотимаси яхшилик билан тугайдиган китобни ўқишни хоҳласанг “Кураш” асаримни олиб ўқи.

− Илтимос, сэр, − деди Прийоброто синиққан овозда.

− Эсинг жойидами сени? Бор, миямни ачитма, сенга жавоб қиладиган ишларим кўп, Олоканинг ташвишини қилмай қўя қол, яхшиси, ўзинг даволан. Эс-ҳушинг жойида эмасга ўхшайди.

Ранжиган Прийоброто бошини қуйи солганча аста чиқиб кетди.

Кечқурун соат тўққиз яримда Боттешшор овқатланиб олмоқчи бўлганида телефон жиринглаб қолди. У гўшакни кўтарди:

− Сизга ким керак? Ҳа, мен Боттешшорман. Ким сўраяпти?

− Ассалому алайкум! Мен доктор Шонжиб Чатуже бўламан, − деган овоз келди гўшакдан. − Мен сиз билан гаплашиб олишим керак. Эрталаб соат саккизда ёнингизга борсам, сизни безовта қилмайманми?

− Келаверинг, − деди Боттешшор. − Ўзи нима гап?

− Сэр, учрашганимизда тушунтираман. Яхши ётиб туринг!

Боттешшор доктор Шонжиб Чатуже ҳақида эшитгани эсига тушди. У икки йил аввал Англиядан қайтиб келганди. Ҳали ёш, айтишларича, яхши жарроҳ, обрўси баланд экан.

Эртаси куни эрталаб доктор Шонжиб белгиланган вақтда ёзувчиникига етиб келди.

− Салом, сэр. Қимматбаҳо вақтингизни қадрлайман. Бор-йўғи ўн дақиқа вақтингизни оламан. Истеъдодингизга гап йўқ. Мен “Прогамини” журналида босилаётган “Ким кетадию ким қолади” романингизни назарда тутаяпман. Уни мамлакатимиздаги барча одамлар катта қизиқиш билан мутолаа этяптилар. Сиз адабиётимизнинг буюк намояндалари бўлмиш Шорот Чатужени ва Тарашонкорни, Бонофул ва Прободха Шоннелни йўлда қолдириб кетдингиз.

Боттешшор мамнун кулиб қўйди.

− Эшитишимга қараганда ишингиз ниҳоятда кўп экан. Менинг асарларимни ўқишга қачон вақт топасиз?

− Бадиий асар ўқишга жуда қизиқаман, шунинг учун вақт топаман. Ҳаммаёқда − ҳатто бизнинг тиббиёт клубимизда ҳам фақат сизнинг романингиз ҳақида баҳслашадилар. Яқинда мен бир қариянинг чуррасини операция қилган эдим, биласизми, оғриқни қолдирадиган уколдан сўнг, у дабдурустдан ўрнидан туриб: “Қандай ажойиб-а бу Олока!” деб қўйди. “Соғайиб кет, Олока!” Менинг қариндошларим ва дўстларим Олоканинг соғлиғидан хавотирланишяпти. Сиз бахтли одамсиз. Ҳамма бир оғиздан, “Боттешшор Шикдар замонавий адабиётнинг буюк намояндаси” деб айтяптилар. Ҳатто уста ҳикоянавис Дамодор Ношкорни у билан тенглаштириб бўлмайди деяптилар. Энди эса мен ўз илтимосимни айтмоқчиман. Бу нафақат менинг, балки дўстларимнинг ҳам илтимосидир: Олокани тезроқ тузатиб юборинг. У шифохонадан соғлом бўлиб чиқсин, эшитяпсизми? Мутлақо касалдан фориғ бўлсин! Унинг эри Хемонтор − бадавлат одам, шунинг учун ҳеч бўлмаса уни даволатгани Симлага олиб борсин. Уч ойдан сўнг у уйига соппа-соғ қайтиши керак.

− Бунинг иложи йўқ, доктор Чатуже, − эътироз билдирди Боттешшор, ­− ­роман фожиа билан тугайди: Олока вафот этиши керак.

− Бундай деманг, жаноб! Олока албатта соғайиб кетиши керак! Сил касалига чалинганларнинг ҳозирги замондаги даволашларида тўқсон фоизи соғайиб кетяпти. Уни яхшилаб даволанг, керакли муолажалар­ни −­ сульфидин каби уколлардан белгиланг унга… бу борада мен дўстим Борал билан маслаҳатлашиб ҳам олдим.

Борган сари бу кабиларнинг қадам ранжида қилишлари Боттешшорнинг асабига тега бошлади, кеча бир ақлдан озгани келган бўлса, бугун иккинчиси ташриф буюриб турибди. Уни уришиб ҳам бўлмайди. Доктор Шонжиб ҳурматли одам. Унинг мақтовлари ва бемаъни маслаҳатларидан қутулиш учун Боттешшор роман қандай якун топиши ҳақида унга сўзлай бошлади.

− Доктор Чатуже, − деди у. − Олока тирик одам эмаслигини, балки бор-йўғи роман қаҳрамони эканлигини унутманг. Агар мен уни асраб қолсам, унда асаримнинг мазмун-моҳияти йўқолади. Шунинг учун Олока ўлиши керак, орадан икки йил ўтгач, Хемонтор беш йилдан бери уни кутиб юрган Шорбори исмли қизга уйланади.

Доктор Шонжиб ўзини тутолмай столга мушт туширди:

− Бемаънилик бу! − дея хитоб қилди у. − Бундай бўлиши мумкин эмас. Олоканинг эри фақат унга тегишли, ҳеч ким уни тортиб ололмайди.

− Сиз Шорборига яхшилаб қаранг-чи, у ҳар жиҳатдан: ҳусн-тароватда ҳам, меҳр-муҳаббатда ҳам, саломатликда ҳам Олокадан устун. Агар шунча кутишдан сўнг Хемонторга тегмаса, унинг юраги бунга дош беролмайди.

− Дош бермаса бермас. Айтганча, юрак ёрилишидан ўлиш осон эмас. Юрак жуда ҳам мустаҳкам матаҳ. Агар мазаси қочиб қолгудек бўлиб қолса, дигитали, аминофилин, келлини қабул қилсин, кўкрагига борнийдан компресс қилсин ва бошқа-бошқалар. Сизни ишонтириб айтаманки, унга ҳеч нарса бўлмайди. Уни соғлиқни сақлаш вазири Ражкумар Амрита Каур ҳузурига жўнатинг. У Шорборини соғайтириб юборади.

− Асарим ва хаёлимда яратган персонажлар тақдири сизни қизиқтириб қолгани мен учун жуда қувонарли ҳол. Лекин сиз ҳам ёзувчининг аҳволини тушунишга ҳаракат қилинг. Биз ҳам комедия, фожиавий асар ёзишимизга тўғри келади. Инсонга хос барча изтироблару шодликларнинг бари Худодан, у ҳам инсонни ўз паноҳида асрайди, ҳам турли балоларга гирифтор этади. Халлоқи олам бу дунёни шундай яратганки, бири келиб, бири уни тарк этади. Биз ёзувчилар ҳам бу ишда унга эргашамиз. Тўғри, ғам-алам чекишни ҳеч ким истамайди, аммо уни китобда ўқиб, ҳис этиш жуда ҳам  қизиқ. Ана шунинг учун ҳам буюк шоирлар Ситани, Индумотини, Офелияни, Дездемонани яратганлар. Биз ҳам Эгам каби доимо шафқатли бўла олмаймиз.

− Шундай дейишга уялмайсизми? Яратган Эгамга тақлид қилиш мумкинми? Яратган Эгам ночор, шунинг учун ҳам у шафқатсиздир. Тушуняпсизми? У сичқонга раҳм қилса, унда мушук оч қолади, агар балиқ, товуқ, эчки, қўйларга раҳм қилса, сиз билан биз ҳам озиқ-овқатдан маҳрум бўламиз. Агар у инсонга раҳм қилса, унда микроблар ўлади. Аксинча бўлса − инсон ҳалок бўлади. Шунинг учун у одамларга: “Иложи борича шафқатли бўлинглар, олий қонун бу ахимса[1] эканлигини унутманг”, деган. Сиз бўлсангиз ёзувчилигингизни ниқоб қилиб олиб, инсонни ҳалок қилмоқчисиз. Ахир шундай қилиш мумкинми? Ўз вақтида Вальмики, Калидас ёки Шекспир фожиавий асар ёзган бўлса нима бўпти? Бизнинг асримиз − Ганди асридир. Кимдир фожиавий асар ёзади ва ундан роҳатланадиганлар бор. Улар − тубан, шафқатсиздирлар. Одамларнинг ғам-аламлари шундоқ ҳам етарли, яна уларни ғамга ботиришнинг нима кераги бор? Сиз оптимистик руҳдаги асарларни ёзинг, одамларни йиғлатманг. Сиз қаламингиз билан одамларни яратиш, асраш ва йўқотиш мумкин дейсизми? Йўқ, сиз Шикдар-мошай, Олокани омон сақлаб қолишингизга тўғри келади! Шерлок Холмс ўлиб кетганди, аммо китобхонлар хоҳиши билан уни ҳаётга қайтардилар. Нима учун бундай қилиш сизнинг қўлингиздан келмайди?

Ниҳоят, Боттешшорнинг сабр-косаси тўлди.

− Кечирасиз доктор Чатуже, мен фикрингизга қўшилмайман. Биз ёзувчилар сизнинг соҳангизга, яъни тиббиёт соҳасига аралашмаймиз-ку, нега сиз менга ақл ўргатяпсиз? Умуман, бировнинг ишига аралашиш яхши эмас!

− Йўқ, бу бировларнинг иши эмас, – ўрнидан сапчиб туриб кетди доктор Шонжиб. − Шифокорнинг бурчи одамларнинг ҳаётини сақлаб қолишдан иборат, шунинг учун менинг муқаддас бурчим − инсонни ҳалок этмоқчи бўлиб турганларида унга қаршилик кўрсатиш, майли, билганингизни қилинг, аммо шуни билиб қўйингки, содиқ ўқувчиларингиз сизни лаънатлайдилар. Ҳатто қилган жиноятингизнинг жазосини у дунёда ҳам оласиз. Сизни огоҳлантириб қўяй, эҳтиёт бўлинг; ҳозирги замон ёшларидан ҳар нарсани кутса бўлади. Майли, мен кетдим. Агар фикрингиз ўзгаргудек бўлса, менга хабар қиларсиз. Хайр, омон бўлинг.

Боттешшорнинг кайфиятини бир пул қилган Шонжиб чиқиб кетди.

Биринчи бўлиб йўқлаб келган мухлиси Прийоброто Рай ғалати бўлса-да, ўзини тарбияли одамдек босиқ тутган эди. Доктор Шонжиб эса телбалардек бетгачопар экан! Унинг безбетлик билан тортишишига қараганда, у маст бўлса эҳтимол. Бундай одамларга беморлар ўз тақдирларини ишониб топширадилар. Лекин у − Боттешшор бу ақлдан озганларнинг гапига эътибор бермайди ва ўз қарорини ўзгартирмайди ҳам. Лекин доктор Шонжиб таҳдид қилиб кетди. Ундан эҳтиёт бўлмоқ лозим.

Орадан уч кун вақт ўтди. Кечқурун Боттешшор юқори қаватдаги айвонда чекиб ўтирарди. Унинг бошига дабдурустдан қаттиқ оғриқ кирди. Устига-устак зинадан чиқиб-тушиш унга оғирлик қилаётганди: бўғин оғриқлари қийнарди. Хотини болалари билан синглисини кўргани кетганди. Боттешшор қаерга боришини, кимга юрагидаги гапларни тўкишни билмасди. “Қани энди дўстларимдан биронтаси келиб қолса эди”, дея хаёлидан ўтказди у.

Шу тобда уйдаги хизматчиси ёнига келиб, уни бир хоним сўраётганини айтди.

− Уни шу ерга бошлаб чиқ, − деди Боттешшор.

Айвонда ёши йигирма бешлар чамасидаги дўндиққина, ўзига ярашиб турган кийим-бош кийиб олган ёқимтой бир аёл пайдо бўлди. У тиз чўкиб, ёзувчининг пойини тавоф қилди.

− Нима қиляпсиз? Қўйинг-қўйинг! − дея уни тўхтатди Боттешшор. − Ким бўласиз?

− Мени танимаяпсизми? Мен − Кодомбанила Чатержи бўламан. Киноларда ўйнайман. Ҳали экран юлдузи бўлганим йўқ, кўпчиликнинг айтишича, тез орада юлдуз бўлар эканман.

− Хўш, хўш. Мен киноларга кам тушаман. Шунинг учун киноюлдузларни унча танимайман! Хўш, нима қилиб турибсиз! Ана стул, ўтиринг.

− Сэр, мен билан сенсираб гаплашаверинг.

Қиз оғзига сақич солиб чайнай бошлади. Қаршисидаги меҳмоннинг маданиятсизлигидан Боттешшорнинг энсаси қотди. “Яхшиямки, ҳузуримда чекмаяпти”, деган ўй ўтди ёзувчининг хаёлидан.

− Ўйлашимча, Кодомбанила бу сенинг тахаллусинг бўлса керак, ҳақиқий исминг нима? − сўради ёзувчи.

− Уни айтиб бўлмаса-чи? Саньяси.[2] Экран юлдузлари ҳақиқий исмларини айтишга ҳақлари йўқ: бунга устоз рухсат этмайди. Агар Кодомбанила исмимни айтиш қийин бўлса, унда мени Коду деб чақираверинг.

− Йўқ, яхшиси, исмингни тўлиқлигича айтиб чақираверай. Хўш, нима учун меникига ташриф буюрдинг?

Аёл қаддини тик тутиб, кўзларини сузганча тантиқланиб гапира бошлади:

− О, сэр, қандай ажойиб роман бошлабсиз! Мен “Прогамини” журналида босилаётган романингизни назарда тутяпман. Уни барча мақтаяпти. Одамларнинг айтишича, шу вақтгача бу каби асар яратилмаган экан. Ёнингизга сизга катта фойдаси тегадиган бир таклиф билан келдим. Агар бу асарингиз экранлаштирилса, ажойиб фильм яратилган бўлади. Лала Небучанд Нажар бунга ўн лакх[3]  маблағ ажратмоқчи. Қаҳрамонингизнинг ролини мен ижро этаман. Режиссёрликка Дебоки Бошни ёки бошқа бирон-бир машҳур кишини таклиф этадилар. Шундай қилиб, Лала-жи асарингизга ўн лакх маблағ ажратяпти. Балки унданам кўпроқ ажратишса ажаб эмас. У мени ҳам хафа қилмайди. Барчамиз сизнинг розилигингизни кутиб турибмиз.

− Қандай эътирозим бўлиши мумкин, − мамнун жавоб қилди Боттешшор. −  Бош қаҳрамонни сен ўйнашинг нур устига аъло нур. Аммо романни тугатишим учун менга олти-етти ой керак.

− Бу ёғининг ташвишини қилманг, дада[4] . Менга жуда кўп таклифлар тушган. Бу орада мен ҳам, Небучанд-жи ҳам банд бўламиз. Ҳозирча унга фақат сизнинг розилигингиз керак. Узил-кесил келишув эса ярим йилдан сўнг бўлади. Фақат бошқаларга ваъда бериб қўймасликка сўз беринг!

− Йўқ, йўқ, нималар деяпсан?

− Кўрасиз, Олока ролини қойилмақом қилиб ўйнайман. Уни жуда севиб қолдим. Фильм якунида тўлишган Олока қўлида уч ойлик ўғли билан экранда пайдо бўлганида зални қандай олқишлар босиб кетишини бир тасаввур этинг-а. Томошабинлар сизни кўкка кўтаришади.

− Ё, худойим, сен ҳам уларнинг гапини қайтаряпсанми? − деди Боттешшор. − Сизлар мени жинни қилмагунча қўймайсизлар, шекилли? Кодомбанила, менга қара, асарим фожиали тугайди. Олока ўлади. Унинг вафотидан кейин орадан икки йил ўтгач, Хемонтор Шорборига уйланади.

Ҳайратдан кўзларини катта очганча Кодомбанила:

− Э, шундай денг, сиз Олокани ўлдирасизми? Унда кечирасиз… йўқ, мен ўйнолмайман… − деди.

− Ўйнай оласан, бунга ишончим комил! Фожиали ролни қойилмақом қилиб ижро этасан.

− Йўқ, йўқ, бундай бўлмайди. Мен на ўлишга, на Олока ролини ўйнашга рози эмасман. Сиз барча орзуларимни барбод этдингиз, дада. Ёнингизга бекорга келиб сизни безовта қилибман. Унда менга ижозат беринг. Дамодор Ношкорнинг ҳузурига бораман. Унинг қўлида ниҳоятда ажойиб “Кўнгил оққуши” номли романи турибди. Ундаги Монжула исмли қаҳрамон менга жуда ёқади.

Боттешшор ҳаяжонга тушди. Бундан бир неча кун аввал бир тентак танқидчи, “Дундубха” журналида Дамодор ўз романларида аср муаммоларини кўтариб чиқаяпти, у ерда жинлар муносабати ва ижтимоий масалалар ёритилган, Боттешшор эса ҳаяжонга солувчи муаммоларни ёритмаяпти, эскириб қолган мавзуларни қайта кўтаряпти, деб ёзганди. Бу мақоладан сўнг Дамодор ҳақида гап кетса, Боттешшорнинг иссиғи чиқиб кетадиган бўлди.

− Тўхта, тўхта, − қичқирди ёзувчи титраб-қақшаб. − Ўйлаб кўришим учун икки кун вақт бер. Агар Олокани қутқариб қолсам, у ёғи нима бўлишини ўйлаб кўраман.

− Дада, ўйлаб ўтиришга вақт йўқ! Эртага мен Бомбейга кетяпман, бугун эса сизнинг жавобингизни Небучанд-жига етказишим керак.

Боттешшор бошини чангаллаганча бир дақиқа ўйга ботди-да, ниҳоят, унга розилик билдирди.

− Яхши, Олока тирик қолади, Шорбори эса ўлади. Сени ҳеч қаерга боришингни ҳожати йўқ. Кўряпсанми, Кодомбанила биз ёзувчилар авлиёларга ўхшаймиз! Қаламимизнинг учи билан яратамиз, асраб қоламиз ва ҳалок қиламиз.

Кодомбониланинг чеҳраси қувончдан ял-ял ёниб кетди:

− Раҳмат, дада. Шундай қилганингиз маъқул. Сиз ақлли инсонсиз. Пойингизни олишга рухсат этинг. Романни яхшилик билан тугашини ўйлаб топинг. Сўнгги кадрда Олока қўлида бола билан пайдо бўлишини жуда ҳам истаяпман. Хайр, яхши қолинг. Бу хушхабарни тезроқ бориб Небучанд-жига етказай.

Боттешшор Шикдар берган ваъдасининг устидан чиқди: унинг “Ким кетадию ким қолади” романи Олока учун хайрли тугади.

Романнинг чиққанига саккиз ой бўлса-да, Кодомбаниладан ҳамон дарак йўқ эди. У қизни қандай топишни билмасди, мактуб ёзай деса, манзили ҳам йўқ.

Кунлардан бир куни Боттешшор янги роман устида ишлаб ўтирганди, кутилмаганда таниш овоз эшитилди.

− Мумкинми, Шикдар-мошай?

Хонага доктор Чатуже, унинг ортидан Прийоброто Рай ва қандайдир нотаниш аёл кириб келдилар.

− Салом, сэр, − дея саломлашди доктор, − сиз бизни жуда қувонтирдингиз. Манавини таниётган бўлсангиз керак, у − “сиз ақлдан озибсиз” деган Прийоброто Рай бўлади, бу эса сиз томондан ҳаётга қайтарилган Олока.

Олока Боттешшорга таъзим қилиб, оёғи остига юпқа қоғозга ўралган катта қутини қўйди.

− Сэр, бу малпо , − деди доктор. − Олока атайлаб сиз учун пиширган буларни. Татиб кўринг, сэр.

− Ҳеч нарсага тушунмаяпман, − саросимага тушиб деди Боттешшор.

− Нега? Бу сизнинг “Ким кетадию ким қолади” романингизнинг якуни! Ҳозир сизга ҳаммасини тушунтириб бераман. Сиз кўриб турган Олока Прийобротонинг рафиқаси ва менинг қайнисинглим. У бир неча йилдан бери сил касаллари шифохонасида даволанаётган эди, дабдурустдан унинг қўлига сизнинг асарингиз босилаётган журнал тушиб қолади. У Олоканинг тақдирини ўқиб, “агар романдаги Олока яшаб кетса, мен ҳам тузалиб кетаман, агар у ўлса мен ҳам ўламан”, деган фикр миясига ўрнашиб қолибди. Биз уни қанча тинчлантирмайлик, у миясига ўтириб қолган фикрдан ҳеч қутула олмасди. Шунда унинг эри Прийоброто Рай  ҳузурингизга келишга мажбур бўлган, лекин сиз уни ақлдан озганга чиқазиб, ҳайдаб юбордингиз. Сўнг олдингизга мен келдим ва ўзимнинг панд-насиҳатларим билан сизни жонингиздан тўйғаздим. Шунда хотиним, сизлар эплолмадингизлар, ўзим бориб кўндиришга ҳаракат қиламан, деди. У ҳузурингизга келиб, сизни кўндиришнинг уддасидан чиқди. Сиз асарингизнинг сюжетини ўзгартирганингиздан сўнг бизнинг Олокамиз соғайиб кетди. Унга бир қаранг, юзидан қон томаяпти-я!

− Ёнимга келган Кодомбанила Чатержи, актриса, қаёқда қолди? − сўради Боттешшор.

− Унинг авлоди-уруғида ҳеч ким бунчалар паст кетмаган. У менинг рафиқам Онила эди. У сизни алдаган… Аёлнинг  макри қирқ эшакка юк бўлади дейишган-ку, жаноб. Ана шундай. Тирик Олокани дуо қилинг.

− Албатта, дуо қиламан, − ёзувчининг чеҳрасига табассум югурди. − Сенга узоқ умр, соғлом фарзандлар тилайман, эринг сени ҳаммавақт севсин, бахт ҳеч қачон хонадонингни тарк этмасин… доктор, ҳаммаси равшан бўлди-қўйди, фақат сизнинг рафиқангиз Онилами ёки Кодомбанилами, нима учун келмади?

− У келолмайди, мошай. У туғруқхонада, фарзандли бўлди, чақалоқнинг оғирлиги тўрт кило! Лекин Онила қувватга киргандан сўнг келиб, албатта сиздан кечирим сўрайди.

Рус тилидан Назира Жўраева таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 6-сон

______________________

[1] А х и м с а – ҳинд фалсафасида зўравонлик қилмаслик ҳақидаги таълимот.

[2] С а н ь я с и – дарвеш маъносини англатади.

[3] Л а к х – юз минг рупийга тенг пул бирлиги.

[4] Д а д а – ҳурмат ифодаси.