Ражаб Тоййиб Эрдўғон: Туркия мустақил ташқи сиёсатдан воз кечмайди

Туркиянинг Россиядан С-400 зенит-ракета мажмуасини сотиб олишга қарор қилгани АҚШ билан муносабатларнинг таранглашувига олиб келди. Сиртдан қараганда, масала биргина қурол-аслаҳа олди-сотдиси билан боғлиқ. Аммо вазиятга теранроқ назар солинса, ушбу мунозаралар замирида геосиёсий манфаатлар учун кураш ётганини англаш қийин эмас.

Анқара мустақил сиёсат учун товон тўлашга мажбурланмоқда

Туркия 2017 йилда Россия билан С-400 зенит-ракета мажмуаси хариди бўйича 2,5 миллиард долларлик шартнома имзолаган. Ўзаро келишувга кўра, Россия томони жорий йил июлда мажмуанинг дастлабки қисмларини Туркияга етказиб бериши лозим.

Оқ уй эса Туркия раҳбариятидан Кремль билан ҳарбий келишувни бекор қилишни талаб қилмоқда. Вашингтон маъмурларига кўра, Туркия томонидан С-400 зенит-ракета мажмуасининг сотиб олиниши НАТО ҳамда АҚШ миллий хавфсизлигига таҳдид солади. Америка томони Анқаранинг Москва билан битимига норозилик белгиси сифатида Туркияга F-35 қирувчи самолётларини етказиб бериш жараёнини тўхтатди. Оқ уй бу билан чекланмай, Туркияга санкциялар жорий этиш билан ҳам таҳдид қилган.

Аслида, Туркия АҚШга Patriot ракетидан ҳимоя тизимини сотиб олиш бўйича таклиф билан мурожаат қилган. Аммо АҚШ томони жуда қиммат нарх белгилаган. Россия эса қулай нарх таклиф этган. Шу тариқа Туркия халқаро сиёсатнинг мустақил субъекти сифатида Россиядан маҳсулот сотиб олишга қарор қилган.

Туркия Президенти Ражаб  Тоййиб Эрдўғонга кўра, Вашингтоннинг Россиядан С-400 мажмуасини сотиб олиш битимини бекор қилишни талаб этаётгани иттифоқчилик шартларига асло тўғри келмайди. Туркия етакчиси Анқара Москва билан битимни бузмаслигини билдирган.

Туркия вице-президенти Фуат Октай эса АҚШ раҳбариятига кескинроқ жавоб берган. “АҚШ Туркия билан иттифоқчи бўлиб қоладими ёки террорчилар билан ҳамкорлик қилиб, дўстлигимизни хатар остига қўядими… Бу борада Қўшма Штатлар учун узил-кесил қарор қабул қилиш вақти аллақачон келди” деган вице-президент Ф.Октай.

АҚШдан фарқли ўлароқ, НАТО Туркиянинг қурол-аслаҳа сотиб олиш борасидаги қарорига ҳурмат билан муносабатда бўлмоқда. Хусусан, НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг Шимолий иттифоққа аъзо ҳар бир давлат ўз мудофааси учун қурол-аслаҳа сотиб олишга ҳақли эканини айтган.

Кези келганда қайд этиш жоизки, Ғарбдаги иттифоқчилар кўп йиллар давомид Туркиянинг ракетадан ҳимоя тизимини яратиш бўйича ташаббусини жавобсиз қолдириб келди. Суриядаги ихтилофларни бартараф этишда ҳам Анқара ёлғиз қолди – НАТО бўйича иттифоқчи давлатлар муҳим паллада ёрдам қўлини чўзмади. Қолаверса, расмий Анқара кўпдан буён Суриядаги YPG, PYD каби террорчи гуруҳларни қўллаб-қувватлашни тўхтатишни талаб қилса-да, айрим иттифоқчи давлатлар бу талабларга эътибор қаратмаётир.

Пировардида, Туркия ҳаёт-мамот масаласи сифатида замонавий ракетадан мудофаа тизимини яратишга бел боғлади. Айни пайтда С-400 мажмуаси энг замонавий тизим саналади. У душманнинг самолёт, қанотли ракета ҳамда учувчисиз қурилмаларини йўқ қилади. Расмий Анқарага кўра, Россия таклиф этаётган тизим мамлакат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Зиддиятнинг асл сабаби нима?

АҚШ Россиянинг С-400 тизими НАТО мамлакатлари хавфсизлигига таҳдид эканини таъкидламоқда. Аммо кузатувчиларга кўра, Оқ уй расмийларининг Анқара-Москва битимига тиш-тирноғи билан қарши чиқаётганининг асл сабаби бошқа.

Гап шундаки, ўтган аср давомида Ғарб мамлакатларининг қош-қовоғига қараб иш юритган Туркия XXI асрда мустақил ташқи сиёсат юритмоқда. Яқин Шарқдаги зиддиятлар, Сурия инқирози, қолаверса, дунё миқёсидаги бошқа иқтисодий-сиёсий масалалар бўйича расмий Анқара мутлақо эркин ва мустақил позициясини билдириб келмоқда. Бу эса Туркияни ўз йўриғига юргазишни кўзлаган қудратли мамлакатларга хуш келмаслиги табиий. Вашингтоннинг Анқарадан Москва билан битимни бекор қилишни талаб этаётгани сабаби илдизлари ҳам ана шу жиҳатга бориб тақалади. Ғарб мамлакатлари босим ўтказиш орқали Туркияни мустақил ташқи сиёсатдан воз кечишга мажбурламоқчи.

Туркия ўтмишда ҳам бу каби синовларга рўбарў келган. Масалан, 1911-1912 йилларда Британия ҳукумати Усмонийлар давлати буюртмаси билан Vickers ва Armstrong ширкатлари томонидан қурилган Reşadiye ва Sultan Osman ҳарбий кемаларини туркларга беришдан бош тортган. Ҳолбуки, ўшанда ҳам Усмонийлар давлати кема учун пулни тўлиқ ўтказиб берган эди.

Таҳлилчиларга кўра, Туркия АҚШга ён бериб, унинг талабини бажарган тақдирда ҳам дипломатик таранглик юмшамайди. Чунки Вашингтон яна бошқа талаблар қўйишда давом этади. Буни яхши англаган Туркия раҳбарияти кучли ирода ва қатъият намойиш этмоқда. Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғонга кўра, “Туркия танлаган сиёсий йўналишидан асло чекинмайди ва бу йўлда ҳар қандай қурбонликка тайёр”.

Америкалик атоқли сиёсатшунос Жорж Фридман Туркиянинг халқаро майдондаги ўрнига юксак баҳо берган. Олимга кўра, дунёнинг иқтисодий ривожланиш кўсаткичлари бўйича ўн еттинчи давлати сифатида фақат Туркия Яқин Шарқда кучлар мувозанатини тиклай олади. Бугун ушбу мамлакат Кавказ, Болқон, Марказий Осиё, Ўртаер денгизи, Яқин Шарқ ва Шимолий Америка минтақаларида фаол сиёсат юритаётгани маълум. Жорж Фридманга кўра, етакчи давлатлар ҳар қанча уринмасин, Туркиянинг етакчилик ролини тортиб олиши даргумон.

С.Салим

Шу мавзудаги мақолалар:

Туркия гуманитар ёрдам бўйича дунёда пешқадам. 25.02.2019

Туркия фазони тадқиқ этувчи саноқли давлатлар сафига қўшилмоқда. 23.11.2018

Туркия Афринда нега ҳарбий операция ўтказмоқда? 24.01.2018