Георгий Зотов. «Дада Саша»нинг афғон қизалоғи

Ҳарбийларимиз ўзларидан кейин Афғонистонда славянча юз-андомли юзлаб болаларни қолдирдилар. Аммо бу мавзу ҳозир ҳам махфийлигича қолмоқда. “Шаънимизга шундай кўринмас тамға босилганки, уни минг ювган билан кетказиб бўлмайди, бу тамға оналаримизнинг “кофирлар” билан ошиқ-маъшуқ ўйинини ўйнаганларидан жонли далилдир”, — бу сўзларни Жамила айтди. У Кобул радиосида сўнгги йил ишлаяпти. Унинг уйи нариги кўчада жойлашган — бутун йўлни теварак-атрофга олазарак боққанча яёв юриб ўтади. “Мени ҳеч ким таъқиб қилмаётганини биламан, аммо қўрқув туйғуси юрагимга маҳкам ўрнашиб қолган”, — деб тушунтиради жувон. Радиодаги дугоналари “Толибон” мутаассиблари ҳокимияти ағдариб ташлангандан ке­йин ишга тақиқланган жинси шимида келса бўлаверади, деб қаҳ-қаҳ уриб гапирадилар, бироқ Жамила офис эшигида одамларнинг зимдан истеҳзоли кулгисига қолиб, ергача осилиб тушган зангори паранжида пайдо бўлар эди. Ичкариги хонага кирарди-да, у европача кийимларини кийиб олар ва бошига мусулмонча дурра — дупатта ташлаганча йўлакка чиқиб келарди. Жамиланинг паранжи ёпинганига ўн йил бўлди, тангу тор Кобул кўчаларидан ўтиб борар экан, жуссасини миясидан товонигача чирмаб олган шу қалин либосда ўзини бехавотир ҳис қилар эди. “Бу вақт ичида оиламнинг бошидан ўтганларини бир Аллоҳ билади, — асабий тарзда титрайди қиз, — буни эсламаган минг марта аъло. Паранжи мен учун қалқон бўлиб қолган”. Каноп толасидай осилиб тушган сочлари орасидан унинг сепкилли заҳил чеҳраси, гўштдоргина бурни, дўрдоқ лаблари ва жовдираган мовий кўзлари кўриниб турарди. Онасининг гапига қараганда, у йигирма йил муқаддам “байналмилал бурчи”ни ўтагани Краснодар атрофидан келган отаси — 30 яшар зобитга икки томчи сувдек ўхшайди…

ОТАСИНИНГ РАСМИНИ ЁҚИБ ЮБОРИШГА МАЖБУР БЎЛДИ

— Ҳатто ҳаддан ташқари ошкора қайта қуриш матбуотида аскар ва зобитларимиз хаёлида афғон аёллари билан ишқий алоқалар қила олишлари мумкинлиги ҳеч қачон муҳокама қилинмаган, — елка учириб дейди 1981 йилда Мозори Шарифда хизмат қилган таниқли Россия сиёсатдони. — Аммо Жамила бундай чақалоқлардан яккаю ягонаси эмас, менинг билишимча улар юзлаб эдилар. Сиз бундай бўлиши мумкин эмас демоқдасиз: Афғонистон — мусулмон мамлакати, маҳаллий хотиннинг “кофир”дан фарзанд кўриши ўз жонига суиқасд қилиш билан баравар дейсиз. Борди-ю, агар ажнабий ҳарбийнинг ўзи афғон қизига уйланишни истаганида ҳам у аввал исломга кириши керак бўлади, никоҳсиз бола туғиш Қуръони Каримда қатъий тақиқланган. Фақат бир нарсадан бошқа ҳаммаси тўғри — бу мамлакатдан 10 йил мобайнида аёл нозу карашмасини соғинган ҳарбий либосдаги 1 миллион нафар ёш, соғлом эр йигитлар ўтган. Гарчанд бизда ҳам, Афғонис­тонда ҳам шу пайтгача эътироф этмасалар-да, шу нарса албатта рўй берган бўлиши аниқ.

… “Дада Саша”ни Жамила элас-элас эслайди: ажнабий киши уларнинг уйи­га ҳар замон-ҳар замонда, асосан кечқурунлари келар эди. Таомилдаги болалар хотираси: дада уни қўлига олади, осмонга отади ва русчалаб эркалайди. Бу тил ҳам унинг миясига ўрнашиб қолади, аммо жудаям узуқ-юлуқ: қизалоқ беш яшар гўдакка хос тарзда қийнала-қийнала “мамочка” ва “папочка” сўзларини талаффуз қилади. Эсида қолгани шуки, отаси уни Лёнка деб чақирарди, бироқ у ғойиб бўлганидан кейин қизча афғонча исм­га кўнишга мажбур бўлди. “Ойим унинг қаёққа гумдон бўлгани ҳақида узоқ вақтгача лом-мим демай юрди. Маълум бўлишича, қўшинларини олиб чиқиб кетишдан уч ой олдин Хост атрофида Саша яраланган ва жарроҳлик столига ётқизгани Тошкентга олиб кетишган экан. Агар ойиси алдамаётган бўлса, отаси уни СССРга олиб кетиб, ўша ерда унга уйланиб олгани бу ерга албатта қайтиб келаман, деган эмиш. Аммо у қайтиб келмади. Ойиси сал бўлмаса ақлдан озаёзди — Кобулдаги советлар қароргоҳи эшигининг турумини едириб юборди, йигитнинг сувратини кўрсатди ва топиб берасизлар деб ёлвориб туриб олди: жувонга у билан алоқа ўрнатишга сира йўл бермас эдилар. Салдан кейин ёлворадиган одам ҳам қолмади — руслар кетиб бўлганди. У ҳалигача отага нима бўлганини билмайди — ярадан ўлиб кетдими ё шунчаки бизни ташлаб кетганми? Ахир униси ҳам, буниси ҳам бўлиши мумкин эмас-да. Аввалига ойим унинг сувратларини асраб юрди, бироқ мужоҳидлар Кобулга кириб келган куни тунда уларни ёқиб юборди: отам ҳарбий либосда сувратга тушган эди-да”.

Афғон аёлларининг совет ҳарбийлари билан алоқалари у қадар кенг тус олмаганди, аммо айрим ҳолатлар ҳеч кимни таажжубга солмас эди, — дейди Афғонистон Ахборот ва маданият вазирлиги ходими Рафиулла Рофий. — Албатта, қишлоқ жойларида бундай бўлиши зинҳор мумкин эмас эди, бироқ Кобулга ўхшаш йирик шаҳарларда бу ҳол учраб турарди. Бу замонавийлик аломати ҳисобланарди — рус одами билан “дон олишиш”, одатда, қизнинг ўрта асрчилик бидъатларидан қутулганини билдирарди. Агар сиз ўша даврдаги кинойилномаларни кўргудек бўлсангиз, Кобул кўчаларида қизларнинг ҳозир мутлақо тасаввурингизга келтиролмайдиган либосларда юрганига кўзимиз тушади. Бундай ошиқ-маъшуқликдан дунёга келган болалар, одатда, афғон миллати бўйича рўйхатдан ўтказиларди. Ҳозир Афғонистонда совет зобитлари зурёди деярли қолмаган — уларнинг кўпчилиги ҳаётининг хавф остида қолганидан қўрқиб, тўқсонинчи йилларда мамлакатдан чиқиб кетганди.

РУС ҚИЗИГА УЙЛАНГАНИ УЧУН ҚЎЛЛАРИ ЧОПИБ ТАШЛАНДИ

… Жамила билан онасининг борадиган жойлари йўқ эди. Улар ҳаммасини бошларидан кечиришди — вайрон бўлган Кобулга мужоҳидлар ғолибона кириб келдилар, жангари гуруҳлар ўртасида шаҳарда тунги жанглар авжга чиқди, “Толибонлар” даврида кўчаларда муртадлар (диндан қайтганлар) очиқчасига қатл этилдилар. Толибонлар турган вақтда ойиси (у университетда рус тилидан дарс берарди) кўчада қолганди: янги ҳукумат хотин-қизларнинг меҳнат қилишини тақиқларди. Улар полизда етиштириладиган сабзавотларни еб тирикчилик қилар эдилар. Кўчадан ўтиб кетаётганида Жамила ҳатто қалин нарсанинг ичида ҳам барибир қалт-қалт титрар эди — кимдир унинг “кофир”дан дунёга келган қиз эканини ҳокимиятдагиларга етказган бўлса-чи? Мисол учун узоққа боришнинг ҳожати йўқ эди — унинг қўшниси беш йил совет аёли билан умргузаронлик қилган ва кейин у билан ажрашиб, Афғонистонга қайтиб келганди. “Ислом динига хиёнат қилгани учун” толиблар унинг ҳар иккала қўлини чопиб ташлаб, кўзларини ўйиб олишганди. Бечора қиз даҳшатли тушлар кўрарди: қутурган оломон уни тошбўрон қилаётган бўларди ва бундай тушларни неча марта кўрганининг ҳам ҳисобини билмасди. Бир куни тўғри юзига боқиб: “Биласанми, сен унчаям афғонга ўхшамайсан”, — дейишганди, жоним нақ ҳиқилдоғимга келди, бироқ бошқа ҳеч нима бўлмади. Бадахшон вилоятида яшовчи афғонлар орасида ҳам малла сочли ва оқ баданли одамлар кўп учрайди ва мен отам ўша ёқдан деб айтар эдим. Биздақалар у ерда кўп эдими? Йўқ. Мен фақат битта “рус” қизини биламан, толиблар даврида биз бир-биримизникига меҳмонга яшириқча бориб-келиб турардик — унинг отаси Ленинграддан бўлса ҳам ранги қорачагина эди ва унга осон эди. Илгари Кобулда бошқа “рус” болалари ҳам бўларди, бироқ улар кетиб қолишганди — бирлари Россияга, бирлари ҳатто Германияга. Шаънимизга шундай кўринмас тамға босилганки, уни минг ювган билан кетказиб бўлмайди, бу там­ға оналаримизнинг “кофирлар” билан ошиқ-маъшуқ ўйин ўйнаганларидан жонли далилдир. Ҳозир толиблар йўқ… аммо улар энди қайтмайди деб ким кафолат беради? Биламан, эртами-кечми мен ҳам кетаман?

— Афғон эркаклар билан совет аёллари анча кўп никоҳдан ўтишган, — саксонинчи йилларда Кобул загсларида хизмат қилган Лутфулло Холид ҳикоя қилади. — СССРда ўқиган афғон мутахассислари у ёқдан хотинлар олиб келишган. Турган гапки, қўшинлар олиб чиқиб кетилгандан кейин уларнинг ҳаммаси Совет Иттифоқига қайтиб кетишди. Ҳозир Кобулда эри афғон бўлган фақат биттагина рус аёли яшаяпти. Совет зобитларидан қонуний бола туққан қизлар, одатда, зиёли оилалардан бўлганлар, кўплари чет элда таълим олган, рус тилини яхши билишган. Ҳозир бундай байналминал болалар Афғонистонда бармоқ билан санарли. Улар ҳаммаси бўлиб қанча миқдорни ташкил этишганини биз ҳеч қачон билмаймиз.

… Жамила яна хона ичига кириб кетди ва ўн дақиқадан кейин одатдаги зангори паранжида чиқиб келди — иш куни тугади. Биз шу ерда хайр-хўш қиламиз — кўчада уни ажнабий билан ёнма-ён ҳеч ким кўрмаслиги керак: Кобулда ҳар куни “кофирлар” билан ҳамкорлик қилувчи афғонларни ўлдириб туришади. “Жамила, балки отангиз тирикдир? — сўрайман мен. — Бирдан газетамизни ўқиб қолса-чи? Унга айтадиган ҳеч қандай гапингиз йўқми?” У юзидан чимматни кўтариб орқага ташлайди, лабларини тишлаганча ўйга чўмади… “Нима ҳам дердим? Борди-ю, у ўлиб кетган бўлса, қачонлардир жаннатда кўришармиз. Борди-ю, ажали етмаган бўлса… унда, менимча, “дада Саша”га менинг керагим йўқ”. У барча афғон аёлларига хос майда қадамлар билан йўрғалаганча узоқлашди. Шу он унга яна битта савол беришни унутганим ёдимга тушди. “Елена Александровна!” — тилимнинг учида айланади сўзлар. Бироқ Жамила орқасига ўгирилиб қарамаслигини англаб турардим…

Эслатма: Вьетнамда 1963-1972 йилда ҳарбий хизматчилари билан алоқа қилишдан маҳаллий хотинлар туққан болалар сони 15000 нафарни ташкил этади. Улар ўз мамлакатларида орқаваротдан иккинчи нав фуқаролар саналади.

Норвегияда 1940-1945 йилда махсус СС “Лебенеборн”         дастури натижасида 12000 бола туғилган. Ушбу дастур немис солдатлари ва норвег аёлларининг ишқий алоқаларини рағбатлантирар эди. Урушдан кейин бу болалар расмий равишда ақли заиф деб эълон қилинган ва шифохоналарга ётқизилган эди.

Анголада 40 минглик куба аскарлари ичидан ишқпарастлари 1975-1990 йиллардаги узоқ муддатли ташрифдан сўнг кўплаб дили вайрон бўлган аёлларни ва беш мингга яқин қонуний туғилган болаларни қолдирганлар.

Кобул — Москва.

«АиФ»нинг 2006 йил 41-сонидан олинди.

Амир Файзулла таржимаси

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2006 йил, 12-сон


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!