Роберт Бёрнс (1759-1796)

Шотланд халқининг машҳур шоири Роберт Бёрнс (Robert Burns) 1759 йилда камбағал деҳқон оиласида дунёга келди.
Унинг ота-онаси қашшоқлик ва етимликда ўсганлари сабаб Робертнинг тарбиясига алоҳида эътибор қаратишди. Роберт жуда ёшлигидаёқ инглиз, француз, лотин ва немис тилларини мукаммал ўрганди ҳамда бу халқлар адабиёти унинг ижодий камолотга етишишига катта таъсир кўрсатди.
Робертнинг илк китоби 1786 йилда бор-йўғи 600 нусхада чоп этилган бўлса-да, ундаги оташин шеърлар ўқувчилар қалбини тезда забт этди. Китоб шу йилнинг ўзидаёқ Шотландия ва Англиянинг бир қанча шаҳарларида қайта-қайта чоп этилди.
Роберт ўз ижодида халқ оғзаки ижодига алоҳида эътибор қаратиб, унутилаёзган халқ қўшиқлари, термалари ва балладаларини қайта ишлади, шу шеърларга ҳамоҳанг қўшиқ ва шеърлар ёзди.
Шоир 1796 йилда 37 ёшида ҳаётдан кўз юмади. Бироқ у ўзининг ёрқин ва жарангдор шеърлари билан дунё шеърияти мухлисларидан бирига айланди.

ТЕГИРМОНЧИ

Тегирмончи, чанг тегирмончи,
Янчар донимиз.
Удир элнинг бор ишончи,
Бутдир нонимиз.

Чанг, бошидан оёғи чанг,
Усти оппоқ гард.
Кўришдим, ўпиб юзидан,
Йўқолди ғам,дард.

Тегирмончи, чанг тегирмончи,
Ундан оқарган.
Ғайрат қилиб, сарфлаб кучин,
Қоплар кўтарган.

Тегирмончи ишлаб топган,
Пуллар пок-ҳалол.
Умрим бўйи мадҳ этаман
Уни бемалол!

* * *

Бир содиқ дўст ва бир қадаҳ май,
Бўлса яна не кам дунёда.
Ҳаёт ташвишларин унутмай,
Дил яйрарму майдан зиёда.

Тўкис бахтдан йўқдир нишона,
Шодликни биз топамиз йўлдан.
Майсиз кўнгил бўлса вайрона,
Бор шодлик ҳам кетади қўлдан.

ТУНАШ УЧУН ЖОЙ БЕРГАН ДИЛДОР

Январ ойи эди, изғирин,
Қорли тоғда ёлғиз қолгандим.
Тунаш учун пана — яширин,
Жой тополмай ожиз қолгандим.

Омад кулиб ўшанда бир бор
Учраб қолди йўлда бир дилдор.
Деди анча совуқ қотибсиз,
Тунай қолинг уйимда, шунқор.

Қиз таклифи жоним яйратди,
Орқасидан эргашдим шодон.
Совуқдан муз қотган танамни,
Шароб бериб илитди жонон.

Жой тайёрлаб сўнгра бир пасда,
Нафис чойшаб ёпиб қўйди у.
“Хайрли тун” тилаб оҳиста,
Бағримга ўт ёқиб қўйди у.

Кўнгил дерди ундан айрилма,
Кетмасидан айт бир баҳона.
Ва мен дедим: “Келмаса малол,
Ёстиқ беринг, яна бир дона”.

Дилдан ювиб барча ғуборим,
Келтирганда ёстиқ дилдорим.
Маҳкам қучиб бағримга олдим,
Баён этдим севги изҳорин.

Ёноқлари ловуллаб кетди,
Кўзларида балқди ҳаяжон.
“Гар ишқингиз бўлса чин, боқий, —
Деди, — беринг менга ҳам имкон.

Бирам хушбўй эди гулбадан,
Атиргуллар ифори янглиғ.
Майин эди сочи ипакдан,
Илтижоли дил зори янглиғ.

Кабутардек сийналари-чи,
Худди қорли чўққилар мисол.
Ҳаяжондан потирлашлари,
Ўт қаларди жонимга висол.

Тунаш учун жой берган қизнинг,
Лабларидан бўсалар олдим.
Ул беғубор тоза гул юзнинг,
Юрагига ишқ ўтин солдим.

Иқрор бўлиб севгимга охир,
Кўзларини юмиб олди у.
Мен ва девор ўртасида жим,
Маъсумгина ухлаб қолди у.

Эрта тонгда уйғониб бардам,
Оғушимга олдим дилдорни.
Деди: — “Сизни кўрдим қайданам,
Билмас эдим ишқ озорини!”

Ёрнинг зулфи, ёшли кўзини,
Ўпиб туриб айтдим аҳдимни.
“Ҳали қанча жой солишинг бор,
Мен шу ерда топдим бахтимни”.

Шунда ёрим дераза томон
Бориб қўлга олди игна-ип.
Ўша январ тонги тотли он,
Ҳадя қилди бир кўйлак тикиб.

Кунлар ўтар, ўтар йиллар ҳам,
Замин узра ёғаверар қор.
Хотирамдан кетмас сира ҳам,
Тунаш учун жой берган дилдор!

КИЧИК БАЛЛАДА

Бор эди бир соҳибжамол,
Назокатли, қадди ниҳол!
Севар эди бир ботирни,
Аҳдида чин баҳодирни.

Эсиз, аммо ишқ болига,
Тўймай туриб ташна лаблар.
Юртда машъум уруш сабаб,
Видолашди ўтли қалблар.

Замбаракнинг зарбларидан,
Денгизлар ҳам қалқар эди.
Жангда йигитни ўлимдан,
Қиз хаёли сақлар эди.

* * *

Дарё узра зумрад қамиш
Қад ростлайди нозлар билан.
Мен ажойиб лаҳзаларни,
Ўтказгандим қизлар билан.

Ҳаётимга мазмун берган,
Ортда қанча кунлар қолди.
Гўзаллар-ла ишққа чўмган
Энг фараҳбахш тунлар қолди.

Гоҳо бойлик, шон-шуҳратнинг,
Қуллари бўлсак-да бизлар.
Ўша бойлик беролмаган,
Бахтни берар экан қизлар.

Менга беринг осуда тун,
Ёрнинг қайноқ оғушини.
Дунё ғамларидан бутун,
Фориғ этай қалб қушини.

Ишқсизлар устимдан кулиб,
Пеша қилса-да ҳаёни,
Донишманд Соломон каби,
Севавергум мен аёлни!

Бу ҳақиқат кўпга аён,
Тоқ яшашлик Тангрига хос.
Оллоҳ яратиб эркакни,
Сўнг жуфт яратган унга мос!

ФАРЗАНДИМГА

Муҳаббатим буюк туҳфаси,
Мендан айро туғилган қизчам.
Майли ортсин элнинг шубҳаси,
Мен отангман, митти юлдузчам.

Бахтли дамларимнинг гувоҳи,
Қалб ардоғим, ўсавер шодон.
Кечир мени бўлса гуноҳим,
Лек ўйлама бетайин, нодон.

Севгим учун курашдим, толдим,
Илтижолар қолди бесамар.
Ялангоёқ номини олдим,
Ишқ ўрнига сўрадилар зар.

Бобонг деди виқор-ла кулиб,
“Қиз бермайман сендек гадога”.
Шундан бери куйларим мунгли,
Ёлворурман ёлғиз худога.

Олов ёшлигимдан эсдалик,
Жигаргўшам, қалб қоним ўзинг.
Онанг эди паричеҳрадек,
Сен фариштам, бор шоним ўзинг.

Фақат мендан ўкинма эркам,
Бобонгни деб бахтим бўлди кам.
Ҳис этсанг бас меҳрим сойлигин,
Сенсан, ахир, танҳо бойлигим.

Неки бўлса дунёда лазиз,
Ҳадя этгум ҳатто жонимни.
Туюлса-да тансиқ ва азиз,
Сенга бергум сўнгги нонимни.

Ниҳолгинам кўкка бўй чўзиб,
Интилавер илиқ офтобга.
Суйганинг-ла бирга аҳд тузиб,
Бориш насиб этсин меҳробга.

Ўшанда мен шодликдан масрур,
Сенга бахтлар тилайман, қизим.
Бир бахтиёр отадек мағрур,
Меҳроб сари элтаман ўзим.

Инглизчадан Бегойим Холбекова таржималари

* * *

Булутларнинг паноҳи қояли тоғлар,
Бағрингиздан чулдираб оқар ирмоқлар!
Тўйдирай деб бедана болаларини
Кезиб борар арчагул ораларини.

Денгиз соҳили нима, яшил кенглик ҳам,
Дарз кетган тоғларимнинг ўзи бир олам!
Ахир ирмоқ бўйида яшар жононим,
Менинг чексиз қувончим, яхшим-ёмоним.

Чопқир-чопқир жилғани севарман жуда,
Тиниқлигин айтмай-ку… шаффоф кўзгу-да!
Жилға куйини тинглаб, ёнда ёри жон
Қанча бўлса кезмоққа шайман ҳар қачон!

Ёрим нозанин эмас ва лекин хушрўй,
Айтарли сепи ҳам йўқ, агар бўлса тўй.
Бироқ олов қалб билан севди у мени,
Шунинг учун севаман, очиқ гап, уни!

Бу гўзални қаранг-а! Ана кўзу қош!..
Бундай сулув қошида чидарми бардош?
Шу чиройга ақлдан сал берса борми,
Унда кўринг биз чеккан оҳ ила зорни!

Йўқ, ғамхўр кўзлардаги жозибаю нур
Мен учун ҳар нарсадан бебаҳо эрур,
Оташин оғушларда ёнар эҳтирос,
Ёнар, ёнар соф қалбга, пок севгига хос!

КИЧИК БАЛЛАДА

Қаердадир бир қиз бор.
Қизмисан қиз, гулрухсор!
Бир жўмардни севарди ул қиз.
Ҳижрон келди, на чора,
Диллар ҳам пора-пора…
Эссиз, уруш бошланди, эсиз!
Денгизларнинг ортида –
Ажалнинг-да олдида
Титрамади йигитнинг қалби.
Фақат тун – ҳордиқ они
Эслар-да меҳрибонин,
Титраб кетар қалби барг каби…

ҚАЛБИМ МЕНИНГ ТОҒЛАРДА

Қалбим менинг тоғларда… Қоялар бўйлаб
Елдай учиб бораман буғуни қувлаб.
Ҳуркиб қочган оҳуда югурар кўзим…
Қалбим менинг тоғларда, ердаман ўзим.

Алвидо, эй ватаним! Довруқли Шимол,
Шон-шарафлар ўлкаси, энди яхши қол!
Қувғиндаман дунёда, аммо билурман:
Мен бир умр фарзандинг бўлиб қолурман!

Алвидо, эй қор босган залворли тоғлар,
Алвидо, эй ям-яшил водийлар, боғлар!
Алвидо, эй юзтубан кетган ўрмонлар,
Алвидо, ўрмонлардан оққан суронлар!

Қалбим менинг тоғларда… Қоялар бўйлаб
Елдай учиб бораман буғуни қувлаб.
Ҳуркиб қочган оҳуда югурар кўзим.
Қалбим менинг тоғларда, ердаман ўзим!

ҚИЗ ҚЎШИҒИ

Ўпич олди-ю, йироқ –
Тоғ бағрида йўқолди.
Шундан бери ўшал тоғ
Тарафда кўзим қолди.

Раҳм қилинг, ранжитманг,
Эй ёмғир, дўллар уни!
Қору бўрон, беркитманг
Тоғ-адир йўлларини.

Кечалари, эй шамол,
Бошида бўлма гирён.
Ухласин-да бемалол,
Уйғонсин эсон-омон.

Водийга ташлаб назар,
Мени эсласин фақат.
Олға бошлайди сафар,
Ортга чорлар муҳаббат…

ҚЎШИҚ

“Супургидан олинглар”
халқ қўшиғи оҳангида

Супургидан олинглар!
Яхши супурги мана.
Оёқ тираб ўтирманг
Пулга келганда яна!

Яхшими ё ёмонми,
Менга бир хотин керак.
Фақат эрсиз бўлсину
Нози ҳам бўлсин андак.

Лорсиллаган семизми,
Чўпдайми ё, бари бир.
Хунук бўлса ҳам майли,
Тун қоронғи-ку, ахир!

Ёши учраса ногоҳ,
Бахт топарман, майлига.
Кекса бўлса, эртароқ
Тул қоларман, майлига.

Туғиб берса ҳам майли,
Қий-чув бўлар уйимда.
Туғмас эрса – яна соз!
Ташвиш бўлмас ўйимда.

Гар шаробни ёқтирса,
Камроқ ичса бўлгани.
Ёқтирмаса яхши-да,
Менга кўпроқ қолгани!

СЕВГИ

Севги атиргул янглиғ
Яшнар менинг боғимда.
Севги – мен айтар қўшиқ
Йўлга чиққан чоғимда.
Севгим, сендан-да ҳатто
Чиройлироқ бир ғунча.
У сен билан бирга, то
Уммонлар қуригунча.

Қуримас-ку уммонлар,
Қоялар-ку қуламас.
Қумдай оқар замонлар,
Оқар-да, тиним билмас.

Бахтли бўлгин, тинч юргин,
Яхши қолгин, эй гулим!
Дунё кезсам-да, бир кун
Сенга келтиргай йўлим!

* * *

Жавдарзорда кечқурун
Шалаббо бўлди Женни.
Марзалар бўйлаб шошқин
Уйга йўл олди энди.

Қизгина хўп совқотди,
Дилдираб қолди шўрлик.
Кўйлаги ҳўл, наҳотки,
Кам эди шу кўргулик?

Бўлиқ жавдарзор аро
Кимдир кимни чорласа,
Кимнидир ким қучса ё,
Қандини урсин роса!

Ишимиз нима, жўра,
Нима бизга – пойлаб сир?
Шомда жавдарзор аро
Ўпишиб турса кимдир!..

ШОИР РОБЕРТ ФЕРГЮССОН ҚАБРИГА
БЁРНС ҚЎЙДИРГАН ЁДГОРЛИК ХУСУСИДА

Бунда на ҳайкал бор, на шон-мадҳия…
Бунда на бирон гул хуш бўй таратар…
Фақат, қабр тош дер: “Эй Шотландия!
Бунда, тош остида шоиринг ётар!”

ЙЎЛДАГИ ТУНАШ

Қолиб кетдим тоғда кечаси,
Юзларимни чимчилар бўрон.
Кўз олдимда қорнинг пардаси,
Жой йўқ эди тунашга бирон.

Толеимга бир қиз ногаҳон
Учраб қолди кетар йўлимда.
Таклиф этди уйига шу он
Олиб кетди тутиб қўлимдан.

Таъзим этдим у қизга лутфан,
Тишда қолди қорли изғирин.
Сўнг сўрадим тавозе билан,
Солиб беринг менга, деб, ўрин.

Нафисгина чойшабдан жонон
Жой ташлади менга бирпасда.
Шароб ила қилдию меҳмон,
“Яхши ухланг”, – деб қўйди аста.

Айрилишни истамасдим мен,
Кетмасин деб топдим баҳона:
“—… Агар сизга бўлмаса қийин,
Олиб келинг бир ёстиқ яна?..”

Ёстиқни ҳам олиб келди қиз
Ва бошимга қўйиб берган чоқ,
Ёнар эди, қарасам, гулюз!
Қучиб олдим уни баногоҳ!

Чеҳрасига югурди ол ранг,
Шўх кўзлари ёнди беқиёс:
— Гар севгингиз чин бўлса, тегманг,
Тегманг менга, битта илтимос!..

Сочлари-чи, бирам жингалак,
Ипакдан ҳам майинлиги бор.
Таратишда хуш бўй ул малак
Атиргулни айларди бекор.

Турар кўкси нафис қалқиниб…
Гўё илк қор нафаси атай —
Ушбу икки кичик чўққини
Оқартириб, силаб ўтгандай…

Менга ўрин солиб берган қиз
Лабларидан тердим мен бўса.
Ул соф эди, уфқдаги чексиз –
Қор софлиги қандайин бўлса.

Гап қайтармас эди тозагул,
Очмас эди кўзларини ҳам.
Мен ва девор ўртасида ул
Ухлаб қолди ниҳоят бир дам.

Тонг саҳардан уйғониб дарҳол,
Маъшуқамни суйдим қайтадан.
— Эҳ, умримга бўлдингиз завол! —
Деди менга гулим дафъатан!

Лабим босдим намхуш кўзига,
Зулфларини ўпган маҳалим,
Юпантирдим: — Жоним, ўзимга
Кўп жой солиб бергайсан ҳали!

Сўнг қўлига игна олди-да,
Тикиш учун тутинди шу он;
Аёзли тонг, дарча олдида,
Кўйлагимни тикди ул жонон…

Гул очилар, учқунланар қор,
Кунлар ўтар, ўтар йиллар ҳам.
Хотиримдан чиқмайди зинҳор
Менга ўрин солган у санам!

ЯЛАНГОЁҚ ҚИЗ

Ялангоёқ қизнинг қароши
Кўз ўнгимдан кетмас нарига.
Назаримда, йўлларнинг тоши
Ботар нозик оёқларига.

Бу оёқлар сахтиён этик –
Кийса, кийиб юрса, арзийди.
Ҳув карета бу қизни кутиб,
Фармонида турса, арзийди!

Ҳалқаланиб кўксида ўйнар
Зиғир рангли сочлар оқими.
Йўлчи юлдуз бўлолур тунлар
Денгизчига кўзлар ёлқини!

Гўзалларга очирмас оғиз
Муомала, одоб, ҳаёда.
Кўзга яқин чақмоқдай бир қиз…
Бундан зўри бўлмас дунёда.

МЭГГИ

Биласанми, Мэгги кимни топибди?
Билдингми, ҳай, Мэгги кимни топибди?
Тегирмончи қолиб, топганин қара:
Ўлгудай эси паст битта тасқара.

Тегирмончи хушфеъл, ҳар ишга қодир,
Ҳокимлардай кўркам, лорддек баҳодир.
Бу-чи, турқи совуқ, кўримсиз, пўла
Ва лекин ҳамёни тангага тўла!

Дил-дилдан севаман деб айтди бири,
Бири ўтирмади буни гапириб.
Дедики, айлайин кўнглингни обод,
Берай эгарланган гўзал жийрон от.

Эҳ, сиғмас пул кучи, шеър, қофияга…
Хотин олмоқ мумкин битта бияга.
Ҳа, қалин деганда жуда кўп гап бор,
Менга севгинг бўлса басдир, азиз ёр!

КЎМИРЧИНИНГ ДИЛДОРИ

— Исминг айтсайдинг, билсам,
Билсайдим, уйинг қайда…
— Кўмирчи қайда бўлса,
Уйим ҳам ўша жойда!

— Мана уваю ўрмон,
Майли, майли, не десанг,
Барин берардим, жонон,
Кўмирчингдан воз кечсанг!

Ипакларга ўрардим,
Йиртиқ-ямоқни ечсанг.
Чўрилар ҳам берардим,
Кўмирчингдан воз кечсанг!

— Бўйим баравар олтин,
Гавҳар уйиб қўйсанг ҳам,
Гапингни қайтиб олгин,
Кўмирчидан воз кечмам!

Кундуз таширмиз кўмир.
Бироқ кеч тун бўлганда,
Бошлаймиз шивир-шивир
Икков менинг кулбамда.

Севгимиз кўп бебаҳо,
Кулбамиз ҳам жуда кенг.
Вафо қилар доимо
Қора кўмирчим менинг!

Рус тилидан Муҳаммад Али таржималари