Уильям Фолкнер

ХХ асрнинг йирик ёзувчиси. 1897 йили АҚШнинг Миссисипи штатида қашшоқлашган зодагон оилада дунёга келди. Биринчи шеъри 1919 йили чоп этилган. «Аскарнинг қисмати» номли биринчи романи 1926 йили ёзилди. 1949 йили дунё насрига янги ифода усули олиб киргани учун Нобел мукофоти билан тақдирланди.1962 йили вафот этди.

Унинг асарлари қадим асотирларни, қаҳрамонлари эса қадим мифлардаги образларни эслатарди. Бу одамларнинг ҳаётига ҳам олис афсоналарнинг асорати ўтириб қолгандай, гўё улар мифлар содир бўлган давр­ларнинг сўнгги вакилларидай таассурот уйғотарди. Юзларидан, кийимларидан, гапиришларидан уларнинг ўз дунёси, ўз тақдирининг маҳкумлари эканлиги сезилиб турарди. Уларни на вақт ўзгартиролган, на макон. Фақат юзлари ва шамойилларигина бизга замондошдай туюларди, аслида, уларнинг ичкариси ўша, афсоналар тўқилган замонларда қолиб кетгандай ҳали-ҳануз дунё адабиётшунослиги учун афсона каби сирли.

Уильямга ҳавас билан ХIХ асрдаги фуқаролар уруши иштирокчиси, ўз даврида «Мемфиснинг оқ атиргули» романи туфайли номи чиққан адиб ҳисобланган полковник бобосининг исмини қўйишганди. У бобоси ҳақидаги афсонавий ривоятлар асосида катта бўлди. Кичик Уильям учун итоаткор ва муте, забун ва мўмин, ювош ва беозор қулларга ҳамда турли-туман плантацияларга тўлиб-тошган жануб ҳаёти бутун бошли афсона эди, ўзи ҳам бобосининг номига муносиб бўлишга уринар, хиралашган хотиралар, чўпчаклар орқали етиб келган ўша олис ўтмишни хаёлан тасаввур қилар ва бу ўтмиш унга эртаклар олами каби мўъжизали бўлиб туюлар, ўзи-да бу ўтмиш ҳақида турли чўпчак ва афсоналар тўқирди. Чўпчак ва афсоналарининг бош қаҳрамони полковник бобоси эди. Ёш Фолкнер бошқалар ва ўзи тўқиган ана шу афсоналар таъсирида вояга етди. Фолкнернинг чўпчак тўқиши кейинчалик эсини танигач ҳам қолмади. У севган қизининг турмушга чиқиб кетишидан ранжиб Биринчи жаҳон урушида қатнашиш учун Буюк Британия ҳарбий учувчилик курсида ўқиётган пайтларида уйга хат ёзарди. Бу хатлар жанггоҳлар, ҳарбий самолётларнинг тўқнашуви, қандай қаҳрамонликларни бошидан кечиргани, умуман, ҳақиқий уруш манзаралари билан тўлиб-тошарди. Аслини олганда, Фолкнер урушга яқин ҳам йўламаган, ҳарбий самолётда учиб ҳам кўргани йўқ, у бор-йўғи учувчилик курсида ўқиётганди. Хатларининг ҳаммаси унинг хаёлий чўпчаклари, бошқача айтганда, энди ўзи ҳақида тўқий бошлаган янги афсоналари эди. Ёш йигитнинг тўқимани қойиллатиш қобилияти кейинчалик ёзувчи бўлиб шаклланишида жуда қўл келди. Полковник бобосининг образи эса унинг деярли барча асарларида полковник Сарторис, полковник Сноупс, Сатпен каби номларда кезиб юрди. Ёш Фолкнернинг болалигида тўқиган афсоналари ёзувчининг бир умрга етадиган мавзуси ва илҳом манбаи бўлиб қолди.

Бобоси тадбиркор, плантатор, ишбилармон, банкир, адвокат, адиб эди ва барча соҳада ўзини кўрсатиб ном қолдирганди. Кичик Уильямга эса аввалбошдан омад кулиб боқмади. Мактабда қолоқ ўқувчи эди, муҳаббат борасида ҳам омади чопмади. 1918 йили ёшликдан кўнгил қўйгани Эстелл Олдем бошқага турмушга чиқиб кетди. Бундан таъсирланган Фолк­нер фронтга жўнайди. Аммо жангга кирмасидан уруш тугаб қолди ва изига қайтди. Шундан сўнг ҳам тақдир уни сийламади. Турли ишлар ва касбларнинг бошини тутди: почтада ишлади, воситачилик қилди, шаҳарда иш излаб кўрди, гўлахлик ҳам турмушини ўнгламади, бутун Голливудга омадсиз сценарист сифатида танилди, отасининг ишини ҳам давом эттиролмади. Фақат қизиқарли воқеалар тўқиш, адабиёт учун янги афсоналар яратишдан бошқа ҳамма нарса ундан юз ўгиргандай эди. У бор кучини адабиётга сарфлашга аҳд қилди.

Дастлабки иккита романи «Аскар қисмати» ҳамда «Москитлар» («Искабтопарлар») турли адабий мактаб­лар таъсирида дунёга келди. Иккала романда ҳам ҳаётдан кўра адабий ном қозонишга ва оқимларга мансуб­лигини билдиришга интилиш бор эди. Шу туфайли бу романлар ёзувчига ҳеч қандай муваффақият олиб келмади. Ёш йигитнинг ёзишга бўлган ўта кучли иштиё­қини кўрган Шервуд Андерсон унга: «Сиз қишлоқ йигитисиз, ўзингиз билган қишлоқ, одамлар ҳақида ёзинг, шунинг ўзи етиб ортади», – дея маслаҳат берди. Фолк­нер ушбу ўгитга бир умр амал қилди ва ўзи билган одамлар ҳақида ёза бошлади. Аксарият асарларидаги воқеалар содир бўладиган округнинг номини ҳам ўзи ўйлаб топди, ҳатто унинг харитасини ҳам яратди. Бу округнинг номи Йокнопатофия эди. Адиб бу ҳақда ке­йинчалик шундай ёзганди: «Сарторис» романидан мен харитада бор-йўғи тирноқ учича келадиган ўз қиш­лоғим ҳақида ёзишни бошладим. Ана шу жимитдай жой менга бутун оламни ва бани одамзодни қайтадан кашф этиш имконини, бутун умр ёзиб тугатиб бўлмайдиган мавзуларни берди».

Фолкнер ўз хаёлида яратган ана шу жимитдай округда яшовчи барча одамнинг ботиний тарихини ёзиб чиқишни ният қилганди. Аслида, бу макон ёзувчи хаёлий ва ботиний оламининг бир кўриниши эди. У шу йўл билан ўз дунёсини, адабиётда эса ўз сўзини яратишга киришди. Ёзувчи бу дунёни кўз олдидаги яланғоч, очкўз, нафсга ва кибрга берилган, бир-бирига бўрилардай қарайдиган, ёввойи ва шафқатсизликларга тўлиб-тошган дунёга, Американинг янгича, тобора техникалашиб, совуқлашиб, моддийлашиб бораётган ҳаётига қарама-қарши тарзда яратганди. У болалигида эшитган ва улуғланган, кўз олдидаги янги дунё олдида кунма-кун йўқолиб бораётган мардлик, орият, шаън, инсонпарварлик каби фазилатларни ана шу дунёсида сақлаб қолмоқчи эди, бунга маълум маънода эришди ҳам. Унинг асарлари ҳамон ана шу фазилатларни улуғлаб келади. Аммо бу шаҳарчадаги одамлар тарихини ёзиб бўлгач у бир нарсага амин бўлди. Адиб, аслида, ўзи эшитган афсоналардаги фазилатларни кўз-кўз қилиш ўрнига бу фазилатларнинг қандай путурдан кетаётганини, ўзининг хаёлида яратган ва боболаридан мерос қолаётган инсонпарварлик, ғурур, инсонийлик, шаън тушунчалари таназзулга юз тутаётганини кўрсатиб берган экан. Фолкнер боболари яшаган афсонавий жанубнинг гўзал ўтмишини ва унинг ахлоқини ўзи билмаган ҳолда асарлари орқали инкор ҳам эта бошлаганди. Бобоси ҳақидаги афсоналарда инсонлар табақаларга бўлинар, зулм ва зўрлик, мустабидлик қаҳрамонлик даражасида шарафланарди, ёзувчи пешма-пеш ўзи яратган афсоналарда инсон ва унинг қалби улуғланар, зулм ва мустабидлик қораланарди. «Сарторис» романида ёш Сарторис қаҳри қаттиқ, одамларни қул ва муте қилишга ўрганган, буни табиий ҳол деб билган отасининг қарашларига қўшилмайди, кекса Сарториснинг ғазаби ва нафратига учраса ҳам, жанубликларга хос бўлмаган тарзда ўз душманидан отаси айтганидек «шарафли ўч» олмайди, ҳаммасини ҳаёт ва виждон измига ташлаб қўяди. «Уош» ҳикоясида бир умр хизматини қилган қул Уош ўзининг валинеъмати деб билган, салкам маъбуди даражасида сиғинадиган Сатпенни неварасининг инсоний шаънини булғагани, ҳақорат қилгани учун исён кўтаради ва ўлдиради. Фолкнер ўз афсоналарини яратгани сайин бобоси яшаган давр афсоналарини инкор этаётганини, умуман, қадим жанубнинг эртакмонанд дунёси путурдан кетаётганини, ёзувчи болалик афсоналари таъсиридан қутулиб, инсонни, унинг эркини, шаъни ва ғурурини улуғлайдиган янги дунёнинг янги афсоналарини ярата бошлаганини билдирарди. Кўп­лаб тадқиқотчилар шу туфайли ҳам Фолкнерга плантатор жанубнинг муҳташам ахлоқ ва маънавий таназзулини кўрсатиб берган адиб сифатида баҳо беришади. Фолкнер ўз афсоналарини яратиш билан бирга машҳур Гертруда Стайн хоним таъкидлаган Биринчи жаҳон урушидан кейинги «завол топган авлод»нинг орзу-истак­ларини, уруш туфайли улар йўқотган умидларни ана шу хаёлий Йокнопатофияда қайта тиклашга уриниб кўрди. Адиб асарларидан чиқадиган энг катта хулоса инсонга ишониш ва унга матонат, сабр бағишлаш эди. Нобел муфоти тақдимоти маърузасида ўзи яратган адабий оламни ва адабий концепциясини шундай тушунтиради: «Адабиёт инсонга матонат бағишлаши керак. Инсонни енгиб ўтишга ва енгишга ўргатиши керак… Инсон нафақат дош беради, балки енгиб ҳам ўтади… Адабиётнинг, ёзувчининг бош вазифаси ана шу енгиб ўта олишни кўрсатиш ва тасвирлашдир…»

Фолкнер ёзувчилик фаолиятига ҳам наслига хос тарзда ҳарбийча қарарди. У асарларини ё мағлубиятнинг, ё ғалабанинг маҳсули деб тушунарди. Унга ғалаба билан ёзилган асарлар ёқмасди. Бунақа асарларда ҳаётни эмас, ҳаёт ҳақидаги чўпчакларни, тўқималарни кўрарди. Аксарият асарларини ўзининг мағлубияти деб биларди. Ана шу мағлубият деб атаган асарлари дунё насрининг дурдоналарига айланди. Булар «Шовқин ва ғалаён», «Сарторис», «Мен ўлган кунда», «Август маёғи», «Авессалом, Авессалом!», «Қишлоқ», «Ҳикмат», «Шаҳар» каби романлар. Мазкур асарларда фабулани сюжет тадрижийлиги эмас, ички конфликт зиддияти ривожлантиради. Деярли барча асарларда яна Америка жанубига хос ҳаёт ва маънавий қадриятларнинг таназзули бош мавзу қилиб олинди.

Шундай қилиб, у дунёга умри давомида ўн тўққизта роман, етмишта ҳикоя ва қиссалардан иборат бадиий асотирларини қолдирди. Ўн бешта романдаги ва бошқа асарларининг аксариятидаги воқеалар хаёлий, тўқима Йокнопатофияда содир бўлди, уларнинг қаҳрамонлари ҳам йокнопатофияликлар эди. Бу хаёлий оламнинг Сатпен, Сарторис, Компсон каби маъбудлари ҳам бор, улар бутун округнинг ҳаёт-мамот маромини белгилаб турарди. Ҳатто ёзувчи, аслида, ўзи йўқ округнинг аҳолиси сонини ҳам аниқ келтирган: бу ерда, ёзувчининг қайд этишича, 6298 та оқ танли, 9313 та қора танли фуқаро яшарди ва ўзи чизган округ харитаси тепасига «Бу округнинг ягона хўжайини Уильям Фолкнер» деб ёзиб ҳам қўйганди.

Унинг биринчи йирик афсонаси – «Аскар қисмати» романи барча нашриётлардан қайтди. Ноширлар бу қўлёзмада асарга арзигулик сюжет йўқлиги, адабий салоҳият камлигини рўкач қилишди. Аммо Фолкнер ёзишдан тўхтамади. Шу йили яна бир афсона – янги романи дунёга келди. У ҳеч кимнинг фикрига қўшилмасдан ёзишда давом этди. Ўн йил давомида еттита роман ёзиб ташлади. Ана шу романлар ичида унинг номини дунёга танитган «Шовқин ва ғалаён» ҳам бор эди.

Бу роман ХХ аср адабиётида «ўзига хос услубдаги улуғ роман» деган номга сазовор бўлди. Асарда бир воқеа бир пайтнинг ўзида бир нечта қаҳрамон, бир нечта нуқтаи назардан, яъни тўрт қисмли романнинг учта қисми биринчи шахс номидан, тўртинчи боби эса хизматкор Дилсининг нуқтаи назари орқали «онгости оқими» услубида тасвирланади.

Фолкнер шундай деган: «Менда бир оиланинг таназзулини сал ақли заиф боланинг тасаввури орқали акс эттириш фикри туғилди. Унинг оламга, атрофда бўлаётган воқеаларга муносабати ва оламни қабул қилиши орқали ўттиз йиллик даврни тасвирламоқчи бўлдим. Кейин айни шу воқеаларни бошқа, ёши каттароқ акасининг нуқтаи назари билан шарҳлаш, ке­йин учинчисининг нигоҳи билан тасвирлашга уриндим. Бир воқеани бир пайтда бир нечта қаҳрамон тасаввури орқали очиб беришга киришдим…»

Барча асарлари каби бу романда ҳам ўқувчини ўзига тортиб кетадиган ва хронологик тарзда давом этадиган воқеанинг ўзи йўқ. Асар Америка жануби зодагонларининг кўзга кўринган вакили бўлган Компсонлар оила­сининг янги ҳаётга мослашолмай ҳам маънан, ҳам жисмонан таназзулга учраши ҳақида. Бу таназзул ҳеч қаерда баён қилинмайди, воқеаларга қурилмайди, аксинча, асар қаҳрамонларининг (оиланинг 3 та аъзоси Бенжамин, Квентин, Жейсонларнинг) ички кечинмалари, ҳиссиётлари, тасаввурлари орқали очиб берилади ва дунё адабиётида биринчи бўлиб айни шу романда телбанинг, яъни Бенжаминнинг ички монологи – онг­ости шуури адабиётга асос, материал қилиб олинади. Бенжамин роман бошланган 1928 йил 7 апрель билан 1898 йилдаги воқеаларни бир-бирига чалкаштириб юборади, унинг учун ҳаётда, вақтда ҳеч қандай хронология йўқ, ўттиз йил олдинги воқеа ҳам унга ҳозиргина бўлаётгандай туюлади ва шундай ўйлайди. Айнан шу Бенжаминнинг вақтдан холи тасаввури орқали хонадоннинг 30 йиллик тарихи ҳамда таназзули очиб берилади. Бу асар ҳам шаклан, ҳам мазмунан нафақат Америка адабиётида, балки дунё адабиётида янги воқелик эди.

Асар ёзилгандан сўнг 16 йил мобайнида ҳеч қандай эътиборга сазовор бўлмади, бор-йўғи 3000 нусхада чоп этилиб, чанг босиб ётди. 1949 йили эса олдин Франция­да, кейин Европада асар дунё адабиётининг мумтоз намунаси деб эътироф этилди.

Фолкнер асарлари қаҳрамонларининг юзида тирикчилик ва умр ғуборлари қоришиғида кўринмай ётган дардчил, музтар қалбни кўрамиз. Ёзувчи айнан ана шу инсон қалбини кўрсатиб бериш ва таърифлаш учун асарни ёзгандек таассурот уйғонади. Аслида ҳам шундай. Фолкнер адабиёт инсон кўнглига ҳамдард бўлиши кераклигини кўп марта таъкидлаган, шунинг учун унинг асарлари техникалашган, аниқ ўлчамларга қурилган, маълум қоидаларга бўйсундирилган, ҳиссиёт ва шафқатдан, ҳамдардлик ва ҳамкўнгилликдан холи янги ҳаётга зидма-зид тарзда яратилди. Бу қаҳрамонлар ўзларининг кичкина, дард ва изтиробга тўла қалбларини замон алғов-далғовларидан яшириб юрган одамларга ўхшайди. Юзи ва зоҳиридаги замон ҳамда бешафқат қисматдан яширган, унут бўлиш даражасига келган, ҳаёт ғуборлари ортида хиралашган кўнгил йўлагини кўриб қоламиз. Бу асарларда воқеалар ҳам изчил ривожланмайди. Одатий сюжет чизиғи ҳам йўқ. Сюжет худди «Шовқин ва ғалаён» романидаги каби бирдан ўтмишга қараб ривожланиб кетиши, биз бугун деб ўйлаётганимиз, асли, ўтмиш бўлиши ёки ўтмиш деб ўйлаётганимиз худди «Эмил учун атиргул» новелласидаги каби бугунга айланиши, мифлардагидек ўтмиш қиёфасини бугунга алмаштириши мумкин. Мазкур асарларда даставвал ўзи билан ўзи конфликтда турган одам ички курашига дуч келамиз. Бошқа асарларда бу конфликт ҳудуди кенгаяди: ўзи билан макон ва замон, ўзи билан ўзини ўраб турган олам конфликтида турган одам таҳлилига ўтилади. Ҳар қайси ҳолатда ҳам биз қаҳрамон ички дунёсининг, инсон қалбининг муфассал чизгиларига гувоҳ бўламиз. Ички конфликт, ички кураш асарнинг ва сюжетнинг асосий пойдеворига айланади. Бу ёзувчининг услубини ҳамма ҳам ҳазм қилавермайди, асарлари ҳаммага ҳам тушунарли эмас. Узун ва маъносини бирданига илғаб олиб бўлмайдиган жумлалардан тортиб бадиий деталларгача ўқувчидан диққат ва ҳафсала талаб қилади, улар орасида боғлиқлик йўқдай, гўё бир-бирига мажбуран улангандай туюлаверади, сюжет фабуласидаги нотекисликлар ҳафсалани пир қилади, аммо ҳаммаси кейинчалик асарни ўқиб бўлгач юз беради. Узун жумла ҳам, оҳанг ҳам, майда, оддий деталлар ҳам сюжетнинг бир бўлаги, асарнинг мустаҳкам устуни экани, энг майда деталлардан тортиб майда манзараларгача ҳаммасидан яхлит манзара-ҳикоя пайдо бўлгани аёнлашади. Мазкур асарларда деталлар ҳам бошқа ёзувчиларникига ўхшамайди: бу қаҳрамонларнинг ҳеч бирини, гарчи Сатпен каби худбин, ёвуз бўлса ҳам, ёмон кўриб қололмайсиз, ижобий ва салбийга ажратолмайсиз. Ҳаммасида яшаш учун ўзига хос асос ва мантиқ бор. Аммо ҳаммаси ўз ички оламларининг асирлари бўлишига, ўзлари тўғри деб билган ва ишонган эътиқодларнинг қурбони бўлишга маҳкум этилганини сезасиз.

Фолкнерга қайси адабий оқимга мансублигини сўрашганда иккиланмай: «Мен шундай ўйлайман ва, фаҳмимча, бор гап ҳам шу: мен тааллуқли ва мансуб бўлган бирдан-бир мактаб бу гуманизм мактабидир!» – деганди. Бу иқрорини ёзувчи техникалашиб, шиддатли тус олаётган, бойлик йиғишга, тижорий манфаатларга, турли ғоялар ва мафкураларга малайларча хизмат қила бошлаб, санъатнинг бош вазифасини унутган давр санъатига бир истеҳзо сифатида билдирганди. У бу фикрни Голливуд корчалонлари билан зидлашиб қолган пайтларда айтганди. Голливудчилар ундан инсонга муҳаббат уйғотадиган сценарий эмас, балки пул олиб келадиган сценарий талаб қилганди. Фолкнер огоҳлантирган хавф бугун ҳам хатарлилигича турибди, бугун ҳам санъат гуманизмдан четлашишда давом этмоқда.

Ёзувчи қўлига қалам олиб ёзувчиликка жиддий киришгандан сўнг қарийб йигирма йил муҳтожликда, моддий етишмовчиликда яшади. Унинг асарлари тижоратчи ноширларга қўл келмади. Шунинг учун электр станциясида гўлахлик қилиб, кечалари ёнаётган кўмир ёруғида «Мен ўлган куни» романини ёзди. Кейин турли қора ишларни қилишга мажбур бўлди. Йилқичилик билан ҳам шуғулланди. Фақат 40-йилларда Голливуд­га сценарийлар ёза бошлагач оиласини сал тиклаб олди. Аммо бу ҳам узоққа чўзилмади. Ўз юртида уни жуда кам киши биларди, кам кишилар қадрига етарди. Аммо 40-йилларнинг ўрталарига келиб Францияда Фолкнер асарларини янги қитъанинг кашфиёти сифатида ўқий бошладилар. Сартр уни: «Давримизнинг энг буюк ёзувчилари сафида туради», – деб таърифлади. Бу эса Европанинг Фолкнерни тан олганини, Европа унга эшик очганини билдирарди. Ҳатто Нобел мукофоти берилгани ҳақидаги хабар ҳам Америка жамоатчилигини ажаблантирди. Кенг жамоатчилик, олди-қочди беллет­ристикага ўрганган китобхонлар бу нуфузли мукофотга лойиқ бундай номдаги ёзувчини танишмасди ҳам. Қолаверса, ўша даврда анча машҳур бўлган Хемингуэй ва Стейнбек соясида Фолкнернинг номи кўринмасди.

Нобел мукофоти совриндори бўлгач Фолкнернинг ҳаёти ва тирикчилиги бирмунча изга тушди. Аммо унинг камтарлиги, камсуқумлиги, гўшанишинлиги олдингидай қолди. Шаҳардан, шовқиндан четда, оддий фермерона ҳаёт кечирди. Ҳатто эски машинасини ҳам алмаштирмади. Ҳамон ўша шарти кетиб, парти қолган машинада юрарди. Уни юртдошлари тушунмасди. Ҳатто газеталардан бирида шундай ёзиб чиқишганди: «Агар менда унга берилган пул бўлганда, бунақа машинани хизматкоримга ҳам раво кўрмасдим».

Фолкнер ҳеч қачон шаҳарда яшолмади. Иш билан бир неча муддат турганини айтмаса, умрининг охиригача Оксфорд четидаги кичкина хўжалигида, ХIХ асрда жануб зодагонларига хос меъморчилик услубида қурилган эски уйда яшади. 50-йиллардан бошлаб бу ерда у бир умрлик орзуси бўлган отчилик билан шуғулланди; бобосидан қолган афсоналар таъсирида отда сайр этишни, яйловларда гала-гала отлар кезиб юришини орзу қиларди. У ўзи етиштирган отларда ҳам бобоси яшаган даврнинг руҳи ва шукуҳини ҳис қилар, ўша даврларда отлар билан юз берган афсоналар ва қаҳрамонликлар ичра яшаётгандай бўларди. Ўлими ҳам ана шу ўзи бир умр интилган афсоналар ичида содир бўлди. У ўзи яхши кўрган отдан йиқилиб жиддий жароҳат олди ва 1962 йили ана шу жароҳати туфайли дунёдан кўз юмди. Қабртошига: «У китоб ёзиб оламдан ўтди», – деб ёзиб қўйишларини васият қилди.

Назар Эшонқул