Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида шоир Минҳожиддин Мирзонинг “Гуллаш пайти келди, боғларим” сайланма китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Унда шоир ва ёзувчилар, олимлар, шеърият мухлислари иштирок этди.
Тақдимотни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Муҳаммад Али очиб, шоир ва унинг китоби ҳақида маълумот берди. Ўзбекистон халқ шоирлари Абдулла Орипов, Маҳмуд Тоир ва Анвар Обиджон шоирнинг ижодий фаолиятига юксак баҳо бердилар. Шарифа Салимова, Эркин Самандар, Сайди Умиров, Исажон Султон, Абдунаби Бойқўзиевлар ҳам сўзга чиқиб, шоирнинг инсоний фазилатлари ва шеърларининг бадиияти ҳақида гапирдилар.
Минҳожиддин Мирзонинг “Гуллаш пайти келди, боғларим” китоби “Тафаккур” нашриётида чоп этилган бўлиб, унда шоирнинг турли йилларда ёзилган шеърлари ва достонлари сайланган, шоир ижоди ҳақида адабий қайдлар киритилган.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, истеъдодли шоир ва журналист Минҳожиддин Мирзо (Ҳожиматов Минҳожиддин Мирзажонович) 1965 йил 30 июлда Андижон шаҳрида туғилган. ТошДУ (ҳозирги Ўзбекистон миллий университети)нинг журналистика факультетини тугаллаган (1990).
Ўз фаолиятини Ўзбекистон радиоси Адабий-драматик эшиттиришлар бош муҳарририятида муҳаррирликдан бошлаган. Минҳожиддин Мирзо 1990-98 йиллар давомида радиодаги “Маориф ва тарбия”, “Ёшлик”, “Умид” бош муҳарририятларига раҳбарлик қилди. 1998-2002, 2011-2012 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти девонида қатор масъул вазифаларда фаолият олиб борди. 2003-2006 йилларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ёш ижодкорлар билан ишлаш бўйича ўринбосари, 2005-2006 йилларда ўриндошлик асосида “Шарқ юлдузи” журнали бош муҳаррири лавозимларида фаолият олиб борди. 2006-2011 йилларда у Республика маънавият тарғибот марказига бошчилик қилди. Ҳозирда “Гулистон” журнали бош муҳаррири.
Шу пайтгача М.Мирзонинг “Нилуфар” (1994), “Висол хабари” (2003), “Юлдузим”, “Кўнглим куртаклари” номли шеърий тўпламлари, “Қайғу гули” достони нашр этилган.
Р. Ҳамзатов, А. С. Пушкин каби шоирларнинг шеърларидан ўзбек тилига намуналар таржима қилган.
У Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист (2002). «Шуҳрат» медали билан тақдирланган (1999).