“Тарихий ғалаба учун” – Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев “Туркий дунёнинг Олий ордени” билан тақдирланди

Озарбайжоннинг тарихий ғалабаси турк дунёси бирлигини янада кенгайтирди. Фото: “President.az”

Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев “Туркий дунёнинг Олий ордени” билан тақдирланди. Нуфузли мукофотни Истанбулда ўтган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши VIII саммитида Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон топширди.

Туркий тилли давлатлар раҳбарлари кенгашининг қарорида мазкур олий мукофот Илҳом Алиевга тарихий ғалабага эришиб, Озарбойжон Республикасининг ҳудудларини ишғолдан озод қилгани, мамлакатнинг ҳудудий яхлитлигини қайта тиклагани, турк дунёси бирлиги ҳамда минтақада тинчлик ва барқарорлик ўрнатилишига улкан ҳисса қўшгани учун тақдим этилгани баён этилган. Мазкур қарор Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Қозоғистон Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ва Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон томонидан имзоланган.

“Сизнинг қатъий раҳбарлигингиз туфайли қарийб 30 йил давом этган Қорабоғ оккупациясига бор-йўғи 44 кунда барҳам берилди. Бу ғалаба нафақат озарбайжонлик қардошларимиз, балки бутун турк дунёси учун муҳим аҳамият касб этади. Ватан уруши натижасида БМТ Хавфсизлик кенгашининг кўп йиллар давомида ижро этилмаган резолюциялари ҳаётга татбиқ этилди.  Шу билан Озарбайжон халқаро ҳамжамиятга адолат чақириғини йўллади. Озарбайжон ҳудудий яхлитлигининг тикланиши турк дунёси бирлигини янада кенгайтирди”, – деди Р.Т.Эрдўғон орденни топширар экан.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши саммитидаги нутқида Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевни Қорабоғдаги ғалаба ва нуфузли мукофот билан табриклади.

Ўзбекистон ва Озарбайжон раҳбарларининг 2019 йил 14 октябрдаги учрашувидан олинган сурат.
Фото: “President.uz”

“Авваламбор, Озарбайжон Республикаси Президенти, ҳурматли Илҳом Гейдарович Алиевга Ташкилотимизга самарали раислик қилгани учун миннатдорчилик изҳор этаман. Озарбайжон халқини мамлакат ҳудудий яхлитлиги тикланиб, тарихий адолат қарор топган қутлуғ сана – Ғалаба куни муносабати билан чин дилдан табриклайман. Шу билан бирга, ҳурматли Илҳом Гейдарович, Сизни “Туркий дунёнинг Олий ордени”га сазовор бўлганингиз билан ҳам самимий табриклайман”, – деди Шавкат Мирзиёев.

Эслатиб ўтамиз, Озарбайжон армияси Қорабоғда 2020 йил 27 сентябрдан 9 ноябрга қадар кечган жангларда қарийб 30 йил ишғол остида бўлган ҳудудларини қайтариб олди. 2020 йилнинг 10 ноябрида Озарбайжон, Арманистон ҳамда Россия ўртасида уч томонлама битим имзоланди. 44 кунлик уруш якунида Қорабоғдаги 5 та шаҳар, 4 та посёлка ҳамда 286 та қишлоқ яна Озарбайжон тасарруфига ўтди. 8 ноябрь Озарбайжонда Ғалаба куни ўлароқ белгиланди.

С.Салим