Онг орқали юракка (Уильям Фолкнер)

Дунёга машҳур америкалик ёзувчи, Нобель ҳамда Пулицер мукофотлари лауреати Уильям Фолкнер шахсияти кўпчиликда қизиқиш уйғотади. Ҳикоя ва қиссалари, эссею романлари, шеърият ҳамда драматургияси жаҳон китобхонлари томонидан бирваракайига илиқ кутиб олиниши ижодкор маҳоратининг юксаклигидан далолат. Унинг халқу ҳукумат кўзигаю кўнглига яқинлиги, дунё миқёсида эътироф этилиши кўплаб ёзувчиларга бутун умр қўл чўзса етиб бўлмас орзулигича қолаверади.

Уильям Катберт Фолкнер 1897 йилнинг 25 сентябрида Американинг Миссисипи штатида дунёга келди. Қаҳрамонимизнинг ёшлиги бошқа болалар каби кўча чангитиб ўйнашдан йироқда ўтди. Отасининг касби сабаб у шаҳардан бу шаҳарга тинимсиз кўчиб юришлар бунга имкон ҳам бермасди. Нью-Олбанидан Риплейга, ундан Техасга кўчиб юрувчи сайёр оила ва ниҳоят, Оксфордда қўним топди. Бу шаҳар ёзувчи ҳаётида ўчмас из қолдирди. Оиладаги ижодий муҳит Уильямнинг дунёқараши, актёрлик маҳоратига ўз таъсирини ўтказар, мутолаага меҳр қўйишида бирламчи омил эди. Волидаси Мауд фарзандларига Чарльз Диккенс ва ака-ука Гримм эртакларини мунтазам ўқиб берарди. Тенгқурлари орасида зукколиги, зийрак нигоҳи ва ўткир қувваи ҳофизаси билан ажралиб турган Фолкнер кўпроқ вақтини катталар билан ўтказишни хуш кўрарди. Уруш мавзуси ҳақида гап кетди, дегунча қулоғини динг қилиб, бобосининг фуқаролар уруши ҳақидаги хотираларини тингларди.

Санойи нафисанинг чинакам ихлосманди – Фолкнер ҳаётида сарба-сар ўзгаришлар рўй бера бошлайди. 1918 йилда ёшликдан пинҳон кўнгил қўйиб юрган севгилиси бошқа бир инсон билан турмуш қуради. Шундан сўнг у кўнгиллилар қаторида фронтга кетишга қарор қилади, бироқ уни айрим жисмоний камчиликлари туфайли қабул қилишмайди. Унинг учун ҳар томондан эшиклар ёпилар, Уильям эса бошқасини очаверарди. Ёзги ҳарбий мактабни муваффақиятли тамомлаганда эса, Биринчи жаҳон уруши ҳам тугайди. Тақдирнинг унга атаб қўйган “туҳфалари”дан сўнг, Фолкнер кўп ўтмай тарк этгани – Миссисипи университетига ўқишга киради. “Янги Республика” журналида “Фавннинг тонгги уйқуси” номли илк шеъри босилиб чиқади.

Қалами аввал назмда чархланган Уильям Фолкнер 1925 йилгача насрга мурожаат қилмади. Унинг 17 ёшида Филипп Стоун билан учрашуви ижодий фаолиятига жуда катта таъсир кўрсатади. Фолкнернинг дастлабки шеърий машқларига кўз ташлабоқ, Стоун унинг истеъдоди, актёрлик имкониятларида сакталик сезмайди ҳамда ёш шоирни имкон қадар қўллаб-қувватлайди. Уильям ижодидаги руҳий мададкор – унинг салафи Филипп Стоун ва жонажон шаҳри Миссисипи эди: улардан илҳом олиб, кучга тўларди. Айниқса, ёзувчига она шаҳридаги чиркин ҳодисалар, ирқлар ўртасидаги нотенглик каби муаммолар тинчлик бермасди.

Бедорликлар натижаси ўлароқ, бирин-кетин “Аскар мукофоти” (1926), “Чивинлар” (1927), “Ғубор қўнган байроқлар” (1929) асарлари дунёга келади. 1929 йилда Уильям Фолкнерга оламшумул шуҳрат туҳфа этган, ҳали ҳануз жаҳоннинг энг машҳур асарлари рўйхатида етакчи ўринларни банд этиб келаётган, америкалик ижод аҳлининг орзуси – Пулицер мукофотини муаллифга илк бор тақдим этган “Шовқин ва ғазаб” асари ёзилади. Уильямнинг шахсий ҳаётидаги сарафрозликни ҳам ўша йилларда кузатиш мумкин: ва ниҳоят, биринчи муҳаббати, турмушидан ажраган Эстелл Олдемга етишади. Турмуши давомида Алабама ва Жилл исмли қизалоқларни биргаликда камолга етказишади.

Уильям Фолкнер ижоди мунаққидлар томонидан чуқур мунозаларга сабаб бўлса-да, китобхонлар учун ноодатий ва мураккаб туюлар, шу сабаб кенг оммага доим ҳам маъқул келавермасди. Бу каби ҳолатларни ўзининг муваффақиятсизлигига йўйган муаллиф 1932 йилдан то 1946 йилга қадар Голливуд учун сценарийлар ёзиш билан шуғулланади. Ўн беш йиллик ижоди давомида ҳам барибир романлар тартиб беришдан чекинмади: “Август ёғдуси” (1932), “Авессалом, Авессалом!” (1936), “Бўйсунмаслар” (1938), “Ёввойи палмалар” (1939), “Қўрғонча” (1940) ва ҳоказо.

Фолкнер замондоши Эрнест Хемингуэй услубидан фарқли ўлароқ, “онг оқими” йўналишида ижод қилди: юксак ҳиссиётлар оқими, кўз илғамас моҳирлик, ақлий ҳужум, тушунишдаги мураккаблик, чигаллик ва баъзан илоҳийлик, ғайриоддийликни ўзида жамлаган асарларида турли-турфа қаҳрамонлар – собиқ қуллар ёки қул авлодлари, ночор оқ танлилар, деҳқонлар ёхуд ишчи жанубликлар ва жанублик зодагонларни учратиш мумкин. Фолкнернинг ижод маҳсули ҳам Жеймс Жойс асарлари каби ўқувчини ўйлатишга, фикр юритишга, мулоҳазага чорлайди. Бироқ, уларнинг мураккаб сюжетлари сабабиданми, ёхуд ҳазми оғир эканиданми кўпчилик китобхонлар бу каби асарларга тўхталиб, аниқроғи, “бош оғритиб” ўтиришни афзал билмайди. Омма китобхонининг саргузашту кулгили воқеаларга бой асарларга талабидан фарқли равишда, унинг ижоди хос адабиётга тааллуқлидай туюлади. Юксак адабиётни тушуниш, мағзини чақиш учун ҳам теран ақл, тафаккур лозимки, “онг оқими” ўзининг оқимии билан китобхонни-да оқизиб кетади.

Унинг ижодий фаолияти давомида “Эмили учун гуллар”, “Ўша тунги қуёш”, “Қизил япроқлар”, “Қақроқ сентябрь” каби ҳикояларини “Бу, ўн учлар” (1931) насрий тўпламида жамлайди, “Данғиллама ҳовли”, “Пастга туш, Моисей”, “Ўғрилар” (иккинчи бор Пулицер мукофотини келтирган асар) каби романлари босилиб чиқади. Кўплаб аҳли ижод каби Фолкнер ҳам ичкиликдан, майдан илҳом олар, танига “оппоқ оғу” югураркан, айни чоғда қалами ҳам оппоқ қоғоз узра ўйнарди. Ростлик ва мастлик аро дунёга келган ижод намуналарини босмахонага топширар экан: “Бир кун келиб ижод ва менинг ўртамда девор пайдо бўлишини биламан. Бироқ ҳали у девор йўқ. Мен ёза оламан”, дерди. Бу дегани – “менинг асарларимга тузатишу ўзгартиришлар киритилмасин” дегани билан баробар эди. Алалхусус, бунга ҳеч ким журъат этолмасди. Демакки, у ўзига, асарларининг комиллигига, сарнигун бўлмаслигига ишонган.

Омадли адиб 1950 йилнинг декабрида адабиёт бўйича Нобел мукофоти лауреати сифатида Стокҳолмга ташриф буюрди. Унинг ижоди, асарлари энди дунё миқёсида тан олинарди. Муваффақиятлар ёхуд мукофотлар эшиги кетма-кет очилиб, 1955 ва 1963 йилларда қўшалоқ Пулицер мукофотига сазовор бўлди. Ҳаётлигидаёқ ўзига ҳайкал қўйиб улгурган Уильям Фолкнер 1962 йил 6 июлда АҚШнинг Байхелия штатида дунёдан кўз юмди.

“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 9-сон