Собир Ўнар. Давлатнинг қайтиши (ҳикоя)

Эсингдами, ўшанда Аврам Толмаснинг ёзги саройдаги концертига кирган эдик, концерт кечикиб бошланганди. Унгача Давлат ҳаммани лақиллатиб ўтирган, улфатимиз Олим аканинг ёнида келган маъшуқасига: “Янга, кўзингиз сигирникига ўхшаркан”, деганида боёқиш бирданига ҳўнграб йиғлаб юборган, шу кўйи аразлаб саройдан чиқиб кетганида Олим ака роса хафа бўлган, “Давлат, сен одам-подам эмасакансан, бу нима қилганинг!”, дея каловланиб қолган ва “севган ёри” ортидан новча бўйига ярашмаган ҳолда лўкиллаб жўнаган эди, бир муддатдан сўнг “Қурбон ўлам” қўшиғи бошланганида, ҳов бир чеккада “ошиқ-маъшуқлар” бир-бирига суянган кўйи қўшиқ тинглашаётганига гувоҳ бўлганмиз, кулишганмиз, концерт тугаганда тағин улар билан қўшилиб, Давлат ваъда қилган ҳовли-кафега кетганмиз. Эсингдадир, ҳа, эсингда. Давлатнинг ёнида бўйи пакана, бироқ жуда сулув қиз бор эди, қўйиб берса улар шу ердаёқ суйкалишни бошлашар, аммо Давлатнинг ғурури баланд, гўзал қизни қўлга илинтиргани билан мақтанишни ўзига эп билмас, аксинча, ўзига тирғалиб келувчи жононларни кўпинча жеркиб берар, сўкиб ташлашдан ҳам тоймас, негадир сулувлар унинг сўкинишига парво ҳам қилмас, гўё шундай бўлиши керакдай баттар тирғалишаверарди. Буни сен билмасдинг, албатта. У учун балки оддий камтар-камсуқум қиз кўриндинг, концерт олдидан узуқ-юлуқ танишув ва суҳбат жараёнида у сени шоир, телевидениеда ишлайди, деган хаёлга борди ҳамда одати бўйича тек турмай: “Сизда бир гап бор, янга, балки телевизорда кўргандирман, акам ҳам унча-мунчалар билан юрмайди”, деб менга қаради ва кулиб юборди. Майрам опа уни уришиб берди: “Ўл, сассиқ, ўзингни бил, бир манжалақини ёнингга олволиб ҳар нарсани валдирайсан, қўшиқ эшитишга келдингми ё одамларни масхара қилишгами?” Давлат тек турган кўйи пинагини ҳам бузмай: “Манавини айтяпсизми, бу пишакбачча бировники, меники эмас…”деётган эди, Майрам опа усталик билан ҳаммани бирдамликка, қўшиқни севишга чорлади. Сен ўшанда дув қизариб кетдинг, негадир менинг ёнимдан қочиб Майрам опанинг панасига беркиндинг, анови қиз бўлса, уялиш-тортиниш йўқ, кўзларини пирпиратганча Майрам опага тикилиб қолди. Билдим, сенга “янга” деган сўзнинг ўзи чўғ теккандек таъсир қилди, чунки сен бировларнинг шундай ўйламасликларини хоҳлардинг, у бўлса, дабдурустдан, бамайлихотир қўйиб юборди: янга! Ахир мен бола-чақали бўлсам, сенинг ҳали келажагинг олдинда, боз устига номингга бунақа доғ тушишини ўзим ҳам сира хоҳламас эдим, шу боис “Давлатжон, у бокира қиз, синглим, шунчаки биз билан “Қурбон ўлам”ни эшитишга келди”, дегим келди, аммо Майрам опа сансираб уни уришиб бериши ҳовуримдан туширди. “Янга” деганида этинг увишиб кетганини сездим ва… буни ўшанда сенга айтолмаганман, энди айтсам бўлади: бошқа барча қизлар қатори уни бир кўришда яхши кўриб қолишингдан қўрққан эдим. Худо берган кўркам йигит, бунга тараф йўқ, лекин бирданига гапнинг пўсткалласини айтиши ҳам фақат унга ярашади, бошқа биров агар шундай қилса, албатта жанжал чиқиб кетиши тайин. Сўнгра… пули бор, ҳатто кўп, пулингиз бўлса, деб сўрамайсан-да. Бор пулини сарфлай билиш ҳам аслида мардлик, бировнинг қўлидан келади, бировникидан йўқ.

Аврам Толмас Исроилдан кўч-кўрони билан келгандай соз ва чолғувчилар бениҳоя кўп эди. Сарой эса кутилгандек одамга тўлиб, кириш патталари қўлма-қўл бўлиб кетмаган, аксинча, ақалли ярим ҳам бўлмаган, болалар у ёндан-бу ёнга чопиб юришар, биз таниган атоқли ҳофизларгина қўлларини иякларига тираб ёхуд бир нечтаси бирваракайига тебранишиб қўшиқ тинглашарди. Улар қаторида Майрам опа ҳам бор, қўшиқ авжига чиққанида ўрнидан туриб чапак чалиб юборар, Аврам Толмас чамаси мийиғида кулиб, опани таниганидан бўлса керак, енгил таъзим қилиб қўярди. Навбат “Қурбон ўлам”га келганида Майрам опа бир қучоқ оппоқ атиргул кўтариб чиқди. Ҳофиз бўлса ўта маданият билан йиғилганларни опа учун қарсак чалишга чорлади, орқасида ўтирган созчиларни ундаган эдики, улар ҳам дарҳол ўринларидан туриб опага таъзим бажо этишди. Оқ камзул-шимдаги одамларнинг бу хатти-ҳаракатлари ғоят бежирим эди, энг муҳими, улуғ санъаткор бу ашулани биз эмас, асли ўзингиз қойиллатиб ижро этасиз, дея опага илтифот қилаётгани бу саҳнада яққол тушунарли бир ҳолат эди. Опа эса саҳнада турганча бот-бот қўли кўксида, таъзим қилди – биз аҳли санъат фақат сизга қойилмиз, дегани эди бу. Бир қарашда санъаткор ўзбек қўшиқчиларигагина маҳоратини намойиш этмоқда эди.
Тушунарли: Шарқ қўшиқчилигини юксак пардаларга кўтариб куйлаган ҳофиз йигирма йил бадалида хорижда юриб, сўнгра шу ўзи туғилиб-ўсган тупроқ эгаларига ҳурмат-эҳтиром кўрсатмоқда, бу олқишлашга арзийди, баланд илтифот белгиси. У шу кунларда Самарқанд ва Бухорони зиёрат қилиб келгани, у ердаги қадрдонлари, ўзи каби хорижга кетолмаган миллатдошлари даврасида бўлиб қайтгани, ниҳоят, матбуотда ва телевидениеда бу диёр ниҳоятда гўзаллашиб кетгани, одамларнинг хуш-бахтиёр, фаровон, шукроналик руҳи билан яшаётганини кўрганидан мамнун эканини эътироф этгани ҳам бор гап. Журналистлар эса бир оз бўрттириб, керак бўлса шундай ёруғ кунлар келишини билганимизда, албатта, биз шу ватанни асло тарк этмас эдик, хорижда биз бундай фаровон ҳаётга ҳавас қиламиз, дея кўпиртириб ёзар эдилар. Ҳолбуки, Аврам Толмас ўзбек тилида кези келса ўзимиздан ўтказиб чиройли сўзлар эди.
Давлат шу дамда хиёл кўзини қисиб тишини ковлаш учун чўнтагидан чўп қидираётиб қўлига илашиб чиққан дўхтирнинг дориномасига кўзи тушди, тушдию шу заҳоти қишлоқда отаси пешоб тутилишидан қийналаётганини эслади, ўзи мен нимага келган эдим Тошкентга, деб койинган ҳамон отасига эрмак қилиб боқиш учун учта сигир, тўртта ҳўкизча олиб берганини ва шу ёзда тоғдаги подачига топширгани, кузга довур сигирлар тоғ гиёҳ-ўтларидан озиқланиб ялтираб семириши яхшию, лекин бўри-қашқирлар дориса нима бўлади, чўпон ҳар доим ортидан юрмаслиги, ундан ҳам қолса балчиқ сувидан ичса, зулук кириб ўрнашиб олса, молнинг этини қочиради, ориқлаб қовурғаси саналиб қолади, тоққа оборгани, чўпонга ҳақ тўлагани бир пул бўлади, бироқ яйдоқ юрган, ярим ёввойи бўлиб кетган молнинг зулуклаганини қандай биламиз, буям бир муаммо, отаси зулуклаган молларни арқонлаб шишадаги намакоб сувни тили остидаги зулукни тушириш учун зўр бериб мол оғзига қуйишга тиришгани, айни вақтда мол бўй бермай пишқираверса, арқонни калта қилиб оёғига боғлаб йиқитиб, молнинг қаршилик қилганига жаҳл қилиб сўкиниб, бир шиша тузли сувни оғзидан қуйганда жонивор худди керишгандек оёқларини чўзиб, сўнгра силкина-силкина ютгани, арқондан бўшагач тағин ёввойилик қилиб шаталоқ отганча ҳовли адоғидаги ёғоч тўсиққа ўзини ургани, отаси шунда хотиржам ҳолда “ана энди шуллик (зулук) ғунажиннинг ичагига тармашган бўлсаям тушади, шуллик ўзи аччиқни, шўрни ёқтирмайди-да, унга дуч келса, тамом, қочади, қочади-я қочади, қаёққа борарди – сўлакка ё ахлатга қўшилиб тушиб кетади-да, шу ҳолига молниям, эгасиниям қийнайди”, деб илжайганча хотиржам бўлганини эслади. “Подабоқар отамнинг куни шу эди, мана янги уй қуриб бердим, укамни ўқишга киритдим, синглим тўй бўлиши керак, сеплари бўйнимда эди, тиллосигача олиб бердим, “Жигули” модадан қолган эмиш, укангга ўзингникига ўхшаш “Нексия” олиб берсанг, биз онанг билан керилиб тўйларга бориб юрсак, бу сенинг обрўйинг, Давлатбой омади келиб, обрўйи ошиб ота-онасини ўйнатиб қўйибди, деган гап яхшими – яхши-да, биринчи навбатда сен учун яхши, эмиш”.
Одамзотники шу – бирим икки, икким уч бўлсин дейди. Бора-бора Пушкиннинг “Балиқ ва балиқчи ҳақида эртаги”даги кампирга ўхшаб сеҳр билан бой-бадавлат қилиб қўйган олтин балиқни энди шу балиқ ҳам менинг хизматимга келсин, дейди. Одам дегани тўймас бир иркит.
Давлат – давлатсиз одамнинг давлати бўлди. Шундоқ ҳам бўлар эмиш-да: туф деган тупуги ерга тушмаса, бўл деган иши бўлаверса, Худойжоним бошқаларга тўққиз, бунга – ўттиз қилиб осмондан тап этказиб бериб турса, қиз тиласа – берса, ўғил тиласа – берса, сулув тиласа, шу заҳоти қўйнига солиб қўйса, йўқ, бунга бадбин бўлмаслик керак, шукрини келтириб ҳиммат камарини боғламоқ керак. Бу қўлдан келади, қўлиям, кўнглиям очиқ унинг, бор экан – сарфлайди, ҳали яширгани, яширмагани қанча, баъзиларникининг олдида тариқчалик эмасми бу, тариқчалик, а. Вой-бў, замон келди, замон!
– Зиёда, сенинг Тошкенингдаям мол шулликлайдими? – деди маъшуқасига.
– Вой, ўламан, ўламану қоламан, нима девосиз! – деди у ва эркаланиб Давлатнинг билагидан икки қўли билан ушлади, елкасига бошини қўйиб йигитнинг билагидаги тукларни оппоқ кўрсаткич бармоғи билан силай бошлади.
– Қитиғим бор, – деди йигит.
– Шунчадан бери сезмаган эканман, – деб кулиб йигитга термилди қиз ва шарақлаб юбориб:
– Қаерингизда? – деди.
Йигит одатда уни уят аъзонинг номи билан сўкиб юборар эди, маъшуқанинг эти қотиб, бунга кўниккан, бироқ бу сафар бошқа гап айтди:
– Сенинг қаерингда зиёдинг бор, нега Зиёдасан?
– Кўрмаган экансиз-да?
– Бугун кўрсатарсан…

* * *

Ишхонамизда бир ёши каттароқ бўлса ҳам сатанг, ўзини бўяб-бежаб, қошларини териб юрадиган одам бор. Ойнага соатлаб қарайди, бурни, қулоғининг тукларини тозалайдиган ускунаси ҳам бор, қулоқ тозалагич – пахта ўралган чўпдан чўнтакка солволади, гоҳида коридор охиридаги ойнали шкаф олдида туриб олади-да, негадир ойнага қараб бошини ўнг ё чап томонга қийшайтирган кўйи берилиб қулоғини чуқалайди-ей, одам ғижиниблар кетади.
Малик акамиз баъзида эшигини ланг очиб туради-да, қарайди-қарайди, охири у ишини тугатавермагач, шартта туриб:
– Олмахоним тошойна олдидалар, ўзларини ойнага соляптилар. Бу ой чеҳрани кўрмаган нозли хонимчаларнинг кўпи уни туш кўриб айни дамда соч юлиш билан оворадурлар. Аканг қарағай бўлса шу топда қош термоқ, бурун катаги ҳамда қулоқ тешиги атрофидаги тукларни дағал хашак йиққан сингари ўриб-йиғиш ила машғулдирлар. Ҳайҳот Олмахонимизнинг ушбу юмуши ниҳояси хайрлик якун топишидан умидвормиз, – дея ваъз ўқиб қолади ўзига атай эшиттириб.
Аканинг исми “Олмахон”га айланганига анча бўлган. Ўзининг тежоғлиқ ва бежоғлиқлигидан мамнун, айниқса саришталилигини билган биз каби оддий ходимлар бу аканинг хурмача қилиқларидан кулмай ҳам қўйганмиз. Чунки бир одатни канда қилмай юрган одамга кўз ҳам ўрганиб қоларкан. Бошида Малик акамиз “Абдураҳмонча” деган эди. “Меҳробдан чаён” романидаги Абдураҳмон Бухоро мадрасасида таҳсил олиб юрган чоғларида аввал амирлик тўраларига чуҳралик қилиб, улар базмини қизитади, вақт ўтиб, балоғатга етгач, “бачча базм”лардан қувилади, чойхоналарда, карвонсаройларда мусофирлар “хизмати”ни қилади, эътибордан қолмай деб ўзини туклардан фориғ қилиб юради. Аммо бари бир, ниҳоят, кўчада қолади. Вақти-соати келиб ўз юртига келиб хон саройига ишга киришни ният қилади, мулла деган ном олади, буям етмагандай Анварга рақобат қилиб Раънога “ошиқ” бўлади…
Акамизни “Абдураҳмонча” дейиш, албатта, ҳақорат ва бўҳтон эди, сабаби бола-чақали, икки қиз ва бир ўғилнинг отаси, ҳаммасини уйли-жойли қилиб бўлган, айби унинг сатанглиги ва эллик олтига кирган бўлса ҳам Катта тўрага югурдаклик қилганида эди. Малик ака ҳам кейинги кезларда “Олмахон” атамасини тилдан қўймаса-да, зинҳор “Абдураҳмонча”ни луғат бойлигидан ташлаб юборган. Табиийки, Олмахон Катта тўрага яқин бўлгач, уни масхаралаш ҳам ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин-да, Малик аканинг бўйи паканалиги етмагандай мансаб поғонаси юқориламаганлигининг туб негиз ва моҳияти ҳам шу нуқталар билан изоҳланса ажаб эмас…
Олмахон каминани ўзига яқин олиб сансирар эди. Кунларнинг бирида сан бола китоб ўқиб турасан, Пушкиннинг “Евгений Онегин”ини топиб бер, деб қолди. Уйда Ойбек таржимасидаги “Евгений Онегин” турарди, шу қидираман, тополмайман, китоб дўконидан русчасини олиб келиб бердим. Варақлади, кўрди, қошларини кафти билан обдон силади, шундоқ ҳам мойлаб ялтиратган энгагини икки қўллаб ишқади-да, гап бор-да, ўзбекчаси керак эди-да, деди. Кейинчалик ҳам кун ора “топдингми?” деб юрди, топмаганимни билгач, охири, майли, қўявер, титилиб, чириб кетгани чиқиб қолди, деди. Сўнг гапи эсидан чиқиб қолгандай қайтиб келиб:
– Янганг русчани яхши тушунмайди-да, – дедию ортига бурилди. Сўнг тағин қайтиб келиб, кўзларини пирпиратиб: – Иккинчи янганг, – деди-да: – Тсс, оғзинг маҳкам-ку, сенга ишонаман, қисиб юрган бой бўлар, – дея ҳиринглаб чиқиб кетди.
Не бўлдики, шу одам хотин, бола-чақадан воз кечиб ёш бир келинчакка, бировнинг хотинига уйланиб олди. Бир ўғилчали келинчак санаторийда Олмахонга сирли карашма қилган, демак, дил изҳорини ўзи айтган, кунларнинг ёки тунларнинг бирида “Онегин”ни ўқиганмисиз, деб сўраган, ака ўқимаган бўлиб чиққач, китобни қидиришга тушган, Онегиннинг ҳам Олга, ҳам Татянага ошиқлигини билгач, англаганки, энди отни қамчиламоқ даркор. Қараса, ёш, келишган, барра нарса ўлиб турибди, ё Раззоқ дейдию…
Қаёқда, йў-йў, ғалва бўлмаган, бўлган-ку чиқар, ҳар қалай оила-ку, аммо биз сезмадик. Эллик олти ёшида бундай таваккалга қўл урганига бари бир қойил қолмай илож йўқ. Оппоқ “Sonata Hyunday” машинасига, бўйи бир қарич, охирги моделдаги, юзлаб функцияли мобил телефонга ёхуд оҳорли кийимига кимдир қўл теккизса, ёинки хонасида нақ Бразилиянинг ўзидан келтирилиб ҳафсала билан кофеваркада эзиб тайёрланган қаҳвасидан биров бир чимдим олса, чақмоқ қанд, новвот ёки ялтироқ жилдли шоколадларга қўл узатса, – Малик акага ўхшаш қитмирлар ҳам бор-да, – шунақа тўс-тўполонни бошлаб юборадики, нақ осмон ўпирилиб ерга тушгандек, шу асно биз мансуб бўлган бутун бир миллат маданиятсизга чиқади-қўяди, буларни тарбиялаб одам қилиш учун эса ҳали камида юз йил зарурлиги такрор айтилади. Ўзинг кимсан, дейдиган мард йўқ. Худбин бир одам. Шу ҳолига Навоийдан, Пушкиндан хабардор. Навоийнинг бирор ғазали маъно-мазмунига оид мақола учраб қолса, уни бир четга олиб қўяди, тушунарсиз сўзлар изоҳини алоҳида дафтарга кўчиришдан эринмайди, шунда туйқус “оё” деган сўз айни шевадаги “кафт” маъносини англатишини билиб, “юрибсан-да баринг пишиллаб, ҳеч нарсанинг фарқини билмай, ахир бу Қашқадарё, Самарқанд, Жиззах халқининг қадимдан келаётган маҳаллий шеваси-ку, Навоий даврида ҳам ишлатилган, сен шўринг қурғурлар бўлса, ҳар қаторидан арабча сўз топиб изоҳлашга тушасан, анави шоир акаларингга айт, Навоийдай ёзишсин”, деб иддао ҳам қилади, шундан кейин кўзларини пир-пир учиради, муҳим иши бордек хонасига кириб пардоз-андозга машғул бўлади, ҳойнаҳой қулоқ тозалайдиган пахталик чўпни қидираётган чиқар, Навоийни, бутун адабиёт ташвишини ҳал қилди, энди ойна олдида туриб бундан-да муҳим ишларни амалга оширмоқ лозим…
Ўзбек дегани шундоқ маданиятли бўлиши керак.
Бу одам эҳтимол, севиши мумкин, гулдай келинчак бировнинг хасми бўлишига қарамай, унинг мойиллиги боис, оиласини бузиб ўзиники қилиб олишига, шундан кейин хотини ва фарзандларидан ҳам воз кечиб бошқа ҳаётни яшай бошлай олиш, журъати кўриниб турибди, бироқ охир-оқибат у фақат ўзини севган бўлиб чиқади, ўзидан бошқа ҳеч кимни севмайди! Бу у одамни яқиндан биладиган мен ғарибнинг қатъий фикри!

* * *

Шунда сен жим бўлиб қолдинг. Негадир менинг мийиғимда бўлса ҳам кулишимни хоҳладинг. Кутиб турганингни кўрдим, бироқ жиддийлик сақлаётганимни сезиб, “тавба” дея ёқангга “туф-туф” қилдинг, кўзларингнинг чуқуридан сиқилаётганингни сездим, сен эркинликка ундаётган эдинг, мен буни тушундим, лекин биласан, мен ўзим айтган гапнинг таъсирида юраман, соатлаб, кунлаб давом этиши мумкин бу ҳолат, тавба қилаётган содиқ қулнинг тавбаси қабул бўлгунча эринмай кутиб туришига ўхшайди бу, “бунча кескинлашиб кетасиз, ака” деганингдан сўнггина, қаршимда эркак эмас, дунёнинг малоҳатли аёли турганини сезиб қоламан, устингдаги либос ўзгарса, янгиланса, ўзинг ҳам ўзгаргандай бўласан, мен шундай ўзгараман, кўзларинг ўпқонига сассиз чўкаман, буни билиб секин томоқ қирасан, бу билан ўз жозибасидан ижирғанган малика ҳолига тушасан, на ичдан, на ташдан ўзингга юқтирмайсан, бошқа эркаклар каби шилқ тушишимни ҳам хоҳламайсан, чидамли, сабрли ва ғурурли бўлиб қолишимни истайсан, бу қанчалик узоқ вақт давом этмасин, шу ўрталиқ, шу бўшлиқ тураверсин, дахлсиз бўлсин, дейсан. Кўзларингдаги буйруққа бош эгаман. Оилали, фарзандлар отаси бўлсам, сен эса бокира, ҳаётнинг турли шафқатсиз синовларига дош бериб келаётган бўлсанг-да, ўша кўринмас риштани бир зумга бўлсин қўйиб юбормайсан, ечилиб-ёзилиб кетишидан чунонам қўрқасан, шу боис ҳатто қўлингнинг ҳароратини ҳам билмайман, юрагинг, кўзинг ва сўзингнинг тафтини ҳис этиб тураман, холос.
Кўзингнинг ости билан Давлатга бир зум қарашинг ҳам мени ўртаб юборди. Шугина, биргина шу қиз унга маҳлиё бўлмаса нетарди, деб ўйладим, лаҳзаларнинг ичидаёқ кўп жойга олов кетди. Сенинг ичингда нима ғалаён кезди, билмадим, лекин Холиқ эгам бандасини мафтункор қилиб яратаётганда эркак-аёллигига қараб ўтирмас экан-да.

Давлат худбин эмас. Шу учундир идорамиздаги эллик олти ёшли шаввоз ошиққа ўхшамайди. Унинг пули кўплигини айтган эдим, лекин иш қалтис, чегарага яқин жойда ҳарбийда ишлайди, бир сафар ишдан ҳайдалаётганда уч кун бизникига танда қўйиб олгани, э, айтсам биров ишонмайди, ўшанда анави эллик олти ёшга кирган танноз ака пулини олиб ишини битириб берган, мана яна ўйнаб юрибди, бир ёнида пули, бу ёнида “ёри”…
Уч йил бурун у машҳур Соҳиба Мардонованинг раққосаси Мадина Комиловага қаттиқ боғланиб қолди. Қачон қарасанг кунда-шунда, шаҳарда. Қиз уни роса шилди. Кимдир йигитнинг чиройига учган дер, бўлса бордир, аммо камина раққоса унинг пулидан фойдаланмоқчи бўлганини эътироф этган бўлардим. Охир-оқибат шундай бўлиб ҳам чиқди. Аввал қиз йигитни ўзига иситиб олибди, шаҳарга серқатнов бўлиб қолгач, у ёқда хитланган келин ғавғо кўтарибди, деган гап эшитдим. Ҳатто раққосага пойтахтдан бир хонали уй ҳам сотиб олиб берибди, келса, Давлат уч кечаю уч кундуз раққосанинг уйидан чиқмай ётармиш, бўйнига юз эллик граммлик тилла занжир, бармоғига қайиқнусха катта узук, эгнига “Ғashion” тележурналида кўрсатиладиган сўнгги модадаги пальто оберибди, ана-мана оқ “Lacetti” совға қиламан деб турганида, бирдан…
Тўғри, мен у раққосани билардим. Соҳибанинг концертида кўрганман. Рақс санъатини ё яхши тушунмайман, ё Қизлархон Дўстмуҳаммедованинг ўйинидан бошқасини тан олмайдиган консерваторман, ҳар қалай раққоса мени лол этгани йўқ. Ростини айтганда чиройи ҳам нон ботириб ейдиган асал ё атала эмас. Эшитганманки, пулини чангаллаб шаталоқ отиб юрганлар телевизорда чиқиб турадиган аёлларга кўп ишқибоз бўлар эмиш, ўзаро зиёфатларда экранга қараб “ана, бизники чиқди, кўриб қўйинглар қандай?” деб мақтаниш учун. Уйи­да бўлса келин қўли косов, сочи супурги бўлиб хизматни қилиб ётади, қайнотаси, қайнонасининг кўнглини олади.
Хуллас, мени раққоса эмас, Давлатнинг хуштори сифатида эътиборимни тортган. Табиийки, у ҳам ўзини ўйнаш мақомидан баланд тутолмаган. Яъни дам-бадам зобитнинг мўйлабини силаш, елкасига бош қўйиш, қўлини қўйиб юбормаслик каби шилқим хатта-ҳаракатлари билан эсимда қолган. Ҳозир Давлатнинг пинжига суқулиб олган официант қиздан сира беҳ эмас.
Эсимда қолган деб айтаётганимнинг боиси, энди у Давлат томонидан унутилган, ўтмишдаги қизиқ воқеадан бери эмас. Ўшанда йигит “ака, нега шу қизга бундай боғланиб қолдим, ҳеч тушунмайман”, деган эди. Ҳолбуки бошқаларини пайпоқдай тез алмаштирар эди. У Соҳиба ўз раққосасини мендан рашк қилади, деб юрди. Бу – рост. Давлатнинг хотинига ҳам Соҳиба хабар қилган бўлса керак. Мадина мени ўқитиб, ўзига иситганмикан, деган гумонга борди. Ниҳоят, бу ҳам рост бўлиб чиқди. Давлат номи чиққан муллага қайта-қайта дам солдириб, аранг қутулди. Лекин ўқитиш асносида яҳудий киши конякка дуо қилиб бергани, раққоса уни ичириб, қолганини олиб қўйгани, то коняк йўқотилмас экан, дуо кучида қолиши муқаррарлигини билганида…
… Эрталабки ҳарбий сафланишда турганида шериклари одатдагидек командирдан танбеҳ, сўкиш эшита бошлаган, навбат Давлатга келганида, у боши оғиб, аввал олдинга бир, кейин орқага тентираб икки қадам ташлагану чалқанчасига йиқилган. Ҳушидан кетганча ўзига келмай ётаверган. Туман шифохонаси дарҳол шаҳардаги госпиталга жўнатмаса бўлмайди, деган. Госпитал бош врачи бошини томография қилдириб, бош мия қон томирлари ёрилиб, қон қуйилганини, аҳволи ўнгланишига умид йўқлигини аниқлаган. Ҳарбий қисмдан келган командирга ҳам уйидагилар тайёргарлик кўраверсин, энди одам бўлмайди, хоҳласанглар олиб кетаверишларинг мумкин, деган.
Ўша куни ҳарбий госпитал ҳовлисида йиғи-сиғилар бошланиб кетган. Келиннинг эси оғаёзган. Ўтириб олиб: “Тўрам ўлмайди, менинг майорим ўлмайди!” деб бақираверган.
Келин ва гўдакларини Давлатнинг Чилонзордаги уч хонали уйига қўйиб келдик. Қаёқда, тонг бўзармай тағин болаларини олиб шифохонага келиб турибди. Ҳовлига ўтиш эшиги очилмагани учун “Оч!” деб деразага муштлайди. Шу зайл таҳлика ва хавотир ичида беш кун ўтди. Жонлаштириш хонасида йигит олтинчи кечада кўзини очибди. Рус ҳамшира қиз чиқиб қариндошларидан суюнчи олибди. Қариндошлар ҳатто Исроил давлатига олиб бориб даволатамиз, деб тараддуд кўра бошлаган эди. Бироқ госпитал бош ҳакими Исроил, Германия, Америка ҳам ҳеч нарса қилолмайди, бўлар иш бўлди, бу ёғига жанозага тайёрланаверинглар, деб очиқдан-­очиқ айтган эди. Аҳвол ўзгарганини кўриб у ҳам таажжубда қолди.
Беморнинг кўзи очилишга очилдию, у тамом хотирасидан айрилган эди. Атрофга қарар, лекин ҳеч кимни танимас эди. Ҳамшираларнинг айтишларича, у энди овқатга тўймас эмиш, қариндошлар берган егулик, шифохонадан бериладиган бўтқаю макаронларни ҳам кўрдим демай паққос туширар эмиш. Йигирма уч кун деганда бизга ойнадан қарашга рухсат беришди.
Бизга кулиб қаради. Лекин бирортамизнинг исмимизни айтмади. Ёнидаги гўзал рус ҳамширасининг икки ўрим сочидан ушлаб сийпар, афтидан ҳамширага ҳам бу ҳолат ёқиб тушган эди. Бизга ҳам, хотинига ҳам вазият эриш туюлмас, муҳими, унинг кўзи очилгани, омон қолгани эди. Кунлар ўтиб уни палатага чиқаришди. Энди у одамларни танир, лекин исмларини адаштириб юборар эди. Укаси бир тутам бўлиб кетган соқолини олди, лекин у мўйлабимни қирқмайсан, деб қаршилик қилди.
– Мана, калладан ҳам қутулдик, – деди бир куни пиқ-пиқ куларкан. – Ўзи шу сабил одамни қийнаб ётаркан-да. На ишлайди, на оғрийди, сопсем маза.
– Лекин, – дейди йиғиштириниб ўтираркансан, – қарз пуллар бор-ку, биринчи бўлиб шу эсга келди. Қойилмисиз? Дафтарга ёзиб қўймапман, деб афсус қилаётган эдим, ҳаммаси тип-тиниқ эсга келди. “Нексия”ни Илёс акага сотганим, ҳали уч минг доллар қарзи борлигини биринчи бўлиб эсладим. Хотин, болалар кейин хаёлга келди…
Ҳаёт ўйин эмас, у бир марта берилади.
Давлатнинг онаизори, отаси ўшанда қай аҳволга тушганини тасаввур қиламан. Агар ўғлон ўлса, уларнинг ҳаётида маъно қолмас эди. Ва мана бу ўйин-кулги, ҳазил-ҳузуллар ҳам аслида Давлатнинг иккинчи ҳаётида рўй бермоқда эди. Аммо йигит ҳали ҳам қисмат Худонинг бир инояти, иккинчи ҳаёт улуғ марҳамати деб ўйлаб ўтирмасди. Раққоса Мадина унинг ҳаётидан йўқолиб кетди, бугун-эрта ўлади, деган гапга ишонган дўстлари ҳам бир фурсат оёқ узсалар-да, кейин яна яқинлашиб олишди. Ёлғиз ўғлининг хатна тўйига Тошкентдан сараланган ҳофизларни чорлади. Минглаб одам келди. Ҳоким ҳам келиб тараққос ўйнади. Оддий қишлоқ аҳли артистнинг чаккасига яшил пул – доллар қистирилганини ўшанда кўрди.
Давлат Тошкентдан тағин иккита уй сотиб олиб ижарага одам қўйди. Ҳали ҳам у артист-ҳофизлар билан жўра, ошна, апоқ-чапоқ эди. Бугун ҳам ҳойнаҳой “Чақмоқ” кафесига бориб улфатчилик қилсак керак. Давлат телевидение бошловчиси Толиб Султонни, Зарина Маъдиевани, уларга қўшиб қатор эстрада қўшиқчиларини чақирса керак, Майрам опа ғаши келиб орада бирровгина ўзига навбат келишини кутиб ўтирса керак. Ҳофизлар одоб юзасидан “опадан ҳам бир жуфт мумтоз ашула эшитайлик” дейишади, албатта. Опа ноз-фироқ қилиб ўтирмайди. Навоийнинг “Тортамен” радифли ғазалини маромига етказиб айтади. Сўнг “Муножот”ни сўрашади. “Мен кампирда овоз қолдими, балларим, “Муножот”га кучим етмайди”, дейдию ўша заҳоти эшилиб-тўлғониб “Муножот”ни бошлаб юборади. Ора-чора Давлатга хезланиб: “Чўз, чўз, ўлмайсан!” дейди. Давлат бир четга ўтади-да, кўзлари қисилиб кулганча қарсак чалиб тураверади қитмирлик билан. Лекин пул узатмайди. Опа кетаётганда барибир олади. Камида икки юзга туширади ва дуо ҳам қилишни унутмайди. “Арслонкелбат укажоним, сани яхши кўраман, олгину олдирмагин”, дейди. Пулни олгач, қулоғига яна бир нарса дейди-да, ҳиринглаб майда юриш қилиб чиқиб кетади. Машинага чиқаётганда эса: “Сан бала қизларга кўп ўралашма, путингдан осилиб ўласан, ў, ишинг нозик!” дейди-да, йигитнинг пешонасидан ўпади…

Ўшанда нималар хаёлингдан кечганини билмайман, аммо мум тишлаб жим қолганингни кўрдим. Менинг ҳаётимда, умуман, менга қадрдон инсонлар орасида шунақа феъл-атворлиси ҳам борлигини билдинг. Давлат билан бугунги кўришувимизда аниқ бир режа йўқ эди, нари борса бирга тушлик қиламиз, деб ўйлагандим, Майрам опа Давлатга Аврам Толмаснинг концерти бўлишини айтганини эшитгач, сени ҳам таклиф қилгим келди. Аврам Комилжон Отаниёзов эмас, Отажон Худойшукуров ҳам эмас, аммо мумтоз қўшиқларни тинглайсан, мен ҳам сенга ўхшаб замонавий эстрадага ҳушим йўқ. Чарчаблар кетаман баъзан. Аммо эсингдами, бизнинг илтимосимизга кўра Соҳиба Муқимийнинг “Ким десун”ини ижро этди. Қўнғироқдай овози бор-а, ҳатто Майрам опа ҳам туриб қарсак чалди. Сўнг барибир орқасидан енгил-елпи қўшиқларни бошлаб юборди.
Давлат ҳам Хоразм қўшиқларини ёқтиради. Оғабек Собировнинг дискини тинимсиз эшитади, мени кечир, Хоразм оҳангларидаги баъзи тинимсиз такрорлар мени зериктиради. Отажону Комилжонлар бошқа дунё. Сени Давлат “Лазги”га ўйинга таклиф қилди. Хиром қилдинг. Илгари бир тўйда ўйнаганингни кўрганман, аммо бу даражада чиройли хиром айлашингни тасаввур ҳам қилолмаган эдим. Чиройли ҳаракатингни кўриб Давлат ўйинни бас қилди, четга чиқиб чапак чала бошлади. Ҳайратланганимдан қандайдир рақс мактабига қатнамаганмикан, деган ўйга ҳам бордим.
“Ҳаётимиз гўзал, юртимиз фаровон, юртдошларимиз қалбида хотиржамлик. Осмонимиз мусаффо, ватанимиз тинч, осуда…” Давлат сени шу гаплар билан масхара қилмоқчи бўлади, негаки, радиода бошланадиган ҳар бир калом шундай ёки шунга яқин гаплар бўлади-да. Лекин сен эътибор бермадинг. Худди эшитмагандай муқомни давом эттиравердинг, шундай қилганинг менга маъқул, ҳар гапга жаҳл қилаверсанг, бу дунёда дўст қолмайди. Давлат бирданига Соҳиба ва ёнидаги йигитларга қичқириб “валс бўлсин!” деди. Хорижий мусиқа янгради. Давлат сенинг қўлингдан тутмоқчи бўлди, негадир хоҳламай четга ўтдинг, у яна бориб қўлингдан ушлаган эди, мен томонга чопиб келдинг, валс тушмоқчи эмаслигинг кўриниб турарди. Давлат яна ортингдан келганида, беихтиёр мени даврага тортиб кетдинг. Умримда валс тушмаган эдим, белингда қайноқ тафт сездим, қўлингни елкамга қўйсанг-да, кўзимга сира қарамас эдинг. Мен эса қарашингни истаётгандим. Уятсизманми? Йўқ, майли, қарама, тананг, баданинг борлигини ҳам билмай қўя қолай, бўса олгим келади, майли, лабинг ҳам бўлмай қўяқолсин, кўзларинг етади, мен кўзларинг тубига уммонга чўккан янглиғ чўкиб кетаман, тахайюлим ичида вазнсиз бўлиб юриш қандай ёқимли. Гўзаллик тотиш, баҳраманд бўлиш эмас, тасаввурда. Сен гўзалдирсан, У гўзал бўлгани учун, хаёлинг гўзал – У сенга гўзал ўй бергани учун, кўзларинг чашмадан тиниқ – сенга берилган кўзёш гўзал бўлгани учун, қўлларинг иссиқ – У меҳрибон бўлгани учун.
Сени қучмоқ, ўпмоқ у ёқда турсин, севишга ҳам қўрқаман!..
Даврада эса Давлат аввал Соҳиба билан, сўнгра бояги официант қиз билан валс тушди, официант қиз йигитнинг кўкрагига бошини қўйди, қўйиб берсанг йигитга ёпишиб, чирмашиб кетса. “Арслон бола” бу қизга, Соҳибага, бошқаларга ҳам кези келганда кун бермайди…
Сен эса жон синглим, жон овунчоғим, жон покиза хилқат, уни, уларни севиб қолма, биргина сен севма!
Мен уларни ёмон кўрмайман, яхши кўраман, сабаби, шуларнинг ичида яшайман, бирга ейман, ичаман, тантилигини ҳурмат қиламан, тўю томошаларда ёнида бўламан.
Бир пайтлар менинг иродамни ҳурмат қилишингни айтган эдинг. Худбинман. Яна-чи, деган сўроғимга, бўлди, деб қўяқолгансан.
Ҳозир ҳам сув бўйида, баланддаги чироқ ёруғида худди сокин сув юзида балқиб бораётгандексан, сен ўзингни мендек кузатолмайсан, кузатувчингнинг эса ичи шу қадар қораки, қайси бир вақтда “Огонёк” журналида босилган латиш фотосуратчисининг фотосини эслаб қолди: кўпикланиб тўлқин ураётган уммон, ялангоёқ қиз қирғоқдан сувга қараб юряпти, йўқ, у ялангоёққина эмас, бутунлай яланғоч. Фақат сочлари шу қадар узун ва қалинки, бутун танасини тўсиб, ёпиб турибди. Шундоқ қараганингда, сув, ҳаво, осмон, нозик оёқлар ва … ёлғизликни кўрасан, холос. Қизнинг сийрати фақат гўзалликдан иборат эмас, у – танҳолик белгиси, қизнинг мисли йўқ, шу баробар тенги йўқ, шу боис дўст тутингани – уммон, ҳаво ва осмон.
Сув юзига қўнган оққуш.
Ўша қизга ўхшатиб гуноҳга ботдим. Гуноҳкорни ортда қолдириб илгари одимладинг…
“Гуноҳ – йўқотишдан, тоат – макрдан холи эмас”.
Тириклик эса – мўъжиза.
– Бояги гапни ўзингиз тўқидингизми?
– Йўқ, бу фикрни тўқиб бўлмайди. Бир авлиёники. Абу Ҳасан Нурий. Нуротани биларсиз?
– Гуноҳ – йўқотиш, тоат – макр… қизиқ.
Ўтирмоқчи бўлиб ўриндиқ қидирдик. Ҳамма жой “севишганлар” билан банд эди. Холи жойдаги скамейкага яқинлашувдик, чийиллаган овоз эшитилди. Хира қоронғиликдаги скамейкада иккита ёш вужуд битта бўлиб ёпишиб ётган эди. Овоз соҳиби ўриндиқ бўш эмаслигидан бизни озод қилган эди.
Мен сени ўйладим, сен – кимни?
Давлат ҳақида гапирсам, рангинг ўзгаради. Сенга туҳмат қилишдан, тўғрироғи, хафа қилишдан чўчийман.
Нарироқ юргач:
– Демак, бу йўқотиш. Йўқотиш учун аввал топиш керак, тўғримасми? Тавба қилиш учун эса аввал гуноҳ қилиш керак, а?
– Вақт – тиғиз, умр – югурик. Вақт зиқлиги гуноҳ учун етарли…
– Ҳа, дарвоқе… Ака, бизлар киммиз ўзи?
– Сиз Давлатни бахтиёр деб ўйлайсизми?
– У сиз билан менга ўхшаб ўйламагани, ҳасрат қилмагани учун бахтли.
Топдинг. Тўғри.
– Калта ўйлаган, оз нарсага қийқириб қувонган бахтли.

* * *

Давлат бу атрофда телефон сигнали яхши эмаслиги учун нарироқдаги дўнгликка чиқиб ким биландир баланд овозда гап­лашаётган эди, шу боис пастда бетоқат қичқираётган ўсмирнинг товуши эшитилмаётганди… Бундоқ қараса постдаги югурдак Шуҳрат. У Давлатнинг тезроқ пастга тушишини ҳам бақириб, ҳам ишора чорлови билан зўр бериб тушунтираётган эди. Давлат дўнгликдан чопиб пастга тушди. Шом кириб келаётган эди. Шуҳратнинг шошиб-ҳовлиқиб тушунтиришича, постга беш юз-олти юз қадам етмасдан бир “Captiva” қаттиқ авария бўлган. Икки томонлама йўлнинг ўртасидаги катта бетонга шу қадар қаттиқ урилганки, шофёрнинг кўкрагини рул сиқиб, у жойида ўлган. Афтидан у ҳам ҳарбийга ўхшайди. Ланг очилиб қолган дипломатида ҳужжатлари ва катта миқдорда пули бўлган.
– Нима қилдинг уни?
– Шудгорга кўмдим.
– Яхши, лекин документини қолдириш керакмиди?
– Энди иложи йўқ, ака.
– Ҳа, бўпти. Пули кўпмиди?
– Учовимизга бир умрга етади.
– Йўғ-э, долларми?
– Ҳа, Худо берди, ака.
Машина деярли йўқ бўлиб кетган, ўриндиқ ва рул ўртасида сиқилиб қолган ҳайдовчининг аллақачон жони чиқиб бўлган, ўрнидан қўзғатиб чиқариб олиш ҳам амри маҳол. Шошилинч тиббий ёрдам ва қўшимча наряд чақирилди. Ёши элликни қоралаб қолган бу одам бошқа бир вилоятдаги чегара ҳудудидаги божхонада яхшигина вазифада ишлайдиган подполковник бўлиб чиқди. Шундан сўнг унинг орқасидан суриштира-суриштир кучайиб кетди. Шахсий ва идорага оид ҳужжатларининг йўқолгани сирли эди. Оиласидагилар ҳам келиб Давлатдан, шериги Акмал ва дастёр Шуҳратдан ўсмоқчилаб дипломат ҳамда ичидаги ҳужжатлар ҳақида суриштира бошлашди. Тергов органлари уларни икки ой бадалида чақиравериб тинка-мадорини қуритиб юборишди. Лекин бир иш чиқмади. Булар ҳам оғзи маҳкамлик қилишди. Охири икки ойдан сўнг қоронғида уч ўғлон дипломатни топиб ичидаги пулни қоқ учга бўлиб олишди…
Оғзига кучи етмаганлар пул миқдорини худди санаб кўргандек мунча эди, унча эди дейишарди. Қайдам. Биз билмаймиз. Аммо туғилган кунига айни уч кун қолганида Давлат менга айни ўша “Чақмоқ” кафесида қирқ ёшини нишонламоқчи экани, янга ёки “янгалар” билан ўтишим зарурлигини қаттиқ та­йинлаган эди.

Мен сенга телефон қилиб ўша куниёқ огоҳлантирган эдим. “Яна туғилган куними укангизнинг?” деб сўраган эдинг. “Ҳа, бу сафар ростакамига туғилган куни, роппа-роса қирққа киради. Келинг, бирпас ўйнаб-кулишамиз”. “Боришга бораману, “янга” деб одамнинг шўрини қуритади-да у одам”. “Тайинлаб қўяман, айтмайди”. “Ундай бўлса…”
Шундай қилиб, рози эдинг.

Туғилган кунига уч кун қолганда…
Ҳар қандай касаллик кутилмаганда ташриф буюргани сингари ҳар қандай ажал ҳам эшик қоқмай кириб келади ва танангдан жонинг­ни суғуриб оладию хизмат вазифасини ўринлатган қарол янглиғ ҳаммани қон қақшатиб ортига совуққон қайтади.
Давлатга бир дард сўрамай келган ва не ажабки, у нақд ажалнинг комидан қайтиб келган эди. У энди кўп яшашига астойдил ишониб қолганди. Аввалига бир оз дўхтир айтган парҳезларга амал қилиб юрдию, кейин парво қилмай қўйди, ҳар уч ойда госпиталга келиб кўриниши, зарурат бўлса, ётиши керак эди, уни ҳам қилмади. Мен зулукчи, қортиқчи табиблар топиб берган эдим, бошида зўр экан, одамнинг бошидан туман кўтарилгандай бўларкан, деб юрдию, кейин…

Дипломат воқеасидан кейин қаттиқ тергов қилишгани бор гап экан, умуман, ўша тафсилотлар Бўкирбойнинг гапи. Мен энди-энди, орадан саккиз йил ўтиб эшит­япман Бўкирбойдан.
Қичқирбой ҳам бир нарса деганди. Бу иккинчи тахмин. Йўқ, далил ёки сабаб эмас – тахмин.
Чегарадаги постда қўшни давлат зобитлари билан бир масалада тортишув бўлиб қолади. Қичқирбойнинг айтишича, қандайдир келишмовчилик бўлиб қолган, Давлат ноҳақ бўлган, сўнг ур калтак-сур калтак қилишган. Давлат қаттиқ таёқ еган, шу бошига таъсир қилган эмиш…
Учинчи тахминни юқорида йўл-йўлакай зикр қилган эдик. Яъни раққоса Мадинахон Давлатбекка иккинчи хотин мақомида бўлиб юрган кезлар ўзига тамом қаратиб олиш ёхуд пулидан фойдаланиш ниятида дуолар ичирган. Дуо ҳам эскирса, бориб-бориб мияга уриб кетармиш. Бу энди, Милтиқбойнинг сўзи.
Милтиқбой ҳам, Бўкирбой ҳам, Қичқирбой ҳам сўзамол йигитлар. Қолаверса, Давлатбекнинг улфатлари. Ёлғон айтиб нима қилади, дўстга ачинаётгандир-да.
Нима бўлганда ҳам йигит қирқ ёшга тўлишига уч кунгина қолганида, менга телефон бўлдики, йўқ, бу сафар ўзига келмади, туман шифохонасида жони узилди, эртага пешинда, Гулчамбардан, ота уйидан чиқаришади…
Қай аҳволга тушганимни билмайман. Бироқ ўлимнинг ёлғони бўлмайди.

Кетар чоғим сенга телефон қилдим. Бирдан жимиб қолдинг. Гўшакни қўйдим. Бир оздан сўнг қайта қўнғироқ қилсам, кўтармадинг. Йиғлаётганингни сезиб қолишимдан қўрқдинг.
Сен барча бошқа қизлар каби уни севиб қолган эдинг. Бу сафар… гумоним тўғри чиқди!

«Ижод олами» журнали, 2017 йил, 1-сон