Ҳел Портер. Биринчи муҳаббат (ҳикоя)

Ота томондан бобомнинг миллати инглиз, ўзи ҳарбий ва бурни негов эди. У икки марта уйланган ва етти ўғил, тўрт қизга ота бўлган. Она томондан бобомнинг миллати швейцар бўлиб, бу ҳам негов бурун эди, деҳқончилик қиларди, биргина хотиндан олти ўғли, олти қизи бор эди. Шу боис мен фақат туғишган тоға ва холалардан эмас, балки почча-тоға ва келинойи-холалардан ҳам ёлчигандим. Бу жуфтликлар ҳаддан ташқари серпушт бўлгани сабабидан, болалик йилларимда атрофимда турли ёшдаги неговбурун амакилару холалар, мақтанчоқ ўсмирлару вайсақи жувонлардан тортиб, дарғазаб қиролича Викторияга ўхшаб, бошига чепчиги қия қўндирилган елимшак чақалоқларгача тўлиб-тошиб ётарди. Энди менга боболарим Австралияга фақат серпуштлик ва негов бурунларнигина эмас, балки энг асосийси, шовқинни олиб келгандек туюлади. Бу ҳолда шовқиндан портлаган туйғулар, қутуриш билан, – жин урсин ҳаммасини! – биринчи даражали номуҳим масалаларни ёниб-жўшиб муҳокама қилишдан нарига ўтмаган жонланишни хаспўшлаб, баттар кучга кирарди. Барча қариндош-уруғларим, бир чақага қиммат амакимдан тортиб дунёвий холамнинг ўзигача, текин нонга навбатда тургувчи холаларимдан тортиб энг бой амакижонимгача – барчалари қулинг ўргилсин беғамликка маҳкум бўлишган. Ғирт қишлоқи онажоним эса лаққа балиқдай лақма эди, галма-галдан хуруж қилиб турувчи ғажишлару хурсандчиликлар эпкинида айланувчи шамол тегирмонга ўхшаб яшарди.
Мана шу шиддаткор қариндош-уруғчилик гирдобида ёш болакай бўлмиш менинг зувалам бошқа тупроқдан олинганди. Қайсидир аждодларимдан осонликча қайнамайдиган қон менга мерос бўлиб қолганди. Ройиш- рисолага мойиллигим шу қадар кучли эдики, уларнинг ҳамма нарсани қўл учида, чалакам-чатти бажаришидан, бор овоз билан гапиришидан, қимор ўйнашидан ва лўлича яшашдан нуқс олгандай. Босиқликдан минг чақирим узоқ бундай тийиқсизлик мени бир четда туришга ва уларнинг ҳаётида иштирок этишдан кўра кўпроқ кузатишга мажбур этарди. Аммо таажжубланарлиси шундаки, менда spirit de corps ҳаддан ташқари кучли эди. Лекин мен на такаббур эдим ва на олифта. Бировларнинг боғларидаги меваларни ўғирлайдиган барча қишлоқ жулдирвоқилари сингари тиззаларим ҳар доим япон иероглифларига ўхшаган жароҳатлар билан қопланган бўларди, яланг товонларим шунчалик қотиб кетгандики, лаққа кўмир чўғи устидан юрсам ҳам билинмаса керак. Мен қурбақадай сузар, ковбойдек сўкинар, аскардек чекар эдим. Бироқ бу қобилиятларим ва ёлғондакам раҳмсизлигим қатъий чекланган эди. Мен чизиқдан чиқиб кетолмасдим. Оиланинг бошқа аъзолари кўнгиллари истаган нарсани қилишарди. Мен, масалан, ҳеч қачон илонларни тоғажоним Фостер ва амакиларим қилгандек ўлдирмаганман: улар илонларни қамчидек ҳавода силкитиб ўйнар эдилар. Мен таёқ ишлатардим. Бундан ташқари шу тахлитдаги эҳтиёткорликка боришдан андиша қилмасдим ва кўпинча, қариндошларимизнинг шовқинли ғала-ғовуридан жуфтакни ростлаб қолардим, мен яна тутуруқсиз анъаналарга хилоф иш тутардим. Барча катта ва кичик амакиларимнинг итлари, одатда феълдор фокстерьерлари ёки илдам кўппаклари бўлар эди. Менинг мушугим бор эди, менга унинг нисбатан ювошлиги ва манманларча мустақиллиги итларнинг сохта қулчилигию ўчакишиб акиллашларидан афзал кўринарди.
Кўзойнак тақишимни ва мураккаб сўзларни ишлатишга жуда ҳавасмандлигимни айтиб ўтиришим шартмикан?
Ўз қилмишлари билан фақат оилавий анъанани бузибгина қолмасдим – мен унга қарши кўринмас жойда, қалбимда исён кўтарар эдим. Жуда бўлмаганда бунинг учун мени сўкмас эдилар. Барча ўсмирлар каби бели синдирилган илон қуёш ботмагунча ўлмаслигига, агар ит сўгални яласа, дарҳол яна бир қанчаси бўртиб чиқишига, бошмалдоқ ва кўрсаткич бармоқ оралиғидаги жойга жароҳат етса, ўша заҳоти жағлар юмилиб, киши умрбод гунг бўлиб қолишига ишонар эдим. Барча бола-бақралар билан биргаликда мен арвоҳларга, даври қиёматга ва турли эртакларга қаттиқ ишонардим. Кейин бари ўтиб кетгандек бўлди. Мантиқ тарафдори ўлароқ мен болалик йилларим учун мумкин бўлган ёки шунга мос келганидан кўпроқ вақтгача Қор бобога ишониб келдим. Мен Худога ишонмасдим, у, шунча дуою илтижоларимга қарамай, мени лақиллатганди – “Ёш техник” ускуналар тўпламига эга бўлолмадим-бўлолмадим. Мен фалакларга қарата куфрона сўзларни чинқириб айтиб, атрофдагиларнинг нақ ўтакасини ёрганман. Диндорлар учун мен чақин чаққанда ёнида туриш хатарли бўлиб қолган дарахтга айлангандим.
Куфроналикдан ҳам ғалатироқ ва уятлироқ нарса менинг бири биридан ғалати хатти-ҳаракатларим эди. Қариндош-уруғларимнинг найрангбозликлари ва оғзи шалоқликларидан шунақанги ҳузурланардимки, одатдаги индамаслигимга қарши ўлароқ, мен очилиб-сочилиб бор овозим билан қариндош-уруғларим хўжакўрсинга қўймаслик дуруст бўлган ҳолга қандай муносабатда бўлишганини айтган эдим. Швейцар амакининг қизларига туғилиш тартибига кўра Роза Бона, Аделина, Семена, Марта, Мета ва Ида деб исмлар қўйилганини кир ювувчининг жирканч ўғилларига оғзимдан гуллаб қўйгандим. Уларга бу барча исмлар охири “а” билан тугашидан ташқари ҳар гал бир ҳарфга қисқа бўлиб қолишини ҳам тушунтиргандим. Оға-иниларим мени жим бўлишга ёки бу мавзудан четланишга мажбур этолмагандан кейин бурнини танқайтириб менга маъюс қараб қолган эди, аммо мен тинимсиз сайрардим, бизга яна иккита хола туғиб беришмаганидан маломат қилардим – сўнгги, А исмли эртакнамо мавжудот, А холамдан ҳаммадан кўп суюнар эдим – бунинг олдида сагодан қилинган плумпудингим ҳам ўтаверсин. Аммо бизнинг бутун оиламиз – уни ўйлаб мен оқ товба-кўк товба қилардим, – буларнинг ўрнига холаларимизнинг калта-кўтоҳ исмлари Бон, Адди, Лина, Мар, Мин-Мин ва Диллни тилга олар эди. Ҳамма нарсада тартибга ўрганган мени бу ғазаблантирарди, бунда ҳеч қанақа тартибни кўрмасдим. Онамни Ида хола эмас, Долли хола деб аташганида иззат-нафсим озмунча лат емаганди. Роза Бона хола ва Аделина холанинг қайта-қайта норозиликларига қарамай, мен намойишкорона қариндош-уруғларимни калта-кўтоҳ исмлар билан атамадим. Мен оёқ тираб амакиларимни “Уот амаки”, “Гат амаки” ва “Тини амаки” деб тилга олмадим, уларга ўт очувчи қурол шарафига Уитворт, Гатлинг ва Мартини-Генри лақабларини беришганди. Ҳарбий бобомнинг қолган ўғилларининг исмлари Ланкастер, Энфилд, Снайдер ва Маузэр эди.
Гарчи бу алмисоқдан қолган исмларга нисбатан ўз муносабатим бўлса-да, юрагида ўти бор қариндошларим менга оҳанрабодек таъсир кўрсатишди. Унинг хешлари ҳатто жайрага ҳам момиқдай юмшоқ туюларди. Аммо мен жайрадан ҳам ўтиб тушгандим – менинг жайра хешларим ўзимга атласдай майин, упа суртадиган момиқдай юмшоқ кўринарди.
Барча тоғажонларим ва холажонларим жуда бўлмаганда битта тийиқсиз ҳавасга эга эдилар ва ҳатто ҳозир ҳам, кўп йиллар сўнгида, ўзимнинг қўмсовчи етуклик йилларимда шу ҳавасларни ҳаяжон билан эслайман. Аммо, афсуски, энди мен ҳаётбахшлик ва енгилтаклик ниқоби остида турфа инсоний иллатлар: сурбетлик, нодонлик, ёлғон, исрофгарлик, хилма-хил азоб-уқубатлар ва ҳатто чинакам фожиа яширинганини билардим. Барибир ҳам ўша пайтларда оғзимни очганча уларнинг ёрқин ва мароқли ишлари ҳақидаги ҳикояларни тинглар эдим. Ўзлари ва бошқалар ҳақидаги бўяб-бежаб ҳикоя қилинган бу афсоналар уларни қаҳрамонлар қилиб кўрсатар, осмони фалакка кўтарар, тасаввуримнинг минг йиллик кенгликларига машъалдек ёғду таратар эди. Бу зодагонлар кўз ўнгимда жисман пайдо бўлганларида мен оғзимни очишга тайёр эдим – у вақтларда ҳафсала пир бўлиш нималигини билмасдим. Воқелик тасаввур билан ялакатмағиз бўлиб кетганди. Оилада эса ўзимни Уч Доно маймундай тутардим: “ҳеч нарсани кўрмаяпман, ҳеч нарсани эшитмаяпман, ҳеч нарса гапирмайман”.
Мартини-Генри тоғамнинг ясама мўйлови, унинг ҳассаси, тўға ўрнига акула тишли соат занжири мени ўрмондаги унинг саргузаштлари ҳақидаги афсоналари ёки Уотворт тоғамнинг чирмовуқ босган трубка дўкони ёхуд Роха Бона холамнинг азбаройи йириклиги ва бўлиқлигидан еб қўйгинг келувчи гулларга тўла боғидан кам ҳайратга солмасди. Мени уларнинг уйлари мафтун этарди, у ерда янги қайнатилган қулупнай мураббоси ёки мебель локи ёки парракланган лимон ёки атир ёки сут, мушуклар ва сигаралар ҳиди димоққа урарди. Ўз-ўзидан равшанки, миямнинг бир четида ўтмишдаги олис хотиралар ҳамон сақланиб қолганди ва мен Маузэр тоғам чеккан турк сигарети ҳамда Селина холамнинг мойли совуни ҳидини ҳамон эслайман, яхна чойли банкалар қандай тартиб билан териб қўйилганини ва дастаси зарҳал эски гулдон ҳам эсимда. Аделина холамнинг ширинлик солинадиган ликобчалари четларидаги юнонча бўртиқ гуллар бармоқларимга қаттиқ тегишини ҳали ҳам ҳис этаман, хонанда Мельбанинг “Қадрдон уйим маним” қўшиғи Мета холам граммофонининг шокалад рангли карнайидан қандай янграгани қулоғим остидан кетмайди.
Таассуротларимни бир жойга тўплаш учун ҳар бир ҳолатдан фойдаланардим. Мен ташлаб юборилган пишириқлар увоқлари орасидан, чойнак устидан ажойиб ибораларни териб олардим, пикниклар вақтида тутиб олинган ҳавойи табассумларни асраб қўярдим, – хуллас, ёз туганмасдек ва гўзал кўринувчи боғдаги гуллари қийғос очилган шохлардан қучоқ-қучоқ синдириб ўғирлар эдим. Бу ўлик мавсум энди қанчалик шафқатсиз даражада чўзилиб кетарди.
Сербутоқ оилавий шажарамиздаги барча болалар сингари менинг узоқ ва яқин ака-ука ва опа-сингилларим, жумладан, ўзим ҳам, мактаб таътилини истаган жойда ўтказар эдик, фақат шовқинли ошёнимиз бундан мустасно. Бизлар билан қариндошлардай саломлашишарди. Шаҳар ташқарисида яшайдиганларимиздан айримларимизни қишлоқда яшайдиган тоға ва холаларимизникига жўнатиб юборишарди, қўпол қишлоқликлар эса меҳмондорчиликка шаҳарга келар эдилар. Болалар – бу болалар эмас, қип-қизил балолар бўлишади. Ҳар бири уйга бир пулга қиммат нарсани ўмариб келарди, уларнинг қиммати – совға қилингани, холос. Эсимда, сингилларим уйга туфли тикадиган иплар, ипак калавалар, кашта кегайлари, упадон, эски қўғирчоқлар, синиқ елпиғичлар, урфдан қолган, ҳиди зўрға билинадиган атирларни кўтариб келишганди – уларнинг номлари эсимда қолибдими. Укаларим гоҳ-гоҳ спиртли банкага солинган калтакесакларни, бўш сигара қутисини, чақилган туяқуш тухумини, тошбақа сопли ва тиғи зада қаламтарошни, тўртбурчак теннис ракеткасини ва бирон тантанали воқеа учун Снайдер тоғамизга деб кўҳна банжо ни олиб келишганди. Булар бари қақир-қуқурлардан бошқа нарса эмасди, туристларнинг совғаларига ўхшарди, бегим ва таътил кунлари оралиғидаги қисқа вақтни мароқли ўтказиш учун алоҳида фусун бахш этарди.
Бу олатасирлар ичида мен қариндош-уруғлар хатти-ҳаракатини диққат билан ўрганиб борувчи одам ўзим эдим ва отнинг қашқаси бўлиб қолгандим. Снайдер тоғамнинг ўтмиши мени чалинмайдиган банжодан кўра кўпроқ қизиқтириб қолганди. Мен ҳурмат қила бошлаган жонли маъбуд ва маъбудаларнинг ўтмиши тўғрисида иложи борича кўпроқ маълумот тўплаш, қандай қилиб, қаерда ва нима учунлигини, далилларни билиш жону дилим эди.
Менга дабдабали зиёфатлар, масонлар овқати ва мэрлар овқати таомномаси бўлган қоғозни ёки эски театр дастурлари, кўргазма ва тўй таклифномасини тақдим этганларида кўзларим кўзойнак шишасидан ҳам кучлироқ чақнаб кетган бўлса, не ажаб. 1911 йил 24 июнда Аделина холам тўйда иштирок этганида ер ўз ўқи атрофида секинроқ айланган бўлса керак. Унинг ҳозир ҳам тўйларда бўлиши тасаввуримга ёрқинлик ва теранлик бағишлайди. Менинг тиним билмас тегирмоним учун дон откриткалар эди. Чунки ўн тўққизинчи аср охири, йигирманчи аср бошида, откритка жўнатмалари ва йиғноқларининг шу асрида тоғам ва холаларим ҳали ёш эдилар, мен кўплаб тўсиқларга дуч келишга мажбур бўлгандим. Масалан, мана бу ғалати топилдиқни қаранг – 1913 йил 13 февралда Шимолий Уильемстоундаги Виктория кўчасида истиқомат қилувчи тоғам Гэтлин откриткага ёзилган бир мактуб олди, унда ҳабаш қизи Топсининг суврати бор эди – бошидаги тикрайган кокилчалар чўкмор игналарига ўхшарди, юзининг қоқ ярми бир тилик қовунга ўхшаш катта яримой ортига яширинган, тепасида эса ёзув: “Даҳшат қанчалар яхши”. Пастда, унинг яланг оёқлари бармоқлари тагидаги ёзув “… Сент-Килда” сўзлари билан тугаган. Орқа томонига бинафшаранг сиёҳда қуйидагилар ёзилганди:
“Азизим Гэт! Орқа томондаги қораялоқни бир томоша қил. Келаси шанбада соат учда бутун қайноқ гуруҳимиз “Оқ кийик”да тўпланишимизни сенга билдирмоқчиман. Бир хумордан чиқиб чақчақлашайлик!!! Эсингдан чиқмасин!!!
Гарри”
Мен кўплаб откриткаларни қарадим: Нил узра оқшом, Мисс Билл Берк, Мисс Зена Дейр, бахмал гуллар ёпиштирилган откриткалар, курорт пансионларининг жозибадор манзаралари акс этган откриткалар ёки қайнонанинг ғишавалари ёзилган фотосувратли откриткаларни жон-жон деб олар эдим – қизил-оқ йўл-йўл либосли футболчилар сартарошхона олдидаги устунчаларнинг ўзгинаси; арава ғилдирагидай катталикдаги туяқуш патидан қилинган шляпа кийган Селина холам; бўйнидаги боа бўйинтуруққа ўхшайди; менга аъло тикилган костюмда, бир кўзига монокль таққан Энфилд тоғам кўринди; карточкада у қилтириқ, ғилай кўзли ўсмир эди. Эгнига лорд Фаунилрайнинг а-ля бахмал костюмчасини илиб олган; Мета хола – лаббўёқсиз лаблар, яланғоч елкалар, обдон пахмайтирилган соч ва ирғиб чиққан кўзлар – сартарошхона пештахтаси ортидаги хоначаларга териб қўйилган мум ҳайкалчаларига ўхшайди.
Мен шунчалик иштиёқ ва берилиб хиралик қилишда давом этардимки, қариндош-уруғларим энди устимдан маломат қилишдан тўхтаб, ҳатто ҳаракатларимни маъқуллай бошлашди. Мени кам деганда нотариусга чиқариб қўйишганди. Баҳорги супур-сидирлардан кейин холажонларим менга даста-даста фотосувратлар юборишди; тоғаларим ноаниқ сарғиш фотосувратлар ҳавола этишди (“Мен – Леонгатдаман, 1920”), ёки қизилбурун арақхўрлар ва улар шимларининг орқа чўнтакларидан қисқичлари билан ниманидир юлқиётган қисқичбақалар тасвирланган откриткалар. Булар барчасини улар яшаб ўтилган умр хазиналари – катмон, суғурта қоғозлари, кўзли галстук тўғноғичи, хотинларнинг биринчи ишқий мактублари ва пачағи чиққан гултугмалар сақланган қутидан топиб олишган. Мени профессор деб аташар ва юмшоқ жойимдан шапатилаб қўйишарди. Мен туфайли шов-шувга сабаб бўладиган ва бетартиб ўтмишнинг қадимшунослик қазилмалари тоғажонларим ва холажонларим учун одатдаги эрмак бўлиб қолганди.
Аммо афсус!
Тирноқдеккина шуҳратимнинг чўққисида, кўринмас ўн ёшимда менким, ўз асаларим нишидан озор чеккан асаларичи фотосувратни севиб қолгандим. Мен чин юракдан, телбаларча ва бор вужудим билан ошиқ бўлиб қолгандим.
Бу фотосувратни Мета холамдан бир даста откритка билан бирга олгандим. Агар уйда ёлғиз қолмаганимда, елкам оша қарайдиган ҳеч ким бўлмаганида, мен, эҳтимол, аввал узоқ жазавага тушмаган, кейин эса ҳафсалам бутунлай пир бўлмасди. Бироқ почтальон келганида уйда бир ўзим эдим; мен совғали хатжилдни ҳеч ким йўқлигида очдим, атрофда эса Варьете қизлари тасвирланган откриткалар бор эди, ҳаваскорлар олган сувратлар – араваларда ўтирган тоғажонларим, велосипедда ёки ёнида турган мўрчамиён холажонларим – мен эсам ҳувиллаган уйда ўз тақдиримга дуч келиб ўтирибман. Ўша куни, ўша онда содир бўлган воқеани эса ўзгартириб бўлмасди.
Мен бир фотосувратни кўриб қолдим. Ортимдан менга таниш палағда дунё эшиги сассиз ёпилди. Мен жаннат бўсағасида пайдо бўлдим. Олмослардан ярқираган олтин тахт энди меники бўлганди. Менинг барча хуфия севишларим ҳақиқий эмаслигини, тўқиб чиқарилганини, ҳеч нарса эмаслигини англадим. Минг жонли бўлмасин, соялардан, минг ранг-баранг бўлмасин, ичи бўш мавжудотлардан, ёлғондакам ҳуснлардан, хотинларсиз ҳарир либослардан, эркакларсиз эркак исмларидан бекорга ичим муздай бўлиб юрмаган экан. Севги билан менинг фақат “салом-хайр”лик танишлигим бўлган экан, холос.
Фотосувратда тахминан менинг ёшимдаги қиз қараб турарди. Қизалоқ кринолин кўйлакда эди ва қўлида катта жиға билан безатилган гаврон бўлганидан тусмол қилдимки, у бал учун шундай кийиниб олган ва қўйини йўқотган болалар қўшиғидаги чўпон қизни ифодалаяпти. Балки, ўша чўпон қизнинг ўзи бўлса-чи? Аммо фотосувратдан буни билиб бўлмайди. Тасмалар ва атиргул ғунчаларидан ясалган суйри шляпаси бошига бироз қия қўндирилган, тирсагигача қора тўрсимон енг кийган, корсажи хоч кўринишида тармоқланган – булар бари кўнглимни ағдар-тўнтар қилиб юборди. Кўнглимда яна менга ноаниқ теранлик ва кенглик очиб, уни ағдар-тўнтар қилган нарса бу эмасди, балки қиз кўзларидаги нур ва табассум эди. Табассум ва нигоҳ унинг рўпарасида турган учоёқдаги фотоаппаратга йўллангани хаёлимга ҳам келмаганди. Фотоаппарат номсиз инсон боласи қора мато остида яшириб турган гармонга ўхшарди. Йўқ! Бу заифгина, ёқимли табассум менга аталганди. Бу тубсиз, аммо тийрак қора кўзлар тўғри юрагимга қараб турарди. Фикрлар айқаш-уйқаш бўлиб ётган миямга товушлар шовқини келиб урилди, олдинги барча тасаввурларни сиқиб чиқариб, улар ўрнини нотаниш бўйлар ва ҳаяжонли “Сен!” қичқириғи билан тўлдирди.
– Сен!
Қулоғимга абадият садоси чалинди.
Абадият – вақт қурбони.
Бу ёқдан абадият бошланиши ҳамон эшик томонидан онамнинг овози келди.. Учига чиққан жиноятчидай, шошмасдан фотосувратни ички чўнтагимга яширдим. Бу чўнтак менинг чап ёнимдалигини ва илоҳий чеҳра атайлаб ичкари томонга буриб қўйилганини эсладим. Унинг кўзлари мен қип-қизил чўғ, помидордай дум-думалоқ тасаввур қилган, пайпаслаганда гулҳамишабаҳор танасига ўхшаш бир нимадан қилинган юрагимга тик қараб турарди. Мен юзимдан нурни ҳайдадим, қартабоз ҳаракати билан елпиғич ёрдамида қолган фотосувратларни тўпладим ва онам кириб келганда ўзимни мусичаи безаволдай маъсум кўрсатиб, гапни аввал бошладим:
– Қаранг, Мета хола менга нима юборибди!
Юрагимга қараб турган илоҳа ҳақида лом-мим деганим йўқ. Ўшанда ҳам чурқ этмагандим онамга, кейин ҳам. Шу тариқа фотосувратни ва муҳаббатимни етти йил асраб юрдим. Етти йилгача бировга билдирмадим.
Бироқ чўнтакларим ва столим тортмасини онам тез-тез кўздан ўтказиб турганидан мен ҳушёрликни сира қўлдан бермасдим. Ўзим билан олиб юриш имкони бўлмагандан муҳаббатимни қай пучмоққа беркитганимни ҳозир лоақал эслаёлмайман ҳам. У билан ажрашишга, пилла қурти сақланадиган пойафзал қутисининг қоғоз қатлами остига, дазмол тахтасининг сўкилган чокига ёки мозор тошидек зил-замбил, ҳеч ким ўқимайдиган Библия ичига яширишга мажбур бўлганимда менга шундай туюлардики, у ерда қизнинг нозик табассуми шимилиб кетган, тик боқувчи тийрак кўзлари эса – уйқуда.
Сажда қилишим қолиб кетмадигина эмас, ҳатто кучаявергач, ҳайратим ошгандан-ошди, чунки мен ақл бовар қилмас тезлик билан йил сайин қиздан илгарилаб бормоқда эдим. Менда ҳаяжонли севишдан бошқа ҳамма нарса ўзгариб кетганди. Қиз эса ўзгармасди, ҳолбуки ундаги латофат энди бошқача маъно касб этганди: унинг кўзлари менга янги ҳақиқатларни ошкор этарди, унинг кўзлари қоп-қора нефть сиртидаги садаф пардадай милт-милт қиларди, айни вақтда абадият сингари ҳаракатсиз ва сирли эди.
Мен ўзгаргандим. Барча хешу таборларим ҳам. Бир қараганда уларнинг ҳаракатчанлиги, тетиклиги, жўшқин қўл ишоралари ва яшаш иштиёқлари ўзгармай қолганга ўхшарди. Бироқ синчиклаб қаралса, оҳордан ном-нишон қолмагани ёки қилдай ингичка ажинлар пайдо бўлгани кўринарди. Куйдириш ўчоғида узоқ вақт тутиб турилган ликобчалар каби ёшлари улуғроқ тоғаларим ва холаларимнинг кўриниши шундан далолат берардики, улар ҳаёт ўчоғида ҳаддан ташқари узоқ қолиб кетишган. Кўзлар атрофини ажинлар қанча кўпроқ эгалласа, сочлари шунча сийраклашиб борар ёки оқ сочлар қоплар, эни ва бўйига кенгайиб борар ёки баданлари қуриб, оёқларини сўнгги маскан – гўр тортиб кетмоқда эди, боз устига улар сергап ва шовқинли одамларга айланмоқда эди. Улар кўпроқ пештаҳам сўзларни айтишдан лаззатланар эдилар, нимага ва нимаданлигини ўзлари билмаган ҳолда тинимсиз қаҳ-қаҳ уриб кулардилар; дарвоқе энди бунинг аҳамияти йўқ эди. Афтидан, ҳеч ким: “Биз нимага куляпмиз ўзи?” деб сўрашни эп билмасди ва кулги тўхтамасди. Менинг илк болалигимни илитган бу даврий ёритқичларнинг барчаси босиқ ғазабдан қизарган осмон бўйлаб ботишга яқинлашмоқда эди.
Бу сўниб бораётган ёритқичлар ичида энг шаддоди Марта холам эди. Бутун хонадоннинг каттаю кичик вакиллари аллақачондан буён уни Қувноқ Бева дерди – кўплаб эр-хотин жуфтликлари орасида хийла ғалати лақаб. Мен Марта холамнинг эрини хушрўй, ёқимли, бой, истеъдодли ва ҳоказо дейишларини кўп эшитардим. Мен шундай хулосага келдимки, марҳумлар тирикларда қарийб бўлмайдиган барча фазилатларга эга бўладилар, тирикларда бундай фазилатлар бўлганда ҳам ҳаммасида эмас. Яхши фазилатларнинг мўллиги ўлим учун муқаррар шарт деб ўйлаш мумкин. Бу шундай фожиаликки, деб такрорлар эди ҳамма, у тўйидан икки ой ўтиб ўлди. У ва меҳрибон Марта, деб бир овоздан уқдирар эди ҳамма, ажойиб эр-хотин эди ва бир-бирини телбаларча севарди. Менга маълум бўлишича, Марта аввал сайру саёҳатлардан юпанч қидирар экан, кейин саёҳатлар ва мусалласга ружу қўйибди, охирида эса саёҳатлардан ҳам кўра мусалласга зўр берибди ва… шу ерда овозлар пасайди, лекин мен қулоғимни динг қилиб, барибир ҳам эшитиб қолдимки, … ва ўзидан анча ёш йигитлар билан дон олишар экан.
Мен Марта холамни кўп кўрмасдим. У ҳар доим упа-эликларга қаттиқ бўяниб олар эди. Унинг хириллаб айтган кинояларидан илон пўст ташлар эди. Тумшуқларини қимматбаҳо баданларига тиқиб олган тулкиларнинг башарасидан заҳарли кўзлар чақнаб турган унинг мўйналаридан ўткир атирлар анқир эди; майин тери қўлқоплари тагидан тилла узуклар туртиб турарди. У тилларанг фильтрли кўкиштоб, сариқ ва бинафшаранг сигареталар чекарди. У хонадон сулоласининг иснодига айланганди. У оила аъзоси саналарди, аммо унга қандайдир ғалати иллатлари бор уй ҳайвонидек қарар эдилар. Дарвоқе, валинеъматлар ҳам муқаррар тусда валинеъматларни қаритадилар: соддадиллик ғижинишга ўтади, одатлар – сохталикка, ёқимли шўхликлар – жонга тегувчи майнавозчиликка.
Менга келганда, мен шундай паллада эдимки, бу пайтда тепадаги лаб усти тукларга мой суртилади, яъни мўйлаб сабза урган бўлади. Мен олмос буюмлардан фойдалана бошлаган эдим – менинг ота-онам учун бу афюн чекишим билан баравар эди. Мен катта ёшдагиларнинг тоифавий белгиларидан азобланардим – булар гултугмалар ва соатлар эди; ўша қисқагина вақтда мен манман, фақат ўзини аяйдиган, одамларнинг ёлғизлиги ва зерикишини ардоқлайдиган ва инсониятнинг барча асосий иллатлари униб чиқадиган чидаб бўлмас наслига тегишли эдим.
Менинг барча иллатларим: такаббурлик, беодоблик, ифлос фикрлар ва бир чақага қимматлик фақат фотосувратлардагина кечирилар эди. Мен чидаб бўлмас даражада каттариб кетдим, мен биринчи марта шим кийдим ва онам энди: “Бу ифлос рўмолчани қачонгача тутасан?” деб қичқирганча чўнтакларимни кавламас эди.
Шу боис фотосуврат юраккинамнинг шундоқ ёнида, Ланкастер тоғам менга совға қилган сахтиён ҳамёнимда бемалол ётаверарди. Етти йил тез-тез томоша қилганим кўзлар аввалгидек ой каби порлар эди ва аввалгидек менга пайғамбарона ҳақиқатлардан хабар берарди; табассумли лаблар ҳали-ҳануз: “Сен!” – дея пичирлаётгандек ва барча исботларни, бутун хотиржамликни, бутун донолигу бутун муҳаббатни шунга нисор этаётгандек туюларди.
Мўйлабим сабза урмаган вақтларимда ҳали олмос буюмлар онам учун тавқи лаънат тимсоли эди, қўлига ҳеч соат таққан эмасди ва зерикишдан бир кун минг кундай бўлиб кетарди – худди шу вақтда бизнинг овлоқ шаҳарчамизга Марта хола қадам ранжида қилиб қолганди.
Бир куни оқшомолди паллада овқатланиб ўтирганимизда телефон жиринглаб қолди. Онам столдан турди-да, телефонга чиқди. Қулоғимизга унинг ҳаяжонли гаплари чалиниб турди. У гул-гул яшнаб қайтди, юзларида қизил доғлар кўринарди. “Жаҳли чиққан”, – бу доғлардан бизлар шундай тўхтамга келдик. Отам уйда йўқ эди. Онамга биз қараб турардик. Биз олтовлон унга савол назари билан тикилдик. Онам нигоҳларимизга мардона чидаб берди.
– Марта хола келибди, – деди у охири анча ноқулай оҳангда, столга ўтирмасдан. – Мана буни йўқ қилинглар. Тезда. Бўлмаса дадаларингга айтаман. Сурбет башараларингиздан мана бу сурбет ифодани йўқотинглар.
– Ойижон, ўтиринг, – бир овоздан дедик биз. – Дамингизни олинг, ойижон. Хаёлингизни бир жойга тўпланг. Қўрқманг. Кўнглингизга келган ҳамма ёмон гапларни айтинг, ойижон. Бўлмаса дадамизга биз айтамиз.
Она ҳадеганда ўтирмади.
– Бас қилинглар, – деди у. – Ҳозироқ. Бўлмаса бутун уйни бошимга кўтариб қичқираман. – У нима қилишини билмагандек соатга қаради. – Марта хола Сиднейга шу ердан ўтиб кетаётган экан. “Терминус”да тунар экан.
– Э-ҳа! – деди менинг ўн етти яшарлик сингилчам. – У шунақа одамжон эканми, а? У камбағал қариндошларини кўргани келибдими?
– Йўқ, – шартта кесди она. – Оғзингга қараб гапир, хонимча. – Шундай дея бошқа қиладиган ҳеч иши қолмагандек онам жойига чўкди. – У жуда қаттиқ чарчадим дейди.
– У бирам одамшавандаки…
– Ўчир! – қичқирди она. – Мартани шунақа деб ўйлашга қандай ҳаддинг сиғди… қандай ҳаддингиз сиғди, мисс? Унинг ҳаёти ўзи фожиадан иборат-ку… – У кўз ёши тўкишга ҳаракат қилиб кўрди-ю, бироқ бунинг ўрнига мамнун ҳолда бармоқларининг учини бугун ўрилган калта сочларига теккизиб-теккизиб қўйди. Сўнг хаёлан кийим жавонини титкилади.
– Соат неча бўлди? Бу соат олдиндами, орқадами ё тўғри юраяптими? Мен бормасам бўлмайди, уни кўришим керак, ахир.
“Жуда кўргим келаяпти, – бошқачасига ўгирдик биз, – кўрмасам ўлиб қоламан”.
Тўнғич ўғил ва оила бошлиғи вакили сифатида мен онам билан кетдим.
“Терминус” меҳмонхонаси ташландиқ бир жой эди. Бир қанча хурмо дарахти яланғоч қиш боғи таассуроти яратган меҳмон бўлмасида Марта хола ва қандайдир йигитчадан бошқа жон асари йўқ эди. Улар чуқур чирмовуқ ўриндиқларга чўккан ва кўринишларига қараганда жуда узоқ ўтирган эди. Улар ўртасида устига шиша ва қадаҳлар ҳамда виски рекламали кулдон қўйилган ҳиндча мис столча турарди, кулдон лаббўёқ излари тушган сигарета қолдиқларига тўла бўлиб, ахлат уюмидай тутиб турарди.
– Қадрдонларим! – чийилдоқ овозда деди Марта холам, ўриндиқдан оғир тураркан. Сўнг паст овозда оғзининг бир чеккаси билан деди: – Ҳой тўнка, уйга хоним кирганда туриш керак.
Ҳар иккала кўзи узра битта бўлиб тортилган қоши остидан йигит холамга менга таниш бўлган нигоҳ ташлаб қўйди – шундай нигоҳлар билан мен шеър ёзаётганимда ёки тирноқларимни ғажиётганимни чет кишиларга эълон қилаётганда онамга қарар эдим. Мой суртилган, аммо хира юзли йигит қўполлик билан ўрнидан турди.
Кейин содир бўлган бор гапларни унчалик эътиборга молик деб бўлмасди.
Марта холам ғирт маст эди. Элликка кирганига қарамай, унинг қадди-қомати яхши сақланган эди. Жуда катта пул турадиган кўйлак ва туфлиси дид билан танланган эди. Унинг қорамтир сочлари тўлқин-тўлқин қилиб ўрилган эди; бўёқ ва ўрим ҳам, турган гапки, озмунча чиқимни талаб этмасди.
Биз икки томон бир бўлиб, тўртлик ҳосил қилгандик, бироқ, бу оқшомда нималар содир бўлмасин, буни Марта холам билан онам хаёлларига хам келтиришмаганди. Йигитга қилинган биргина панд унинг нафасини ичига тушириб юборди. Холам уни бизга фалон Иван деб таништирди, аммо ўзи қарийб эр-хотинлик пичинги билан уни “И-фан” деб атади. Афтидан, тунга яқин шошмай тўшакка томон келаркан, у тўхташи ва гўё гап соябон ҳақида кетаётгандек: “Э Худойим! И-фангинам! Ановини эсдан чиқараёзибман-ку!” дейиши мумкин эди. У қанчалаб бунақа соябонларни эсидан чиқарган бўлиши керак.
Опа-сингилларнинг овозлари бирининг устидан бири босиб кетмоқдайди, улар тинимсиз вайсар эдилар ва нуқул ва нуқулгина оила ҳақида вайсар эдилар. Улар хиринглашар, ҳатто чийиллар эдилар. Уларнинг вайсашлари орасида И-фан жўнгина сўзларда мени оғир атлетика билан таништирди. Бу мен учун хитой ёрлиғи бўлган эди. Мен ҳайкалдек қотиб ўтирар эдим. У қуюқ қошларини соябондай кўзлари устига тушириб оларди-да, коньякдан урарди. Марта хола қадаҳда пайдар-пай мусаллас ичарди. Онам, “Йўқ, йўқ, Марта! Ортиқ бир томчи ҳам кетмайди, бўлмаса оёқда туролмай қоламан”, – деди-да, коньякдан иккинчи, учинчи ва кейин тўртинчи қадаҳни паққос урди. Менга икки стакан занжабил пивосидан тотиб кўришга рухсат берилди, холос.
Қариндош-уруғларимиз хаётига бўлган қизиқишим йиллар ўтиши билан сўнди, Марта холам мени қизиқтирмайгина қолмади, балки малоллик, уят ва нафрат уйғотар эди. Рўпарамда ахлоқсизликнинг олий даражадаги намунаси турарди. Унинг шарти кетиб, парти қолган резинага ўхшаш юзида нимадир парпирарди, бу юз буришар, им қоқар, кулгидан тахлам-тахлам бўлиб, бир жойга тўпланар эди-ю, барибир ўлик эди. Бурилган лаблардаги лаббўёқ ўртасидан ўчиб, уларнинг бинафшаранг туси очилиб қолганди. Гоҳо унинг кўзларида қора аланга порларди, аммо бу шунчаки рўё эди – кўзлар шунчаки ўйноқларди. Улар ялтироқ мовий қабоқлар остида тўхташни эп билмасди.
Булар бари менинг ўлгудек жонимга тегди ва мен ўзининг аҳволини ва вақтнинг алламаҳал бўлиб қолганини эслатиб, онамни қўрқитишга ҳаракат қилдим. Мен ҳамёнимни чиқардим-да, ёши катта эркак ҳаракати билан уни очдим. Бу ҳаракатимни кўриб, онамнинг гапи бўғзида қолди.
– Мен яна битта… – спиртли ичимликлардан биронтасининг номи эсимга келмади, – яна бир шиша сотиб олмоқчиман.
– Оббо зумраша-ей! – деди Марта холам. – Биласанми, Долл, у ҳатто кўзойнакда хам қулинг ўргулсин йигит бўлади. Ширинтойгинам, бисотингдаги маблағни ифлос бой холаларингга сарфламаслигинг керак.
У қўлини узатди, мендан ҳамённи тортиб олди, бошмалдоғи ва кўрсаткич бармоқлари билан бир учидан тутганча силкита бошлади. Бу эски урфдаги “қиз бола” ўйини, Лили Лэнтри усулидаги карашмадан бошқа ҳеч нарса эмасди, аммо у менга зилзиладек таъсир кўрсатди, мен адойи тамом бўлгандим. Ҳамёндан мис стол устига менинг сирим, унсизлигим, орзум ва етти йиллик ардоғим тушиб кетган эди – бокира нигоҳ ва табассумли қизнинг фотосуврати – менинг биринчи муҳаббатимнинг табассуми.
Фотосувратни тутиб олиш, яшириш, қутқариш учун мен бутунлай яроқсиз ҳолга келгандим.
– Бунинг айғирчанинг ўзи экан-ку, Долл, – деди Марта холам, фотосувратни оларкан. – Казанова. Бу унинг муҳаббати! – кўзларини қисганча у чўзилган қўл узунлигидаги масофада тутиб, фотосувратга разм сола бошлади.
– Ким экан бу сувратдаги, биз ҳам бир кўрайлик-чи, – онам қўлини чўзди.
Бу биринчи марта ҳаёт менга гўзал бўлиб кўринишдан тўхтаган дақиқа эди.
Ҳаёт тўсатдан ва шиддат ила биз томон юзини буради ва кўзларини катта-катта очади. Барбод топиш, ҳамма нарсадан воз кечиш ва ҳеч нимага айланишдан бошқа улардан ҳеч нимани ўқиб ҳам, уқиб ҳам бўлмай қолганди. Руҳий хотиржамлик – бу ёлғон, бунақаси бўлмайди. Маъбудлар йўқ бўлишга маҳкум. Ширин тушларга кирувчи жавоҳирот ила музайян тахтнинг чўл ўртасида ётган тошдан фарқи қолмаган. Сенинг ҳаёт йўлингга тўшалгандек бўлиб кўринган гуллар ҳечам гуллар эмас экан, қовжироқ барглар экан, улар бўшлиқ ичига жазавали учиб кирар экан-да, бўшлиқда айланиб-айланиб юриб, ҳолдан тойгач, тап этиб ерга тушаркан. Шунда банда эканингни, сендан ҳеч ким тортиб ололмайдиган ягона нарса ўлим эканини биринчи марта англар экансан.
– Ким дединг? – сўради Марта холам, нафратомуз жилмайганча фотосувратга разм солар экан. – Қара, Долл. Мана бу сулувгина жинқарча қизни қара.
– Қаердан олдинг буни? – сўради онам.
– Топиб олдим. Мен уни топиб олдим, – дедим нафрат ва ёлғондан овозим хириллаб. – Мен уни стол тортмасидан топиб олдим. Эски фотосувратлар турган жойдан. Бугун кундузи.
– Эсингдами, Долл? – сўради Марта холам, виносини охиригача симириб. – Лолли Эдвардникидаги оқшом-чи? Жин урсин, илгари бўлганидек, мен энди зинҳор-базинҳор бурчак-бурчакларда қичқирмайман. Сен шунчаки Золушка эдинг. Эсингдами, Долл? Мен қанақа пари-пайкар бўлганимни И-фанга кўрсатиб қўй.
Шундай дея ичкиликдан кўзлари қизариб кетган маст хотиннинг осилган лаблари кенг очилди-да, хирилдоқ овозда хандон ташлаб кулди ва юрагимни пора-пора қилиб ташлади.

Рус тилидан Амир Файзулла таржимаси
«Жаҳон адабиёти», 2014 йил, 1-сон