Runtalya: йиғилган маблағ Туркиядаги зилзилада азият чекканларни қўллаб-қувватлашга сарфланади

Туркиянинг туризм пойтахти – Анталия соҳилларида Runtalya халқаро марафони ташкил этилди. Мусобақада дунёнинг 50 га яқин давлатидан минглаб профессионал ва ҳаваскор югурувчилар қатнашди.

Мусобақада қатнашиш пулли бўлиб, ундан тушган даромад Туркиянинг жануби-шарқида юз берган зилзиладан азият чеккан ва Анталияга эвакуация қилинганларни қўллаб-қувватлашга сарфланади.

Эркаклар ўртасидаги марафон пойгасида Узейир Сўйлемез 2 соат 23 дақиқа 35 сония натижа билан ғалаба қозонган бўлса, аёллардан Наталия Гюртен 03.03.26 кўрсаткич билан пешқадам бўлди.

Бу йил Runtalya бир вақтнинг ўзида тўрт босқичда (2, 10, 21 ва 42 километрлик йўналишлар) ўтказилди. Хусусан, 42 км марафон югурувчилари Анталиянинг энг гўзал ва ташриф буюрилиши шарт бўлган саёҳат нуқталари, Калечи, Ҳадриан дарвозаси, Дуден шаршараси, Лара соҳиллари каби диққатга сазовор жойлар бўйлаб масофани босиб ўтишди.

Runtalya марафони 2006 йилдан бери Анталияда ташкил этилади. Мусобақа ва маршрут назорати Туркия енгил атлетика федерацияси (ТАF) томонидан амалга оширилади. Мавсумнинг илк мусобақаси ҳисобланган пойга орқали минимал рақобат тажрибасига эга ҳаваскор ва профессионал югурувчиларни бирлаштириш кўзда тутилган.

Мавзуга доир мақола:

Туркия: зилзиланинг сайёҳлик соҳасига таъсири баҳоланди. 18.02.2023