Зангезур – Озарбайжоннинг тарихий ери

Озарбайжон давлат таржима маркази “Зангезур – Озарбайжоннинг тарихий ери” деб аталган видеолавҳа тайёрлади. Унда тарихий ҳужжатлар асосида мазкур тарихий ҳудуд XX аср бошларида хорижнинг ҳарбий-сиёсий дастаги билан Арманистонга бўлакма-бўлак қўшиб берилгани ҳикоя қилинади.

Қайд этилишича, Озарбайжоннинг тарихий вилояти саналган Зангезур 7824 квадрат км майдонни эгаллаган бўлиб, ҳозирда Арманистоннинг Горис, Сисиан, Кафан ва Мегри туманларини, Озарбайжоннинг эса Лочин, Губадли ва Зангилан туманларини ўз ичига олади.

“Зангезур” сўзи тўлақонли туркий этимолияга эга топонимдир. “Занги” – қадимий турк қабиласининг номи. Шунингдек, Зангичай, Зангитепа, Зангариқ, Зангишамли, Зангана, Зангилан, Зангеран, Зангишали, Занги, Зангибасар, Зангиляр, Зангян, Зенжон, Зангилли каби кўплаб жуғрофий объектлар – дарё, тоғ, қишлоқлар номи ҳам ушбу истилоҳдан ҳосил бўлган. Маҳмуд Кошғарий, Фазлуллоҳ Рашидиддин, Аббосқули Боқихонов каби атоқли олимлар ҳамда бошқа дунёга машҳур тадқиқотчиларнинг асарларида мазкур туркий қабила номи бот-бот тилга олинган”, – дейилади  Давлат таржима маркази мақоласида.

“Зангезур” сўзи таркибидаги иккинчи лексема – “сур” қадимги туркий тилларда тоғ, қоя, жарлик каби маъноларда истифода этилган. Тарихий манбалар ва саёҳатномаларда Зангезур туркий қабилалар ўчоғи сифатида эсга олингани ҳам бежиз эмас.

Диққатга сазовор жиҳати, туркий халқларнинг муштарак ёдгорлиги “Қўрқит ота китоби”даги (Kitabi-Dədə Qorqud) айрим ҳодисалар айнан Зангезурда юз беради. Ушбу ўлмас достонда зикр этилган қабила, жой номлари, исмлар ҳалигача  Зангезурда сақланиб келмоқда.

Туркий халқларнинг муштарак ёдгорлиги – “Қўрқит ота китоби”даги  айрим ҳодисалар айнан Зангезурда юз беради.

Таъкидланишича, айрим сохта арман тарихчиларининг интернет, жумладан, “Википедия”да “Зангезур” топонимини арманлаштиришга уриниши ва бу борадаги янглиш қарашлари кўплаб тарихий манбалар, архив ҳужжатларига кўра рад этилмоқда.

Тарихий манбаларга қараганда, Зангезур ҳудуди милоддан аввалги  IV  асрдан милодий VIII  асргача Албания ва Сосонийлар давлати таркибида бўлган. VII–IX асрларда Араб халифалиги ҳукмига ўтган. IX–XI асрларда сожидийлар, салоридийлар, раводийлар, XII–XIII асрларда отабеклар, XIII-XIV асрларда ҳулокуийлар сулоласи назоратида бўлган. XIV асрда Жалоирийлар давлати таркибига кирган. Кейинроқ эса Қорақуюнли ва Оққунюнли давлатлари вилоятига айланган. XVI аср бошида сафавийлар бошқаруви остида бўлган кўҳна ҳудуд XVIII-XIX асрларда Қорабоғ хонлиги қаламравида бўлган.

Зангезур тарихига бағишланган тадқиқотлар ҳамда архив ҳужжатларига кўра, 1905-1907 йиллар, шунингдек, 1918-1920 йилларда арман тўдалари Зангезурнинг мусулмон қасабаларига ҳужум уюштириб, 115 қишлоқни ер билан яксон қилган. Қатлиом пайти 4472 нафар норасида болалар ва хотин-қизлар шафқатсизларча ўлдирилган.

Мақолада қайд этилишича, 1920 йил 10 август куни РКП(б) Кавказ бюроси Озарбайжоннинг розилигисиз Зангезурни Озарбайжон ҳамда Арманистон ўртасидаги “низоли ҳудуд” деб эълон қилади. 1920 йил 30 ноябрда эса Зангезурни Совет Арманистонига бериш ҳақида ҳужжат қабул қилинади. Тарихан Озарбайжонга тегишли бўлган ҳудуднинг Арманистонга берилиши билан Нахчивон Озарбайжондан ажралиб қолди. Шунингдек, мамлакатнинг Туркия ҳамда бутун туркий дунё билан қуруқликдаги чегараси иҳоталанади. 1921 йилнинг 12 январида Зангезурда мусулмон маъмурий тузилмаларини ташкил этиш ҳақида қарор қабул қилиниши билан яхлит ҳудуд ғарбий ва шарқий қисмларга бўлинади. 1933 йилда эса Кафан, Горис, Гаракилсе ва Мегри Арманистонга топширилди. Москванинг фармойиши билан Зангезурнинг иккига бўлиниши оқибатида географик харитадан мазкур ном ғойиб бўлди.

“Озарбайжон музаффар армиясининг тарихий ғалабаси билан якунланган иккинчи Қорабоғ уруши тарихий адолатни тиклашга хизмат қилди. Озарбайжон президенти, Олий бош қўмондон Илҳом Алиевннинг 2021 йил 7 июлдаги фармони билан Шарқий Зангезур иқтисодий ҳудуди ташкил этилди. Мазкур тарихий фармон билан жуғрофий ва маъмурий-ҳудудий бирлик саналган Зангезур топонимини яна хариталарга қайтди. Бу эса Озарбайжон тарихига зарҳал ҳарфлар билан ёзиладиган ҳодисадир”, – дейилади Давлат таржима маркази мақоласида.

Президент Илҳом Алиев турк дунёси бирлигини тиклашга қўшган улкан ҳиссаси учун жорий йил ноябрда “Туркий дунёнинг Олий ордени” билан тақдирланган.

“Нафақат Тоғли Қорабоғ, замонавий Арманистон шаклланган ҳудудлар ҳам Озарбайжоннинг тарихий ерлари саналади. Ереван хонлиги, Зангезур вилояти – бизнинг тарихий ерларимиз.  Зангезурнинг Озарбайжондан ажратилиб, Арманистонга берилиши бутун туркий дунёда жуғрофий бўлинишга олиб келди. Бу ҳол харитада яққол кўринади. Сирасини айтганда, Зангезурнинг Арманистонга топширилиши қақшатқич оқибатларга олиб келди. Ҳар бир озарбайжонлик, ҳар бир фуқаро, ҳар бир бола ўз тарихидан воқиф бўлиши керак. Ушбу вилоятлар Озарбайжонга тегишли эканини билмоғи лозим”, – деган президент Илҳом Алиев бу борада.

Озарбайжон етакчиси жорий йил 1 март куни бўлиб ўтган Туркий кенгаш саммитида ҳам мазкур масалага тўхталиб, Қорабоғдаги ғалабадан кейин Зангезур орқали ўтадиган транспорт, коммуникация ҳамда инфраструктура лойиҳалари бутун туркий дунёни бирлаштиришга хизмат қилишини таъкидлаган.

“2021 йилнинг 26 октябрида тарихий адолатни тиклаш йўлидаги саъй-ҳаракатлар туфайли Зангезур коридорининг Озарбайжонга тегишли қисмида  пойдевор қўйишга эришилди. Шу тариқа бутун турк оламини бирлаштириш имкони туғилди, Озарбайжон ҳамда бутун минтақада янги воқелик бўй кўрсатди”, – деб хулоса қилинади “Зангезур – Озарбайжоннинг тарихий ери” номли мақолада.

С.Салим тайёрлади

Шу мавзудаги мақолалар:

Озарбайжон чегарада рўй берган ҳарбий провокацияни қатъий равишда қоралади. 17.11.2021

“Тарихий ғалаба учун” – Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев “Туркий дунёнинг Олий ордени” билан тақдирланди. 12.11.2021