Ўзбекистон ташқи ишлар вазири в. б. Бахтиёр Саидов бугун, 9 март куни Европа Иттифоқи – Марказий Осиё фуқаролик жамияти форумида иштирок этиш учун Тошкентга келган ЕИнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Тери Ҳакалани қабул қилди.
ТИВ матбуот хизмати хабарига кўра, мулоқот чоғида 2022 йилда олий ва юқори даражада ўтказилган икки томонлама ва минтақалараро тадбирлар якунлари муҳокама қилинган, ҳамкорликни барча соҳаларда янада мустаҳкамлаш истиқболлари кўриб чиқилган.
Диққатга сазовор жиҳат шундаки, дипломатлар Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган шериклик ҳамда ҳамкорлик тўғрисидаги битимни тез фурсатда имзолаш учун қўшма чора-тадбирлар кўришга тайёр эканликларини тасдиқладилар.
Аввал хабар берганимиздек, ўтган йили Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим (EPCA) бўйича музокаралар муваффақиятли якунланди. 2022 йил 6 июль куни Брюсселда Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили/Европа комиссияси вице-президенти маҳкамаси раҳбари Педро Серрано ва Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов иштирокидаги маросимда мазкур битим музокарачилар томонидан дастлабки тарзда имзоланди.
Янги ҳужжат амалдаги шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим (1996) ўрнига ишлаб чиқилган бўлиб, у икки томонлама ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиши кўзда тутилган. Мазкур ҳужжат икки томонлама шерикликни фаоллаштириш учун замонавий ва мустаҳкам асос яратади, савдо-иқтисодий муносабатларнинг меъёрий-ҳуқуқий базасини сезиларли даражада ислоҳ этади.
Мавзуга доир мақолалар:
Ўзбекистон ва ЕИ раҳбарияти ҳамкорликни янада кенгайтиришга келишиб олди. 30.10.2022
Европа Иттифоқининг махсус вакиллари Тошкентда. 23.02.2022
ЕИнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили тайинланди. 23.06.2021