Ги Де Мопассан. Гирдоб (ҳикоя)

«Калтакланиб сувга улоқтирилган ва сув ютиб ўл­ган!». Мебел қопловчи уста Леопальд Ренар айнан мана шундай айблов билан маслаҳатчилар иштирокидаги суд жараёнида тергов қилинарди. Унинг ёнгинасида асосий гувоҳлар – фалокат қурбонининг беваси Фламеш хоним, дурадгор уста – Луи Ладюро ва тунукасоз Жан Дюрдан ўтиришарди.
Айбланувчининг ёнида қоп-қора кийинган, кичкинагина мартишка маймунига ўхшаш хунуккина хотини ҳам ўтирар, айбланувчи тергов саволларига жавоб берарди:
– Худонинг ўзи гувоҳ, бу бахтсизликдан биринчи навбатда мен жабр кўрдим, кўнглимда ҳеч қандай ға­разим йўқ эди. Барча далиллар менинг бегуноҳ эканлигимни тасдиқлаб турибди, жаноб раис. Мен виж­донли, софдил, меҳнаткаш устаман, мана ўн ол­ти йилдирки бир жойда, битта уйда яшаб келяпман, ҳамма мени танийди, ҳамма иззат-обрўйимни жойи­га қўяди. Буни менинг барча қўшниларим ва ҳатто ҳовли қоровулимиз бўлиб ишлайдиган, сира ёлғон гапирмайдиган аёл ҳам тас­диқлаши мумкин. Мен ишлашни, ишлаб топган пулларимни жамғаришни яхши кўраман, софдил одам­ларни ва одоб доирасидаги кўнгилхушликларни ёқтираман. Тушуниб турибман, ме­нинг айнан мана шундай одамлигим ўзим­ни жувонмарг қилиб турибди. Бу фалокатда менинг ҳеч қандай ёмон ниятим йўқ эди, шундай экан, мен ўз шахсимга ҳамон ҳурмат билан қарашни давом эттираман. Мана беш йилдирки, мана шу ерда ўтирган умр йўлдошим билан ҳар якшанбани Паусси қирғоқларида ўтказамиз. Жилла қурса соф ҳаводан нафас оламиз, кейин балиқ овлашни ёқтирамиз. Ҳа, яшириб нима қилдим, бу ишни биз жуда ёқтирамиз. Бу ишга мени илоё ер ютгур хотиним Мели ўргатиб қўйди. Унинг ўзи ҳам балиқ ови деса, нақ ақлдан озиб қолади, у мана шундай куйдиргилардан; фалокат ҳам ана шу балиқ ови туфайли содир бўлди, бунга ҳозир ўзингиз ҳам ишониб қоласиз, жаноб раис.
Тўғри, мен бақувват одамман, бироқ феъл-ат­во­­рим жуда мулойим, юрагимда заррача бўлса-да бадхоҳлик йўқ. Бироқ хотиним! Э, нимасини айтай!? Кў­ринишидан кичкинагина, ориққина бўлсаям, асли­да ғирт ярамас сассиқкўзаннинг ўзгинаси! Инкор қил­май­ман, унинг савдо-сотиқ ишларида қўл келадиган яхши томонлари ҳам бор. Бироқ унинг феъл-атвори! Бу ҳақда қўшниларимдан, ё бўлмасам, ҳозиргина мени ёқлаб гапирган қоровул аёлдан сўраб кўринг. У хотиним ҳақида бор гапни тўкиб солади.
Хотиним ҳар куни мени «Мен бу ишни шундай қол­дирмаган бўлардим!», «Мен фалон кишига фалон нархга кўнмаган бўлардим!» – дея эговлагани-эговлаган. Унинг гапларига кирсам, жаноб раис, ҳар ойда камида уч марта кимлар биландир муштлашишим керак бўларди…
Айбланувчи шу ерга келганда унинг хотини гап қўшиб қўйди:
– Вайса-я! Ўзингча вайсайвер, қани кўрамиз, энг охи­рида ким куларкан!
Айбланувчи хотинига ўгирилиб қаради ва соддадиллик билан эътироз билдирди:
– Нима қипди, айбингни очаяпманми? Барибир сен жавобгар эмассан-ку…
Кейин у яна суд раисига қа­раб гапида давом этди:
– Демак, давом этаман. Шундай қилиб десангиз, ҳар шанба куни кечқурун тонг саҳар туриб балиқ овлаш учун Пуассига жўнардик. Тарки одат амри маҳол дейишади-ку. Бу йил ёзда балиқ ови учун ажойиб бир жой кашф қилганимга уч йил тўлади. Эҳ, унинг қандай жой эканлигини бир кўрсангиз эди! У дарахтлар сояси остидаги чуқурлиги саккиз, эҳтимол ўн футлар келадиган ажойиб бир гирдоб эди. Бу балиқлар учун ҳақиқий дом, балиқчи учун эса ростакамига жаннат жой. Бу гирдобни, жаноб раис, мен ўзимнинг хусусий жойим деб ҳисоблардим. Чунки уни мен худди Христофор Колумб сингари ўзим кашф қилгандим. Одамлар ҳам «Бу жой Ренарнинг жойи», деб тан олишарди ва ҳеч ким бу борада баҳслашмас, ҳатто хафа бўлса ҳам айтай, чунки буни ҳамма билади, бегоналар ҳисобидан қорин тўйдиришни хуш кўрадиган жаноб Плюмо ҳам менинг гирдобимга яқинлашмасди. Шундай қилиб, мен ўз гирдобимдан мутлақо хотиржам эдим ва ҳар сафар у ерга унинг ҳақиқий эгаси сифатида келардим. Шанба куни кечқурун Пуассига етиб келишимиз биланоқ хотиним билан «Далила»га чиқиб оламиз. «Далила» бу менинг норвег услубидаги қайиғим: Мен уни Фурпездан буюртма орқали олганман, енгилгина ва мустаҳкамгина қайиқча. Демак, «Далила»га ўтирамизу гирдобга бориб балиқлар учун хўрак ташлашга жўнаймиз. Хўрак масаласида ҳеч ким мен билан тенглаша олмайди, менинг ошноларим ҳам буни жуда яхши билишади. Эҳтимол сиз ҳам бу хўрак нима эканлигига қизиқарсиз? Йўқ, буни сизга ҳам айта олмайман. Бу терговга тааллуқли эмас, мен ҳам айта олмайман, чунки бу сир. Эҳтимол икки юз киши, балки ундан ҳам кўпроқдир, бу хўракни қандай тайёрлашимни билишга қизиқиб кўрди. Қайси бири ичимликлар билан, кимлардир қовурилган балиқ билан сийлаб, сиримни билиб олишга уринишди. Нима мен аҳмоқманми, улар ҳам зоғора балиқларни осонгина тутиб олишаверсинми? Хўракни қандай тайёрлашимни билиб олишлари учун улар қандай хушомадгўйликлар қилмади дейсиз? Э, йўқ… Буни хотинимдан бошқа ҳеч ким билмайди… қолаверса у ҳам ҳеч кимга ҳеч нарса айтмайди. Тўғрими, Мели?
– Ишга тааллуқли нарсаларни гапиринг! Четга чиқиб кетманг! – унинг гапини бўлди суд раиси.
– Бўпти, бўпти, – давом этди айбдор. – Демак, мана бундай, шанба, 8 июл куни биз соат беш-у йигирма бешда поездга чиқдик. Манзилга етиб келиб овқатланишдан олдин гирдобга хўрак ташлаб келишга жўнадик. Ўша кун ҳаво жуда яхши бўладигандек эди. Мен Мелига «Эртага ажойиб кун бўлади» дедим.
«Шундайга ўхшайди», жавоб берди у.
Одатда у билан ҳеч қачон кўп гаплашмаймиз. Ке­йин овқатланиш учун қайтдик. Мен жуда хурсанд эдим ва бироз ичишни кўнглим тусаб қолди. Ана шу сабил барчасига сабабчи бўлди, жаноб раис. Мен Мелига: «Қулоқ сол, бир шишагина бошқиздиргич ичиб олсам, ёмон бўлмасди-я», дедим. Бошқиздиргич деганим бу кучсиз оқ вино. Уни шундай аташимизга сабаб, ундан кўпроқ ичиб қўйсанг, умуман ухлашга қўймайди, ҳақиқий бошқиздиргич. Тушуняпсизми, жаноб раис?
«Билганингни қил, фақат мазанг қочиб, эрталаб туролмай қолма», деди хотиним. Нимаям дер­дим, у тўғри, ақлли, ўринли, кейинини ўйлаб фикр билдирди, буни тан оламан. Бироқ мен ичкиликдан ўзимни тийиб туролмадим ва шишадаги ҳамма винони ичиб қўйдим. Ва ҳаммаси шундан бошланди…
Демак, бундай, ётаман-у – бутунлай уйқум келмайди. Жин урсин! Узум шарбатидан тайёрланган бу бошқиздиргич кечаси соат иккиларгача оворамни чиқарди. Кейин гулдир-гурс ухлаб қолибман. Шундай қаттиқ ухлабманки, қиёмат куни Исрофил чаладиган сурнай товушини ҳам эшитмаган бўлардим.
Қисқаси, хотиним мени эрталаб соат олтида уй­ғотди. Жойимдан сакраб турдим, бир зумда иштоним­ни, курткамни кийиб, совуқ сувда юзимни ювган бўл­дим ва биз «Далила»га ўтирдик. Ўз гирдобим томонга су­зиб борсак, у аллақачон эгалланган! Илгари ҳеч қачон бундай қилишмасди, жаноб раис, уч йил давомида ҳеч ким бундай қилмаганди! Бу мени шунчалик эсанкиратиб қўйдики, худди кўз олдимда бор-йўғимни ўғирлашгандек туюлди. «Бу қандай бемаънилик!» – дедим ўзимча. Хотиним эса, дарров мени эговлашга тушди: «Мана сенга бошқиздиргич! Эҳ, пиёниста! Энди хурсандмисан, ҳайвон?» – деди у.
Мен баҳслашмадим, чунки ҳаммаси тўғри эди. Нима бўлса-да, жилла қурса қолган-қутган балиқлар билан қаноатланиш учун гирдобдан сал нарироқда қайиқни тўхтатдим. Эҳтимол, менинг жойимни эгаллаган анави муттаҳам бу ердан ҳеч нарса тута олмай, тез орада жуфтагини ростлаб қолар? Менинг жойимда оппоқ кийимли, катта похол шляпа кийган ориқ-тирриқ бир сурбет қармоқ ташлаб ўтирарди. Унинг ёнида бақалоқ хотини ҳам бўлиб, у орқа томонда тўр тўқиб ўтирарди.
– Бу нимаси, дарёда бу ердан бошқа жой йўқми? – илондек вишиллади бақалоқ хотин, биз уларнинг яқинига келиб тўхтаганимизни кўриб.
– Уят-андишали кишилар бировларнинг жойини эгаллашдан олдин бу ердаги тартиб-қоидаларни суриштиради, – деди меники аччиқланиб.
– Жим бўл, Мели, улар билан ишинг бўлмасин, бир гап бўлар, – дедим бу жойга эгалигим тарихини кавлаштиришни истамай.
Биз «Далила»ни тол остига олиб келиб, қирғоққа чиқдик ва Мели иккаламиз бояги икковининг ёнига ўтириб қармоқ ташладик. Бу ўринда жаноб раис, мен воқеани барча тафсилотлари билан айтиб беришимга тўғри келади.
Орадан беш дақиқа ўтар-ўтмасданоқ қўшнимнинг қармоғи пўпаги бир силкинди, икки силкинди, уч силкинди ва у сувдан баҳайбат зоғора балиқни чиқариб олди. Шундай катта балиқки, нақ сонимдек келади. Эҳтимол сал кичикроқдир-у, лекин қарийб шунчалар бор. Бирдан юрагим орқага тортиб, пешонамдан тер чиқиб кетди. Мели эса «Кўрдингми, пиёниста!» – дея минғирлайди. Шу пайт танга балиқларнинг ашаддий ишқибози, Пуассидаги дўкондор жаноб Брю қайиғида рўпарамиздан ўтиб қолди. «Нима бало, сизнинг жо­йингизни эгаллашиптими, жаноб Ренар?» – деб қич­қир­ди у. «Ҳа, жаноб Брю, бу ердаги одатларни тан олишни истамайдиган мана шунақа андишасиз кишилар ҳам бор экан», – дедим унга жавобан.
Оқ кийимли тирриқ ўзини бу гапларни эшитмаганга олди. Унинг хотини ҳам ўзини шундай тутди. Хом-семиз, ҳақиқий сигир!
– Одоблироқ бўлинг, айбдор! Сиз бу ерда ўтирган бева Фламеш хонимни ҳақорат қиляпсиз, – деди суд раиси иккинчи марта унинг гапини бўлиб.
– Узр, кечиринг, менга жуда алам қилиб кетди, – давом этди айбдор. – Шундай қилиб десангиз, орадан чорак соат ўтмасданоқ оқ кийимли тирриқ яна битта зоғора балиқни сувдан тортиб олди. Ундан кейин яна биттасини, кейин беш дақиқа ўтмасдан, учинчисини…
Мен йиғлаб юборишга тайёр эдим. Бунинг устига хотиним қайнаб «Хўш, қалай анқов, кўряпсанми? Сенинг балиқларингни қандай ўғирлаётганини кўряп­санми? Сен эса қурбақани ҳам тутолмайсан, ҳа, ҳеч нарсани тутолмайсан. Менинг эса буни кўриб, қўлим қи­чишиб кетяпти!» – дея тўхтовсиз бигизлаяпти.
«Тушгача кутамиз, эҳтимол бу ярамас овқат­лан­гани кетар, шунда ўз жойимни эгаллаб оламан», – қарор қилдим ўзимча. Сизга айтишим жоизки, жаноб раис, ҳар якшанбада биз мана шу ерда овқатланамиз. Овқатни ўзимиз билан қайиқда олиб келамиз. Бироқ нима бўлди денг!? Туш бўлди ва бу муттаҳам газетага ўралган пиширилган товуқни чиқарди, у овқатланаётган пайт қармоққа яна битта зоғора балиқ илинди!
Биз ҳам Мели иккаламиз бироз татингандек бўл­дик, бироқ томоғимиздан овқат ўтармиди! Ке­йин ов­қатни ҳазм қилиш учун газета ўқишга тутиндим. Якшанба кунлари дарё қирғоғида сояда ўтириб олиб «Жил Блас» газетасини ўқишни ёқтираман. Айниқса Коломбина деган аёл зўр ёзади, эҳтимол сиз ҳам уни танирсиз, жаноб раис. У «Жил Блас» учун мақолалар ёзади. Мен хотинимга Коломбина билан танишман деб жонига тегишни одат қилганман. Албатта мен уни танимайман ва ҳатто кўрган ҳам эмасман, бироқ бу муҳим эмас. Бу аёл жуда зўр ёзади ва аёл бўлса ҳам жуда дадил ёзади. У менинг кўнглимга ёқади, бундай аёллар жуда кам учраса керак. Хуллас, мен Коломбинани айтиб хотинимнинг жонига тега бошладим. Бироқ у дарров шундай қаҳрга миндики, асти қўяверасиз. Дарров жим бўла қолдим.
Тирриқ яна қармоқ ташлай бошлади. У ташлаган хўракли қармоқни балиқлар шунчалик чўқилай бошладики, буни кўриб бутун вужудим титрай бошлади. Унинг хотини бўлса «Бу ер ростдан ҳам зўр жой экан, энди ҳар сафар шу ерга келамиз, Дезире», – дейди денг.
Менинг елкаларим титраб кетди. Хотиним эса ҳа­­мон «Сен эркак эмассан, йўқ, эркак эмас! Сенинг то­мирларингда жўжанинг қони оқаяпти» деб мин­ғир­лашдан қолмаяпти.
– Биласанми, яхшиси кетақолай, бўлмаса бирор бемаъни иш қилиб қўяман, – дедим унга.
У эса мени эговлагандан-эговладики, жонимни жабборга топшириб юборишга рози қилди: «Сен эркак эмассан! Қочмоқчимисан? Тайёргина жойингни унга ташлаб қочмоқчимисан? Қочақол, ландовур!»
Ҳис қилдимки, у менинг жон жойимдан олди. Би­роқ ҳамон унга бўйин эггим келмасди.
Қарасам, тирриқ сувдан лешч балиғини тортиб оляпти! Оҳ! Мен ҳеч қачон бундайини кўрмаган эдим, ҳеч қачон!
Шу пайт хотиним ҳам ичида тўпланиб қолган барча аламларини овоз чиқариб вишиллай бошлади:
– Мана ўғирлик балиқ қандай бўлади, кўрдингми?! Ахир, бу балиқларга хўракни биров эмас, биз таш­лагандик-ку! Жуда бўлмаса, бизга бу ерга ташлаган хўракларимиз учун пул тўласин!
Ва шундан бошлаб ишнинг пачаваси чиқа бошлади. Кейин тирриқнинг бақалоқ хотини тилга кирди:
– Бу гапларингизни бизга гапиряпсизми, хоним?
– Мен балиқларимизни ўғирлаб тутаётганларга, бировларнинг ҳисобига текин томоқлик қилаётган ўғриларга гапиряпман.
– Ҳали биз сизнингча ўғирлик қиляпмизми?
Шундай қилиб ўзаро тушунтиришлар бошланиб кетди, кейин тушунтиришлар ўткирроқ сўзлар билан алмашди. Жин урсин, бу аблаҳларнинг “луғат бойлиги” бунчалик катта-я! Улар шунчалик баланд овозда қичқира бошлашдики, нариги қирғоқда кузатиб турганлар кулгуга олиб: «Ҳой аёллар, секинроқ қичқиринглар, бўлмаса эрларингизнинг ҳамма балиқларини чўчитиб юборасизлар!» деб бақиришди. Гап шундаки, мен ҳам, оқ кийимдаги тирриқ ҳам жойимизда тўнка мисол жим ўтирардик. Аввал қандай ўтирган бўлсак, шундай, худди ҳеч нарса эшитмаётгандек сувга тикилиб ўтирардик. Бироқ, жин урсин, барча гапларни аъло даражада эшитиб ўтирардик.
– Сиз ёлғончисиз!
– Сиз чўрисиз!
– Сиз фоҳишасиз!
– Сиз ифлос чўчқасиз!
Тинимсиз ҳақоратлар бошланди-кетди. Ҳатто энг моҳир денгизчи ҳам ҳақорат масаласида улардан ўта олмаган бўларди.
Бир пайт ортимдан аллақандай шарпа ўтгандек бўлди. Ўгирилиб қарасам, бақалоқ менинг хотинимга ташланиб, уни шамсиясининг дастаси билан дўп­пос­лаяпти. Мели иккита зарбани ейишга улгурди. Би­­­­­роқ менинг Мелим ўлгудек ғазабнок, агар қутуриб кетса, ҳар қандай муштлашувдан тап тортмайди. У бақалоқнинг сочларига чанг солиб, худди дарахтдан олма қоқаётгандек шапиллатиб унинг юзига тарсаки тушира бошлади.
Мен уларга ҳалақит бермасам дегандим, юлишаверишсин дегандим. Аёллар ўзаро юлишсалар, эркак аралашиши шартми? Бировнинг ишига аралашиб нима қиламан? Бироқ тирриқ сакраб ўрнидан турди ва иблис мисол хотинимга чанг солмоқчи бўлди. «Э, йўқ, ошна, фақат буниси кетмайди!» – деб ўйладим ўзимча. Мен уни, тирриқжонни, қандай лозим бўлса, шундай кутиб олдим. Муштларим билан! Шарақ-шуруқ, бир марта бурнига, иккинчи сафар биқинига туширдим. У қўлларини, оёқларини силкитганича дарёга, айни сув ўрага қулаб тушди. Агар вақтим бўлганда эди, жаноб раис, мен уни албатта сувдан чиқариб олган бўлардим. Шу пайт худди атайлаб қилгандек бақалоқнинг қўли баланд келаётганлигини, бечора Мелимнинг аҳволи чатоқ бўлаётганлигини кўриб қолдим. Албатта тирриқ сув ютаётганида хотинимга ёрдамга шошилмаслигим лозим эди. Тўғриси, у чўкиб кетади деб хаёлимга ҳам келмаганди. «Майли, бироз салқинлаб олсин» деб ўйлагандим. Мен аёллар томон отилиб, уларни ажратишга киришдим. Бу жараёнда улар менга ҳам қўллари, тишлари, тирноқлари билан роса ишлов беришди, жин ургур ярамаслар.
Қисқаси, бу чақамуғларни бир-бирларидан ажратишга беш, эҳтимол ўн дақиқаларча вақтим кетди. Қайрилиб дарёга қарасам, сув сатҳи худди кўл мисоли, тинчгина. Нариги қирғоқдан эса одамлар «Уни сувдан чиқариб олинг! Сувдан чиқаринг!» деб қичқиришаяпти.
«Сувдан чиқариб олинг!» эмиш, бу айтишга осон, сузиш ҳам, шўнғиш ҳам менинг қўлимдан келмайди!
Ниҳоят орадан чорак соатлар ўтгач, дарғот тарафдан қоровул ва икки жаноб чангаклар билан чопиб келишди. Уни гумнинг энг тубидан қидириб топишди, гумнинг чуқурлиги аввал айтганимдек, саккиз футлар келарди. Оқ кийимли тирриқ ана шу чуқурликда ётган экан.
Мана, воқеа қандай содир бўлган бўлса, шундайлигича, соф виждон билан айтиб бердим. Худо ҳаққи, бу ишда мен гуноҳкор эмасман.
Судга чақирилган гувоҳлар ҳам бу гапларни тас­диқлашди ва айбдор бегуноҳ деб топилди.

Француз тилидан Абдумурод Кўчибоев таржимаси
“Ёшлик” журнали, 2013 йил, 2-сон.