Бобомурод Эрали. Мажозий ишқ булоғи

http://n.ziyouz.com/images/alisher_navoiy2.jpgАлишер Навоий ижоди оламини ўрганиш ва тадқиқ этиш мақсадида кўплаб илмий тадқиқотлар амалга оширилмоқда. Газетамиз саҳифаларида имкон қадар уларни ёритиб боришга ҳаракат қиляпмиз. Жумладан, тадқиқотчи Бобомурод Эралиевнинг улуғ шоиримиз “Фарҳод ва Ширин” достонига бағишланган изланишлари туркум мақолалар тарзида ҳафталигимиз саҳифаларида босилаётганидан хабарингиз бор. “Фарҳоднинг ташрифи” мақоласида (“ЎзАС”, 2012 йил, 20 январ) Фарҳоднинг туғилиши, ишқ ва дард тимсолига айланиши мавзуси ёритилган бўлса, “Тўрт қаср шарҳи” мақоласида (“ЎзАС”, 2012 йил, 8 июн) Фарҳодни дарддан фориғ этиш мақсадида тўртта муҳташам қаср қурилиши ва унда уюштирилган зиёфат тафсилотларига доир талқинлар берилган. “Тўрт тимсол шарҳи”да (“ЎзАС”, 2013 йил, 1 феврал) Фарҳоднинг мажозий ишқ оламига кириш олдидан йўлида учраган тўсиқ-ғовларни енгиб ўтиши, “Мажозий ишқ талқинлари”да (“ЎзАС”, 2013 йил, 31 май) Фарҳоднинг Ширин билан учрашуви, мажозий ишқда ҳусн ва дард масаласи тафсилотлари шарҳланган. Қуйида Б.Эралиевнинг “Фарҳод ва Ширин” достони таҳлилига бағишланган навбатдаги мақоласи билан танишасиз.

* * *

Суқрот айтганидек, қалб ойнасини ­поклаган Фарҳод ишқ йўлида дуч келган тўсиқ-ғовларни мардонавор енгиб ўтгани учун мажозий ёр — Ширин висолига етишди. Аммо Фарҳод ва Ширин севги-муҳаббати ҳамда унинг шавқ-завқи муваққат ва фоний экани тақдири азал дафтарига битиб қўйилган: “Висол ичра етишмай ошнолиғ, Фалак солди аро ерда жудолиғ”.

Манбаларга таяниб мажозий ишқ ҳақиқий ишқнинг сояси, мажозий ишқ – восита, унинг самараси ҳақиқий ишқ, дейдиган бўлсак, бунда ҳам авом ишқида бўлганидек, висол ҳижронга ўрин бўшатиб беради. Яъни қасрда Фарҳодга аталган зиёфат чоғида Ширин пайдарпай қадаҳ тутиб, унинг кўнглини хушнуд этади. Фарҳод бу учрашувдан руҳланади. Нозик томони шундаки, у айш-ишрат учун қасрда қолмасдан, достонда айтилганидек “бало тоғи”га жўнайди. Бироқ чархи кажрафтор ўйин кўрсатиб, тақдир ёрғучоғида ҳажр заҳрини туйиб, ошиқ-маъшуқ ичаётган шаробга билдирмасдан ташлаб қўяди: ҳукмдор Хусрав Парвез тожу тахтига муносиб меросхўр қолдириш ниятида уйланишга қарор қилади ва ўзига муносиб ёрни қидиради. Ҳар тарафга отланган одамлари Арман юртида ҳусну жамолда тенги йўқ Ширин деган қиз борлигини хабар беради. Аммо шоҳ жўнатган совчилар Меҳинбонудан рад жавобини олиб қайтади. Хусрав Ширин билан ­Фарҳоднинг ошиқ-маъшуқлигини эшитиб, қандай қилиб бўлмасин, ошиқни йўлдан олиб ташлаш режасини тузади.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, асарнинг олдинги боблари талқинида Арман юртига келишдан олдин Фарҳоднинг Суқрот кўрсатмаси бўйича манзилларда учраган аждаҳо, Аҳриман ва темир пайкар устидан ғолиб чиқиб, нафсоний покликка эришгани ва кўзгу тилсимини очиб, унда Ширин жамолини кўришга муяссар бўлганини айтиб ўтган эдик. Тақдирнинг синов-имтиҳон босқичларидан муваффақиятли ўтиб келаётган Фарҳод мажозий ишқ йўлини тутган ошиқ мақомига кўтарилади. Аҳамият берилса, Хусрав ҳам Ширинга севги-муҳаббат изҳор этиб, ўзининг унга муносиб ёр эканини даъво қилади. Демак, Фарҳод ҳам, Хусрав ҳам Ширин висолидан умидвор ва даъвогар ошиқ. “Маҳбуб ул-қулуб” асарида: “Мажозий ишққа бир маҳбуб бўлғай, анинг ишқида беҳуд ва мағлуб бўлғай”, дейилганини инобатга олсак, хослар ишқ-муҳаббатида ҳам авом ишқига хос ошиқ ҳолатига ўхшаш “бир маҳбуб” тақозо этилади; хослар билан авом ишқ-муҳаббатининг руҳий ҳолат, кечинма ва дарду изтиробларида, зоҳирий жиҳатдан олиб қараганда, бир-бирига ўхшашлик мавжудлигини инкор этиб бўлмайди. Аммо бу икки ишқ турида мақсадлар бошқа-бошқа эканини унутмаслик керак. Шу маънода, Хусрав ва Фарҳоднинг қайси ишқ турига мансуб ошиқ эканини ажратиб олиш қийин эмас:

Букун Фарҳод ул озодавашдур,
Ки йўқлуқ бодасидин журъакашдур.
Фано ўти аро андоқки хошок,
Вужуди хирманин пок ўртамиш пок.
Бўлубтур ўйла ҳақ зотида фоний,
Ки йўқтур анда ўзлукнинг нишони.
Бу ашъё ичраким бўлғай мазоҳир,
Кўрар мазҳарни ҳар ён бўлса нозир.

Улкан тожу тахт эгаси Хусрав совчиларини жўнатганда Меҳинбону чиройли ишоралар орқали Шириннинг бир айби борлиги, яъни унинг ҳузурида эр отини тутиб бўлмаслигини айтади. Хусравнинг совчилари эса, Шириннинг Фарҳоддек тошйўнар, телба бир йигитни яхши кўришини, бу муҳаббат довруғи бутун эл-юртга маълум эканини рўкач қилиб, Меҳинбону айтган сўзларни рад этади. Хуллас, Ширинни никоҳига олмоқчи бўлган Хусрав Меҳинбонунинг имо-ишора билан берган жавобини тўғри фаҳмламайди. Табиийки, у Фарҳодни авом ишқи мақомидаги ўзига ўхшаш ошиқ деб ўйлайди.

Ширинга совчи юбориб, мақсадига осонликча эриша олмагандан кейин Хусрав зўравонлик, дўқ-пўписа ва таҳдид орқали ниятига етмоқчи бўлади. Ҳатто Арман юртига катта қўшин тортиб, Меҳинбону билан Ширин турган қалъани қамал қилади. Фарҳод унинг йўлига бир ўзи тўғаноқ бўлиб, қарши чиққанида Хусрав уни назарига илмайди. Бундан аён бўладики, у мутакаббир, калондимоғ ва куч-қудратига ишонган шоҳ бўлишдан ташқари, ошиқлик даъвоси билан қандай бўлмасин Ширин васлига етиш чораларини қидиради.

Фарҳоднинг ёлғиз ўзи катта қўшинга тенг келолмаслиги ўз-ўзидан аён. Аммо бир нарсани тўғри тушуниш лозимки, Навоийнинг мақсади бу тасвир орқали икки турдаги ­ишқнинг бир-биридан фарқини очиб бериш, яъни авом ишқига мансуб ошиқ қанчалик куч-қудратга эга бўлмасин, барибир хослар ишқи мақомида турган ошиқ билан тенглаша олмаслигини воситалар орқали тасвирлашдир. Фарҳод нафсоний покликка эришгани учун Хусравдан ҳар жиҳатдан устунлигини хатти-ҳаракатлари ва ишқ хусусидаги баҳс-мунозарасида англатиб туради:

Дедиким: куймагингни айла маълум!
Деди: андин эрур жоҳ аҳли маҳрум!
Деди: қай чоғдин ўлдунг ишқ аро маст?
Деди: руҳ эрмас эрди танға пайваст.

Навоий ушбу суҳбат орқали Фарҳод билан Хусравнинг маънавий олами, ақл такомили ва ишқ тўғрисидаги фикр-мулоҳазаларига очиқ-равшан таъриф беради. Хусрав зўравонлик орқали мақсадига ета олмаслигини билганидан кейин ҳийла-найранг ишлатиб Фарҳодни асир олади ва уни занжирбанд қилиб, Салосил қўрғонига қамаб қўяди. Фарҳод бу қўрғонда Суқрот таълим берган “исми аъзам”ни ўқиб занжирларни узади, қўрғон атрофида бемалол айланиб юради, даштга чиқиб, парранда ва даррандалар билан улфат тутинади:

Сулаймонваш чекиб ул ерга поя,
Ки қушлар тортибон бошиға соя.
Қилиб ишқ ўйла шавкат раҳнамуни,
Ки шери шарзани айлаб забуни.
Бўлуб ул гоҳ шер устига рокиб,
Сибоу ваҳш анга хайлу мавокиб.
Замони бабру қоплондин бўлуб шод,
Қилиб дилдор кўйи итларин ёд.

Хусрав Фарҳоднинг кўнгли каромат нури билан йўғрилганини пайқайди. Лекин ғурури ва ҳавойи нафси бу ҳақиқатни тан олишга тўсқинлик қилади. Шу важдан ишқ йўлидаги рақибини зўрлик ва дўқ-пўписа билан енга олмагач, бу ишга фалак золи — ҳийлагар кампирни ёллайди. Аслида фалак золи деб таърифланган бу ҳийлагар кампир афсона ва эртакларда баён этилган ёвузлик тимсолидан фарқ қилади. Достонда кампирнинг дунё тимсоли сифатида ­талқин этилишида катта маъно бор. Нафсоний покликка эришган Фарҳодга дунё кампир қиёфасида кўринади. Хусрав эса шу кампир — дунёнинг макр-ҳийласи воситасида Фарҳодни мағлуб этади. Кампир минг бора синовдан ўтказган ҳийласини амалда қўллаб, Фарҳодни бу оламдан кетишга мажбур қилади. Қолаверса, Фарҳодни дард тимсоли деб атаган эдик. Дард ва ҳусн учрашишидан мажозий ишқ амалга ошади, ўз навбатида, у қалб ва руҳни ҳақиқий ишқ даргоҳига тайёрлади. Дарднинг вазифаси шундан иборат эди. Ўз вазифаси ва хизматини бажариб бўлганидан кейин дард кетиши керак, унга ҳамроҳ ҳусн ҳам ўз вазифасини адо этганидан кейин заволга юз тутади. Шуни таъкидлаш лозимки, дард ва ҳуснни бир-биридан ажратиб бўлмайди:

Фироқида букунлук тонглалиқмен,
Ғамидин ўйлаким, сувсиз балиқмен.
Балиқ ҳоли бу бўлғай сувдин айру,
Ки толпинмоқдин ўлғай истабон су.
Анинг ҳажрида толпинмоқ ишимдур,
Чу толпиндим, ўлуб тинмоқ ишимдур.

Мажозий ишқ улкан денгизга қиёсланса, бу ишқ йўлидаги ошиқ-маъшуқлар унда сузиб юрган балиқларни эслатади. Қачонки, шу денгиздан бири чиқарилса, иккинчиси қуруқликка ташланган балиқ ҳолига тушади. Мавлоно Жалолиддин Румий таъбири билан айтганда, иккита тирик қуш бир-бирига боғлаб қўйилса, кўкка парвоз эта олмайди. Гарчи қанотлари тўртта бўлса ҳам. Чунки иккилик мавжуд. Шу иккилик йўқолса, ҳар иккиси ҳам парвоз эта олади. Зеро, орада иккилик қолмайди.

Шу фикр-мулоҳазаларга таяниб айтадиган бўлсак, Фарҳод ва Ширин, яъни дард ва ҳуснни мажозий ишқ бу оламда икки қушдек жуфтлагандан кейин дунё тимсоли сифатидаги кампир бирини парвоз эттиргач, иккинчиси ҳам иложсиз унга эргашиб, изидан парвоз қилди. Бундан кўринадики, фалак золи — кампир шу икки қушнинг парвозига шароит яратиб берди. Дунёнинг тарҳи шундай яратилган бўлиб, Фарҳод ва Ширин камолот босқичига кўтарилиб, эмин-эркин парвоз этиш бахтига муяссар бўлса, Хусрав каби нафс қулига айланган ошиқларга мажозий ишқ майидан тотиш насиб этмайди. Фаридиддин Аттор айтганидек, ўзини юз балога гирифтор этишдан бошқа нарсага эришмайди. Навоий ­Фарҳод ва Хусрав образини бир-бирига зид ­маънода талқин этиши айни шу фарқни кўрсатиб бериш, шунинг баробарида мажозий ишқ такомил натижасида ҳақиқий ишқ остонасига қай тариқа етиб бориши ва ваҳдат ҳосил бўлишини образли тарзда чизиб беришдан иборат:

Гар ул ишқимда ҳирмон бирла кетти,
Вале ишқи камолин собит этти.
Вужудин ўртаб ул сўзу гудози,
Ҳақиқатқа бадал бўлди мажози.
Тутуб соқий ваҳдат жомин тавфиқ,
Насиби айлади ҳақ роҳи таҳқиқ.
Бақо гулшанида султонлиққа етти,
Ҳақиқат мулкида хонлиққа етти.

Кўриб ўтганимиздек, мажозий ишқ булоғини очиш учун дастлаб дард бўлиши керак. Дард бўлган тақдирда ошиқлик чинакам ва ҳақиқий тус олади. Шунингдек, дард бўлган маҳалда ошиқ қалби ва руҳиятида покланиш жараёни кечиб, ошиқ бу йўлда учрайдиган ғов ва тўсиқларни мардонавор енгиб ўтишга бел боғлайди, машаққат юкини елкасига олади. Яна шуни унутмаслик керакки, мазкур достонда баён этилганидек, ҳусн бўлган тақдирда дард ҳаракатга тушади, ўз бағрида турган ишқ чечакларини намоён этишга интилади ва мажозий ишқни ҳақиқий ишқ сари отлантиради. Шу маънода айтадиган бўлсак, дард ва ҳусн эгизакка ўхшайди, уларнинг бир-биридан ажралишини тасаввур этиб бўлмайди. Агар дард мавжуд бўлса, у ҳуснни қидириб топади, шу ҳусн туфайли мақсадига восил бўлади, ўз навбатида, ҳусн ҳам дард бўлмаган тақдирда ҳеч қандай маъно касб этмайди. Арман мамлакатида тоғда ариқни қазишда қийналиб турган одамлар Фарҳоднинг ташрифидан ­кейин бирданига ҳаракатга тушиб, ишларида унум бўлиши ҳусн дардни кутиб турганини ­англатади. Дард келиши билан ҳусн ҳам ўз вазифасини адо этишга киришади.

Навоийнинг санъаткорлиги шундаки, ­Фарҳод, яъни дард бўлган тақдирда ички душман — нафс аждаҳоси, Аҳриман дев ва темир пайкарни енгиб ўтиш насиб этади, Суқрот ҳаким даргоҳига бориб, мажозий ишқ таълими олинади. Дард бўлган тақдирда ички душмандан халос бўлиш орқали ташқи душман — Хусрав устидан ғалаба қозониш қийин бўлмайди. Шулардан хулоса чиқариб, Алишер Навоий “Фарҳод ва Ширин” достонини йигит-қизнинг севги-муҳаббатини тараннум ва васф этишга бағишлаган, десак тўғри бўлармикан? Кўриб ўтилганидек, бу асарнинг маъно-моҳиятига етиб бориш ва уни ҳақиқий ҳолича тасаввур этиш ўқувчидан муайян илмга эга бўлишни талаб этади. “Фарҳод ва Ширин” достони устида олиб борилган мазкур тадқиқотимиз бу асар оламига кириб бориш ва уни кашф этиш йўлида, айтиш жоиз бўлса, бир уринишдан иборат. Ҳали бу асарни янада теранроқ тадқиқ этиш борасида ­изланишлар давом этиши шубҳасиз.

Бобомурод Эрали,

тадқиқотчи

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 2014 йил 17-сон