Анри Труайя. Осмон фарзанди (ҳикоя)

Анатол Филатр 40 ёшли ғамгин бир одам эди. Унинг рангсиз оппоқ юзи қирра бурни туфайли янаям кўзга яққол ташланар, кўзлари чиройли, қарашлари ёқимли эди. Қирра бурни остида ажабтовур мўйлаби ҳам бор эди. Мана шу мўйлаби туфайли унга «Осмон фарзанди» деб лақаб қўйишганди. (Қадимда Хитой императорларини «Осмон фарзанди» деб аташарди).
Оилапарвар эр ва соф виждонли ота «Осмон фарзанди» дуч келган ишларни қилиб, зўрға ҳаёт кечирар, кунбўйи ҳориб, чарчаб топгани нимжон болаларини боқиш учун зўрға етарди. У болаларини боқиш учун дам ёмғирпўш чиқарувчи фирма вакили, дам очиқ ҳавода рангли ручкалар сотувчи, ёки магазинларда тунги қоровул бўлар, ёхуд шаҳар четидаги киностудияда умумий кўринишларда рол ижро этарди. Мана шу ўйнаётган кичкина роллари унга муваффақият келтиришига умид қиларди. Анатол Филатр экзотик қадимий кийимларни кийишни хушкўрар, кино сир-асрорларини жуда ёқтирар, айниқса, суратга тушиб бўлгандан сўнг лиқ тўла метрода «ҳамкасблари» билан орқага қайтиш унга роҳат бағишларди. У кинода дам Жанубий Америка элчихонасининг ҳурматли, соқов меҳмони бўлар, дам тутун билан тўлган Гавр метросининг доимий мижози, дам Волга дарёсининг жулдур кийимли, бақироқ кемачиси бўлиб суратга тушар эди. Ким бўлишидан қатъи назар, вазирми, безорими, бандаи бечорами, унда, энг аввало, рўзғор бошининг қиёфаси мужассам эди ва мана шу хислат унга юқори даражадаги ролларни ижро этишга монелик қилар эди.
Анатол Филатр ўзининг омадсизлигидан акаси олдида қаттиқ хижолатда эди. Чунки катта Филатр ундан кўра ақллироқ, уддабурон, айёр бўлмаса-да, ишлари гуллаб-яшнаган эди. Катта Филатр бўғма касалига мубтало бўлган, сўққабош эди. Ўзининг «Хаёлга толган бузоқча» фирмаси билан Франциянинг 27 департаментини сут, сариғёғ ва пишлоқ билан таъминларди. Катта Филатр укаси Анатолни фирмасининг бирон-бир тармоғига директор қилиб олишга қурби етса-да, бир-бирлари билан 15 йилдан буён аразлашиб қолишгани бунга тўсқинлик қиларди. Акаси совға қилган кучукчани укаси бефарқ қолиб юк машинаси босиб кетгани сабабли икки оила ўртасида жанжал чиқиб, ака-укалар бир-бирлари билан юзкўрмас бўлиб кетишганди. Бу жанжал туфайли катта Филатр Анатолни мутлақо уйига келтирмас, кичик Филатр оиласи эса «Хаёлга толган бузоқча» фирмаси маҳсулотларини мутлақо истеъмол қилмасди.
«Осмон фарзанди» баъзида, айниқса, ишсиз юрган кунлари сут-ёғ фирмасидан жудо этган машъум жанжалдан афсусланар, лекин шундай бўлса ҳам мағрур, биринчи бўлиб бўйин эгишни ҳеч хоҳламас эди. Филатр хоним укани акаси билан ярашишини истаб, баъзида «Болаларнинг келажаги ҳақида ўйла!» – деб бақириб қоларди.
— Мен болаларимнинг бахти ҳақида ўйлаяпман, – деб жавоб берарди Анатол.
— Уйда на вино, на пишлоқ, на шакар қолди…
— Аммо бизнинг виждонимиз тоза.
Бундай баландпарвоз гапларни Филатр хоним кўп марта эшитган бўлсада, сўнггиси эсида қолди. Ўшанда ноябр ойининг ёмғирли туни эди.
Ўша кеча кичик бир хонада тўрт фарзанди ва хотини уни кутишарди. Кун қайғули ўтди. Париждан унча узоқ бўлмаган, бир нечта студиялар жойлашган Жуанвилдаги бирорта студияда унга лойиқ иш топилмади, ҳар хил турдаги чангютгичлар ишлаб чиқарувчи Флекс корхонасида ҳам унинг хизматига талабгор чиқмади. Кетма-кет омадсизликдан эзилган, чўнтагида бор-йўғи 10 франк 50 сантим пул қолган, бунинг устига, электр энергия ходими уйидаги чироқни ўчириб қўймоқчи бўлаётган эди.
Аксига олиб эрталаб у хотини Матилдага:
— Менга ишонавер, бугун кечқурун менинг чўнтагимда, албатта анча-мунча пул бўлади, деган эди.
Кечқурун ҳам бўлди, лекин Анатолнинг чўнтагида бир мири ҳам йўқ эди. Қайтанга ўзидаги 4 франк 75 сантимни ҳам сарфлаб қўйганди.
Анатол Филатр нафасини ростлаш учун бир идора олдида тўхтади. Бу дафн этиш бюроси бўлиб, уни Анатолнинг лицейдош ўртоғи Пилат бошқарарди. Улар Пуарье лицейида (Пол Пуарье — француз анатоми ва жарроҳи) бирга ўқишганди.
Пилат беташвиш, семиз ва безбет киши. У одатдагидек ўз бюросининг остонасида турар эди.
— Э, қалайсиз, Анатол Филатр! Овлар яхши бўлдими? – деди у Филатни кўрган заҳоти. Пилат Осмон фарзандини менсимас, шунинг учун кесатиб уни сизлар, кўришганда эса менсимайгина учта бармоғини бериб қўя қоларди.
– Жин урсин! Ҳаммаси расво! – оғир тин олди Филатр.
У бойлиги-ю, туриш-турмуши сотилган тобутлар, ковланган гўрлар эвазига келган бу одамга совуқ назар ташлади. Табиатан таъсирчан Анатол Филатр қаршисидаги бу гўрков бир пайтлар унинг синфдоши бўлганига ҳечам кўника олмас эди.
– Акангиз-чи, жаноб Филатр, у ҳали ҳам сут-ёғ корхонасининг бошқарувчисими? – сўради Филатр.
– Ҳа.
— Лекин, барибир «Юрак-крем» пирожнийси Сиз учун эмас-да, аттанг, – ҳиринглади Пилат.
Анатол Филатр оёғи остидаги кўлмак сувга тикилди. У Пилат сингари бой, нуфузли одамларга чап бериб, қочиб қолишга ботина олмас, жаноб Пилат нохуш суҳбатини тўхтатишга шошилмас, уни яна гапга солиш мақсадида эди:
— Ёмғир ёғяпти, идорамга киринг, исиниб оласиз, – деди у.
Анатол Филатр эҳтиёткорлик билан дафн этиш бюросига кирди ва кўрсатилган креслога оҳистагина чўкди. Креслога ўрнашиб ўтирмасданоқ Осмон фарзандининг хаёлига шу машъум креслода неча-неча бева қолган бахтсиз кишилар ва овутиб бўлмас етимчалар ўтиргани, тобут буюртма қилгани келди-ю, бутун бадани сесканиб кетди.
Пилатнинг идораси соддагина, озода, ғамнишин эди. Қабр устига қўйиладиган тошдек тўғри бурчакли стол хона ўртасида турар, Пилат томонидан ишланган ва лакланган тобутлар қатор қилиб пештахтага териб қўйилган эди. Жаноб Пилат мотам дунёсини соғлом вужуди ва бой шахси билан идора қиларди. У қўлларини мамнунлик билан бир-бирига ишқалаб, сокин овозда деди:
— Шундай қилиб, азизим, мен Сизга шикоят қилмайман, ишларим зўр. Секин-аста кетяпти. Ўтган куни учта биринчи даражали дафн бўлди, мана бугун иккита…
— Жуда зўр-ку! – деб қўйди Филатр уялибгина.
— Зўр, зўр! Зўр бўлганда қандоқ! Дафн бюросига ҳам худди бошқа ердагидек мижоз топиш керак! Мана қаранг, қаршимда рақибим Муий корхонаси, у икки ҳафтанинг бирини ишсизлик билан ўтказади. Нима учун?
— Нима учун? – қизиқсиниб сўради Анатол Филатр.
— Бу жуда оддий, унинг куни ўтса бас. Кечирасиз-у, олиб келинган марҳумнинг у ёқ-бу ёғини тўғрилаб, дафн этиш билангина шуғулланади, холос.
— Сиз-чи?
— Менми, мен бунга олдиндан тайёргарлик кўраман. Мижозларимни кузатиб юраман. Уларни ўзимга ипсиз боғлаб, асирга оламан, натижада менинг бюромга мутлақо боғланиб қолишади. Вафотидан кейин таналарини нима қилиш менинг ихтиёримда. Бир кун келади, ўлади, меросхўрлар маъмурий ҳужжат орқали билишадики, марҳум палончи Жаноб ўз жасадини фақат Пилат дафн этишига ишонади ва шу ерда дафн қилишларини васият қилади. Кўрдингизми, азизим, бу бир дипломатия. Бу ихтирони, тафаккурни, уддабуронликни, истеъдодни талаб қилади…
— Истеъдодни?!
— Ҳа, ҳа, истеъдодни… Мана қаранг, агар бой бўлсангиз Сизни якшанбада карта ўйинига таклиф қилган бўлардим. Сиз билан ҳазил-мутойибадан сўнг жиддий суҳбатга ўтган бўлардик. Гап орасида инсон ҳаётининг чекланганлиги ва заиф мавжудод эканлиги ҳақида, ўз ўлимим ва Сизнинг ўлимингиз ҳақида кўп гапирган бўлардим. Сиз эса тақдирга тан бериб, мен айтган шартларга рози бўлардингиз… Мана шунақа гаплар, афсус, бой эмассиз-да!
У мириқиб кулди.
— Йўқ, мен бой эмасман, — деди Анатол Филатр нигоҳини яшириб, — мен бой эмасман. Мен Сизни қизиқтира олмайман…
Пилат ҳеч нима демади. У бечора Филатрга тикилди ва нигоҳи билан унинг бўйини, энини ўлчади. Пишиллаб нафас ола бошлади. Кўриниб турибдики, бу оғир гавдада бир янги ғоя туғилаётган эди.
— Мен Сизни қизиқтира олмайман, – такрорлади Анатол титроқ овоз билан.
— Йўқ, қизиқтирасиз, — қичқириб юборди Пилат. У бор кучи билан столга урди, Анатол Филатр ўрнидан сакраб туриб кетди. —Ҳа, ҳа, — такрорлади Пилат. — Сиз мени қизиқтирасиз.
— Нима учун? – дудуқланди Осмон фарзанди.
— Чунки, Сизнинг аянчли вужудингиз замирида мен сут тўла кўлларни, сариқ ёғ тоғларини, сузма воҳаларини, пишлоқ баландликларини кўряпман. Мени тушунаяпсизми?
— Ҳеч нарса тушунмаяпман.
— Сизнинг акангиз бор-а?.. «Хаёлга толган бузоқча» фирмаси…
— Нима қилибди? Мен акам билан юз кўришмас бўлиб кетганман!
— Ўлгунча, мен Сизни айнан шу сўзни айтишга мажбур қилдим. Кейин-чи?
— Кейин? Кейин, билмадим.
— Ўлимингиздан кейин акангиз сизнинг охирги васиятингизни бажарса керак? Унинг юраги тош бўлмаса керак, шундайми?!
— Йўғ-э, у унчалик ёмон эмас…
— Балли, Сиз билан расмий ҳужжатлар ёзиладиган қоғозга қуйидаги мазмунда хат расмийлаштирамиз: «Акамни менга қилган ёмонликларига қарамай, бир шарт билан уни кечираман. Шарт шуки, у ўлимимдан кейин Пилат фирмасида биринчи даражали дафн маросими ташкил этсин». Шу билан иш битади!
Анатол Филатр жим қолиб, паришон ҳолда суҳбатдошига термулиб турарди.
— Лекин, лекин… мен бу спектаклдан ҳеч қандай наф кўрмаяпман…
— Ҳа, болакай-а, наф икки карра. Корхонамга биринчи даражали янги дафн маросими. Сиз учун…
— Ҳа, мен учун?
— Сиз учун, буни топиш унчалик қийин эмас, қаранг!
Пилат суҳбатдошининг нигоҳи остида бешта юз франкли пулни чўнтагидан чиқарди-да, уларни стол устига худди нодир нусхалар сингари ёйиб қўйди.
— Йўқ, — хўрсинди Филатр ва оғир тин олиб, ютиниб қўйди.
Пилат унга ўткир нигоҳини қадади.
— Бу ишни акам билан юзма-юз туриб қилсак яхши бўлмасмикин? — ғўлдиради Анатол.
— Акангиз бу қилмишингизни билмайди.
— Шуни айтаяпман-да. Мен бундай қилолмайман…
Филатр бу сўзларни айтишга айтди-ю, кўз ўнгида уйига қайтиши, оиласига ишининг юришмаганлигини ялиниб тушунтириши, хотинининг қаҳрли юзи, оч болаларнинг юракни тешиб юборувчи бақириқлари, баққол юборган қарз қоғозлари ва шунга ўхшаш нарсалар келди.
— Балки акамни келишувимиз ҳақида хабардор қиларсиз? — деди Филатр.
— Аҳмоқгарчилик! У менга тўполон қилиб, наъма кўрсатсинми? Кейин Сизнинг васиятингизни тўла бекор қилдирсинми? Билиб қўйинг, тирикларнинг талаби ҳеч қачон бажарилмайди, лекин ўлганларники, албатта, бажарилади.
Анатол Филатр қопқонга тушиб қолганди. Унинг софдил виждони билан оилавий бурчи ўртасида катта жанг кетарди. Қарама-қарши фикрлар қаддини букиб қўйди. У шу ерда, шу заҳотиёқ жон беришга рози эди.
Пилат хотиржамлик билан стол устидаги ёйилиб ётган пулларни йиғиб, қабиҳлик билан бахтсиз бечоранинг бурни остида ҳилпирата бошлади.
— Бу билан ҳамма нарсани сотиб олса бўлади, Филатр! Бу ҳақда ўйлаяпсизми?
Анатол Филатр кўнгли айниб, қусгиси келаётганини сезди:
— Беринг, мен розиман.
Филатр пулларни ола солиб, шоша-пиша чўнтагига солди.
— Мана қалам, мана қоғоз, — деди Пилат ясама табассум билан, — Биз ўлим битимини расмийлаштирамиз. Сиз мен айтган гапларни васият қилиб ёзасиз. Бир нусхасини ўзингиз оласиз, ҳалиги, ҳалиги, яхши замонлар келганда, уни топа олишсин. Албатта, мен ҳам бунинг бир нусхасини сақлаб қўяман. Келинг, ёзинг: « Мен акамни кечираман…»
Анатол Филатр, бели букчайиб, калласини қуйи солганича Пилат айтган сўзларни ҳижжалаб такрорлаб ёза бошлади. «Мен… акамни… кечираман…»
У вақти-вақти билан тўхтаб қолар, чуқур хўрсинар, минғирлаб қўярди.
— Ҳарҳолда, ҳарҳолда….
Анатол Филатр кулбаи вайронаси эшигини янги ўғридек эҳтиёткорлик билан очди.
— Қаерларда юрибсан! Соат аллақачон саккиз бўлди,— уни қарши олди совуқ товуш.
— Ҳа, — деди Филатр, мен ҳам бекор юрганим йўқ.
У калласи худди сиркаланган одамникига ўхшаш беўхшов хотини Матилдани пешонасидан ўпиб қўйди. Тўполончи, нимжон тўрт бола эр-хотин атрофини ўраб олишди.
— Уйда ҳеч нарса йўқ, на пишлоқ, на вино, на… — дийдиёсини бошлади хотин.
— Матилда, Анатол Филатр ҳаётини гаровга қўяётганда ҳам ҳеч қачон ишончни йўқотиш керак эмас.
— Ҳа, бунақа ашулаларингни жуда кўп эшитганман…
— Мумкин эмас, мумкин эмас, — деб ҳазиллашди эри.
Лекин ич-ичидан ўзидан нафратланарди. Астагина алам билан чўнтагидан 500 франкни чиқарди ва стол устига ёйиб қўйди.
— Бир кунлик ютуқ бу! — деди у. Хотини ва болалари ёйиб қўйилган пуллар устида парвона бўлишарди.
— Буларни қаердан олдинг?
— Хизмат ҳақи…, яхши ўйин учун, — деди у алам билан.
— Жуда яхши, – қичқирди Матилда, — Филипп, бор вино олиб кел, Огуста, сен нон олиб кел, Тереза, сен эса колбаса олиб кел, Мартин, сен….
Ўн дақиқа ичида буйруқлар кам-кўстсиз бажарилди. Кечки овқат қошиқ-санчқиларнинг тақур-туқури, хурсанд чакакларнинг ковшаниши билан бошланди.
— Олинглар, енглар, ичинглар, кичкинтойларим, ичинглар,— такрорларди у кўзининг ёшларини зўрға тийиб.
— Сен-чи? — тўнғиллади Матилда, — сен энди анча ўрганиб қолгандирсан?
Анатол Филатр бир бўлак нонни оғзига олиб борди, лекин шу ондаёқ қандайдир нафрат бўғзидан бўғиб олди, гўё у табиат қонунига зид иш қилаётгандек эди.
Шу кундан бошлаб, Филатр ўзгача ҳаёт кечира бошлади. У ўзига Париж марказидаги Монмартрнинг тунги кабарелар саҳнасида «башанг статист» ролини ўйнаш учун 25-йиллар услубидаги смокингни ижарага олди. Бир ҳафта давомида суратга тушди. Лекин, ҳар куни студиядан қайтаётганида «дафн этиш бюроси» эшиги олдидан ўтар эди. Пилат эса ўз корхонаси остонасида туриб олиб, унга еб қўйгудек бўлиб тикиларди. Филатр бюро эшиги тўғрисига келганда, янада семирган, янада қип-қизариб кетган серсоқол мурдафуруш Пилат хурсанд жилмайиб сўради:
— Шундай қилиб, Филатр, аҳволларингиз қалай?
Бу ибора ўзгалар қулоғига мулойимгина эшитилиши мумкин, лекин Пилатнинг назарида бу ибора икки хил тушунчани англатар эди: бири қочириқ бўлса, иккинчиси гўёки «Қачон ўласиз? Тезроқ ўлинг, мен 500 франкимни қайтариб олай!» дегандек, даҳшатли буйруқ эди, Анатол Филатр уялиб, бошини эгганча, қуруқ йўталиб қўярди:
— Аҳволим яхши эмас… Томоғимда ҳар доим бир нарса бордек бўғинларим оғрийди.
— Бўғинларнинг оғриши бу ўлимга олиб келади, дегани эмас.
Анатол Филатр Пилат чўзган нам уч бармоқни сиқиб, қадди букилиб, дили вайрон йўлида давом этарди. Эртасига ҳам шу ерда, шу соатда ва шу аҳволда шу мудҳиш суҳбат яна бошланарди.
Осмон Фарзанди софдил қарз олувчилар тоифасидан бўлгани учун ўз қарзини тўлай олмаслигига ақли етарди. У ўз ўлимини майдалаб юборган, бахтга қарши ўлим ҳам кела қолмас эди. Кундан-кун унинг назарида Пилатнинг ҳазиллари сабрсизлик билан алмашди. Пилат қарзини пул билан тўлашни талаб қила бошлади. Анатол Филатр эса янги-янги узр ва баҳоналар топишга ҳаракат қиларди.
— Мен озгина қон аралаш тупуряпман, жаноб Пилат, нима учун экан-а? Ёки агар нафасингиз қисиб қолса, юрагингиз тўхтаб қолса, сиз нима қилган бўлар эдингиз ва ҳ.к.
— Мен, албатта, даволанган бўлар эдим. Лекин сиз, бу бошқа масала …
Анатол Филатр худди Азроил қувгандек ундан қочиб кетарди. Эҳ, агар унинг 500 франк жамғармаси бўлганда эди, уни ўша заҳотиёқ шу лаънати Пилатга бериб қутулган бўлар эди!
Лекин бахтга қарши унда шунча пул йўқ. Қарздан қутулишдан бутунлай умидини узди. Унда яшашга хоҳиш қолмади. Ҳатто ўзи ҳақида ўтган замонда гапирадиган бўлиб қолди.
Янги йил арафасида Филатр «дафн этувчисидан» ташриф қоғозини олди. Унда қуйидаги сўзлар ёзилган эди: «Жаноб Пилат Анатол Филатрга ўзини эслатиб қўяди».
Буниси жуда ортиб тушди. Пилат энди уйигача таъқиб қилиб кела бошлади, у ўртадаги ёпиқ эшикни очишга уриняпти. Пилат ҳақиқий башарасини кўрсатмоқда, у шунча вақт кутиб келди. Энди эса унга жасад керак. Даҳшатли махлуқ буни талаб қилишга тўла ҳақли! Чунки Филатр унга ўз танасини сотган! Анатол энди одам эмас, товар ёки савдо битимини тузиш учун бир сабабчи эди, холос. Унинг қалби-чи, унинг юраги-чи? Унинг софдиллиги-ю, ўзига хос хусусиятлари-чи? Буларнинг ҳаммаси тугаган эди. Жисм қанчалик катта бўлса, унинг ҳажми ҳам шунча катта бўлганидек, Пилат таклиф этган ноинсоний иш ўз натижасини кўрсатмоқда эди.
Анатол Филатр ташрифномани чўнтагига солди-да, икки қўли билан бошини чангаллади.
— Сени ким табриклабди? — сўради Матилда.
— Битта, битта… ҳарбийдаги дўстим, сен уни танимайсан…
Унинг боши айланиб кетди. Вақтлироқ ётиш учун бир баҳона топди. Лекин, кечаси билан киприклари юмилмади. У йўл қўйган хато, тубан кетиш уни тинч қўймасди. Энди у қандай бўлмасин, касал бўлиши, ўлиши керак. Тишларини қисирлатиб, ўзида бу исканжадан озод қила оладиган касаллик қидира бошлади. Саҳарги соат тўртларга бориб, қулоғида қаттиқ шанғиллаш, оғзида чидаб бўлмас таъм сезди. Мана, ниҳоят ўлим остонасига келдим, деган юпатувчан умид билан уйқуга кетди. Тушида, қўлига қора қўлқоп кийган, кўзлари йиғлайвериб қизариб кетган, ўзи билан видолашиш учун келган Пилатни кўрди. Бу баҳайбат киши узун соқолларини силаб, ўкириб йиғлаётганмиш, ҳадеб такрорлар эмиш:
— Мен Сизни ҳурмат қиламан, Анатол Филатр, мен Сизни ҳурмат қиламан…
— Қўйинг, жаноб Пилат, мен Сизга ваъда бердимми, унинг устидан чиқаман… – дермиш юраги қувончдан ҳаприқиб. Кейин цилиндирли қандайдир жаноб озғин Анатолнинг кўкрагига қимматбаҳо тошлардан қилинган олтин хочни тақиб қўйган эмиш.
— Матилда, мен мукофотландим!
У уйғониб кетди. Матилда босинқираётган эрининг елкасини силкитаётган эди.
Афсус, у ўрнидан турган заҳоти, орзуларининг барчаси сароб эканлигини тушунди. Касаллари тушининг сўнгги кўринишлари билан йўқ бўлиб кетди. Анатол яна ўзини енгил, тетик ҳис этди, ошқозон бўш, оғзидан тиш пастасининг хушбўй ҳиди келаётганлигини сезди.
— Мен аблаҳман! — деди у нафрат билан ойнага қараб туриб. Сўнгра ишига жўнаб кетди. У таъсирчан, қолаверса, интизомли эди. Ўша куни суратга олинаётган саҳна бир кўча бўлиб, унда нотаниш одамлар бефарқ ҳолда йўл четини кесиб ўтишлари керак эди. Филатр ҳам шу одамлар ичида, ҳақиқатан ҳам хотиржам кўринишга ҳаракат қиларди.
Белгиланган вақтда, кўчадаги йўловчиларни қаттиқ портлаш даҳшатга солиши ва улар биринчи қаватдаги хонанинг деразаси томон шошилишлари, у ерда бир ёш йигит ўз жонига қасд қилиши керак эди.
— Йўловчилар ўз жойларига ўтсин, – қичқирди режиссёр. – Қайтадан бошлаймиз!
Қайта суратга олинаётганда, Анатол Филатр ўз бошига бахт қуши қўнаётганини сезди, чунки унга режиссёр муҳим топшириқ берди:
— Сиз навбатчи-дарбонсиз, бу ерга келиб, қаттиқ ачиниш билан: «Бечора, ўз жонига қасд қилди! Ўлимга пешвоз чиқди, чунки ўлим унга ҳа деганда келавермади», дейсиз. Бу жуда зарур! Энг асосийси ҳам шу!
«Ўлимга пешвоз чиқди, чунки ўлим унга келмади». Бу сўз Филатрни кун бўйи тарк этмади.
Студиядан чиқиб тўғри дорихонага кирди. У ердан каламушларни ўлдирадиган дори сотиб олди. Дорини чўнтагига солди-да, Парвардигор олдида Пилат билан орани очиқ қилиб олишни ният қилиб қўйди. Энди қарзини узиш имконияти бор. У энди бошини мағрур кўтариб юра олади. Метрода унинг илтифотлари ва айни чоғда беғамлигидан одамлар ларзага тушаётганга ўхшарди.
У Пилат олдига боради-да, мағрур оҳангда, жаноб Пилат, эртага Сиз билан орамиз очиқ бўлади, дейди. Шундай дейди-да, йўлини давом эттиради. Унинг ортидан эса семиз, жоҳил мавжудот анқайганича қолаверади.
Метро поезди бир силкиниб тўхтади. Оломон Филатрни тўла вагондан итариб, чиқазиб қўйди. У ҳар хил рангли афишалар ёпиштирилган йўлак бўйлаб юқорига кўтарилди.
Ҳаво тоза. Анатол Филатр залворли қадамлар билан асфальт йўлда секин-аста борарди. Эллик метр юргач, қаршисида қора ва кўк рангли Пилат идораси намоён бўлди. Пилат ўз жойида кўринмайди. Бир неча дақиқага бирор ёққа чиққандир-да. Филатр бюро эшигини итариб, ичкарига киради-да, қичқиради: «Жаноб Пилат, эртага Сиз билан орамиз очиқ бўлади». Ичида бу жумлани ўзича бир неча марта такрорлаб, тили билан лабларини ялаб қўйди.
Яна бир неча қадам ва сўнг Анатол Филатр Пилатнинг дафн бюроси эшиги олдида бўлади. Лекин нега чироқлар ўчирилган? Нега темир панжара пастга туширилган? Нега жаноб Пилат кўринмяпти? Хавотирланган Осмон фарзанди қадамини тезлатиб, магазин томон ўтди. Нимжон қўллари билан бошидаги ёғли кепкасини олди. Дафн этиш бюроси эшигига икки қаватли рамкага ёзилган эълонни ўқиди: «Мотам туфайли магазин берк». Чақмоқ урган одамдек кўзларини катта-катта очиб, ёзувга яқин келди. «Мотам туфайли дўкон берк». Оқ қоғозда мотам ҳарфлари аниқ ажралиб турарди. Анатол Филатр консиёрж* хонаси томон отилди.
— Қанақа мотам? Ким ўлди?
Худди тубсиз қора қудуқ остидан келгандек тантанавор овоз келди:
— Жаноб Пилат.
Филатрнинг назарида бутун дунё бу янгилик атрофида айланарди. Ўлим билан савдо битими тузмоқчи бўлган одам ҳам ўлибди-ку?! Ўлим ҳисобига ҳаёт кечираётган кимса ўлибди. Пилатнинг ўзи ҳам Пилатнинг мижози бўлибди-ку?!
Осмон фарзанди Пилатнинг уй ҳужжатларини, яъни ўлим, туғилиш, никоҳ гувоҳномаларини томоша қилиб турарди. Қизиқувчан қоровул унинг бошини қашиганини, вазмин қадамлар билан кўчани кесиб ўтаётганини ва Муий «Дафн этиш бюроси» томон кетаётганини кўрди.
Анатол Филатр дафн бюроси эшигини очди ва кўк мато ёпилган стол ортида ўтирган қора одам томон юра бошлади.
— Жаноб, — деди у, — Камина «Хаёлга толган бузоқча» фирмасининг хўжайини Филатрнинг укаси бўламан. Бир таклиф бор, агар шуни амалга оширсак, иккаламиз ҳам тенг фойда кўрардик. Менинг режам…
___________
* Консиёрж — кўп қаватли уйлар йўлагида турувчи навбатчи шахс.

Французчадан Анвар Асқаров таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2008 йил, 2-сон


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!